Қашқа йўрға

0
515
марта кўрилган.

Ҳисор тоғ тизмалари ортидан уфқ тобора оқариб келмоқда. Оқгузар қишлоғининг кунчиқар тарафидаги кенг ҳовли уфқ қизиллигига чулғанганда Ҳисор чўққилари бағридаги чўнг харсанглар кўзга яққолроқ ташлана бошлади. Хаёлни зилдай босиб туришга қодир салобатли тоғ чўққилари худди чопса етиб оладигандай ажабтовур яқин кўринади.

Парда раис чўққиларга узоқ тикилди. Қани энди қўли узун бўлса-ю, ҳув узоқда ёлғиз қолиб хўрсинаётган катта харсангни силжитиб, шундоқ қияликнинг ёнбошига ўрнатса… Ўшанда бу уч баҳайбат харсанг учбурчак шаклини олиб, бошқалари билан мутаносиб жойлашарди-да, гўзал бир манзара ҳосил этарди. Балки шу тургани ҳам маъқулдир, деб ўйлади Парда раис, буям бир хаёл-да…

Бу орада ҳув анави ҳали қори кетиб улгурмаган тоғ чўққисининг шундоқ ёнгинасида оппоқ парга ўхшаган булут пайдо бўлди. Салдан кейин қуёш чарақлаб, қорлар янада ярақлайди; булут эса офтобнинг заррин нурларидан қизил-сариқ бўлиб товланишга тушади. Агар булутга чўққига мос шакл берилса, ажойиб рангли тасвир намоён бўлади. Ана, чўққининг бошқа тарафидан ҳам яна бир бўлтак булут чиқиб келди. Буниси энди ортиқча. Агар сал қуюқлашса борми, манзарани буткул бузади. Ҳа, майли, табиат ўз ўйинини ажойиб тарзда кўрсатаверсин, ахир бу ўз номи билан табиат…

Парда раис катта дарвозадан ташқари чиқди. Қашқа йўрға уни кўриб бошини кўтарди, бир-икки пишқириб, ўнг туёғи билан бир-икки ер тирнади. Раис отнинг бўйнини, ўмганини меҳр билан қашлади. Ҳар доим шундай: от бундан роҳатланиб, шу заҳоти тинчиб қолади. Бу, энди тайёрман, мени эгарлайвер, дегани бўлади. Раис отининг феълини яхши билади, ўз навбатида унинг ҳам ҳар бир ишораси, йўтали, овозидаги оҳанг Қашқа йўрғага аён. Улар салкам ўн йиллик қадрдонлар-да!

Тоғ ортидан чарақлаб чиққан қуёш чўққининг ўнг тарафидаги булутни ёритиб, ажиб бир тус берган, булутдан ўтолмаган нурлар эса унинг орқасида худди тароққа ўхшаш тўлқин-тўлқин нурлар ҳосил қилган, манзара чиндан ҳам ғаройиб эди.

Раис от бошини кунботар тарафга – адоққа бурди. Қашқа йўрға ҳар кунги одатини қилиб: “Чуҳ, жонивор” дейишларини ҳам кутмасдан юриб кетди. Раис жиловни эркин қўйиб, ўнг оёғини узангига тиради-да, қўлидаги жигарранг дастали қамчини ўйнаганча, кенг далаларга ҳавас билан кўз ташлади.

Йўрға кенг тупроқ йўлга тушиб олди. Гарданига урилаётган майин шабададан ҳузур қилаётган раис, ҳар замонда бошидаги шляпасини учиб кетмасин дегандай, қоши устига босиб-босиб қўяди. Қашқа йўрға шиддатини пасайтиришни истамайди. Ёллари таралиб, пешонасига тушиб турган пўпаги эгар томонга қайрилганидан шабадада чиройли пирпирай бошлайди. Ерга тегай-тегай деб турган думи шамолда ўзини ҳар ёққа отиб ўйнайди. Туёқлардан кўтарилган чанглар пастга тушолмай, бизни не аҳволга солиб қўйдинг, деб ўпкалагандай узоқ вақт ҳавода муаллақ туриб қолади…

Йўрғанинг таърифи зўр, овозаси Қашқа воҳасини тутиб кетган. Одамлар: “Унчалик эмасдир-ов, жуда зўр йўрға эмиш… Лоф ҳам эви билан-да…” дейишар, келиб кўришгач: “Қойил-е, шундай йўрғани минганнинг армони бўлмаса керак”, – деб қўйишарди.

Чиндан ҳам, Парда раиснинг армони йўқ. Раис бўлганига ўн йилдан ошибдики, Қашқа йўрға у билан бирга. Иккаласи худди туғишганлардан ҳам ортиқроқ бир-бирига қадрдон бўлиб кетишган. Бунинг сабаби бор…

 

* * *

Бир куни сўзамол Элмурод чавандоз бундай деди:

– Йўрғангизни кўрганимда, раис, Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг тулпори эсимга тушади. Сизнинг дулдулингиз айни Хонўғлоннинг ўзи!

– Йўғ-е! Мақтаб юбордингиз-ку! – хижолат тортди Парда раис. – Ўҳ-ҳў! Хонўғлон-а! Йўғ-е!.. Жуда унчаликмасдир…

– Ҳа-ҳа! Қашқа йўрғангиз бағоят насли тоза, хосиятли от… Хонўғлоннинг нақ ўзи…

– Мақтовнинг ҳам кифтини келтирасиз-да… Сизнинг Гулистонинингиз ҳам шундоқ, қолишмайди…

Элмурод чавандоз Хонўғлондан гапиришни яхши кўрарди. Ҳар гапирганда ривоятга қандайдир янги тўқималар қўшилиб кетар, Хонўғлон воқеаси ўзгариб, тобора “бойиб” борар, от тавсифи афсоналарга ўралганидан маҳобат касб этарди. Раис чавандознинг бироз лофга мойиллигини билар, аммо чиройли сўзлаганидан, беихтиёр ишониб кетарди.

Элмурод чавандознинг биринчи ҳикояси

 

Хонўғлон мисли йўқ от эди… – деди чавандоз. – Хожаси унинг жуганини нотаниш йигитга тутқазганида нохуш бир ҳодиса рўй бераётганини сезди ва бошини илкис силкитиб, беозоргина пишқирди. Олдинги оёқлари билан бесабр ер депсинди. Ўзига қадрдон бўлиб қолган, Кўксаройнинг ялтироқ қобирғали нимкўк гумбазига узоқ вақт тикилди-да ҳазин кишнаб қўйди. Бу галгиси унча ўхшамади. Хожаси аста келиб унинг пешонасига, бўйнига тушиб турган қалин ва дағал ёлларини силаб, бошини бошига тиради… От унга садоқатини яна бир карра билдирмоқчи бўлиб, хавотир олманг, мен сизнинг шаънингизга доғ туширмайман дегандек, хожасининг бўйнини узоқ искади ва лаблари билан қулоқларини мулойим ялади. Хожасининг ниманидир кутаётганини, астагина “Ўзимнинг Хонўғлоним!” дея пешонасини меҳр билан силаганидан безовталиги минг чандон ошди. Нотаниш йигит унга бесўнақай минганидан от нохуш ҳодиса содир бўлаётганини тушунди, саросимада бир хожасига, бир атрофдаги одамларга қаради. Хожаси ҳар сафар минганида бир кишнаб сакраш одатини канда этмайдиган тулпор бу сафар нима қилишини билмай талмовсиради, каловланди. Хожасининг ўзидан узоқлашиб кетаётганини кўриб, олдиндан айрилиқнинг аччиқ азобини туйгандай бўлди. Жугани таранглашиб, сувлиғи лунжини оғритар даражада қаттиқ тортилганини сезса ҳам, нотаниш йигитнинг “чуҳ” деганини эшитмаганга солиб, хожасининг изидан маъюс термилиб қолди. Иккинчи “чуҳ”дан сўнггина, истар-истамас, ўзидан анча узоқлашган бегона отлар изидан аранг қўзғалди.

Бир кунлик йўлдан кейин отлиқлар тўхтадилар, аввал бир-бирлари билан қучоқлашиб, кейин ажралишдилар. Тулпор уларнинг аксарияти анчайин кузатувчилар эканини, энди улардан ҳам айрилиб, бегона отлар билан ёлғиз ўзи нотаниш йигит қаёққа жуганини бурса, ўша ёққа кетишга мажбур эканини ҳис этди…

От йўлнинг нотекислигидан бир неча бор суринди, тошларга ҳам қоқилди. Тулпорнинг ер депсиниб ўрмалагандай юриши, баъзида суриниши нотаниш йигитга ёқмади шекилли, от сағрисига кетма-кет қамчи босди. Қамчининг аччиқ азобини умри бино бўлиб тортмаган Хонўғлон таажжубда, эгарида ўтирган нотаниш йигитнинг ўзидан нима талаб қилаётганини, не истаётганини тушунмади. Бошини у тарафга сал кўтариб қараган эди, бўйнининг чап тарафига икки бор жуда кучли қамчи зарбаси тушди. Тулпор ногаҳон ғазаби ортиб, олдинги оёқлари билан баланд сакради. Қаттиқ кишнаб, бошини олд тарафга чўзиб, узоқдаги ўтов ёққа шиддат билан елиб кетди.

Нотаниш йигит чайир-чаққонлардан экан, эгар устида маҳкам жойлашиб, отнинг бундай ажабтовур қилиқ ила чопишидан завқ олгандек қийқириб, ҳавода қамчисини ўйнатиб, узангиси билан унинг қорнига ниқтаб-ниқтаб борарди. Тулпор бундан ҳеч нарса чиқмаслигини сезди; чопишини секинлатиб, аввал лўкиллаб, сўнгра секин йўрғалашга тушди. Ўтовга етиб келишди. Тулпорни шоҳона қозиққа эмас, балки бошқа отлар қаторида оддий қозиққа боғлашди. Нотаниш йигит мазах қилишнинг турли-туман усулларини ўйлаб, тулпорни хожасидан оддий қирчанғи от ўрнида қабул қилганини англатиш учун шундай йўл тутаётган эди. Тулпорнинг юраги сўлиш олиб, пешонасида ҳар доим тиккайиб турадиган ёли шалпайиб кўзи устига тушди, қулоқлари ортидан аччиқ тер чиқиб кетди. Айни шу пайт нотаниш йигит ва бир талай одамлар ўрашиб, унинг бўй-басти, ёли, ўмгани, сағрисини томоша қила бошлашди. Асаби зўриққанидан қулоқлари орқаси терлаганини кўришиб, “қарибди” дейишди. Тулпор унинг айрича хусусиятларини англашмасин учун бошини эгиб, бор нафасини чиқарди-да, қорнини ичига тортганича, олд ва орқа оёқларини икки томонга айириб, билинар-билинмас нафас ола бошлади. Одамлар буни кўриб: “Тулпор эмас экан” дейишди-да, ундан узоқлашдилар.

Уч кун давомида сув ичмаган, арпа ҳам, беда ҳам емаган тулпор ўзини ҳолсиз сеза бошлади. Ниҳоят, тўртинчи куни уни бошқа отхонага ўтказишди. Тулпор у ердаги отларга назар солиб, бирорта ҳам ўзига тенг от кўрмади. Ниҳоят сув ва арпа келтиришди. Лекин унга беришмади. Ёнидаги човкар отнинг маза қилиб арпа чайнаётганини кўриб, ҳаваси келди; у томонга сал яқинлашган эди, човкар қизғаниб уни орқа оёқлари билан чунонам тепдики, буни кутмаган тулпорнинг заха еган ўмганидан қон оқа бошлади. У ўзининг бу ерда энди кераксиз эканини тушунди-да, кеч тушиши билан қозиққа боғланган нўхтанинг арқонини чайнай бошлади. Ғажий-ғажий арқоннинг анча ингичкалашганини сезди-да, қозиқнинг бериги тарафидан нариги томонига тез чопиб, бор кучи билан силтанди. Таранглашган арқон шарт этиб узилди. Тулпор отхонадан чиқди-да, юлдузларга узоқ тикилди ва Кўксарой томон мўлжални олиб, аввал тезроқ, ўтов роса кўринмай қолгач, секин чопиб йўлга тушди. Кундузи ўзига таниш белгиларни илғаб Кўксарой томон елдек уча бошлади. Узоқларда отлиқлар кўринса, уларни четлаб ўтиб, адашмаслик учун аввалдан олган мўлжалига кўра, кунчиқардан сал ўнгга қараб, елиб борарди. Кўлмаклардан, кичкина ариқчалардан чанқоғини қондирар, даладаги ўтдан тотинишга эса вақтни қизғанар, ўмганидаги яраси ачишиб оғриётганига, қорни очлигига қарамай, тезроқ хожасини кўришга, Кўксаройнинг сомон тўшалган бурчагига етиб боришга интиларди.

Ниҳоят, бир куни узоқдан Кўксаройнинг қобирғали нимкўк гумбази қуёш нурида ярқираб кўринганида жойида таққа тўхтади, бошини баланд кўтариб, чуқур нафас олди, кўзи равшанлашгач, бир кишнаб қўйди. Қадамлари илдамлашди, баданига ҳузур бағишловчи қувват ва ирода инаётганини сезди-да, керилиб, роҳат қилиб пишқирди. Қуёш энди қиздира бошлаган чоғда Кўксарой дарвозаси олдига етиб келди ва қаттиқ кишнади. Аммо бу аввалгилари сингари ўктам ва жарангдор кишнаш эмас, анча қувватдан қолган отнинг саси эди.

Дарвоза олдидаги қоровуллар бир-бирларига нималар дейишганини эшитмаган бўлса ҳам, улардан бири келиб, унга диққат билан разм солганидан, сўнгра шошганича бурилиб, ичкарига кириб кетганидан юраги гурс-гурс ура бошлади. Тулпор хожасининг чиқишини ва ўзини Кўксарой ичкарисига етаклаб киришларини орзиқиб кутар, кўзёшлари нўхтасини ҳўл қилаётганини сезарди. Ниҳоят, кифтига юпқагина чопон ташлаган хожаси кўринди. Тулпор бор қуввати билан наъра тортиб юборгандай бўлди, худди аввалгилардек олд оёқларини баланд кўтариб сакрашга уринди, аммо қуввати етмади. Хожаси етиб келиб, унинг бўйнидан қаттиқ қучоқлади, отнинг пешонасига пешонасини тираб: “Хонўғлоним! Келдингми!” дея олди, холос. Иккаласи ҳам товуш чиқармасдан йиғларди…

Ана шундай, раис! Сизнинг йўрғангиз, Гулистон, Ғузор тўрасининг тарлони, Қалқон бованинг човкари, Жовли Очил чопағоннинг тўриғи – бари-бари Хонўғлондан тарқаган тулпорлар, унинг авлодлари.

* * *

Парда раис ёзми-қишми, баҳорми-кузми, қайси фасл бўлишидан қатъий назар, ҳар тонг соат бешда ўрнидан туриб, юз-қўлини ювгач, ички ҳовли дарвозасини ланг очиб, энг аввал ўнг тарафдаги бостирмага қарайди. У ерда боғланган Қашқа йўрға ҳам кўзи раисга тушган заҳоти бошини эгиб, гўё салом бераётгандек секингина пишқиради. Сўнгра бошини адл кўтариб, диққат билан кузатиб туради. Раиснинг қўли отнинг ўмганига теккан заҳоти ўнг оёғини баланд кўтариб, аста ер тепинади. Бу хурсандлик аломати экани Парда раисга кундай аён. Қашқа йўрға аста тепинган маҳали раис ҳам оҳиста товуш билан хиргойи бошлайди:

 

Қашқа йўрға, о, қашқа йўрға,

Ёлларингни майин тарайин.

Қувончимни яшириб зўрға,

Ғиркўкимсан, дея алқайин.

 

Қашқа йўрға, о, жийрон йўрға,

Яна сени қандай мақтайин.

Сен билан мен битта қобирға,

Бойчибордай бўлишинг тайин.

 

Хиргойини эшитган заҳоти Қашқа йўрға тинчланади; раис отнинг қаншарини, пешонасини, ўмганини, сағрисини, белини оҳиста қашиган сари қуйироқ эгилади, раиснинг кўкрагига бошини тегизиб, бир маромда нафас олади. Унинг бу феъли эъзозланганига жавоб, гўё хожасига таъзими эди.

Ўн йилдан ошибдики, Қашқанинг йўрғаси бир хил, ҳеч ўзгармайди. Эняптими, юқорилаяптими, юраётган йўли ўнқир-чўнқирми, теп-текисми, тупроқми ёки тошлоқми, фарқ қилмайди, бир текис йўрғалайди.

Парда раис бир воқеани доим мароқ билан эслайди, бағрига шамол теккандек ҳузурланади. Бу воқеа бундан беш йил аввал юз берган. У Ҳисор тоғининг анча ичкарисидаги Оққишлоқдан Қашқанинг йўрғасини кўриш, синаш учун келганлар билан гаров ўйнади. Гаровга ҳисори қўчқор тикилган эди. Раис Қашқанинг эгарига ўтиргач, унга тўкилай-тўкилай деб турган чалоп тўлдирилган тол товоқни узатишди. Гаров шарти содда – йўрға юрганда чалопдан бир томчи ҳам тўкилмаслиги керак.

Раис идишни чап кафтига олди, “чуҳ, жонивор!” сўзини ҳам астагина айтди, от майин йўрғалай кетди. Белгиланган жойдан, айни мактаб тўғрисидан орқага бурилди ва жилган жойига келиб тўхтади.

Гаров бойлаганлар чопиб келишиб товоққа қарашди. Адрас чопон кийиб, устидан белбоғ боғлаган, қорачадан келган баланд бўйли Аллаберди “қойил-е, қойил!” – деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. Аммо ёнида сал ғўдайиб, янги чарм этигининг товонини бир-бирига дам-бадам уриб, ўзини кўз-кўз қилаётган йигит шошилмай от олдига келди-да, салмоқли деди:

– Раис бува! Энди… От йўртганида қўлингиз билан тол товоқнинг мувозанатини сақлаб турдингиз. Йўқса, чалоп албатта тўкиларди. Агар товоқнинг таги эгар бошида турса, сиз бундай қила олмасдингиз.

– Ука, – деди раис товоқни Аллабердига узатаётиб босиқлик билан. – Отга сизни миндирсам, ўзингиз синаб кўрсангиз. Гаров ҳақиқий бўлиши шарт. Йигит лафзи билан йигит!

Раис Қашқанинг бошига бошини қўйиб, эркалаб, ўмганини уч марта оҳиста силади. Отнинг жиловини бўшатмай, йигитга, мининг, дея ишора қилди. Йигит ҳам чаққонгина экан, тезда эгарга жойлашиб олди. Парда раис чалоп тўлдирилган тол товоқни эгар бошига қўйди, мулойим ва сал титраган товуш билан “Йўрғагинам…” деди. Сўнг йигитга қаради:

– Аввал товоқни яхшилаб эгар бошига ўрнатинг, қўлингиз билан сал ушласангиз кифоя. Мактаб тўғрисидан орқага қайтасиз. Фақат жиловни силтаб тортманг, отга азоб берманг. “Чуҳ, жонивор!” десангиз бас…

Қашқа мактаб томон йўрғалай кетди. Синчковлик билан қараб турган Аллаберди: “Ё, тавба! Худоё қудратингдан! Умрим бино бўлиб, бундай ақлли жониворни кўрган ҳам, эшитган ҳам эмасман”, – деб юборди.

Мактабнинг рўпарасига борганда Қашқа ортига қайтди. Фақат қайтиш доирасини каттароқ олди. Буни кўрган Аллаберди қойил қолиб қўлини тиззасига урди. Раис фахрланганидан томоғини қириб, товушини баландлатиб: “Ана шундай!” деб юборди. Қашқа йўрға маррага яқин қолганида юришини секинлатди, раиснинг рўпарасига келганда оҳиста тўхтади.

Йигит тол товоқни қўлида тутиб, чалопни охиригача симирди ва осмонга қараб кўкрагини тўлдириб чуқур нафас олди. Бир эгар бошига, бир отнинг жабдуқларига қаради, истар-истамас ўнг оёғини узангидан чиқарди. У отдан тушишга шошилмас, нимадир демоқчи бўлар, фикрини бир жойга жамлаб ифодалашга ожизлик қилганидан дангал сўзлар қидирар, лекин топа олмай қийналанарди. Ниҳоят, жиловни раисга тутқазди:

– Раис бува! Раис бува… ҳа… ҳа… сизнинг отингизга, йўрғангизга қойилман! Тол товоқни шу гаровдан эсдалик сифатида олиб кетаман! Ўрнига ширбоз қўзи бераман. Раис бува! Сизники ҳалол! Гаровни ютдингиз! Ютдингиз!

Аллаберди Қашқа йўрғага таҳсинлар айтди.

Бу воқеадан кейин Парда раис, отнинг деви бор, деган гапга жуда ишонди. Ахир Қашқа йўрға раиснинг, чалоп тол товоқдан тўкилмасин-да, деган истагини англади-ку! Отнинг ўзига яраша сеҳри бўлади, от эгаси буни сал тушундими, англадими, тамом, от ўз эгасининг чин вафодорига айланади.

 

* * *

…Раис тун ярмида идорадан қайтарди. Ярим вайрона чалдивор олдидан ўтар экан, кўнглида аллақандай тушуниб бўлмас ваҳима пайдо бўлди. Кўнгли озди, ўқчигиси келди. Шу кез юрагида қаттиқ санчиқ турди. Оғриқ босиш учун отнинг бўйнига сал энгашиб, жиловини қўйиб юборди. Оёқларини узангидан чиқариб, чап тиззасини букди. Чап кафтининг бармоқлари билан юрак устини, оғриётган жойини ушлади, ўнг кафти билан чап қўлини босди. Шу вақт чалдивор ичида бир нарса қаттиқ тапиллади. Бундан от ҳуркиб, чап томонга кескин бурилди ва сакраб йўрғасини югуришга алмаштирди. Ўзини эгар устида ушлаёлмаган раис пастга қулади.

Қанча ётганини билмайди. Кўзини очганда осмонда саноқсиз юлдузлар кўринарди. Ўрнидан туриб ўтирди. Шу заҳоти бироз калта ва тиззасидан букилмайдиган ўнг оёғи зирқираб оғриётганини сезди. Турмоқчи эди, аммо оёғи зирқираб, беихтиёр “воҳ” деб юборди. Оёғининг оғриган жойини силаётиб, отидан хавотирда атрофга кўз югуртирди. Йўрға ўттиз қадамлар нарида унга тикилиб турар, бошини ҳар силкитганида кўзида фалакда балққан ойнинг акси шуълаланарди.

Парда раис ўрнидан астойдил турмоқчи эди, лекин оғриқ кучайди, юраги яна қаттиқ санчди. Раис ўзида хиргойи қилишга куч топди:

 

Қашқа йўрға, о, Қашқа йўрға,

Ёлларингни майин тарайин…

 

Қашқа бу товушни эшитиб, икки марта пишқирди-да, бошини қуйи эгиб, раисга яқинлашди. Раис бошини от бошига қўйиб, тиззасини сийпалади. Йўрға чўккалади, орқа оёғи билан тиззалаб, сурилиб раисга яқин келди. Раис сирғалиб юриб эгарга қорни билан чиқиб олди, бир амаллаб ўнг оёғини от устидан оширди ва секингина: “Чуҳ, жонивор!” деди. От уй томонга қараб йўрғалаганча юриб кетди… Шу воқеа сабаб раис уни “Қашқа йўрғам, халоскорим!” дейишдан чарчамайди.

Парда раис ўйлар гирдобида Мирзапўчоқ қишлоғига яқинлашганини ҳам сезмай қолди. Ҳайдалган кенг дала нақ қишлоқ ҳовлиларининг дарвозасига тақалади. Чигит экилгандан кейин ҳовли эгаларига қийин. Мол-ҳолини далага туширмаслик учун етаклаб сурувга ёхуд подага қўшади. Шудгор учун мўлжалланган дала ҳудуди ҳар йили кенгайтирилади, чунки пахта топшириш режаси муттасил ошиб боради.

Раис отнинг бошини ўнгга бурди, қишлоқдан олислайдиган йўлга тушди. У яхши билади: Қашқа йўрға айни Элмурод чавандознинг ҳовлиси ёнига етганда аввал бошини силкитиб пишқиради-да, кейин қаттиқ кишнайди. Ҳовли ичкарисидан жавобан бошқа бир отнинг кишнаши эшитилади. Парда раис бугун отларнинг ўзаро кишнаши бошқаларга халақит бермасин, деган ўйда ўнгга бурилган эди.

У бундан бир ҳафтача бурун Содиқ чавандоз билан бўлган гурунгни эслади. Чавандоз киришимли суҳбатдош, Элмурод чавандоздан ҳам сўзамол, воқеаларни қойилмақом ҳикоя қилишга уста эди. Айниқса, унинг “Мен сизга айтсам, раис”, деб салмоқлаб гапириш одати ёқади.

– Мен сизга айтсам, раис бизлар ўртача чавандозмиз. Чавандознинг зўри Худойқул эшабоши бўлган. Эшабошига тараф йўқ… – деярди Содиқ чавандоз.

– Билишимча, эшабоши дегани тўқсабодан баландроқ даражада бўлган. Шундайми, чавандоз?

– Мен буни тушунмайман. Балки тўғридир. Лекин Худойқул эшабошиликни тўқсабо бўлмасдан олган.

– Бу жуда қизиқ-ку! Қандай қилиб?

– Сиз ҳам суҳбатни чуқурлаштирдингиз-да, раис. Энди бўлмасам, келинг, отларни ўтга қўяйлик-да, чим устига ёнбошлаб бир гаплашайлик. Мен ҳам сизга эшитганимни айтаман.

 

Содиқ чавандознинг биринчи ҳикояси

 

…Қуёш тоғ чўққиларидан анча кўтарилган. Баҳор ҳавоси этни жунжиктиради. Осмонда тўп-тўп булутлар сайр қилмоқда. Худди ерда нималар содир бўлаётганини кузатаётгандек, улар ҳам секин сузади. Бойсун тоғининг шундоқ этагида ястанган кенг, кўм-кўк адир бўйлаб гуруҳ-гуруҳ жойлашган отлиқлар ниманидир сабрсизлик билан кутади. Ҳар бир гуруҳ бошида сумбати келишган, чиройли, катталиги, бўйнининг узунлиги, бошини ўйнатиб тик қараши билан бошқа отлардан яққол ажралиб турадиган човкар, бўз, жайрон, қуранг, саман, тўриқ, чибор, қорақашқалар ҳар замонда оёқларини силкитиб-силкитиб ер тепинади. Бошларини силкитиб-силкитиб пишқирганда эгарда ястаниб ўтирган чавандозлар “тисс-тисс, жонивор” дея жуганни тортиб, “сабр, сабр”, деб қўяди.

Гуруҳлар ўртаси ва орқасида чўбир, қирчанғи, ғўнон отлар ҳам кўзга ташланар, улар улоқчи эмас, шунчаки томошага миниладиган отлар. Шунда қаердандир овоз эшитилди:

– Баковул, отлар кўп, мингдан ортиқ. Такаларнинг сал ёши ўтганлари, аммо семиз-семизларидан йигирматаси сўйилган.

– Бинойи. Ҳар бир зотда биттадан ташлаймиз. Жуда яхши бўлади.

– Бош совринга тана сўйдик, олтмиш килоча келади.

– Тўғри қилибсизлар. Бир терлашсин. Амирлик меҳмонларнинг барчаси етиб келдими?

– Сурхон, Қашқа, Самарқанд, Бухородан келган меҳмонлар аллақачон шу ерда. Туркманларга бироз олдин ош тортдик. Афғонлар ҳам етиб келишди. Туркманларнинг ҳам, афғонларнинг ҳам отлари бақувват, чопағон. Ҳаммаси гижинглайди. Бош совринни шулар олар-ов…

– Ўйламай гапирасан-да, Малла. Ўзинг ҳам худди малла отингдайсан, на ўртачисан, на четгир. Ҳа, майли, лекин ғузорликларни кўздан қочирманглар. Тўранинг йигирма битта кучли жуйруқ отлари бор-а… Тағин бойсунликларни доғда қолдирмасин. Айтмоқчи, Жовли Очил келганми?

– Шу ерда, баковул.

– Ҳамма умид ундан. Эй, Худо, шарманда қилма!

– Такани олиб келаверайликми?

– Олиб келинглар!

Баковул таканинг орқа оёқларидан икки қўллаб ушлаб, чапдастлик билан тақимига олди-да, кенг майдоннинг ўртасига от бошини бурди:

– Эй, халойиқ! Чавандозлар! Яхши ниятлар билан катта кўпкари беришга жазм этган амиримиз жаноби олийларининг боши тошдан бўлсин! Умрлари зиёда бўлғай! Қўлни дуога очинглар: амирликда фаровонлик бўлиб, деҳқонларнинг уйи буғдойга тўлғай! Омин!

Бутун майдон бир тўлғониб, “омин!” дея дуога қўл очди. Энди баковулнинг товуши аввалгидан ҳам кучлироқ гуриллади:

– Шунқорлар! Чавандозлар! Амирликнинг кўпкарисини бошлаймиз. Жигит бўлсанг, жигитлигингни кўрсат! Улоқнинг оёғини эгар бошига ўрамайсан, арқон билан чиймайсан, узангидан ўтказмайсан, чавандозга қамчи ўқталмайсан, улоқни ҳалоллаб айирасан. “Ҳалол” демагунимча, улоқни ерга ташламайсан. Бошқаси бекор.

Баковул улоқни ташлаган заҳоти ўзига хос “ур-йиқит” бошланди. Ўртага ташланган таканинг атрофини чавандозлар ўраб олган, кучли отлар ўмгани билан кўндаланг турганини суриб, бошқа бирлари эса тўда орасидан ўзига йўл очиб такага яқинлашарди. Чавандоз энди эгилиб таканинг оёғидан ушлай-ушлай деганда бошқа кучлироқ от суриб асосий доирадан чиқариб юборади. Шунда эгаси отнинг сағрисига уч-тўрт қамчи тушириб аламини олар, жуганини чап ёки ўнг тарафга тортиб, сувлиғини от жағини йиртар даражада таранглаштириб, отни така тарафга буриб олиб, яна қамчи урарди. От жонивор ҳам қамчи емаслик учун бошини эгганича бор кучи билан така томонга интилар, аммо унга етиб бориш осон эмаслигидан, ҳали қувватини аяши кераклигини сезиб, чавандоз то узангиси билан қорнига қаттиқ ниқтамагунича нафасини ростлаб оларди. Узанги қорнига текканида от жойидан қимирламаса, ё бўйнига, ё бошига, ё сағрисига аччиқ қамчи зарбаси тушишини, бу эса баданини ўяр даражада ачиштириб оғритишини ҳис этар, шунинг учун ҳам жон-жаҳди билан така томонга интиларди. Аммо кучсизлигини, ўзидан ҳам қувватлироқ отлар борлигини сезганлари бошини сал кўтариб, гоҳ у отнинг, гоҳ бунисининг сағрисига тумшуғи билан туртиб, йўл беришни сўрар, бироқ уларнинг эгарида ҳам такага етиб бориш учун жонини жабборга бераётган чавандозлар ўтирарди.

Қашқа тўриқ така устига келиб, бор кучини йиғиб, то чавандоз эгилиб такани ушлагунича тоқат қилди. Бошқа отларнинг ўмганига, қорнига, сағринига зарб билан урилишга чидади, бошини қуйи эгиб, эгасига қулай имконият яратиб берди. Эгаси узангини қорнига ниқтаганини сезди-да, олға интилди. Бироқ чавандоз такани қўлидан чиқариб юборди, бир парча жуни қолди, холос. Отнинг кишнагани хайф кетди. Қанча куч сарфлаган эди-я! Энди бунчалик қулай фурсат келмаса керак. Тўданинг четида қолган Қашқа тўриқнинг кўзларидан оққан ёш тумшуғидан томмоқда эди…

Така ташланган ерда отлар теридан кўтарилган буғ эринчоқлик билан осмонга кўтариларди. Улоқни айириш учун “жанг” бўлаётган жой атрофини ўраб турган пиёдаларга “кўзингга қара!”, “шундай ҳам қиласанми, галварс!”, “чапидан бор!”, “боврингни кўтар!”, “тақимингга ол!”, “мунча ҳаяллайсан?”, “четгирдан ҳазир бўл!”, “бошини қайтар!”, “икки қўллаб ушла!”, деган хитоблар бот-бот эшитилар, баковулнинг “ҳалол!” деган бақириғи камдан-кам қулоққа чалинарди. “Ҳалол!” сўзи эшитилгандан кейин отлар бир пас тинчиб қолар, сўнг тақимида бошқа такани ўртага ташлаш учун тайёрланаётган баковул томон ошиқарди. Мана, така ерга ташланди. “Жанггоҳ”да отлар ва чавандозлар орасида ҳалол, қизғин олишув ҳамда тортишув бошланди. Баковулнинг ҳайқириғи эшитилди:

– Ҳалоллаб оласан! Зотига бир туя, бир бия, бир ғўнони бор. Устига ўн тилло танга. Улоқ айирганга ҳалол!

Кўпкари ярмидан ўтавергач, Ғузор тўрасининг гулдираган товуши эшитилди:

– Ғузор, силар ўлдингларма?! Ҳали зот айирмадинглар?! Номус қани? Ор қани? Ё ўзим кирайми кўпкарига?

Бироқ тўранинг шу ҳайқириғидан кейин ҳам ғузорлик чавандозлар улоқ айира олмадилар. Зотнинг кўпи туркманларда кетди. Худойқул полвоннинг қони жўш уриб, ғайрати ошиб, ахта жайроннинг эгарини эзмоқчидай алам билан тўлғанар, бироқ бу оти билан бирон-бир натижага эришиб бўлмаслигини тушунар, фақат тишини ғижирлатиб, тобора тошиб келаётган ғазабини босишга интиларди, холос.

Ғузор тўраси катта умид боғлаган йигирма бир чопағон от эгарига қаққайиб ўтириб олган чавандозларнинг биронтаси ҳам улоқ айиролмади. Ўзларидан кўрсин! Улар Худойқул полвонни назар-писанд қилмасдан, устидан мазах қилгандай кулиб, ахта жайронга миндириб қўйишди. Худойқул полвоннинг шу хаёллардан кейин фикри кескинлашди, ақли тийраклашди: “Худойқул, манави тулпорни мин, кўпкарига кир, деб айтиши шартми? Топқирлигинг қаёқда қолди? Ўзингнинг ким эканингни бугун кўрсатмасанг, яна қачон кўрсатасан? Бундай қулай фурсат яна қачон насиб этади?”

Шу гаплар хаёлидан ўтаётган Худойқул полвоннинг қулоқларига Ғузор тўрасининг аламли ҳайқириғи эшитилди:

– Э-эй-й… Ғузор! Нонингни ҳалоллаб емайсанми? Биттаям зот айирмадинглар-а? Номус-орингди берма-да, Ғузор! Қонинг қайнамаяптими, қўнғирот? Қонинг бўлмаса, жонинг бўлмаса, нима қиласан кўпкарида, номард?

Териси юпқа эмасми, бу гаплардан полвоннинг ғазаби келди, атрофга разм солди. Кўпкари бошлангандан бери туркман чавандози Элгелди отини тўдага солмаган. Бир гуруҳ баланд бўйли, бўйни узун, ўмгани кенг отлиқлар қуршовида кўпкарини кузатарди. Муғамбир Элгелди бош совринни кўзлаган. Қайси чавандознинг қандай маҳорати борлиги-ю, отининг нималарга қодирлигини ўрганиб бўлди. Агар шундай бўлса, уккағарнинг бош совринни айириши аниқ. Тажрибаси катта-да, ўзи ҳам чайир, улоқни айириш осон эмас. Нима қилсам экан?

Бош соврин ташланди. Не бир савлатли улоқчопар отлар обрўни кетказмаслик, фалончининг оти бош совринни айирди, деган мақтовни эшитиш илинжида, элининг номус-ори учун пишқириб, жон-жаҳди билан тонага[1] интилар, бироқ ўзидан кучлироқ отлар уни нарига сурар, от эса бошқа тарафдан яна яқинлашмоққа уринарди.

Худойқул полвон Элгелдининг ўз гуруҳи билан тўда ичига кирганини кўрди. Ана энди бошланади томоша! Кучли рақиблар отининг чарчаб қолишини пойлади-я, Элгелди! Жуда қув экан! Ҳа, унинг асосий мақсади бош соврин! Тўғри-да, майдалари унинг баланд обрўсига тўғри келмайди, мард йигит, бу Элгелди. Лекин мен ҳам борман-ку! Ўзимни Қўнғиротнинг алпларидан деб юраман. Энди менинг галим келди! Бобом Алпомиш-а!

Худойқул полвон шитоб билан Тўранинг мирзаси минган тарлон томон борди-да, мирзанинг қўлидан жуганни бир силтаб тортиб олди, уни эгарнинг устидан пастга ағдариб ташлади. Сўнг отнинг қаттиқ пишқириб нафас чиқариш пайтига тўғрилаб, айил ва пуштани кучининг борича маҳкамлаб тортди, отнинг депсиниб пишқиришига эътибор ҳам қилмай, чап узангига оёқ қўйиб, қаттиқ силкиниб эгарга ўтирди; ўнг оёғини узангига киритди-да, жуганни қаттиқ тортиб “чуҳ, жонивор, тарлоним!” дея ҳайқирди. Бели майишиб кетганидан тарлон эгарга қандай полвон ўтирганини сезди. Хурсандлигидан олдинги оёқларини баланд кўтариб шиддат билан силтаниб сакради, сўнгра қаттиқ кишнаб, забтига олиб олға интилди. Худойқул полвон кўпкари майдонини бир кўздан кечирди-да, тўдага туркман отлари бўлмаган томондан кирди. У биладики, Элгелди тонанинг орқа оёқларини тақимига олган заҳоти, шериклари унинг олдини бегона отлардан тўсиб, тўдадан чиқиб олишини осонлаштиради. Кейин эса, анча жойгача Элгелди билан бирга чопиб, четки ва қочқи отлардан ҳимоялайди, якка ўзининг тўдадан ажралиб чиқишига йўл очади. “Ҳа, тушундим сени, Элгелди, кўрамиз, ким қувроқ, така туркманми ё қўнғирот? Ғиркўкми ё Бойчибор?” Тарлон Худойқул полвоннинг хаёлидан ўтаётганларни тушунгандай бўлди. Кўпкарига қўшилмай, ғайрати танасига сиғмай турганидан ўзгача бир иштиёқ, ўзгача бир ҳаракат, ўзгача бир шиддат билан отлар орасини ёриб ўтарди. Аввал тумшуғи билан икки от сағриси орасини кенгайтирар, узун бўйнини гоҳ чапга, гоҳ ўнгга куч билан силтаб буриб, отлар орасидан бироз жой очарди-да, орқа оёқлари билан тиралиб, ўша жойни эгалларди. Шу заҳоти ўмганини олдга ташлаб, олдинги туёқларини ерга тирарди-да, сал силжигач, бу жойни орқа туёқларига бўшатиб берарди.

Худойқул полвон тарлон ҳали ўмганини ишлатмай, кучини аяётганини сезиб, қулфи-дили очилди. Полвон отга қамчи урмас, фақат “чуҳ, жонивор, чуҳ тарлон” деб унинг ўнг елкасига эркалаб шапатилар, мана шу шапатилашдан от рағбат олаётганини сезарди. У отнинг жуганини бўш қўйворган, мўлжални тарлон худди ўзи ўйлаётгандай тўғри олаётганидан совринни қўлга киритиш иштиёқи кучайиб, ишончи янада ошиб борарди. Тонагача озгина масофа қолганда, кўрдики, олдинда қорабайир! Билдики, бу Элгелдининг оти. Чавандознинг юзига қарамагани маъқул. Агар така туркман таниб қолса, фириб ишлатиши ёки ўз одамларига уни ўраб олинглар, дея ишора қилиши мумкин. Худойқул полвон бошини отнинг бўйнига яширганича қорабайирга яқинлашди. Элгелдининг улоқчи, тажрибали қорабайирини жойидан силжитиш маҳол эканини билди-да, баланд пошнали чап этигини узангига маҳкамлади, ўнг узангидаги оёғини хиёл чапга ўтказиб олди. Шу заҳоти тарлон олдинги оёғини қорабайирнинг орқа оёқлари орасидан ўтказиб, сал пастлади-да, туёқларини ерга қаттиқ тиради. Худойқул полвон “яша, тарлоним!” дея шивирлаб, туркман отининг орқа оёқлари орасидан суқилиб, қўллари билан гоҳ ерга, гоҳ рақиб отининг оёғига тиралиб, қорабайирнинг нақ тумшуғи тарафида ётган тонага яқинлашаверди. Полвоннинг оёқлари узангида, танаси отдан пастда осилиб турар, лекин эгар от устида оғишмай турарди. Чавандоз тонани ўзи томонга озгина торта олди, холос. Наҳотки шунча оғир бўлса, саксон кило бормикан, йўғ-е, унчалик бўлмаса керак, бу ерда бошқа сир бор, дея диққат билан разм солди. Тонани қорабайир ўнг оёғи билан босиб турар, Элгелди тонани энди чап тарафга ўтказишга уринаётган эди. Полвон тезликда ҳаракат қилмаса, тонадан айрилишини билди-да, фириб ишлатди: қорабайирнинг тиззасини аста қашлади. Жуйрук буни дарҳол тушунди, бироқ бу бармоқлар бегона эканини фаҳмламай дарҳол оёғини кўтарди. Худойқул полвон куч билан тонани ўзига тортди. Шу заҳоти чайир бармоқлари билан тонанинг орқа оёқларини ўзи томонга буриб олди, Тарлон шиддат билан ўмганини кўтарди, сўнгра тонанинг орқа тарафини олд туёғи билан босди. Худойқул полвон пайтдан фойдаланиб, эгарга ўтирди.

Худойқул полвон қорабайирнинг орқасидан келиб, унинг нақ тумшуғи тагида турган совринни отнинг қорни тарафдан тортиб олгани Элгелди ва унинг шерикларини чув туширди. Тона энди унда! Улар тарлоннинг олдини ўраши ҳам аён. Ана, така туркман ҳам қулайлик туғдириш учун тарлоннинг чап тарафига ўтди. Унга ноқулай бўлса ҳам, ўнг тақимига тонанинг олд оёқларини олишга тайёргарлик кўрмоқда.

Полвон тушунди: Элгелдининг чавандозлари отларини сал кўндаланг қўйиб тарлоннинг югуришини секинлатади, қорабайир тарлондан ўзади, тона ҳам қўлдан кетади. Худойқул полвоннинг бир ўзи, унга кўмак берувчи чавандоз йўқ. Ҳа, тонанинг совринга айланишига ҳали анча бор. Элгелдининг гуруҳини алдаш керак. Аммо қандай қилиб? Шу маҳал полвоннинг миясига ярқ этиб бир фикр келди, шу заҳоти уни қўллади: тарлоннинг жуганини тортиб, отни орқага тислатди. Тарлон ҳам худди шуни кутиб тургандай, думини ўнгга, чапга силкитиб, кенг сағриси билан ортга юрди ва осонлик билан ўзига йўл очди. Худойқул полвон хурсандлигидан қийқириб юборди, чунки от думи ўмровларининг ўнг ёки чап томонига урилаётганини сезган улоқчи отлар, қарама-қарши тарафга бурилади.

– Чуҳ, жониворим, тарлон!

Тонага интилаётган отларнинг деярли барчаси тарлон тарафга қараб қолди. Бир-икки қамчи зарбасини еган улоқчи отлар тарлонга қапишиб келди. Худойқул полвонга худди мана шуниси керак эди. Полвон отнинг бўйнига маҳкам ёпишди-да, тонанинг орқа оёқларини тақимига адл олиб, “чуҳ, тарлоним!” дея ҳайқирди ва шу заҳоти узангиси билан отнинг қорнига қаттиқ ниқтади. Тарлон узун бўйнини олдинга чўзиб, боши ва ўмгани кучи билан отлар орасидан жой очиб, кенгайтирди-да, шиддат билан олға интилди.

Полвон тарлонни тик тепаликка тўғри ҳайдади, чавандоз билдики, ҳали от кучини чарчар даражада сарфламаган, шунча юк билан тепаликка қийналмай чиқади. Асосий мақсад Элгелдини тонага яқинлаштирмаслик, бошқа чавандозларни ҳам чув тушириш. Худди полвон кутганидай бўлди: юздан ортиқ от унинг ортидан хезлаб келар, улардан ҳали ажралиб чиқиш амри маҳол, айниқса, туркман чавандозларининг четки қочқи отларидан узоқлашиб кетиш иложсиз эди. Ана, чаққон жуйруклар тепаликни айланиб ўта бошлади. Мақсад аниқ – улар полвонни тепаликнинг пастида, ярим белида қарши олишади. Унда тарлон анча чарчаган бўлади. Полвон тик тепаликнинг энг чўққисига чиқди. Баҳайбат-баҳайбат улоқчи отлар унинг орқа томонида анча қуюқлашиб қолганини, аксари от олд тарафда тўпланганини, туркман қорабайирлари тепаликни айланиб ўтиб, ярим белида, пастида тўпланаётганини кўрди-да, мийиғида бир кулиб, тарлонни шиддат билан пастга эндирди. Барча улоқчи отлар унинг ортидан эргашди. Тик тепалик энди тугай деганда Худойқул полвон шахт билан жуганни ўзига тортиб, отни орқага бурди. Тарлон тепаликка шитоб билан қайта кўтарилди. Тепаликдан эниб келаётган, бир-икки қамчи зарбини еган жуйруклар ўзларини тўхтата олмас, шиддат билан эниб борарди. Ортга қайтишнинг иложи ҳам йўқ эди, чунки отлар тезликни ҳаддан оширган эди. Тарлон тепаликка осон ва тез кўтарилди, совринни айириш яқинлигини сезган жонивор Худойқул полвоннинг ишорасини кутиб турмай, тепадан пастга елиб тушди, юзлаб қирчанғи, чўбир, ғўнонлар орасидан осонгина ёриб ўтди. Тарлон кенг ялангликда якка ўзи узун бўйнини олдинга чўзганича шамолдан ҳам тез чопар, ёли, думи шамолда ҳилпираб борар, барча бу манзарага маҳлиё бўлиб қолган эди.

Тарлон яна ярим чақирим якка ўзи гердайиб, кўкрагини адл кўтариб чопди. Худойқул полвоннинг усулига қойил бўлиб, анграйиб қолган баковулнинг атрофини бир айланди, олдинги оёқларини баланд кўтариб, қаттиқ кишнади. Бундай ҳолни умрида кўрмаган баковул нима дейишини билмай, каловланиб қолди. Полвон тарлоннинг бошини қайириб, баковулнинг олдига келди-да, “ҳалолми?” дея ҳайқирди. Баковул эс-ҳушини йиғиб олди-да, эгарнинг устида бир қимирлаб, икки қўлини баланд кўтарди ва “Полвон! Ҳалол! Ҳалол!” дея ҳирқироқ овоз билан қичқирди.

Худойқул полвон: “Тўранинг оти! Совринни Тўранинг тарлони айирди! Бу Ғузор тўрасининг тулпори!” – деган ҳайқириқ ва овозларни эшитди-ю, отдан тезлик билан тушди-да, тарлоннинг бошига бошини қўйиб, ўмганини аста силади.

Бироздан кейин уни тўрага рўбарў қилишди. Тўра Худойқул полвоннинг тўла гавдасига, баланд бўйига, туртиб чиққан яноқларига, мушаклари пир-пир учаётган чандир билакларига, рапидадай кафтларига қаради-да ярим жилмайиб сўради:

– Қўнғиротмисан?

– Ҳа.

– Кимлардансан?

– Қамайликман, исмим Худойқул.

– Ие, қамайликмисан? Обрўли жойдан экансан. Полвон, сен Ғузорнинг довруғини амирликка ёйдинг, оримизни бермадинг. Бундан буён сен Қамайнинг ишбошисисан. Агар адолатли иш юритсанг, айтганинг айтган, деганинг деган бўлади.

 

* * *

Содиқ чавандоз анча пайт жим қолди. У ҳозиргина ўзи гапирган воқеанинг қандай таъсир қилганини ҳузур билан кузатар, раиснинг нима дейишини кутарди.

– Чавандоз, бу эшабоши дадил, чайир йигит бўлган эканда-а? – дея гап бошлади раис. – Сиз Ғузор тўраси полвонга ишбошиликни берган деяпсиз. Қамайликлар эса эшабоши дейишади. Нега шундай?

– Ишбошидан кўра эшабоши айтилишга осон, талаффузи чиройли, шунинг учун бўлса керак.

– Ҳамма жойда эшабоши ҳайбатли полвон бўлган, дейишади. Шу гап ростмикан ёки уйдирмаси ҳам борми?

– Раис, унда мен сизга яна бир воқеани айтиб берай. Ишонсангиз ҳам, ишонмасангиз ҳам ўзингизга ҳавола.

 

Содиқ чавандознинг иккинчи ҳикояси

 

…Қамайнинг катта даштида мингдан ортиқ чавандоз йиғилган. Зўр кўпкарини кўриш иштиёқида от минганлар ҳам анчагина. Томошабинлар ясси дўнгликларга жойлашган.

Ғузор тўраси ва Худойқул эшабоши от устида ёнма-ён туриб, “яқинлаш”, “пойчасидан торт”, “жонинг борми?”, “эгарнинг бошига қайирма”, “тақимга олсанг-чи”, “қамчини бос”, “ўмганингни кўтар,” “ё, пирим” деган ҳайқириқларни эшитиб, бир-бирларига гап қотишиб турарди. Шу вақт тўдадан саман қашқа отилиб чиқди-да, шитоб билан олға интилди. Эгарда ўтирган барваста чавандоз, тақимига олган така оғирроқ шекилли, ўнг томонга қийшайиб олган. Уни таъқиб қилаётган бошқа бир йигит такани ушлаб тақимлашаман деб тўриғига жаҳл билан беш-олти қамчи урди, лекин отини бошқара олмай қолди. Тулпори билан Ғузор тўрасининг отини туртиб ўтди. Тўра от устида олдинга бир мункиди-ю, салласи бошидан тушиб чувалашиб қолди. Буни кўрган Худойберди эшабоши шитоб билан чавандозга етиб олди. Бу вақт чавандоз рақибидан такани айириб, “сеники ҳалол!” ҳайқириғини эшитиб, ўзича гердайиб, икки қўлини юқорига кўтариб силкитаётганди. Худойберди эшабоши чавандознинг эгари тагидан қўлларини ўтказиб олди-да, “ҳу, пирим!” деб куч билан силтаб тортди. Отнинг айили ҳам, пуштани ҳам “қарс” этиб узилди. Эшабоши чавандозни отнинг устидан эгар билан бирга адл кўтариб, олдига ўтқазди-да, отини орқага қайириб, қамчи урди. Чавандоз анграйиб, нима бўлаётганини ҳам тушунолмай қолди. Худойқул эшабоши Ғузор тўрасининг олдига келиб, отини тўхтатди-да, чавандозни эгари билан ерга қўйди:

– Тўрам, сизга беодоблик қилди, жазосини ўзингиз беринг.

Тўра бир Худойқул эшабошига, бир айил, пуштани узилган эгар устида оёқларини узатиб ўтирган чавандозга қарар, ҳайратини яшира олмас эди: “Э, балли, балли! Ҳай, қўнғирот-ай…”

Ниҳоят, салласини қайта ўради-да:

– Зотни ҳалол айиргани учун чавандозга жазо йўқ. Зотни беринглар! – деди.

Парда раис Содиқ чавандоз билан бўлган узоқ суҳбатдан кейин йўрғага миндию хаёлга берилди: “Биз инсонлар отнинг феълини, қилиқларини билиб, шунга яраша ҳаракат қилмоғимиз учун уларни синчиклаб ўрганишимиз лозим экан. Ўн йил эгаси бўлиб, Қашқа йўрғамнинг феъл-атворини тўлиқ билмайман. Бу менга уят. От уни энди минаётганларга фақат улов бўлиб туюлса керак-да!”

Мирзапўчоқ қишлоғигача хаёллардан бўшамаган Парда раис идорага яқинлашганини ҳам сезмай қолди. Дарвоза олдида қоровулга кўзи тушди:

– Ассалому алайкум!

– Ваалайкум ассалом!

– Раис бова! Райкомнинг биринчи котибига шу бугун, иложи борича тезроқ учрашар экансиз. Ҳайдовчиси келиб айтди.

– Бошқа ҳеч нарса демадими?

– Йўқ! Бошқа хўжаликларга ҳам хабар бериши керак, шекилли, Қорабоғ томонга виллисини тез ҳайдаб кетди.

– Майли. Мен идорага кириб, у-бу ишларни жойлаштириб чиқай-чи…

Қашқа йўрғанинг жиловини қоровулга тутқазди-да, идорага йўналди. “Нега чақирди экан? Чигит ташланадиган ерни тўлиқ шудгорлаганмиз. Қиш, баҳор яхши келди. Совлиқларимизнинг кўпи эгизлади. Кўпроқ бўлсин деб талаб қилишмаса эди… Балки бедага кўпроқ ер ажратганимиз маъқул келмадимикан? Ахир пахтага ажратилган ер ҳисобидан эмас-ку! Кузги буғдойимиз гуркираб ўсаётган бўлса… Гўшт топширишни ҳам ортиғи билан бажардик. Хўш… Яна нима бўлиши мумкин?”

Парда раис ўйлаб ўйининг тагига ета олмади. Идорадан ҳорғин чиқди-да, дарвоза томонга юрди. Ўнг тиззаси зирқираб оғрий бошлади, бунинг устига чакка томири лўқиллар, бу эса тобора ғашига тегаётганди. Чақирилиш сабабини тахминан бўлса ҳам фаҳмлай олмаётгани уни оғриқдан ҳам баттар безовта қилар, ҳатто бироз хавотирга соларди.

Раис биринчи котиб қабулхонасига кириши биланоқ, котиба қиз унга “кираверинг” ишорасини қилди.

Котиб кутиб турган эканми, саломлашмасдан ўтиришга имо қилди. “Хаҳ, бугун имо-ишорага куним қолган экан-да”, – деб хаёлидан ўтказди-ю, “ассалому алайкум, яхшимисиз…” – дея кўрсатилган жойга ўтирди. Котиб стол устида бетартиб ётган қоғозларни бироз титкилаб, ниманидир қидирган бўлди, тополмади шекилли, бир пас жим қолди. Унинг нимадандир безовта экани юз ифодасидан шундоққина билиниб турарди. Котиб ғаладондан йўғон қаламини қўлига олди-да, ўйнаб туриб, салмоқ билан гап бошлади:

– Раис! Юқоридан муҳим топшириқ олдим. Хабарингиз бор, Рязань области бир йиллик гўшт топшириш режасини уч баробар зиёда қилиб уддалади. Партия топшириғини аъло даражада бажаришибди, қойил! Хўш, улардан бизнинг нимамиз кам? Керак бўлса, ортиқмиз, ортиқ! Районимиз давлатга гўшт топшириш режасини кечадан олдинги куни муваффақиятли уддалади. Биринчининг раҳматини олдим. Қўлимни қаттиқ сиқди. Муҳим топшириқ ҳам берди. Ўзингиз биласиз, районимиз олдингилар сафида. Ўрнимизни бошқаларга бўшатиб бергимиз йўқ. Бермаймиз ҳам. Бу бизга ярашмайди. Ана шундан келиб чиқиб, бизга шарафли ва масъулиятли вазифа юклатилди. Давлатга гўшт топшириш режасини икки юз фоизга бажаришимиз шарт. Имкониятларимиз етарли. Ваъда бердим. Ваъдани бажармаслик партия аъзоси учун жиноят! Хуллас, бугундан шу вазифани бажаришга киришасиз.

“Гўшт” сўзи тилга олиниши билан раиснинг кўз ўнгидан Етимкўл, Қизилкўл, Қорақўтонкўл атрофларида диркиллаб ўйнаётган қўзилар, ёйилиб ўтлаб юрган совлиқлар, бузоқчаларининг қашқасини тиллари билан силаётган сигирлар, боласининг тўйи учун боққан таначасини топширганда кўзёшини ҳеч кимга билинтирмай артган қариялар ўта бошлади. Ҳиссиётларини яшириш учун раис ўзида куч топа олмади, юзлари қизарди, нафас олиши тезлашди:

– Ўртоқ котиб! Ахир гўшт топшириш режасини бажариш учун барча молларни элтиб бердик. Энди улар йўқ! Нима қиламиз?

Раиснинг пешонасини тер босди. Оёқлари дармонсизланди. Шу вақт райком котибининг сўзлари қулоқ пардаларини тешар даражада гулдиради:

– Раис! Гап қайтаряпсизми? Партия аъзосимиз-а?! Лаббай деб жавоб бериш ўрнига чайналасиз? Бу нима деган гап?!

Парда раис таҳдид ва зуғум тўла сўзларни эшитар экан: “Режани бажарсанг бир бало, бажармасанг минг бало. Бу нима деган гап ахир?” – деди ўзига ўзи. Шу кезда чакка томирлари лўқ-лўқ ура бошлади, нафас олиши янаям тезлашди. Костюмининг тугмаларини ечиб, кўйлагининг ёқасини кенгайтирди. Гапириш учун энди оғиз жуфтлаганда, котибнинг сўзлари жаранглади:

– Ўзингизни босиб олинг, раис! Партия ва ҳукуматимизнинг оталарча ғамхўрлиги остида яшаяпмиз, ишлаяпмизми, биз ҳам шунга яраша жавоб беришимиз кераклигини наҳотки сиздай онгли ва етакчи партия ходими тушунмаса?

– Тушунаман. Тушуняпман!..

Раис пешонасидан оқаётган терни рўмолчаси билан артар экан, изтироб билан ўйлади: “Ахир хўжалик ўтириб қолади-ку! Ҳар йили орттириб берилаётган топшириқдан резервларимиз тугаяпти-ку!” Раиснинг хаёлидан қайдандир эшитган сўзлар ўтди: “Деҳқончилик уч йилда, чорвачилик қирқ йилда тикланур. Йўқотилган илм юз йилда ҳам тикланмас!” Шундоқ эди чоғи, ёки сал бошқачароқмиди? Эҳ, хотира ҳам ўлди!

Райком котиби раиснинг аҳволини тушунди шекилли, чойнакдан пиёлага чой қуйиб узатди:

– Ўзингизни қўлга олинг, раис! Бу сизга ярашмайди-я! Катта обрўйингиз бор.

“Агар шу обрў бўлса, бўлмагани минг аъло эди. Одамларга нима дейман? Партиянинг топшириғи десам, сиртларида индашмаса ҳам ичларида, ҳе, топшириғинг билан қўшмозор бўл, дейишлари тайин”. Раиснинг кўз олди қоронғилашиб, қўллари қалтирай бошлади. Пиёлани икки қўллаб ушлаб, чуқур нафас олди-да, чойдан бир ҳўплади. Лекин чойнинг иссиқ-совуқлигини сезмади. Фақат тишлари пиёла четига такиллаб урилганини эшитди.

– Раис, энди гап бундай. Бу шарафли вазифани бажариш учун бор имконимизни ишга солишимиз зарур ва шарт. Партиянинг сўзи-сўз. Айтилдими, тамом, у қонун. Қонун олдида ҳамма жавобгар, айниқса, партия аъзолари.

– Тушунаман. Биламан. Аммо…

– Мана шу “аммо” сизга ярашмайди.

– Имкониятларимиз…

– Имкониятларингиз бор. Фақат ўзингиз билмаяпсиз, холос.

– Ахир хўжалик ўтириб қолади-ку!

– Йўқ, ҳеч ҳам ўтирмайсиз. Айтинг-чи, хўжалигингизда нечта шахсий от бор? Парда ортига беркинмай тўлиқ маълумот беринг-чи, раис! Маълумотни сохталаштириш жиноят эканини яхши биласиз…

Раиснинг назарида райком котиби туман орасида қолгандек туюлди. Гапнинг қай томонга оғаётганини фаҳмлаш учун базўр эс-ҳушини йиғиб олишга интилар экан, котибнинг ўзи сўз бошлаб қолди:

– Биз хусусий мулкка қаршимиз. Биласиз-а! Шахсий отларни гўштга топширасиз.

– Отларни? Отларни дедингизми? Нега? Отлар ҳам гўшт бўладими? Улар йигитларимизнинг қаноти-ку!

– Ҳа, йигитларнинг қанотини! Энди қанотсиз юраверади йигитларингиз! Эй, менга қаранг, нима, коммунистик партия сизларга қанот эмасми? Биринчи бўлиб ўзингиз бошлаб берасиз. Йўрғани гўштга топширасиз. Эрта-индин сизга кераги бўлмайди.

– Ўртоқ котиб! Ахир режанни ортиғи билан бажардик. Шу… икки баравар қилиб бажаришни янаги йилга қолдирсакмикан? Партия аъзоси сифатида ваъда бераман. Хўжалигимиздаги барча партия аъзоларининг ҳам кафиллигини олиб бераман. Ваъдам қатъий! Жоним оғам! Отларга тегинмайлик…

– Ҳў, Парда раис! Сиз катта оғага қарши чиқмоқчимисиз? Катта оғага-я? Сизнинг мана бундай гердайиб юришингизнинг асосий сабабчиси ким? Шонли партия сафида юриб, фаровон ҳаёт кечираётганингизни писанда қилаётганим йўқ, раис!

– Ахир…

– Ахир-пахирни йиғиштиринг. Партбилетингиз ёнингиздами? Бир ҳафтадан кейин райкомнинг пленуми бўлади, қатнашасиз. Топшириқ бажарилиши шарт. Ўйлашга ҳожат йўқ!

Котиб шундай деб жойига ўтирди. Сизга рухсат, энди чиқиб кетаверинг ишорасини илғаган раис ўрнидан аранг турди ва эшик томон юра бошлади.

– Раис! Раис, бошқа томонга юрдингиз. Эшик бу ёқда қолди.

Раис эшик тавақасини аранг илғади, сирғалиб чиқаётиб, “пленумгача хайр” деган гапни зўрға эшитди. Гандираклади. Кўз олди қоронғилашиб, кўз ўнгида суйрига ўхшаш аллақандай оқ-сариқ тусдаги оловли нарсалар уча бошлади. Эшик тавақасига суянди. Кўнгли беҳузур бўлди. Бир-икки марта ўқчиди. Кўзини юмиб очди, ўтиришга жой қидириб, ўнгу чапга бир-бир қаради. Ҳеч нимани кўра олмади. Бирданига шифт айлана бошлади. Гандираклади. “Ие, раис бова, сизга нима бўлди”, – дея котиба унинг қўлтиғи тагига кириб, оҳиста диванга ўтқизди.

– Қизим, бир пиёла сув бер, ичим куйиб кетяпти.

Котиба шошиб бир пиёла сув келтирди, деразаларни ланг очди. Парда раис сувни ютоқиб ичди-да, чуқур нафас олди. Бироқ ичидаги олов баттар алангаланди. Яна бир пиёла сув сўраб олди-да, кўйлак ёқасидан ичига тўкди. Нафас олиши бироз енгиллашиб, кўз олди ёришди. Деразадан кўринган бир тўп қора булутга узоқ тикилди-да, бор кучини тўплаб, “уҳ!” деди. Бу “уҳ”да фақат ўзи тушунадиган алам бор: энди ҳисобчиликни бошлаганда камоматни ёпди-ёпди қилиш топшириғини бажармагани учун қамалгани, қамоқ машаққатлари, ғурурини поймол этган мазах қилишлар, саккиз ойдан кейин туҳмат фош этилиб, озодликка чиқиши бирма-бир кўз олдида намоён бўлди. Тилинган бағридан отилиб чиққан бу инграш фарёд тўлқини эди. Райком котибининг “… барча имкониятни ишга солишимиз зарур… пленумгача хайр” деган сўзлари замирида қандайдир даҳшат шарпаси борлигини ва бу шарпа балою-қазо бўлиб нафақат раиснинг ўзига, балки хўжаликнинг кўп фаолларига ҳам туҳмат бўлиб ёғилиши мумкинлигини англарди. Баланд тепалик устида бошларини адл кўтариб, думларини гижинглатиб ўйнаётган тулпорлар унга умид билан тикилиб тургандек туюлди. Баъзиларининг кўзида оғир мунг, айримларининг эса кўзида ёш кўрди. Алам билан хўрсиниб “эҳ!” деди-да, сўнгра “ҳе, топшириқларинг билан…” деди тишларини ғижирлатиб. Улло, агар эркин бўлганимда пешонасига зарб билан бир мушт урардим, занғарнинг, деди-ю, диван орқасига туфлади. Чўлоқ оёғи тиззасидаги оғриқдан кўра, дилидаги алам қийноғи зўрроқ бўлса ҳам, ирода кучига ишонган ҳолда, уни енгишга уриниб хонадан чиқди.

Парда раис қандай қилиб райком биносидан чиқди-ю, қай ҳолда Қашқага минди, буни эслай олмайди. Отнинг ёлига бошини маҳкам босиб, эгар ботган кемирчагининг оғриғи эмас, балки қалбининг энг тўридаги аччиқ ситам фарёдга айланиб борар, буни атрофдагиларга сездирмаслик учун пастки лабларини қаттиқ тишлаб олган эди. Аммо бу аламли фарёдни устки лабларининг тинмай титраши, сал оқарган ёноқларининг учиб-учиб тушиши, жуган тутган қўлларининг титраши билдириб турарди. Раиснинг ички туғёни кўзёши бўлиб, бурнининг икки чеккасидан оқиб тушарди. Бу аянчли ҳолни ўз вақтида пайқаб қолган раис, тўхта, ҳали нажот бордир, шунча отни гўштга топширмай сақлаб қолишнинг чораси топилиб қолар, деган фикр билан ҳиссиётларини портлашдан сақлашга уринарди. Қашқа ҳам ҳар доимгидек илдам йўрғаламас, бошини қуйи солганича ирғаланиб қадам ташларди. От ҳар замонда эгасига далда берган каби эгилган бошини баланд кўтарар, ўттиз-қирқ қадам юргач, яна қуйи туширарди. Парда раис отни юқоридаги тўғри ва кенг йўлга эмас, паст ялангликдаги ёлғизоёқ сўқмоққа бурди. Нега шундай қилганини ўзи ҳам тушунмас, буни тушунтириб беришдан ожиз эди.

Агар мамлакатнинг бирон ерида уруш кетаётган бўлса ёки очарчилик бошланса, режани икки баравар ошиқ бажаришни тушунса бўлар. Ахир бундай эмас-ку! Бўлмасин ҳам! Халқ фаровонлиги деб туриб, одамларни руҳан эзиш қайси мантиққа сиғади? Руҳи чўккан фуқаронинг меҳнатида барака бўлмаслиги аниқ-ку! Эл-юрт тўй қилиб, кўпкари берса, йил бўйи чинакам ҳалол меҳнатининг чери-ҳордиғини чиқарса, бунинг нимаси ёмон? Янаги йили режани икки баравар ортиғи билан бажариш шарт дейилса, ҳозирдан бошлаб шунга тайёргарлик кўрилади-ку!

Аччиқ, изтиробли хаёллар бағрини эзаётган раис эски тегирмоннинг тўғрисига келганини пайқади. Безовта ва кўнгилэзар хаёллар гирдобидан халос бўлишни истаб, юрак санчиғи даф бўлармикан деган ниятда йўрғадан тушди-да, нўхтасини қозиққа боғлади. Тегирмон олдига келиб тўхтади, кўкрагини тўлдириб-тўлдириб нафас олганди, дийдаси юмшаганини сезди. Дадил эшикни очди:

– Ассалому алайкум, Тожи бова!

– Э… ваалайкум ассалом, раис! Қандай шамоллар учирди? Келинг, келинг.

– Ҳорманг энди…

– Бор бўлинг.

– Кунботардан совуқ шамол эсиб, кўкрагимга урилди. Юрагим эзилди. Далда бўлар деб, қора тортиб тегирмонингизга келяпман.

– Хўп қипсиз! Қани ўтиринг, раис. Бир пиёла кўк чойни мароқ билан ҳўплаб-ҳўплаб ичсангиз, эзилган юрак яйрайди. Одамларимизнинг кайфияти яхши, раис. Уйида беш-олти қоп буғдой бўлса, деҳқоннинг кўнгли тўқ. Унга бошқа нима керак яна? Мана, ўтган йилги ҳосилнинг ғалласини ун қиляпмиз.

– Тожи бова, айтинг-чи, от нимага керак?

Тегирмончи Парда раиснинг гапидан ҳайрон бўлиб, тинчликми дегандай, унга қаради:

– От – йигитнинг қуввати, – хотиржамлик билан гап бошлади у. – Кенг ҳовлингизда тулпор боғлоқлиқ турса, кўнглингиз тоғдай кўтарилади. Кўпкарида отингиз бир зот айирса, бир йиллик ҳордиғингиз чиқади. От – умрнинг безаги. Кўнглинг нимадандир пайсалласа от мингин, деган қарияларимиз. Бу гапда кўп хосият бор.

– Яхши айтдингиз, Тожи бова. Энди бизга рухсат.

– Яна бир пас ўтирсангиз бўларди, раис, энди гурунгимиз чўғ олаётганди.

– Иш кўп, Тожи бова. Уддаламасак бўлмас. Чой учун раҳмат. Умрингиздан барака топинг.

– Майли, келиб туринг, раис. Оппоқ ун билан сийлаймиз.

– Раҳмат, Тожи бова…

Ўзи айтган гаплардан кўнгли ёришган раис тезда бурилиб, йўрғага минди. Жилови бўш қўйилиб, ихтиёри ўзига ташланганини фаҳмлаган Қашқа ёлғиз оёқ йўл билан пастга эна бошлади. Сўқмоқнинг икки тарафидаги ўтлар отнинг тиззасига, қорнига тегиб қитиқлар, ўтлардан таралаётган хушбўй ифор Қашқанинг қувватини янада оширмоқда эди. Сўқмоқнинг шундоққина ёнидан ҳар ўн-ўн беш қадамда беданалар парр этиб, қанот қоқиб кўздан узоқлашар, аҳён-аҳёнда тўрғай ҳам ортда қолмай дегандек учар, сал нарига қўниб, отнинг кўзидан ўзини пана қиларди. Қашқанинг эса тўрғай билан иши йўқ, ҳатто оёқлари тагидан сакраб учаётган чигирткаларга ҳам парво қилмайди. От бир текисда олға интилиб, йўлнинг ўнқир-чўнқирлари, дўнгми-пастликларида ҳам йўрғасининг маромини бузмай, эгасини ортиқча чайқалтирмай кетиб борарди.

Чигирткаларнинг чириллаши, беданаларнинг пириллаб учиши, тўрғайнинг осмон тубида, бир нуқтада сайраши, қизил, оқ, сариқ, кўк аралаш рангдаги капалакларнинг гулдан гулга учиб-ўйнашлари, асалариларнинг гуллардан бўса олиши, гала-гала чумчуқларнинг тераклари осмонни кўтариб турган боғ томонга учиши – бирортаси ҳам раиснинг чалкаш хаёлини тарқата олмасди.

Парда раис аламли ўйлар гирдобида гаранг бўлиб, Элмурод чавандознинг ҳовлиси тўғрисига келганини ҳам сезмади. Қашқа чавандознинг ҳовлиси тарафга қараб одатга кўра икки бор кишнади. Бироқ жавоб бўлмади. От йўрғасини тўхтатиб, бошини адл кўтариб, ҳовли томон тикилиб, такрор кишнаб қўйди… Йўрғанинг бу қадар аччиқ ва ғалати кишнашини илк бор эшитаётганидан раиснинг юраги таҳликага тушди, нохуш бир ҳолни кўнгли сезиб, Қашқанинг бошини ҳовли томон бурди. Дарвозани юзлари сўлғин, пастки қовоқлари шишган Элмурод чавандоз очди.

– Ҳа, полвон, ғамгинсиз? Гулистон кишнамади? Оғзи тўрвадамиди?

– Э… эй… раис, нима десам, гўлмиз, ҳам чўлмиз. Гулистондан айрилдик…

– Нега? – шошиб сўради раис, энтикканидан овози ҳам бошқача чиқди. Раис бўғзига тиқилиб келган нарсани йўқ қилмоқ учун ютинди. Буни уддалай олмаган бўлса ҳам, зўриқиб овоз чиқарди:

– Ахир кечагина кишнаб жавоб қилди-ку! Овози дадил эди!..

Гулистон емдан заҳарландимикан? Йўғ-эй…

 

Элмурод чавандознинг биринчи ҳикояси

 

Бугун эрталаб машъум ҳол юз берди. Барига ўзим айбдорман.

Раис, чавандоз Жовли Каримни биласиз. Гумаштаси унинг баҳайбат байталини олиб келган экан. Мақсад Гулистондан қочирмоқ. Яхши зотли тўл тушсин деган-да. Байтални кўриб менинг ҳам ҳавасим келди. Келишган, ҳайбатли човкар, худди улоқчи отлардек тик қарайди. Яғринлари жуда кенг, бизнинг отимизга мос. Гулистоннинг байталларидан бўлмасин тағин, деб ўйладим. Икки пол ёки уч пол ошган бўлса ҳам, барибир Гулистон танийди, демак, чопмайди. Буни аниқ биламан. Хавотирим шундан бўлди. Йўқ десам, Жовли Каримни жуда ҳурмат қиламан. Кўпкариларда бир-биримизга жуда кўп ёрдам қилганмиз. Ҳе, ўл-е, қурумсоқ экансан-ку, энди отингни бошқа қўй, деб айтиши аниқ. Ўйлаб-ўйлаб, фириб ишлатдим. Қандай денг?

Гулистон ҳидидан ҳам ўз аждодини сезади. Бунинг йўли бор. Катта, кенг тўрва тикдим-да, аввал унинг ичини исириқ тутуни билан роса тўлдирдим. Кейин тутундан озгина қолдириб, Гулистон байтални кўрмасин ҳам, сезмасин ҳам деб, унинг бошига тўрва ёпиб қўйдим.

Гулистоннинг айғирлашган маҳали… Кўзи қонга тўлиб турган эканми, тезда байталга ирғиди. Ҳаммамиз хурсанд эдик. Аммо бу хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Байтал сал узоқлашсин деб кутаётгандик, ғафлатда қолибмиз, уйинг буғдойга тўлгур, умринг узун бўлгур ўғлим Мейли, отимнинг бошида нега тўрва осилган, деб сўрамай-нетмай олиб ташлабди. Гулистон деворнинг ёриғидан етакланган байтални кўриб қолди. Ҳали байтал унча узоқлашмаган эди. Гулистон байтал тарафга тикилиб-тикилиб қаради. Бошини баланд кўтариб қаттиқ кишнади. Кутиб турди. У томондан ҳам кишнаган овозни эшитиб, бирдан тисарилиб йиқилди…

Биз уни тийғаниб йиқилди, ҳозир ўрнидан туради, дея чопиб олдига бордик. Бундай бўлиб чиқмади. Аксинча, кутилмаган ғаройиб ҳодиса рўй берди! Кўриб ёқамни ушладим. Гулистон бошини олд оёқлари орасидан ўтказди-да, қаттиқ силкиниб, ҳали совуб улгурмаган авратини тишлаб узиб ташлади. Шу кезда мен “қирс” этган товуш эшитдим. Чамаси жулуни[2] узилиб кетган бўлса керак, кейин у бир кишнади. Оёқлари тўғриланди-ю, бўйни эгилганича қолди. Кўзи очилганича жон берибди. Кўзларида шашқатор ёш. Аввал мол дўхтирни чақириб акт қилдик. Мана акти. Улло, агар бундай бўлишини аввалдан билганимда, ўлсам ҳам бунга рухсат бермасдим. Нима қилай, хом сут эмган бандаман-да…

 

* * *

Элмурод полвон елкаларини силкитиб-силкитиб йиғлар, Парда раис уни нима деб юпатишни билмас, эртага бундан-да оғирроқ юмуш кутаётганини тўлиғича тасаввур қила олмас, ўта мушкул ҳолатда эди.

…Катта майдон лиқ тўла одам. Бошқаларга халақит бермасин учун кўплар телпак, қалпоқ, ҳатто саллаларини ҳам бошдан олиб, вагонларга чиқарилаётган отларни кузатмоқда. Милиция ходимлари вагон ва отларни эмас, балки одамларни зийраклик билан назорат қилаётир.

Отларнинг вагонга чиқишини осонлаштириш учун ердан вагон полига қадар зич қилиб тахталар терилган. Эгалари отини вагонга чиқаради-да, нўхтасини ечиб, ирғаланиб, отига қарай-қарай пастга тушади. Кўпчилиги от бошидан нўхтасини олаётганда йиғлаб юборар, баъзилари эса тахтадан пастга кўзёшларини қўллари билан артиб энарди. Айрим кўнгли бўшлари отининг бўйнидан қучоқлаб йиғлар, кўзёшларини отнинг ёлига артаркан: “Кечир мени! Кечир…” дер, агар вагон ичидаги милиционер: “Қани тез бўлинг, бўлинг тез”, – дея дағдаға қилмаса, отидан осонликча айрилмас эди.

Вагоннинг сурма эшиги ёпилиб, тахталар бошқа вагонга кўчирилганда, йиғлаётганлар сони яна кўпаяр, ҳар замонда кўргилик-да, йиғини бас қилинг энди, деган гаплар эшитиларди. Одамларнинг аччиқ фарёди юракларнинг энг тубида қўзғалаётган исённи билдирар, дардини ошкор айтиш иложини топа олмай руҳан эзилган кўнгилнинг ҳеч нарса билан овутиб бўлмайдиган ниҳоятда оғир изтиробини англатар эди.

Тўпланганларнинг олдинги сафида турган Парда раис бу ҳолатдан чиқишнинг иложини топа олмаганидан афсусу аламда эди. Котибнинг қани йўрғани ўзингиз олиб чиқинг, ишорасидан кейин аввалига нима қилишни билмай каловланиб, сўнгра ўзини тутиб олиб, йўрғанинг нўхтасини ечиб қўлига олаётган маҳали кўз олди қоронғилашди. Отга суянганича юрагини чангаллаб, зўрға ортга бурилди, базўр қадам ташлади. Шу палла Содиқ чавандознинг:

– Раис, дадил бўлинг! – деган овози қулоғига чалинди. Ичида: “Иродангни ишга сол, Парда!”, деди ўзига ўзи ва қия энлик тахтадан аста пастга туша бошлади.

Ҳадемай поезд жўнайди. Отларни қаерга оборишади, неча кун вагонда бўлади, уларнинг ҳолидан хабар олувчи борми, буни ҳеч ким билмайди.

“Отсиз йигит бамисоли қаноти қирқилган бургут. Бошини адл кўтаришга уялади. Бундан баттарини ҳам бошимиздан ўтказдик, раис. Энди кўкрагимизни кериб юролмай қисинарканмиз-да…”

Элмурод чавандоз бу гапларни айтганда минг бор ҳақ эди. Тўғри айтади. Бу кўргилик ҳам бор экан-да бошимизда. Пахта режасини бажарсак, ғалла топширишни керагидан ортиқ уддаласак, гўшт топшириш бўйича берилган вазифани қойиллатсак, яна нима керак экан?

Шундай азобли хаёллар қайнаётган Парда раиснинг қулоғига тарақлаган товуш эшитилди. Ялт этиб қаради. Вагоннинг раисга яқин турган икки тахтаси қарсиллаб синди-да, тарақлаб ағдарилди. Ҳосил бўлган тирқишдан пешонаси қонга бўялган отнинг калласи, сўнгра бўйни чиқди. Парда раис йўрғасини дарров таниди! Отнинг ёш сизиб чиққан кўзларидан изтироб шарпаси сезилиб турарди. Раиснинг кўнгли бирдан юмшади, тез-тез ва чуқур нафас олиб, бор қувватини оёқларига йиғиб, чўлоқланиб бўлса-да, поезд изидан ўтиб йўрғанинг бўйнидан қаттиқ қучоқлаб олди. У кўзёшларини тия олмас, баралла ўкириб йиғлашдан ўзини аранг тийиб турган бўлса-да, елкалари силкиниши ва бошининг тебранишидан аччиқ алам билан унсиз йиғлаётганини пайқаш мумкин эди. Бўйнига илиқ суюқлик оқиб тушаётганидан йўрға ҳам қўшилиб йиғлаётганини билиб, “Отларни гўштга топширасиз…” деган буйруқни эшитгандан бери то шу кунгача аёвсиз қийнаган ғам-аламнинг барини “оҳ!” деган аянчли ҳайқириғи билан тўкиб солмоқчи бўлди. Бироқ ҳазин дилида юрагини тимдалаётган бу “оҳ” андуҳ чўғини бешбаттар алангалатди. Шашқатор оқиб, кўйлаги ёқасини ҳўл қилаётган кўзёшлари ҳам, лабларининг тинимсиз пирпираши ҳам бу аланга ҳовурини пасайтиролмаётган эди. Паровознинг қичқириғи ва Элмурод чавандоз билан Содиқ чавандозларнинг: “Бўлди, раис… Бошқаларнинг ҳам юрагини эздингиз… Чидаймиз-да бу кўргиликка!” – деган сўзларини эшитиб, отнинг бошига бошини қаттиқ босди ва зўрға, эшитилар-эшитилмас ингроқ товуш билан “Хай… р. Йўр… ғам! Хонўғлоним!” дея олди, холос…

Паровознинг кетма-кет қичқириғи майдонда йиғилганларнинг бағрини тилка-пора қилди, вагонлар ўрнидан жилди. Парда раис Қашқа йўрғанинг унга томон қайрилтириб қараётганини кўриб, ўзи билмаган ҳолда беихтиёр икки қадам босди. Бироқ чўлоқ оёғининг тиззасида қаттиқ оғриқ, кўкрагининг чап тарафида кутилмаган санчиқ турганидан жойида тўхтаб қолди.

Шу пайтда Қамай тарафдан одатда доим отда юрадиган Ҳазратқул бахши оқ дўмбирасини қўлига олиб, пойи пиёда бўлиб (унинг ҳам чўбири гўштга тортилганди) бир наъра тортиб, дўмбира торини узиб юборгудай куй чала бошлади. Дўмбира аввал булбулдай сайради. Бора-бора бу сайраш нолага алмашди. Бари йиғилганлар дардини янгилаб, ярасини тирнаб-тирнаб ўтди, аксарининг кўзлари ёшланди.

Тарқалишга тайёрланаётган одамлар бахшининг атрофига йиғилди. Шу вақт икки отлиқ милиционер Ҳазратқул бахшининг қўлидаги дўмбирани тортиб олмоқчи бўлди, эл бир қалқди. Ҳаммаси бир овоздан “бахшига тегманглар!” дея ҳайқирди. Одамларнинг бирдамлигидан ҳайиқдими, бошқа сабабми, милиционерлар бахшини тинглаётганларга қўшилишди. Ҳазратқул бахши дўмбиранинг товушини янада баландлатиб, куй оҳангини ўзгартирди ва хирқироқ овоз билан қўшиқ бошлади:

 

Бўғзим тирнар куюк сўзларим,

Кўр бўлсайди ёшли кўзларим,

Шувут бўлди ёруғ юзларим,

Гўштга кетган бўз отларим-а,

Қайга етгай бу додларим-а!

 

Соғинармиз отда юрганни,

Отга миниб кўкрак керганни,

Йўқотдинг, ай, ботир, жуганни,

Қайга етгай, ай, додларим-а,

Йиғлаяпти тоқатларим-а!

 

Букилиб қолган бахши ўзгача ситам, ўзгача ғусса билан дўмбирасининг инграшини яна авж олдирди, баланд ва хирқироқ овозда, юракларнинг тубига етадиган, кўнгил торларини чертадиган оҳангда давом этди:

 

Сўзларимни йўйманг ёшликка,

Бир йиғлоқи кўнгли бўшликка,

Бўзлаб кетар бўлди гўштликка,

Йилқисидан жудо элим-а!

 

Тепкиланди йўғу-боримиз,

Тикланаркан қачон оримиз,

Бўлармикан ҳур диёримиз,

Тулпоридан жудо элим-а!

 

Ҳазратқул бахши куйлар экан, кўзёшларини тия олмас, дарду изтиробини яширмасди ҳам, қалбини ўртаётган аламини айтаётган қўшиғи тўла ифодалай олмаганидан кўзёшлари сел бўлиб, юзларини ювмоқда эди. Унинг икки ёнида гўё бахшини қўриқлаётгандек турган милиционерлар ҳеч кимга қарамай, рўмолчаларини кўзларига босиб, йиғлаётганини бошқалардан бекитмоқчи бўлар, бироқ елкаларининг силкиниши бу сирини ошкор этиб турарди. Қашқа йўрғанинг пишқириши, депсиниши, изтиробли кишнашини кўз олдига келтириб, қалби мумдай эриб турган Парда раис бирдан ҳушёр тортди. Ахир у элнинг оқсоқоли, бошқаларга сабри, матонати билан ўрнак бўлиши керак. Раис чўлоқланиб бахшининг олдига бориб, елкасига қўлини қўйди:

– Бахши бова! Ҳаммани йиғлатдингиз, бўлди. Иложимиз йўқ. Не қилайлик?

Кейин қайрилиб, одамларга мурожаат қилди:

– Биродарлар, тарқалайлик! Энди тарқалмай туришимиздан ҳеч қандай фойда йўқ. Зарари бўлиши мумкин. Хўп денг, оғайнилар, тарқалайлик!

Ҳамма аста уй-уйига кета бошлади.

Парда раисни ҳувуллаган ҳовли кутиб олди…

Отни сақлаб қололмадингизми, қани от дегандек, раиснинг ўғли Қашқа йўрға боғланадиган қозиққа йўғон калтак билан уриб-уриб қўярди.

Раис бир пас қараб турди-да, дийдаси юмшаб, титроқли товуш билан деди:

– Уйга кир, ўғлим. Қозиққа тегма! Иншоолло, ҳали керак бўлади…

Шу палла ҳовлиққанча кимдир кириб келди. Раис таниди: Аллаберди! Аллабердининг безовта товуши раисни ҳушёр торттирди:

– Раис бова, ҳо раис бова! Зарур иш билан Қаршига бораётган эдим. Шўртанга яқинлашганимда кўрсам, поезд тўхтаб турибди, форма кийган қандайдир одамлар вагондан бир отни ташқарига чиқариб ташлашяпти. Яқинлашдиму кўриб юрагим “шув” этди: у Қашқа йўрғанинг ўлиги экан!

– Қашқа йўрға, дейсанми?!

– Ҳа, синчиклаб қарадим. Танидим! Ясси ва ялпоқ туёғидан танидим. Қашқасининг… қашқасининг бир текислигидан танидим. Қашқанинг юраги ёрилиб ўлибди!

– Ука! Аллаберди! Адашмаяпсанми!?

– Йўқ, раис бова! Бу аниқ. Отнинг юраги ёрилиб ўлибди. Қони кўкрагининг ичида йиғилган экан.

Парда раис турган жойида қотиб қолди.

…Парда раис, Содиқ чавандоз, Тожи бова, Ҳазратқул бахши, Аллабердилар Қашқа йўрға лошини Мирзапўчоқ қишлоғининг Ғузор тарафидаги тепаликка элтганларида, тупроғи ҳали қуриб улгурмаган қабрнинг ёнида, эндигина қазилган чуқур тепасида белкуракка суяниб турган маҳзун Элмурод чавандоз билан унинг ўғли Мейлига кўзлари тушди.

Ҳеч ким ҳеч нарса демади.

– Йўрғани мана шу чуқурга, Гулистоннинг ёнига кўмамиз, – деди қатъий Парда раис…

Одамлар ҳаракатга тушиб кетишди.

– Аллаберди, ука! Чавандозларим! – деди ҳаммани ҳайратга солиб бирдан Парда раис, пайдо бўлган икки дўнгчага қараб. – Агар ўлсам, мени ҳам… Гулистон билан Қашқа йўрға ўртасига…

– Мени ҳам, – деб юборди тўлиқиб турган Элмурод чавандоз шу палла! Барча унга ялт этиб қаради.

– Эсингизда тутинглар, – давом этди Парда раис. – Аммо… ҳали ўладиган гўштхўр йўқ! Ҳали иш кўп! Ҳа… иш кўп! Тушундим, энди мен бошқача ҳаракат қиламан!

Раис охирги сўзларни айтганда қўллари мушт бўлиб тугилган эди. Ҳозир бу ҳаракатнинг нима эканини, қандай кечишини тасаввур эта олмаса-да, уйига қайтар экан, йўл-йўлакай беихтиёр Ҳазратқул бахшининг “Замон келар, ой бўлар яхши…” – термасини хиргойи қилиб келганини билмай қолди.

Ногаҳон кунчиқар тарафга боққанди, тоғ тарафдан кўтарилаётган чарақлаган юлдузга кўзи тушди. Парда раис юлдузга тикилиб қаради. Унинг ёғдуси ичра бир одам кўрингандай бўлди. Кўзларини юмиб очди: ғира-ширада қир ортидан ёруғлик томон чиқиб келаётган отлиққа кўзи тушди. Бироздан кейин отлиқ тиниқ уфқ томон бурилди. Уфқнинг нуқра жилосида отнинг қашқаси ёрқин товланди. “Қашқа йўрға-ку!” – дея ҳайқириб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди, раис. Эгар устида ўтирган невараси Нурдилни таниди. Қашқа йўрғанинг энди минги бўлган тойи тез ва текис йўрға чиқарганини кўриб кўнгли тоғдай кўтарилди. “Дилларга нур бериб тобора юксалаётган келажаги порлоқ замонда яшаймиз, ҳали зафарлар қучамиз” деб ўйлади.

Ҳадемай тўлин ой чиқади, тонгда эса албатта қуёш чарақлайди.

 

Жуманазар БЕКНАЗАР

 

“Шарқ юлдузи”, 2014–5

 


[1] Бир ёшга етган бузоқ. Кўпкарида чавандозларнинг соврин олишини қийинлаштириш учун атайлаб шундай бузоқ танланади.

[2] Орқа мияси

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.