Оз гапирган оз янглишади

0
181
марта кўрилган.

Алишер Навоийнинг сўнгги асари – “Маҳбуб ул-қулуб” буюк мутафаккирнинг умри давомида тўплаган тажрибаси, кўрган-кечирганлари ҳақидаги хулосасидир. Ундаги ҳикматлар бугун ҳам ўз қийматини заррача йўқотмагани билан эътиборли.

 

***

Одил подшо қуёш билан баҳор ёмғиридек қора тупроқдан гуллар очади ва мамлакат халқи бошига олтин билан дурлар сочади.

***

Мударрис – мансаб ва амалдорликка қизиқмаслиги, ўзи билмайдиган илмдан дарс беришга уринмаслиги, мақтанчоқлик учун мадраса айвонининг тўрини эгалламаслиги лозим.

***

Табобат фанидан саводсиз табиб худди жаллоднинг шогирди кабидир.

***

Яхши хотин – оиланинг давлати ва бахти. Ҳуснли бўлса – кўнгул ёзиғи, хушмуомала бўлса – жон озиғидир.

***

Қаноат – бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди: у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди. Ҳар ким қаноатга одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди.

***

Сабр аччиқ, аммо фойда берувчи: у – қаттиқ, аммо зиён-заҳматни даф этувчи.

Сабр – шодликлар калитидир.

***

Эшитмоқ кишини бойитади,

Кўп гапирмоқ – саёзлатади.

***

Инсоният боғининг энг гўзал дарахти эҳсондир.

***

Оғзига келганин демоқ – нодоннинг иши ва олдига қўйганин емоқ – ҳайвоннинг иши.

***

Билмаганин сўраб ўрганган – олим, орланиб сўрамаган – ўзига золим.

***

Оз-оз ўрганиб – доно бўлур,

Қатра-қатра йиғилиб – дарё бўлур.

***

Сиҳат тиласанг – кўп ема,

Иззат тиласанг – кўп дема.

***

Оз гапирган – оз янглишади.

 

Бўстон РАҲМОНОВА тайёрлади.

 

qashqadaryogz.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.