Пистачи

0
160
марта кўрилган.

У гузардаги бозорчанинг кираверишида, тагига пастак курсича қўйиб ўтиради. Олдида иккита халта. Биттасида писта, биттасида қурут. Қиш пайтлари ёнбошида таги мих билан тешилган пақирда чўғ ҳам бўлади: қўлини иситиш учун. Унинг моли худди магазиндаги сингари қатъий нарх билан сотилади. Чумчуқнинг тухумидек қурутнинг иккитаси ўн тийин, пистанинг стакани йигирма тийин. Стакан ҳам антиқа: бир кафт писта солиши билан тўлиб чиқади. Эрталаблари унинг кайфияти ёмон бўлади. Кулранг кўзлари сийрак қоши остидан одамга ўқрайиб қарайди. Қурут санаётганда, стаканга писта солаётганда қўли титрайди. Билганлар у билан савдолашиб ўтирмайди. Мабодо бирон харидор молининг қимматлигини айтса, балога қолади.

– Менга ўргатма, ўв! – дейди кўзлари ғазабдан ёниб. Жаҳли чиққанидан сариқ мўйлови учиб-учиб қўяди. – Закунни сендан яхши биламан! Сенга ўхшаганларни деб қон тўкканман! – У гапининг исботи учун тарашадек қотиб қолган, букилмайдиган ўнг оёғининг товонини ўтирган жойида ерга уриб-уриб қўяди. – Кўрдингми?!

Кечқурунга бориб сал чиройи очилади.

– Жа-а-арений семичка! – дейди овозини баралла қўйиб. Ўтган-кетганга илжайиб қарайди. Силлиқроқ жувонлар ўтса сариқ мўйловини буриб бошини сарак-сарак қилиб қўяди. Яқинроқ келган киши оғзидан арзон вино ҳиди гупиллаётганини сезади…

Бу – Далавой. Бир вақтлар дадам томорқадаги дарахтни кесгани учун қаматмоқчи бўлган, кейин пора сўраган Далавойнинг ўзи. Уни деярли ҳар куни кўраман. Ҳар кўрганда кўнглимда ғалати хотиралар уйғонади.

* * *

Далавой налугчи бўлганидан кейин айниқса қутуриб кетди. Яқин атрофда “Далавой келяпти”, деса чўчимайдиган одам йўқ эди. У гижинглаган қизил жийрон миниб юрар, ярақлаб турган этиги ҳам, галифе шими, “пўрим” қилиб қўйилган сарғиш сочи ҳам ўзига хўп ярашган эди. Елкасидан ошириб ташлаб олинган чарм тасмали сумкаси, қўлидаги қамчиси кишида қандайдир қўрқувга ўхшаган нарса уйғотарди. Одамлар уни кўрганда азбаройи ҳурмат қилганидан эмас, қўрққанидан салом берарди.

Уруш энди битган, ҳамманинг аҳволи ўзига маълум… Далавой налугчи солиқни ўз вақтида тўлай олмаган одамларнинг ҳовлисига тўппа-тўғри отда кириб келар, ади-бади айтишиб вақтини ўтказиб ўтирмас, намат борми, самовар борми, хуллас, яроқлироқ бирон буюмни баҳолаб олиб кетарди.

Одатдаги ёз оқшомларидан бири эди. Ойим эчкини соғиб бўлиб, “насибасини” эмсин, деб улоқчаларни қўйиб юборди-да, ошхонага кириб кетди. Бири қора, бири оқ икки улоқча онасининг елинига ёпишганча олдинги оёқлари билан чўккалаб думчаларини ликиллатиб-ликиллатиб эмишар, эчки узун, оқиш киприкларини ярим юмиб маза қилиб кавшанар эди. Ойим ошхонада гўжа пиширар, ҳавода тутун аралаш пиёздоғ ҳиди кезар, акам билан мен супада туриб ким узоққа сакраш ўйнаётган эдик.

Бир маҳал кўча томондан туёқ товуши эшитилди. Дарвоза шарақлаб очилди-да, қизил жийроннинг жиловидан тутган Далавой налугчи кириб келди. Акам бир зум анграйиб турди, кейин овози борича қичқирди;

– Ойи!

Ошхонадан ачишган кўзини ишқалаб ойим чиқди. Далавойни кўрдию шошиб қолди.

– Вой, вой, айланай, – деди овози титраб. – Ассалому алайкум. Яхши ўтирибсизларми, ўргилай? Келиним эсон-омонмилар?

Далавой индамай бош ирғаб қўйди. Унинг авзойи бузуқ эди. Кулранг кўзлари қисилиб турар, қўлидаги илондек қамчисини ўйнатиб-ўйнатиб қўяр эди.

– Вой эсим қурсин. – Ойим энди ҳушини тўплагандек жилмайди. – Нимага қараб турибман? Ўтиринг, ўргилай. Ҳали-замон овқатим пишиб қолади. Мен ҳозир…

Ойим кўрпача опчиқиш учун бўлса керак, уй томонга йўналган эди, Далавой қатъий бош чайқади:

– Йўқ, мундоқ келинг.

Ойим тараддудланиб ҳовли ўртасида тўхтаб қолди.

– Хў-ўш, – деди Далавой маънодор қилиб. – Бу, налуглар кўпайиб кетибди-ку, бу ёғига нима қиламиз?

Ойим жилмайишга уринди:

– Билмасам, оповси. Уч кундан кейин адаси маош оладилар.

– Униси уч кун дейди, буниси беш кун дейди! – Далавой жаҳл билан сариқ қошини чимирди. – Нима, менинг жоним темирданми? Юравераманми у эшикдан кириб, бу эшикдан чиқиб!

Ойимнинг кўзлари ташвиш билан жавдиради:

– Нима қилайлик, оповси, ўтган сафар баркашни олиб кетдингиз…

Ойимнинг гапи негадир Далавойни ғазаблантириб юборди.

Кулранг кўзлари қисилиб, аллақандай кўкиш ўт сачраб кетгандек бўлди.

– Нима, баркашингизни уйимга обориб қўйибманми? – деди овози жаранглаб. – Закун бор, билдингизми?

Шу пайт осмондан тушдими, ердан чиқдими, аллақаёқдан гуржи кучугимиз пайдо бўлди. Худди ҳозир ғажиб ташлайдигандек тўппа-тўғри отнинг оёғига ёпишиб овози борича акиллай бошлади. Жийрон ер тепиниб пишқирди. Бошини шиддат билан кўтарган эди, Далавойнинг жилов тутган қўли силтаниб қайрилиб кетди.

– Йўқол-э, падарингга лаънат! – у жаҳл билан жиловни тортди. Итга қамчи ўқталди. Кучук ангиллаб қочди. Бироқ нарироққа бориб баттар вовиллашга тушди. – Ечинг ановини! – Далавой дағдаға билан ойимга буюрди.

Ойим бир зум кўзларини пирпиратиб турди-да, секин, энтикиб сўради.

– Нимани, оповси?

– Анови говмиш сигирни! – Далавой лабининг бир чети билан истеҳзоли кулди. – Қўтир эчкидан бошқа нимангиз бор ўзи?

– Инсоф қилинг, оповси. Ўзи болаларнинг оғзини оқартириб турган бисотимизда бор молимиз шу. Буниям опкетсангиз ҳолимиз нима кечади? Бир жойлик одаммиз-ку, ўргилай.

– Қанақа ғалча одам булар ўзи? – Жаҳли чиққанидан Далавойнинг ингичка мўйлови уча бошлади. – Нима, сендақалардан бошқа ишим йўқми?! Давлат бор, закун бор! Мана! – У қамчисини қўлтиғига қистирди-да, елкасидан ошириб тақиб олган чарм сумкасини очди. – Мана, – деди ойимнинг бурнига аллақандай қоғозни тиқиштириб. – Ўттиз кило гўшт, ўн беш кило ёғ, юз литр сут… Ўқинг, савод борми ўзи?

Ойим қоғозга эмас, Далавойнинг кўзига термилди:

– Қўтир эчки қанақа қилиб юз литр сут берсин, оповси, – деди секин.

– Ия! – Далавойнинг кулранг кўзлари қисилиб кет-ди. – Ҳали давлатнинг закуни бекор экан-да! Тегишли жойда гаплашиб қўймайлик тағин.

Ойимнинг ранги қув ўчиб кетди.

– Жон укам, – деди ялиниб. – Илоё мартабангиз бундан ҳам улуғ бўлсин. Кўриб турибсиз-ку…

– Э, нимани кўраман! Мана бу ерга ҳаммасини ёзиб қўйибман-ку! Мана! Мана!

У қоғозни “мана” деб шаҳд билан кўтарган эди, жийрон ҳуркиб кетди. Қаттиқ пишқирдию сувлиғини шиқирлатганча бир силтаган эди, жилов Далавойнинг қўлидан чиқиб кетди. Қўлтиғига қистирилган қамчиси тупроққа тушди. От думини гажак қилганча дарвоза томон йўртди. Далавой жаҳолатда отнинг кетидан югурди. Бир сакраб жиловдан тутиб олди-да, судрагундек бўлиб бояги жойга олиб келди. Энгашиб ердан қамчисини ол-ди-ю, кучи борича жийроннинг бошига солди. От жон аччиғида бошини силкитиб олдинги оёқлари билан ер тепина бошлади. Аммо Далавойнинг бақувват қўли жиловни бураб олган, ҳар гал қамчи визиллаганида от пишқириб сувлиғидан кўпик сачратар, кўзлари олайиб қулоғини динг қилганча ер тепинар, бироқ жиловини бўшатолмас эди.

Даҳшатдан чинқириб юбордим. Акам ҳамон анграйиб турарди. Ойим югуриб келиб Далавойнинг қамчисига осилди:

– Урманг, жониворда нима гуноҳ!

– Э, нари туринг! – Далавойнинг кўзларида росмана ваҳший ўт ёнар, ўзининг лаби ҳам худди отиники сингари кўпириб кетган эди. У аъзойи бадани титраб турган отни жиловидан силтаб тортганча ҳовли бурчагига қараб юрди. Бир қўлида жилов тутган кўйи иккинчи қўли билан эчкининг арқонини қозиқдан еча бошлади. Ойим чумчуқдек чирқиллаб, эчкининг арқонига ёпишди.

– Бермайман! – деди нафаси қайтиб. – Ўлдирсанг ҳам бермайман.

Далавой арқонни ечиб торта бошлади. Боядан бери ёнимда индамай турган акам супадан сакраб тушди-да, чопиб бориб арқонга ёпишди. Далавой у ёққа тортди, ойим билан акам бу ёққа. Ойимнинг рўмоли ечилиб, елкасига тушди. Сочлари ёйилиб кетди. Эчки ҳам худди ҳаммасини тушунгандек тўртта оёғини ерга тираб орқага тисарилади. Энди овози ўча бошлаган кучугимиз тағин “ишга киришди”. Қандайдир ингичкалашиб кетган товушда алам билан акиллаганча, коптокдек пилдираб чир айлана бошлади. Фақат мен даҳшат ичида қотиб турар, нима қилишимни билмас эдим. Далавой арқонни сал бўшатган эди, бўйни чўзилиб кетган эчки бошини силкитиб, бўғилиб йўтала бошлади.

Ичкарида ухлаб ётган укам шовқин-сурондан уйғониб кетди шекилли, айвонга иштончан чиқиб бурни оққанча йиғлай бошлади. Ойим Далавойнинг арқонни бўшатганидан умидвор бўлиб яна ялинди.

– Ҳеч бўлмаса мана шу қора кўзларни ўйланг. Илоё сиз ҳам шунақа қўша-қўша ўғиллар кўринг, укам, – деди ҳарсиллаб.

Далавой арқонни қўйиб юбормади. Ижирғаниб юзини ўгирди:

– Э, шунақа қинғир-қийшиқ болалар кўрадиган бўлсам, кўрмадим-э!

Ойим тарсаки егандек бирдан сесканиб кетди. Бир зум Далавойга тикилиб турдию арқонни қўйиб юборди. Қалин лаблари титрай бошлади.

– Ол! – деди овози қалтираб. Ўша заҳоти кўзлари жиққа ёшга тўлди. – Ўзимни сўксанг сўк, болаларимни нимага ҳақорат қиласан, имонсиз! – Кейинги сўзлар бўғзидан йиғи аралаш нидо бўлиб чиқди. – Илоё у дунё бу дунё тирноққа зор бўлгин, билдингми! Илоё хонадонинг чақалоқ йиғисига зор бўлсин!

Далавой бирпас безрайиб турди-да, ғудраниб сўкинди. Арқонни қўйиб юбориб орқасига бурилди.

– Опкет! – деди ойим қатъият билан. – Эркак бўлсанг, сўзингдан қайтма!

Далавой уч қадамча юрган жойида шартта бурилди. Арқонни юлқиб олди-да, эчкини эшик томон судраб кетди. Эчки ҳамон тихирлик қилиб орқага тисарилар эди. Боя онасини тўйиб эмиб олган, энди ҳовлининг аллақайси бурчагида юрган улоқчалар диконглаб эчкига эргашди. Акам жонҳолатда югуриб улоқчалардан бирининг орқа оёғидан ушлаб қолди. Улоқча аянчли маъраб типирчилар, акам қўйиб юбормас эди. Далавой дарвозага етганда иккинчи улоқчани этиги билан туртиб ичкарида қолдирдида, бир қўлида от жилови, бошқа қўлида эчки арқонини тутганча эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди. Рўй берган воқеанинг бутун даҳшатини энди тушунгандек бўлдим. Эчким бўлмаса, майдончага нима деб бораман? Вали билан қандай ўйнайман? Той биланчи?

Ойим бир зум ҳовли ўртасида сочлари паришон туриб қолди. Кейин ҳамон йиғлаётган укамнинг тепасига келди. Бурнини этагига артди-да, кўтариб уйга опкириб кетди.

Қош қорайганда дарвозадан югургудек бўлиб дадам кириб келди. Ҳамма гапни кўчадан эшитган шекилли, тўппа-тўғри уйга кирдию қўшоғиз милтиғини кўтариб чиқди.

Ойим дод солиб милтиққа ёпишди.

– Қамаб қўяди! – деди чирқиллаб. – Нима қилмоқчисиз, қамаб қўяди!

– Қоч! – Дадам ғазабдан қалтираб, тирсаги билан ойимни нари сурди. – Бир бошга бир ўлим!

– Керакмас, Худо хайрингизни берсин, керакмас.

Ойимнинг ноласи таъсир қилди чоғи, дадам ҳолдан тойгандек супанинг чеккасига ўтириб қолди. Тиззаси устига милтиқни кўндаланг қўйганча кафтлари билан бошини чангаллади…

– Давлатнинг одами билан ўйнашиб бўладими, – деди ойим муросага чақирган оҳангда.

– Давлат унақа деганмас! – дадам жаҳл билан тиззасига муштлади. – Давлат, бировнинг охирги молини шилиб келасан, деганмас. Бу гап ўша пиёнистанинг ўзидан чиққан.

– Қўлида қоғози бор-ку, – деди ойим ёшли кўзларини мўлтиратиб.

– Тағин гапиради-я! – Дадам ҳаммасига ойим айбдордек яна тиззасига муштлади. – Ҳеч ким унга унақа қиласан, деб ўргатган эмас! Бу аблаҳнинг ўзи давлатни одамларга ёмон кўрсатиб юрибди. Шунга ақлинг етадими, йўқми!

– Майли. – Ойим енгининг учи билан кўзини артди. – Унгаям боққан бало бордир… Майли, – деди хўрсиниб. – Шукр, уруш битди, бу кунлар ҳам ўтиб кетар. Ҳадемай болалар катта бўлиб қолади. – Далавойнинг бояги гапи яна юрагини ўртаб юборди шекилли, ойимнинг овози титраб кетди. – Ўзимни сўкса майли эди, болаларимни нимага гапиради…

…Онам айтганидек, ўша кунлар унут бўлди. Турмуш изига тушиб кетди. Кунлардан бирида оппоққина, дўмбоққина нотаниш хотин бир нарсадан қўрққандек ҳуркиб дарвозадан кириб келди. Ойим айланиб-ўргилиб унга пешвоз чиқди. Нотаниш хотин ойим билан кўриша туриб ҳиқиллаб йиғлаб юборди.

– Куёвингиз яна урди, – деди секин. Унинг чап юзи моматалоқ бўлиб кетганини энди кўрдим.

– Кунора уради. “Қисир сигирсан”, дейди. Бўйимда бўлмаса, нима қилай, опажон. “Сени минг талоқ қўйиб онаси ўпмаган қизни оламан”, дейди. – Нотаниш хотин ҳўнг-ҳўнг йиғлар, ўпкасини тутиб ололмасди. – “Сени деб одамларга ёмон кўриндим”, дейди. Нимани қойил қипти? Топганини ичади. Кеча маст бўлиб сизни гапирди. “Шуям қарғаган эди”, дейди. Маҳаллага қўшилолмасам, бировга ҳасрат қилолмасам. Бурчак жинниси бўлиб ўтирибман. Кимга дардимни айтсам кулади. Таънадан бошим чиқмай қолди, айланай опажон.

Бу – Далавойнинг хотини эканини энди тушундим. Ҳайрон бўлиб гоҳ онамга, гоҳ Далавойнинг хотинига қараб турардим.

– Вой, гапингиз қурмасин! – ойим унинг елкасига қоқди. – Қўйинг-э, нима, мен пайғамбар бўпманми? Жаҳл устида айтган бўлсам, минг марта қайтиб олдим, ўргилай! – У чой қуйиб узатди. – Шуни ўйлаб юрибсизми ҳали? Қўйинг, ўзингизни босинг. Мени айтди дерсиз, оповси, ичингиз тўла бола. Ҳали шунақа қўша-қўша ўғиллар кўрасизки, оғзига кучи етмаганлар уялиб қолади, айланай!

Далавойнинг хотини ойимга термилиб тураркан, ёшли кўзлари билан жилмайди:

– Айтганингиз келсин, – деди пичирлаб.

Аммо Далавой айтганини қилди: хотинини қўйиб юбориб, “онаси ўпмаган” қизни олди… Тешик мунчоқ ерда қолмайди деганлари рост экан. Далавойнинг аввалги хотини Абди деган аравакашга тегди. Ора-чора бир боласини кўтариб, бирини етаклаб ойимнинг олдига келиб қолар, икковлари узоқ-узоқ чақчақлашиб ўтиришар эди.

Далавойнинг иккинчи хотини ҳам туғмади. Лекин буниси “закунни” билиш бобида ўзидан қолишмас экан. Далавой уни ҳам “қисир сигирсан”, деб бир марта урган экан, “тегишли жой билан гаплашиб қўйди” шекилли, налугчиликдан бўшатишди. Бироқ, Далавой отдан тушса ҳам эгардан тушмасди. Ҳамон жийронини гижинглатиб “пўрим” кийиниб юрар, фақат энди елкасига осиб юрадиган чарм сумкаси йўқ эди.

Фалокат қош билан қовоқнинг ўртасида туради деган гап бор. Далавой бир куни маст бўлиб келаётганида от ҳуркиб судраб кетибди, деган гап тарқалди. Бели билан оёғи синиб касалхонада ётди. Узоқ ётди…

…Ҳозир уни деярли ҳар куни кўраман. Гузардаги бозорчада ўтириб писта сотади:

– Жа-а-рений семичка!

Билганлар у билан савдолашиб ўтирмайди. Билмаганлар сал жиғига тегишса, таёқдек қотиб қолган ўнг оёғининг товонини ерга уриб-уриб қўяди. Ғазабдан сариқ мўйлови учиб-учиб хириллайди:

– Менга қара, ўв! Закунни сендан яхши биламан. Сенларни деб қон тўкканман!

Ҳар гал уни кўрганимда ғалати туйғулар қийнайди. Бир жиҳатдан ачинаман. Эҳтимол, у ўз вазифасини бажаргандир. Эҳтимол, ўша пайтда шундай қилиш керак бўлгандир. Аммо инсоннинг феъли ғалати. Яхши нарса эсидан чиқса-чиқадики, ёмонликни унутиши қийин. Айниқса, бу – болалик хотираси бўлса… Уни ҳар кўрганимда кўз ўнгимда онамни ҳақорат қилгани хаёлимга келаверади. Онамнинг жиққа ёш тўла кўзлари тасаввуримда жонланади.

 

Ўткир ҲОШИМОВ

 

“Дунёнинг ишлари”дан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.