Қадрдон йиғилар

0
296
марта кўрилган.

Мен, деразасини ланг очиб қўйиб, нонушта қилишни ёқтирадиган болохонанинг шундоққина тагидан торгина йўл ўтган. Йўлнинг нариги бети – болалар боғчаси. Боғчага қатнайдиган тирмизаклар менга шу қадар ёдаки бўлиб кетганки, уларни кўрмай туриб, товушиданоқ адашмай таниб оламан.

Кузатиб келадиган катталар отини айтиб чақирганда, баъзиларининг исми эсимда қолган. Кўпчилигига эса, ўзимча лақаб тўқиб олганман.

Мана, яна одатдаги нонушта. Хонтахта ёнида чордана қуриб, қатиқли гўжа келишини кутганимча, чой-нонни эрмак қилиб ўтирибман. Ярим тўғрам нон еб улгурмасимдан, қулоғимга биринчи таниш йиғи чалинди:

– Биғ-ғ-ғ… Ғип! Биғ-ғ-ғ… Ғип!

Бу – Қуюнтой. Қарамасдан ҳам сезиб турибман, ойиси дам унинг қўлчасидан тортқилаб, дам кетига енгил шапатилаб, бошлаб келяпти.

– Э-э-в! Эв-эв-эв…

Буниси – “Қора бўғирсоқ”. Иккала қўлини дўмпайган қорнининг остига доим чирмаштириб олади. Қошини баланд кериб, салмоқли қадам ташлайди. Бошқаларнинг аҳволини кўриб, боғчага ҳўнграк отиб боришни фахрли русум деб тушунади шекилли, кўзидан бир томчи ёш оқизмай, йиғини шунчаки хиргойилаб келади.

Лекин, “Кулча момо”нинг айюҳанноси ҳақиқий. Ана, эшитиб кўринг-а:

– Ва-а-а! Ва-ваа! Ва-ва-ваа!

Ий, буниси ким бўлди? Э-э, Учқурбек-ку. Ширавор нарсалардан кўпроқ еганми, бугун овози андак хириллаб қолибди. Унинг фарёди жуда ўзига хос, лойга ботган юк мошинасининг пайдарпай кучаниб силкинаётганини эслатади:

– Ғи, ғи, ғи… Ғир-р! Ғи – ғи, ғи… Ғир-р!

Ў, Тасмахон пайдо бўлди-ку! Унинг усулиниям тез фарқлаб оламан:

– Я, я, я… Я, я, я…

Ҳар бир “я, я, я”нинг орасида чарм шиппагини “тап-тап-тап” қилиб, сақичйўлни депсиб қўяди.

Янглишмасам, навбатдагиси – “Мулла ваҳима”. Оёқчаларини қармоқдаги лаққадек потирлатиб, яна дадасининг қўлтиғида келаётган бўлиши керак:

– Анг! Анг! Ба-ба-баа! Аба-бабааа!

Ҳаммадан босиғи – Чинтемир:

– Ҳиқ, ҳиқ… Қачан оптетасиз, оййи?

– Ишхонамда мажлис бор. Бугун уйга даданг опкетади.

– Шаталат оптесин. Ҳиқ, ҳиқ…

– Кўнгиллари яна нималарни кусаяпти?

– Қуйит, хўязқант… ҳиқ… қулқунай… ҳиқ…

– Қулупнайни кеча роса лиқиллатиб ютдинг. Етади!

Чинтемир: “Йў, етмайди!” – деб тихирлик қилишини кутиб, диққатимни жамладим. Бироқ она-боланинг товушини “Маллаботир” кўтарган дод-фарёдлар бўрони буткул кўмиб ташлади:

– Ҳа бў-ў-ў! Ҳа бў-ў-ў! Бў-ў-ў!!!

Шундан кейин кўча анча вақт жимиб қолди. Бундан туйқус дилим ғашланиб, жиддий хавотирлана бошладим: “Жингирвой”га нима бўлдийкин? Шўрликнинг тоби қочдимикан? Вақтида дўхтир чақиришдимикан, ишқилиб?

Гўжани ичиб бўлиб, пиёладан охирги марта чой ҳўплаётганимда ҳам кўнглимнинг бир чети қоронғилигича тураверди. Дастурхонга фотиҳа ўқишга чоғланган эдимки, тўсатдан “Жингирвой”нинг чийиллоқ овози таралиб, қулоғимга ўқёйлардек ёйила кетди:

– Мий-й! Мий-й! Ми-мий! Мав-в-в…

Ҳамма ошналаримнинг соппа-соғ эканлигини билиб, енгил нафас олдим. Яхши кайфиятда ишга жўнадим.

 

Анвар ОБИДЖОН

 

1996 йил

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.