Пўстдумбали мошкичири

0
405
марта кўрилган.

Бу одамни болалигимдан танийман. Ўшандан буён унинг биттаям туки ўзгармаган, десам лоф бўлмайди. Уёғини сўрасангиз, унда тукнинг ўзи йўқ: кўса. У ҳар куни эрталаб бир вақтда дарвозамиз олдидан маҳалла гузари томонга ўтиб кетади. Қишда куя еган телпак, муштдеккина гавдасига ярашмаган узун камзул, оёғига калиш-махси кийиб юради. Ёзда бўлса думалоқ, қозоннусха бахмал дўпписини бостириб олади. Қўлидаги хўжалик сумкаси ҳам камида йигирма йил сидқидилдан хизмат қилган. Ғиж-ғиж суриладиган занжирининг тишлари тўкилиб, яккам-дуккам бўлиб қолган. Бандининг тасмаси бир неча жойидан ямалган. Сумканинг ичида нима борлигини яхши биламан. Тиши тўкилган алюмин тароқ, бошингизга тегиши билан бир ҳовуч сочингизни юлиб оладиган қўл машина, қайиш билан олишавериб ихчам тортиб кетган устара. Хуллас, бутун маҳаллага донғи кетган Наим сартарошнинг жамики ашёлари шу сумкада жойлашган.

У мени яхши танимайди: ўзининг дўконига чиқадиган мижозлардан бошқа одам билан иши йўқ. Аммо онамни қаттиқ ҳурмат қилади. Дарвоза олдидаги скамейкада ўтирган ойимни кўриб, дарров тўхтайди.

 – Бахай, пошша опа, бардамгина бормисиз? – дейди ингичка овозда. – Неваралар чопқиллаб юришибдими?

Қизиқ, ойим негадир уни кўп ҳам ёқтирмайди. Аммо дилини оғритмайдиям.

 – Шукур, – дейди секин. – Ўзингиз яхши юрибсизми? Овсиним бардаммилар?

 – Юрибмиз тупроқдан ташқари! – дейди Наим сартарош йўлида давом этиб. – Овсинингиз ҳам тузук. Бели оғриб ётибди.

Ойим сидқидилдан маслаҳат беради.

 – Кепак қиздириб боссинлар. Уч кунда сан кўр-ман кўр бўлиб кетадилар.

 – Босдим. Тупроққаям кўмдим. Фойдаси йўқ, – Наим сартарош сумкасини бепарво силкитиб қўяди. – Ёшлигидаям беланги эди ўзи. Аслида бошқасига уйлансам бўларкан.

Онам “нотавон кўнгилга қўтир жомашов” дегандек мийиғида кулиб қўяди. Аммо индамайди. “Бир мўмин”нинг кўнглини синдиргиси келмайди.

Наим сартарошнинг эски фанерлардан ямаб ясалган дўкониям йигирма йил илгари қандоқ бўлса, ҳозир ҳам ўшандоқ – маҳалла чойхонасига ёпишиб қўнқайиб турибди. Фақат вақт ўтиши билан толиқиб бир томонга қийшайиб қолган. Беш йил бурун автобус бекатининг рўпарасида янги ойнабанд сартарошхона очилди. Аммо Наим сартарош унга ўтмади. “Ман таҳоратсиз тиғ ушлайдиган ёш болалар билан ишламайман”, деб туриб олди. Маҳалладагилар ҳам унинг феълини билишгани учун индамай қўя қолишди.

Шу Наим сартарошнинг денг, бирданига мени жини суйиб қолди. Бир куни эрталаб дарвоза олдидаги скамейкада ўтирсам, сумкасини кўтариб ўтиб қолди. Салом бердим. У менга қарамай, “валей” деб ўтиб кетди-ю, нарироққа бориб тўхтади. Сийрак сарғиш киприкларини пирпиратиб тикилиб турди-да, янгроқ, ингичка овозда сўради:

 – Ҳай, манга қара – ўзингмисан?

Мен индамай бош силкитдим. Наим сартарош кўп йиллик қадрдонини бирдан топиб олгандек қувониб кетди. Тез-тез юриб ёнимга келди. Сумкасини скамейканинг бир чеккасига қўйди-да, қўш қўллаб сўрашди. Юзига фотиҳа тортиб, силлиқ иягини силаб қўйди.

 – Бу дейман, дўконгаям чиқмайсан, – деди яна ҳам ингичкароқ товушда.

 – Энди, хизматчилик…

 – Ёзувчи бўпсан, газетда ишлавотсан, деб эшитдим, шу ростми? – Наим сартарош менинг қобилиятимни чамалаб кўрмоқчи бўлгандек, бошдан-оёқ бир сидра қараб чиқди.

 – Ҳа, шунақа, – дедим бош силкиб.

У сумкасини нарироқ суриб ёнимга ўтирди. Узун камзулининг чўнтагидан қизғиш носқовоғини чиқариб нос отди.

 – Бу дийман, ука, газетларингга бизниям ёзса бўлавурадими? Ё буниям “оҳони” борми?

 – Қанақа “оҳони?”

Сартарош кўзини қисиб қиқирлаб кулди.

 – Ўзингни соддаликка солма, ука. Ман ҳаммасини биламан. “Оҳони” бўлмаса Олим паровозни газета мақтаб чиқармиди? Биринчи бўлиб паровоз ҳайдаганмиш. Ёлғон! Қачон қараса, кўмирга ботиб юрадиган рабочий эди. Ҳа, хўп, борингки ҳайдаган бўлсин. Ҳа, нима қипти? Ҳаким найнов-чи! Биринчи ўқитувчилардан эмиш. Ман билмасам экан уни! Жинкўчалик отин ойининг қўлида бирга ўқиганмиз. Ўлгудай зеҳни паст бола эди. Олти ойгача “Ҳафтияк”ни туширолмаган. Тағин булар персаналний пенсанер эмиш!

Наим сартарош дунёнинг адолатсизлигидан тутақиб кетгандек жаҳл билан носини тупурди, силлиқ иягини силаб қўйди.

 – Булар давлатга хизмат қилган бўлса, биззиям ўтқазиб қўйган жойимиз бор. Булар Масковга борган бўлса, манам борганман. Уларни кўтар-кўтар қиласанлару мани ёзмайсанлар, шунақами? Мани суянчиғим йўқ-да, а?!

Қарасам, Наим сартарош ростдан хафа бўляпти. Тўғриси, унинг ўтмишига ўзим ҳам қизиқиб қолдим.

 – Нега ёзмас эканман. Ёзаман. Москвага қачон боргандингиз?

 – Ие, ҳозир йили эсимда қоптими, ука? Ўша босмачиларни қийратиб юрган пайтларимизда эдида. Ўшанда санга ўхшаган қирчиллама йигит пайтим. Паркат томонда Рустам шердай қилич ўйнатиб юрсам, камандиримиз чақириб қолди. “Чиноқ икковларинг яхши жанг қилганларинг учун Масковга дилигат бўлиб борасан”, деса бўладими! Юнус чиноқ бир қулоғи йўқ бўлсаям хўп азамат йигит эди. Иккаламиз пойизга ўтирдигу қайдасан Масков деб жўнадик-вордик. Ўн кун деганда етиб бордик. Бу Масков дегани хўпам катта шаҳар экан. Қават-қават уйлар десанг, кўча тўла троллобус, аптобус. Ер тагида пойиз юраркан.

 – Метроми? – дедим илжайиб. – Тошкентдагига ўхшаган?

 – Метромас, пойиз, – у бирдан тўхтаб, менга синчков тикилди.

 – Масковга борганмисан?

 – Йўқ, – дедим ёлғон гапириб.

 – Э, Масковга бормабсан – дунёга келмабсан! – Наим сартарош қўлларини ёзди. – Шундоққина Қизил Майдоннинг олдидаги гастинисага тушдик. Ёнбошимизда бозор. Бизаникига ўхшаганмас. Ҳаммаси папаратка жойлашган. Қаймоқ бозор бир томонда, ширмой бозор бир томонда. Кабобпазлар десанг эрталабдан уриб жигар кабоб сотади. Аммо лекин сомон бозорининг мазаси йўқ экан. Қоплари кичкина-кичкина. Бир туяга элликтасини ортиб келишади. Тағин бир қопи фалон пул. Одам кўплигиданми, сартарошхонаси тирбанд. Босмачиларни бир ёқли қигандан кейин шу томонларга келиб дўкон очаман, деб кўнглимга тугиб қўйдим… Аммо маишат зўр бўлди. Масковда бир ой турган бўсак, шу бир ой ичида Чиноқ иккаламиз хўп ҳузур қилдик. Эрталаб лип этиб бозорга тушиб бир коса қаймоқ, тўртта ширмой, анжир, холва обчиқиб кўк чойни урамиз. Пешинда кабобхўрлик, кечқурун лағмон дейсизми, пўстдумба солинган мошкичири дейсизми, нима хоҳласангиз муҳайё. Кечалари чойхонага чиқамиз. Бир жўжахўроз беданам бор эди десанг, ўзимам Исмоил калдан бир қўйнинг пулига олгандим. Шуни обкетувдим. Масковни манман деган беданаларини қочирди. Қайтиб келишимиздан икки кун олдин майлис бўлди.

 – Қаерда? – дедим ўзимни кулгидан зўрға тийиб.

 – Қатта бўларди, Қизил Майдоннинг ўзида бўлди-да… Лак-лак одам. Чиноқ иккаламиз бир чеккага бориб турдик. Шу пайт десанг, минбарда турган катталардан биттаси югуриб тушиб мани қучоқлаб олса бўладими?

 – Ким?

Наим сартарош сийрак киприкларини пирпиратди.

 – Нима ким?

 – Сизни қучоқлаган ким эди, деяпман.

 – Катталардан биттаси дидим-ку! Шундоқ қучоқлаб у юзимдан-бу юзимдан ўпди. “Ия, кўса, баҳай? Сан бу ёқларда нима қилиб юрибсан?” дейди. “Мана, Чиноқ билан кеп қолдик. Босмачиларни қийратганимиз учун камандиримиз ўйнаб келинглар, деб юборди”. “Оббо, сан-эй, кеганингга шунча бўбди-ю, нега ҳовлига ўтмадинг, – дейди. – Кечқурун бизникига ўтмасанг, қаттиқ хафа бўламан, янгангга норин буюриб келганман”, – дейди. “Йўқ, шошиб турибман. Бошқа мавруди кеп қолар”, дедим. “Бўлмаса мана бу мукопот санга”, деб ҳалиги одам чўнтагидан медал чиқариб чопонимга тақиб қўйди.

 – Қанақа медал?

Наим сартарош, “жудаям эзма экансан-да”, дегандек ижирғаниб афтини буриштирди.

 – Қаттан биламан! Бунақа керак бўлишини билганимда йўқотиб қўярмидим. – У бирпас ўйлаб турди-да, қўшиб қўйди. – Энди, ука, сан ўзимизнинг маҳаллани боласисан. У ёғини ўзинг келиштириб бир ёзгин, хўпми?

 – Бўпти, – дедим жилмайиб.

У кафтини очиб дуо қилди.

 – Илойим омадингни берсин! – Сумкасини кўтариб уч-тўрт қадам нари борди-да, тўхтаб ўгирилиб қаради. – Агар-чи, ука, шу иш амалга ошиб қолса-чи, ҳар куни соқолингни ўзим оп қўяман. Текинга.

 – Қайси иш?

Наим сартарош қайтиб келди.

 – Ие, ҳалитдан буён қулоғингга танбур чертдимми? Газетингда мани мақтаб чиқарсанг, Олим паровозга ўхшаб персаналний пенса оладиган бўлсам, соқолингни ҳар куни ўзим оп қўяман. Эшитдингми, оғритмасдан оламан.

Мен уч-тўрт кунгача бу гапларни эслаб кулиб юрдиму кейин унутиб юбордим. Аммо Наим сартарош унутмаган экан. Қайси куни автобус бекатида мени кўриб қолди. Атайлаб пойлаб турган экан шекилли, маҳкам ушлаб олди.

 – Ану нарсани ёздингми-йўқми? – деди очиқдан-очиқ дағдаға билан.

 – Ёздим.

 – Ҳа, мана, бу бошқа гап. – Наим сартарошнинг юзи ёришиб кетди, – Йигит кишининг гапи битта бўлади. Қачон чиқади энди?

 – Эрта-индин чиқиб қолса керак. Ҳозир текширишяпти, – дедим ниҳоятда хотиржам оҳангда. – Агар рост бўлса, мақолани чиқариб сизга персоналний пенсия тайин қилишаркан. Агар нотўғри бўлса, судга беришаркан.

Наим сартарош бир лаҳза кўзларини пирпиратиб анграйиб қолди.

 – Лаббай! Сўтга! Кимни сўтга беради?

 – Сиз билан мени. Ёлғон гапирганингиз учун сизни, ёлғон ёзганим учун мени. – Шундай дедиму бурилиб кетавердим.

Бир лаҳзадан кейин орқадан Наим сартарошнинг ингичка овози эшитилди.

 – Ҳой ука, тўхтанг! Ҳой ўғлим.

Тўхтаб, бурилиб қарадим.

 – Нима гап?

 – Манга қаранг, ука, – деди у энтикиб. – Келинг, ўша нарса чиқмаса чиқмай қўя қолсин.

 – Ия, нега энди?! Мен ёзиб топшириб қўйган мақолани қайтиб ололмайман.

Уч-тўрт қадам босган эдим, Наим сартарош пилдираб келиб йўлимни тўсди.

 – Манга қаранг, ўғлим, шу нарсани босди-босди қилиб юборсангиз-чи, ҳар куни соқолингизни икки мартадан оп қўяман. Шундоқ қилинг, жон ука.

 – Ия, нега ахир? Персаналний пенсия олсангиз ёмонми?

 – Хўп денг, жон ука. Оч қорним, тинч қулоғим. Шу ишни тинчитиб юборинг. Ман сўзимнинг устидан чиқадиган одамман. Айтдим-ку, ҳар куни икки мартадан соқолингизни олиб қўяман. Уйингизга бориб оламан.

Мен жуда қийин муаммо рўпарасида қолган одамдай, елкамни қисдим.

 – Майли, бир уриниб кўраман. Аммо бу жуда мушкул иш-да…

Сартарош ўша куни мени уйимгача кузатиб қўйди. Кузатиб қўйди-ю, бари бир тинчимади. Кечаси алламаҳалда эшик тақиллаб қолди. Чиқсам, сартарош қийиқчага ўроғлиқ бир нарсани кўтариб турибди.

 – Нима бу? – дедим ҳайрон бўлиб.

 – Иссиғида еб ола қолинг! – У тугунчани узатди. Мошкичири. Ўз қўлим билан пиширдим.

 – Э, Москвадаги мошкичиридан денг?

 – Московни мошкичириси қатта энди, ука! Унга қора қўчқорнинг пўстдумбаси солинарди. Бунисининг мазаси йўқроқ. Шундоқ бўлсаям, илиндим. Олинг, қўлим қайтмасин.

Майли, сазаси ўлмасин деб сартарошнинг совғасини олдим.

Ичкарига кириб қийиқчани очсам, устига кўк пиёз сепилган мошкичири. Инсоф билан айтганда қойилмақом қилиб пиширибди. Уч-тўрт қошиқ олган ҳам эдимки, ойим кириб қолди.

 – Нима бу? – деди ҳайрон бўлиб.

Илжайдим.

 – Пора!

Онам ёнимдаги стулга ўтириб қолди.

 – Нима?

Кулиб юбордим.

 – Пора! Наим сартарош пора обкепти.

Ойим гоҳ менга, гоҳ “гаримдори” нусхали косага қараб бирдан ранги ўчди.

 – Энди шу ҳунарни ўргандингми? – деди ростакамига ранжиб. – Аданг сенга пора ейишни ўргатган эмасдилар шекилли.

Қарасам ойим чиндан ҳам хафа бўладиган. Иштаҳам бўғилди. Косани нари сурдим. Ойим жиркангандек, қийиқчани икки бармоғи орасида қисиб ушлади-да, айвонга опчиқиб ташлади. Ўша ёқдан алланима деб ўзига-ўзи гапиргани эшитилди… Бироқ Наим сартарошнинг пораси бари бир зиммамда турибди. У ҳалиям косасини олиб кетгани йўқ. Шунга қарамай, эшитишимча, энди чойхонада Олим паравоз ундоқ, Ҳаким найнов бундоқ, менам персаналний пенсия олишим керак, деган гапларни айтмайдиган бўлибди.

 

Ўткир ҲОШИМОВ

 

“Дунёнинг ишлари”дан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.