Ўттиз йил ўтиб

0
140
марта кўрилган.

Михаил Зошченко

 

Болалигимда ота-онам мени жуда яхши кўрар, доим совғалар билан сийларди. Балки бунга кўп касал бўлганим сабабдир. Чунки томоғим оғриса, тепки бўлганимда, шамолласам ота-онам дори билан бирга дарров совға ҳам кўтариб келарди.

Опам Леля эса аксинча, деярли касал бўлмасди. Шунинг учунми унга уйдагилар унча эътибор бермасди. Шўрлик опамнинг кўп касал бўлишимга ҳатто ҳаваси келарди.

– Ҳали кўрасан, Минка, мен ҳам қачондир касал бўламан. Ўшанда ота-онам менга ҳам албатта, совға беради, – дерди у менга.

Афсуски, Леляни сираям тоби қочмасди. Фақат бир марта стул қўйиб токчага чиққанида йиқилиб, пешонаси ғурра бўлди. Оғриқдан инграб ойимнинг олдига борди, бироқ совға ўрнига шапати еди. Чунки у онамнинг қимматбаҳо соатини олиш учун токчага чиққан эди-да.

Бир куни ота-онамиз бизни ёлғиз қолдириб театрга кетганда опам иккаламиз билярд ўйнашга киришдик.

– Минка, билмасдан билярд соққасини ютиб юбордим, – деди Леля пичирлаб.

Мен жуда қўрқиб кетдим, ахир, соққалар кичкина бўлса ҳам металлдан эди-да. Ичида ёрилиб кетса-чи, деб ўйлаб йиғлаб юбордим.

– Қўрқма. У ёрилмайди. Лекин бу сендаги томоқ оғриғи ёки тепкига ўхшаб уч кунда ўтиб кетмайди. Бу – бир умрлик касаллик, – деди опам.

Леля диванга ётволиб қорнини ушлаганча вой-войлашга тушди.

Ота-онамиз келганда бўлган воқеани айтиб бердим. Уларнинг ранглари оқариб кетди. Онам йиғлаганча Леляни тинмай ўпар, нима қилишини билмасди. У Лелядан ўзини қандай ҳис қилаётганини сўради.

– Соққа қорнимда у ёқдан бу ёққа думалаб, қитиғимни келтиряпти. Яна апелсин егим келяпти, шоколад ҳам, – инқиллади опам.

Отам йўлакда палтосини кия туриб:

– Мен ҳозир докторни олиб келаман. Сен Леляни секин ўрнига ётқизиб тур, – деб тайинлади.

Онам Лелянинг нимчасини авайлаб ечаётганда чўнтагидан нимадир тушиб, каравот тагига думалаб кетди.

Ҳали чиқиб кетишга улгурмаган отам қошини чимирганча билярд столи олдига бориб, соққаларни санай бошлади. Соққа ўн бешта чиқди. Ўн олтинчи, Леля “ютиб” юборган соққа эса каравот тагида ётарди.

– Леля бизни алдабди. Унинг қорнида ҳеч қандай соққа йўқ: ҳамма соққалар жойида. Қани тушунтириб бер! Бу нима қилганинг? – жаҳл билан Леляни туртди отам.

Леля бошини эгиб, миқ этмай тураверди.

– Сен биз билан ҳазиллашмоқчи бўлдингми? Бу қилган ҳазилинг сенга жуда қимматга тушди. Сенга бир йил ҳеч нарса олиб бермайман! – отам эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетди.

– Бу ёлғонни ўйлаб топгандан кўра, тепки бўлишингни кута қолсанг бўларкан, – дедим, опамга ачиниб.

Шу воқеага ҳам ўттиз йилдан ошди. Опам аллақачон учта болали бўлган, бахтли ҳаёт кечиряпти. Бугун ўша воқеани эсладим-у, уни анчадан бери кўрмаганимни, жуда соғинганимни ҳис қилдим ва поездга ўтириб уни кўргани кетдим. У мени қучоқ очиб кутиб олди. Тўкин дастурхон атрофида ўтирар эканмиз, унга ўша воқеани эслатдим ва ўшанда нима учун шундай қилганини сўрадим.

– Биласанми, укажон? Мен ўша қилмишимдан ҳеч қачон пушаймон бўлмаганман. Чунки ўша ёлғоним туфайли ота-онам мени ҳам сендан кам яхши кўрмасликларини билиб олганман. Лекин бу меҳрни менга нега сездиришмаган, ҳали ҳам жавоб тополмадим. Аммо бу менга сабоқ бўлди. Мен учала ўғлимга ҳам бир хил меҳр кўрсатяпман, – деди опам маъюс жилмайиб.

Мен опамни қаттиқ қучоқлаб, уни жуда яхши кўришимни айтдим. Опам бошимни силади. Унинг кафтидаги ҳарорат танамни илитди.

 

Барно ЛУТФУЛЛАЕВА таржимаси

 

“Гулхан”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.