Профессорнинг сабоғи

0
184
марта кўрилган.

Профессор сув тўлдирилган стаканни олди ва қўлларини олдинга узатиб, талабалардан сўради:

– Стаканнинг вазни қанча деб ўйлайсизлар?

Синфга жон кирди, ҳар ким ўзича тахминлади.

– Икки юз грамм чиқар-ов. Балки уч юз граммдир. Бор-е, ана беш юз грамм бўлсин.

– Тортиб кўрмагунча, аниқ вазнини барибир билиб бўлмайди. Лекин ҳозир бу муҳим эмас. Менинг сўрамоқчи бўлган саволим аслида бошқа: агар идишни шу ҳолда бирнеча дақиқа ушлаб турсам нима бўлади?

– Ҳеч нарса.

– Тўғри, ҳеч нарса бўлмайди, – деди профессор. – Дейлик, икки соат ушлаб турсам-чи, унда нима ўзгаради?

– Қўлларингиз оғриб кетади.

– Бир кун тутиб турсам-чи?

– Қўлларингиз уюшиб, тамом бўлади, мушакларингиз шикастланиши ҳам мумкин. Балки даволанишингизга тўғри келар.

– Кун бўйи ушлаб турсам, стаканнинг вазни ўзгарадими?

– Асло йўқ!

– Хўш, бу аҳволдан қутулиш учун нима қилишим керак?

– Идишни қайтариб стол устига қўйинг!

– Яшанглар! – юзларига кулгу югуриб жавоб берди профессор. – Ҳаётда учрайдиган қийинчиликлар ҳам шунга ўхшайди. Агар муаммолар ҳақида бирнеча дақиқа ўйласангиз, улар сизга яқинлашади. Фикрингизни бир неча соат улар билан банд қиладиган бўлсангиз, тинкангизни қурита бошлайди. Кун бўйи шу муаммоларнинг дарди билан юрадиган бўлсангиз борми, миянгиз фалажланиб қолиши, яъни тўғри қарор қабул қилолмайдиган ҳолга келиши аниқ. Муаммолар ҳақида ўйлайвериш бирор-бир яхши натижага олиб келмайди. Бу билан муаммоларнинг “вазн”и ҳам ўзгариб қолмайди. Улар билан курашишнинг ягона йўли – ҳаракат қилиш. Муаммони ҳал қилинг ёки бир четга суриб қўйинг. Юрагингизга юк бўлиб тушадиган оғир тошларни – қайғули ўй-хаёлларни кўтариб юриш ярамайди.

 

Ориф Толиб тайёрлади.

 


“Ирфон” тақвими (2014 йил 1-чорак)да чоп этилган.


 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.