Ўн беш ёшлигим

0
576
марта кўрилган.

Бир вақтлар мен ўлим олдидан видолашув мактубини ёзган эдим. Аслида, жонимга қасд қилиш нияти йўқ эди. Фақат мени ўлдиришлари мумкин, деган фикр тинчлик бермасди.

Умуман олганда, сал-пал муболаға қиляпман. Мен уни ўзим билиб-билмай, руҳий тушкунлик пайтида ҳеч кутилмаганда нариги дунёга жўнатишади, деб қўрққанимдан ёзганман. Шунда ўн беш ёшга тўлган эдим.

Бир куни тонгга яқин даҳшатли гумбур-гумбурдан уйғониб кетдим. “Ер қимирлаяпти”, деб ўйладим мен, ўрнимдан туриб деразани очдим. Шундоқ кўз олдимда осмонда ялтироқ қора шайтон қулоқни битирадиган даражада чинқириб, шиддат билан учиб келмоқда  эди. Кўз очиб-юмгунимча у яқинимиздаги баланд уй орқасида ғойиб бўлди, биқинидаги оппоқ юлдузларни аранг пайқай олдим. Тунги кимономни маҳкам ушлаб деразага  чиқдим, тунука устидан эмаклаб ўтиб, девор ёнига келдим ва боғчага сакраб тушиб, ўзимни бомбадан панага урдим. У ер жуда қоронғи эди, ҳеч нарсани кўрмай, чуқурга думалаб тушдим ва деворга бошим билан урилдим.

Ўзимга келиб, дарҳол чуқурдан чиқиб, уйимиз томон  қараб қичқирдим: “Ҳаво ҳужуми! Қочинглар!” Овозим борича бақирдим, деб ўйладим ўзимча. Аммо томоғимдан ҳеч қандай товуш чиқмади. Бу уруш тамом бўлишидан бир ой олдин бўлган эди. Шу пайтлар мен иккинчи қаватда чордоқда турар ва денгиз авиациясининг кичик зобити бўлиш учун зўр бериб тайёргарлик кўрмоқда эдим.

Мен кирмоқчи бўлган учувчилар мактаби Ички Япон денгизидаги кичик ороллардан бирида жойлашган эди. Мен бу оролчани ҳеч қачон кўрган эмасман, аммо у икки марта тушимга кирган. Тоғда оқланган казарма  ялтираб турар , томи устида шойи байроқ шамолда ҳилпирар эди. Тўғрироғи, менинг ҳаёлимда тушимдагилар билан ўнгимда бир мартагина кўрганим аэродромдаги манзаралар қоришиб кетганди. Мен ана шу мактабда ўқишни хоҳлардим. “Денгиз учувчиси бўламан – деб ҳаёл сурардим, – ўйлаб ўтирмасдан кичкина самолётимни тўғри душман кемасининг дудбуронига ураман”.

Мен ўлишга тайёрланар эдим. Дастлаб ҳамма қатори ўлмоқчи бўлдим, аммо яхшилаб ўйлаганимдан кейин, бизга таълим беришганидек, муносиб ўлиш керак, деган тўхтамга келдим. Ҳалокат дамлари яқинлашмоқда, юрагимда қоним жўш уради. Мен ўлимдан қўрқмайдиган бўлдим. Кечалари тўшакда кўзларимни юмиб ётар эканман, қандай ўлишимни тасаввур қилардим. Булар ёрқин манзаралар бўлиб, вужудимни ҳаяжонга солар, руҳим тантана қилар эди.

Булутлар ичидан чиқиб, душман кемасига ҳужум қиламан. Туман. Ёруғлик. Мовий денгиз. Қамиш ёпилган қайиқ. Ўйинчоқ кема. Шиддатли шамол. Нурлар жозибаси. Оппоқ гуллар. Тутун устуни. Қулоғимда сиренанинг увиллаши. У кучайиб боради. Кема. Оқ тутун. Қора тутун. Вулқоннинг ҳалқуми. Олов гирдоби. Ёрқин аланга. Ана шу дақиқада юмилган киприкларим устига паға-паға оппоқ қор учқунлари қўнгандек бўлади. Улар олчанинг гулкосачаларига ўхшайди. Кулга ўхшайди. Ва албатта, вужудимдан қўшиқ отилиб чиқади: “Денгизга қарагин, мурдалар сузар”[1] бу қўшиқни ичимда куйлар эканман, ҳар сафар йиғлар эдим ва қушдай енгил тортиб, тинч ухлардим.

Уруш тамон бўлиши арафасида сўнгги бир ой ичида денгиз авиацияси шаҳримизга тинимсиз ҳужум қилиб турди. Кейин хавф-хатар биздан узоқлашганини сеза бошладик.

Шаҳарнинг ғарбий чеккасида ҳарбий аэродром жойлашган эди. Қарама-қарши тарафида лахтак-лахтак шолизорлар орқасида ҳарбий завод ишлаб турар эди. Чамаси, барча ҳужумлар уларга қаратилганди. Денгиз томонидан катта тезликда учиб келган денгиз бомбардимончилари завод ҳудудига бомба ташлар, сўнг шаҳар устидан пастлаб ўтиб кескин бурилар ва яна цехларга қараб учар эди.

Улар ҳудди ўпкасини тўлдириб нафас олаётганга ўхшаб, шаҳар устида катта доира ясаб, икки-уч марта айлангандан кейин қайтиб кетарди. Шаҳар осмони улар учун гўё дам олиш маскани бўлиб қолган эди. Баъзан самолётлар ғойиб бўлгандан кейин шаҳар устига автомат тўпларнинг снарядларидан бўшаган ялтироқ гильзалари ёғиларди. Ҳайриятки улар ҳеч кимга зиён-заҳмат етказмади.

Ўн кун ўтди, ёнимиздаги баланд иморат томидан кўриниб турадиган заводнинг ярми вайрон бўлганини ҳисобга олмаганда шаҳарда катта талафот юз бермади. Айни замонда самолётлар турадиган бино ғалвирдек илма-тешик бўлиб кетгани ҳақида кўп гапиришарди. Яна бир ҳодиса менга жуда даҳшатли туюлди, буни бир ишчи айтиб берган эди: бомбардимон пайтида заводдаги катта цистерна ёрилиб, сульфат кислотаси бомбахона тўсиғидан ошиб ўтган ва бу ерга яширинган кишилардан йигирматаси бир зумда ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетган.

Ҳар ҳолда атрофимда яшайдиган одамлар соғ-омон, лекин бу ваҳимали туюларди. Қандайдир қувноқ руҳ ҳукм сурарди. Барча одамлар юракларни тоғдек босиб ётган дардни йўқотишга ўзича ҳаракат қиларди. Кўпчилик эса ўз қисматига шукур қилиб яшашга мойил. Улар томларнинг тепасига ёки баланд дарахтлар устига чиқиб олиб, қўни-қўшниларига шаҳарга ёмғирдек ёғаётган снарядлар ҳосил қилган манзараларни тинмай оғиз кўпиртириб сўзларди.

Мен ҳужум пайти хонамдан жилмасликка аҳд қилдим. Агар баъзилар ўта қизиққонлиги ёки томошага ишқибозлиги туфайли офат билан ўйнашган бўлса, камина ўлишга иштиёқим зўрлигидан ҳамма нарсага тупурган эдим. Дастлаб, кутилмаган ҳолатлардан чалғидим, сўнгроқ ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучайиб, ташаббусни қўлга олгач, ваҳимали ҳужумлардан қўрқмайдиган бўлдим. Душман самолётлари, одатда, эрталаб учиб келар, гоҳида кунботарда пайдо бўлиб қоларди. Сиреналар увиллаб, ҳаво ҳужумидан огоҳлантирарди. Биз бўшашмасдан: “Келиб қолишди!” – деб сакраб турардик-да, дуч келган томонга тарқалиб кетардик. Кимдир пана жойга, кимдир баланд темир-бетон уйнинг ертўласига югуриб қолар, мен ғижирлаб турадиган зинапоялардан иккинчи қаватдаги хонамга югуриб чиқардим. Тўғрисини айтсам, хонамни бомбапанага айлантириб олгандим. Токча билан девордаги шкаф орасини иккита бордон билан тўсиб, фусума[2] орқасига икки табақали китоб жавонини суриб қўйгандим, ўртада ўзим ўтадиган тор йўлак қолган. Шундай қилиб, бошим устида татами, ёнбошимда тахта мени ҳимоя қилар, девор шкафининг ости айвон тагидаги ертўлага ўхшаб кетарди. Бу ерга кичкина стол, стол чироғи ўрнатиб, яна бир қанча буюмларни тахлаб, хоҳлаганимча ишлашим мумкин бўлган уя ясаб олдим. Инглизча китобларни ўқир, ҳандаса масалалари устида бош қотирар, ҳужум маҳали овозим борича қичқириб, ҳарбий қўшиқларни айтар, тахтага мушт туширардим.

Шу куни ҳам одатдагидек ҳаво ҳужуми бўлди. Боғ бурчагидаги салқин жойда қуриган исаго гули уруғларини кафтимда ўйнатиб ўтирар эдим. Ногоҳ ҳаво ҳужумидан хабар берувчи сирена увиллаб қолди. Одатдаги ҳужумлардан бири бошланди. Ҳаво иссиқ. Иккинчи қаватга кўтарилишдан олдин юқорига қарадим, баланд бинога кўзим тушди. Унинг қаватлари силлиқ кесилиб, устма-уст тахланган чақмоқ қандларга ўхшаб турар, ялтираб кўзни қамаштирарди. “Шу томонга борсам-чи?” – деб ўйладим. Кейин ўзимча шивирладим: “Ҳозир бораман”. Орқа эшикдан чиқиб, ана шу баланд уйга қараб югурдим. Калламга бояги фикр қай гўрдан келди ўзи, ҳайронман. Охирги пайтларда бино ертўласида бизга яқин уйлардаги аҳоли йиғилмоқда, деган гап тарқалди. Сабаби, у ер бошқа пана жойларга қараганда салқин ҳамда хавфсизроқ эди. Уйга киришим биланоқ буни ҳис қилдим, ертўладан овозлар эшитилар – чамаси, ўттизтача одам келганди.

Остонада қўшнимизнинг қизчаси Каокони учратдим, у афтини буриштирди:

– Ниҳоят, сиз ҳам келдингиз-а!

– Ҳаво иссиқлиги учун.

Қоронғи йўлакдаги зинапоя поғонасига ўтирдим.

– Сизни жавонга бекинади дейишади. Шу гап ростми?

Саволнинг жавобига индамай, жилмайиб қўйдим, холос. Анча вақт икковимиз ҳам чурқ этмадик.

Ҳар сафар ер силкинганда ертўладаги ҳаво ҳам тебрангандек туюларди. Осмонда айланаётган душман самолётларининг мотори қўнғизлар ғўнғиллашини эслатади. Баъзан ит увиллашига ҳам ўхшайди. Шифтдан усти-бошимизга қум тўкилди. Каоко мен томонга сурилиб, қўлимни қаттиқ ушлаб олди. У бомбардимон тамом бўлгунча мени қучоқлаб ўтирди. Шовқин-сурон тинди. Ўрнимдан турдим. Каоконинг қўллари елкамдан пастга сирғалиб тушиб, бармоқларим устида тўхтади.

– Уруш тугасайди… – деди у пастдан менга тикилиб.

– Оҳо, – қўлимни тортиб олдим, чунки унгача ўлишим тайин.

Ертўладан чиқиб, секин қуёш нури тушаётган уйимизга қараб юрдим, офтобдан бошим айланиб кетди. Қудуқ олдида қўлларимни юваётганимда қўшнимиз Ген-сан пайдо бўлди.

– Барибир тушди-ку! – деди у менга тирғалиб. – Пана жойда ўтирган эдим, бирдан портлаб қолди-ку! Ана, мўлжалга урди деб ўйладим! Яхшиямки, соғ-омонсан.

Бир стакан сув ичдим.

– Снарядмикин… деб қўрқдим, – давом этди Ген-сан.

Мен унга тикилдим.

У билан гаплашишни ёқтирмасдим, уйимга қараб кетдим. Ген-сан эса изимдан эргашди. “Мунча менга ёпишиб олди?” – ўйлардим дилимда. У эллик ёшларни қоралаб қолган, гуруч дўконида иш юритувчи бўлиб ишларди. Кап-катта кишини қандай қилиб дўстларим қаторига қўшмаман, ахир? Уйга киришимдан олдин орқамга ўгирилдим – ҳар иккимиз бир-биримизга синовчан тикилдик.

– Ўзингни эҳтиёт қил, – деди у. – Қачон ва қаерда ўлишингни Худо билади. Қочгин дейишдими – тамом, қочишинг керак. Жонингни сақлаб қол.

Ген-сан ҳар бир сўзни айтганда бошини қимирлатиб қўярди. У насиҳатини тамомлаб, орқа эшикдан чиқиб кетди. “Ким ўзи бу?” – яна ўйга чўмдим ва эсанкираган ҳолда зинадан кўтарилдим.

Тўсиқни суриб, шифт ўрнида бир бўлак кўм-кўк матони кўргандек бўлдим. Синчиклаб қарасам, осмон эканлигини англадим. Гўё четлари йиртилган, айланаси бир метр келадиган мовий осмон парчаси. Иккита тўртбурчак тахта туйнук ёнида ночор осилиб турибди. Полдаги тўшаманинг усти майда снарядлар билан тўлиб кетганди. Назаримда, босиқ қичқирдим, аслида, бу қичқириқ эмас, ичимдан чиққан нафасим эди, уни ҳайратга тушишимдан олдин чиқаргандим. Ташқаридан бирон кишини чақирай деб дераза олдига келдим ва ногоҳ қўлим ромга санчиб қўйилган йўғон, игнасимон ялтироқ маъдан бўлаги – снаряд парчасига тегди. Кўкрагимдан ғамгин бир нидо отилиб чиққандек бўлди. “Ген-сан!” деб қичқириб юбордим мен. Хонани тўлдириб турган ўлим ҳавосидан бўғилиб, ҳаракатсиз қотиб қолдим.

Ген-сан ҳақ экан. Шубҳасиз, бу ўзи отар замбаракнинг снаряди эди. У тунукани тешиб ўтиб, шифт тахталарини парчалаб ташлаганди. Ҳамма ёқ сон-саноқсиз снаряд парчаларига тўлиб кетган. Улар устунлар, бордонлар, деворлар, патнисларга санчилиб, томдаги туйнукдан ўтаётган қуёш нурида совуқ ялтираб турарди. Деразага орқа ўгирганимча, нафасимни ичимга ютиб, нима ҳодиса рўй берганини билайин деб жим туриб қолдим. Кейин негадир оёқ учида оҳиста юриб, токча ёнига бордим. Токчага тираб қўйилган жовондан ўткир тирноқ изларига ўхшаган учта чандиқ кўрдим. Снаряд парчаларидан бири токчадаги тўсиқни тешиб ўтаётганда тезлигини йўқотган, шекилли, мен бошимга қўядиган ёстиқ устига тушган эди. Бошқа иккита снаряд парчаси жавоннинг ён деворларига чуқур кириб борганди. Мен совуқ бомба парчасини қўлимга олдим, кейин одатдагидек жойимга ёнбошладим. “Ҳар галгидек мана шу ерда қолганимда нима бўларди?” – деб ўйладим бутун баданимдан чумолилар ўрмалаётганини ҳис қилганча. Жуда ғалати ҳодиса эди! Снаряд қолдиқларининг тўсиқдаги изларига қараганда, бир бўлаги кўкрагимнинг чап томонига санчилиши, иккинчиси ўнг томонини мажақлаши аниқ эди. Учинчиси, чамаси, чап юзимни сихдек тешиб ўтиб, тишимга қадалиб қотиб қоларди. Анча вақтгача тушимда даҳшатли манзараларни кўраётгандек ўтириб қолдим.

Шу куни мен ўз хонамга эмас, баланд бинодаги ертўлага шунчаки бориб қолгандим. Афтидан, снаряд ҳам менинг хонамга мутлақо тасодифан тушиб қолган, шекилли. Учувчи айнан шу уйда келажакда қобилиятли зобит бўладиган бола яшаётгани ҳақида маълумот олиб, нишонни шунга тўғирлаши мумкин эмас. Учувчи ҳам ёш бўлса керак. Балки, шу куни биринчи марта учгандир. Биринчи ҳужумдаёқ мўлжални аниқ олганидан қувониб юраги дукуллаб уриб, ҳаяжон ичида шаҳар устидан хотиржам айланиб ўтган ва ҳеч шошилмасдан ўз кемасига қўнгандир. Уни қувонч билан кутиб олишади, оғайнилари шароб тутишади, тоғдек уюлган пишлоқ орасидан бир бўлагини олиб, газак қилади, ўзидан мамнун бўлиб, тугмачани шунчаки босиб юборганини эслайди. Ҳақиқатан ҳам худди шундай бўлган. Ўзимиз ҳам юксак кайфият билан сайрга чиққанимизда етти қават осмондаги муҳташам қасрларни орзу қилиб, йўлда оёғимиз остидаги тошларни тепиб ўтамиз-ку!

Шунда бирдан Каокони эсладим. Бугун биринчи марта гавдасининг оғирлигини ва нафас олаётганда димоғимга урилган тер ҳидини ҳис қилдим. Ўзимни қонга беланган, пўлат снаряд бўлаклари мажақлаб ташлаган, тили осилиб қолганча Каоко билан совуқ девор ўртасида ўтирганимни кўргандек бўлдим.

Ген-сан билиб гапирган экан – қачон ва қаерда ўлишинг бир Худога аён, ўлим ҳар доим шундоққина ёнингда оғзини очиб тайёр туради. Афтидан, мен ҳали ҳам тасодиф ёки фавқулодда ҳолат деб аталадиган сирли ҳодисалар моҳиятини англаб етмаганга ўхшайман. Фалокат билан кулфатлар ҳар қандай тўсиқларни четлаб ўтиб, ҳеч кутилмаганда бошимизга ёпирилаверади. Бу кашфиётимдан титраб кетдим. Кўзимнинг бир чеккасида тубсиз бўшлиқни кўрдим, чоғи. Йўқ, ўлимдан қўрқмас эдим. Мени фойдасиз, самарасиз ўлиб кетиш ташвишга соларди.

Кечаси видолашув мактубини ёздим. Уни қаттиқ ҳаяжон ичида қоғоз ўрамига қора сиёҳда ёздим.

“Отам, онам ҳамда менга ғамхўрлик қилган барча яқинларимга, – деб бошладим. – Ҳозир тутуриқсиз гапларни ёзмоқчиман. Ит ёки мушукка ўхшаб беҳуда ўлиб кетишни истамайман. Бундай ўлимга тоқатим йўқ. Аммо сени қачон ва қаерда ўлдиришларини билмайсан. Шу туфайли мазкур видолашув мактубини ёздим. Сизларга шуларни айтишни хоҳладим”.

Қайсаргина бола эдим. Истагимни бажармаган яқинларимни кўришга тоқатим йўқ эди. Болаликдан ёрқин хотиралар билан бирга жуда кўп эркинликларим, ўзига хос қилиқларим ҳаёлимнинг бир чеккасида мустаҳкам ўрнашиб қолган; йил ўтган сари улар ич-ичимга чуқур кириб бормоқда, яқинда бутун юрагимни эгаллаб олса керак. Шунинг учун мен, ўзим орзу қилгандек, денгиз учувчиси бўлсам, қандайдир жасорат кўрсатиб ватаним учун жон фидо этсам, жасадимга қўшилиб барча гуноҳларим ҳам йўқолар, ота-онам олдида юзим шувут бўлишидан қутилар эдим. Тан оламанки, ватан йўлида ўлиш орқали бу дунёни тарк этиш мен учун эзгу орзуга айланиб қолганди; фақат ўлим орқали руҳим покланади деб ўйлар эдим, мен.

Барча бемаза қилиқларимни батафсил таърифлаганимдан кейин видолашув мактубини ўлимдан кўра икки карра оғирроқ бўлган тавба-тазаррулар билан тугатдим. Хатни найчага ўхшаб ўраб, хатжилдга жойладим. Хат цилиндр шаклига кирди. Устини оқ дока билан ўраб, докани тез ёрдам қутисидан олдим, стол устига қўйдим. Унда ўз суягимни кўраётгандекман. Ўн беш йиллик умрим мана шу ўрам ичига жойланди. Вужудим ипак қурти тешиб чиққанидан кейин ичи бўшаб қоладиган пилла донасига ўхшаб қолди.

Деразаларни очиб, дераза рахига ўтирдим-да оёқларимни ликиллатиб, ҳуштак чала бошладим. Сокин тун, юлдузлар ҳозир учиб келиб қўлимга қўнадигандай туюларди.

Уруш кутилмаганда тугади.

Эшиттириш тамом бўлгандан кейин кимдир қулоғим остида “Ютқаздик!” деди. Мен ўгирилиб қарадим. Орқамда кекса дорихоначи турарди. У қаттиқ юмилган кўзларини секин очиб, юзимга тик қаради. Мен хижолат тортиб жилмайишга уриндим. Қария менга эътибор бермай, узоқларга тикилиб туриб, жуда секин “Япония ютқазди!” деб такрорлади. У ҳудди секин нафас олаётгандек гапирди, аммо ҳеч ким кутмаган бу сўзлар мени карахт қилиб қўйди. Гўё катта муз бўлаги кўксимга келиб урилгандай. Ўзимни қўлга олиб қарияга бош силкиб қўйдим-да, дўкондан жимгина чиқиб, бирданига тинчиб қолган кўча бўйлаб кучим борича уйимизга қараб чопиб кетдим.

Уйга кирмасдан орқа ҳовлидаги зайтун дарахти тагига бордим. Унинг қалин бутоқлари ерга қуюқ соя солган эди. Дарахт танасига суяниб, тиззамни қучоқлаб ўтирдим. Омбор устида беғубор осмон кўриниб турарди. “Нақадар тиниқ!” – деб ўйладим ва секин шивирладим: “Япония ютқазди…” Чумолилар яна елкамдан ўрмалаб ўтди. Бу сўзлар мени дов­диратиб қўйди. Шу пайтгача буни ҳеч ким ўйламаганди.

Ютқаздик. Демак, уруш тугапти-да? Буни тан олиш учун қанча вақт керак? Англаб етганимдан кейин калтафаҳмлигим мени ҳайратга солди. Кўзимни узиб, атрофимдаги товушларга эътибор бердим. Қулоқни битирадиган даражадаги сукунат нимани англатади? Кечаги кунгача ҳамма нарса бошқача эди. “Kеча ва бугун. Кеча бугун”, – шивирладим ўзимча.

“Нима бўлганда ҳам мен ўлмай қолдим. Энди мени ҳеч ким ўлдирмайди. Сабаби, уруш тугади-да. Бундан кейин нима бўлади? – шоша-пиша хаёлимдан ўтказиб, гангиб қолдим. Модомики, ўлмас эканман, яшашдан бошқа илож йўқ. Яна қанча йиллик умрим бор, ким билсин? Фақат ўн йил бўлмаса керак! Тасаввуримда ердан осмонга кўтарилиб кетаётибман. Бунчалик узоқ яшайман деб ўйламагандим. Ҳаммамиз узоқ умр кўришни уят ҳисоблаганмиз. Боланинг ҳаёти олча гулига ўхшайди, умри қисқа, деб ўргатишган эди. Шунга кўра, биз икки-уч йил ичида ўлиб кетишга ишонганмиз.

Ҳаётнинг ўн йили! Жомадондан видолашув мактубини олдим – у бомбапананинг бир бурчагига яшириб қўйилган эди. Уни кечки овқат пиширилаётган ўчоқ ичидаги оловга ташладим. Кўтарилган тутунга қарадим, қалбим оппоқ қоғоздек тоза бўлди. Ўлим узоқ-узоқларга ғойиб бўлди. Энди нима учун яшашим номаълум. Кечаги кунгача ўтаган ҳаётим худди тушдек бўлиб қолди. Мен ўлимни ҳам, видолашув мактубини ҳам унутдим. Каоко ҳам мени унутган бўлса керак. Ҳаётимнинг ўн беш йили таги тушуб кетган бочкадаги сувдек оқиб кетди. Энди уни қайтариб бўлмайди. Кутилмаганда олдимда очилган чек-чегараси, қирғоқ-канораси йўқ кенгликда ўйлаб-нетиб ўтирмай сузишдан бошқа иложим қолмади.

Бизнинг шаҳарга ҳам истилочи аскарлар кириб келди, мен дарҳол уларга қизиқиб қолдим.

Бир йил ўтгач, кўклам ойида амакимларникига кўчиб бордим. Урушдан кейинги алғов-далғовлар ичида отамнинг ишлари юришмай қолди, оиламиз маълум муддат ичида яқинимиздаги бир қишлоқда эвакуацияда яшашга мажбур бўлди.

Шаҳар марказида амакимнинг дўкони бор эди. Унда асосан газмоллар сотиларди. Уруш йилларида бу уч қаватли магазин биноси мусодара қилиниб, ёғочдан ясама самолётлар ишлаб чиқариладиган корхонага айлантирилган эди. Урушдан кейин у истилочи аскарлар ихтиёрига ўтди. Амаким магазинни қайта очишга уриниб кўрди, аммо уддалай олмади. Дўкон биноси таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетди. Уни наридан-бери таъмирлашиб, аскарларнинг кўнгилочар уйига айлантиришди. Биринчи қаватида пивохона, иккинчи қаватида ўтинхона очилди.

Мен турадиган хона дўкон орқасидаги истиқомат уйининг иккинчи қаватида эди. Аввал бу ерда амакиваччам яшаган. У уруш тугашидан бир йил аввал ҳалок бўлиб, хотини Мами иккита жажжи ўғилчаси билан қолган эди. “П” симон шаклли тор йўлак кўриниб турарди. Эсимда бор, болалигимда бу йўлакка каттагина тош кўтариб кирганимда амакиваччам мени қаттиқ койиган эди. Ҳозир бу йўлак оппоқ чиқинди қоғоз бўлакларига тўлиб кетган, улар мохлар орасида, қуриган ирмоқ ўзанида ва дарахт бутоқларида ҳам осилиб ётарди. Деразанинг ўнг томони, илгари ошхона бўлган жойдан майин мусиқа садолари эшитилиб турарди. Ҳарбий маршлар руҳида тарбияланганим учун бундай куйлар қулоғимга ёт эди. Уни эшитишим билан кўнглим бўшашиб кетар, қўлим ишга бормас, бармоқларимни жағимга тираганча жим ўтириб қолар эдим.

Амакимникига келганимдан уч кун ўтгач, кўнгилсиз бир ҳодиса рўй берди. Қандайдир америка аскари орқа эшикдан сездирмай омборга киргани маълум бўлди. Бир кундан кейин кечқурун бу ҳолат такрорланди, бунисига мен ҳам гувоҳ бўлдим.

Шу куни кечқурун стулда хаёл суриб ўтирган эдим, ногоҳ йўлакда оғир нарса деворга урилди, кейин шундай овоз яна икки марта такрорланди, маъдан буюм ғижирлади, оғир қадам ташлаб, илма-тешик полни ғарчиллатиб кимдир юрди. Сокин мусиқа овози кучайди, яшайдиган уйимиз билан дўкон мусодара қилингандан бери очилмайдиган қилиб ёпиб қўйилган эди. Ҳайрат ичида ўрнимдан турдим. Йўлакдаги қадам товушлари аста-секин яқинлашиб, эшигим тагида тўхтади ва бир дақиқадан кейин эшик секин очилди.

Кутилмаганда йўғон аскар билан юзма-юз туриб қолдим. Биз ҳайрат ичида бир-биримизга тикилдик. Унинг белида оддий М.Р. тўппончаси осилиб турарди, бўйнида оддий бўйинбоғ, тўққизил юзига қараганда, бу М.Р. мен билган америка аскарлари орасидаги учига чиққан ароқхўрлардан бўлса керак. Юз бичими ҳам эсдан чиқмайдиган, аъзойи бадани қирғий бурни атрофида бир тўда бўлиб турарди.

– Сизга нима керак? – савол бердим.

У чўнтак электр фонарида энгидаги М.Р. деб ёзилган боғични қўполлик билан кўрсатди, сўнг нималарнидир ғўнғиллаб, эшикни ёпди ва шошилмасдан қадам ташлаганча нари кетди. Атрофни ароқнинг бадбўй ҳиди тутди. “Ғирт маст экан!” – деб ўйладим.

Эртаси куни тушдан кейин бева Мами иккимиз кекса таржимон танишимизни олиб, учинчи қаватга жойлашган ҳарбий полиция штабига кўтарилдик. Биз М.Р. нинг безориларча хатти-ҳаракатлари ҳақида қисм командирига шикоят қилмоқчи эдик. Мен тунги ҳодисанинг гувоҳи сифатида бордим.

Штабга киришимиз биланоқ кечаги безбет америкаликка кўзим тушди. У хона тўридаги энг катта стулда ўтирар ва чамаси, қандайдир ҳужжатларни ўрганиш билан машғул эди. Ундаги хотиржамлик менга ёқмади. Бизни тўғри унинг столи олдига олиб боришди.

– Капитан! – мурожаат қилди таржимон. Сўнг бизга ўгирилиб: – Бу киши қисм командири бўлади, – деди. Менинг сал бўлмаса ичим ўтиб кетаёзди.

Капитан бошини кўтариб бева Мамига кўз қисиб қўйди, сўнг нигоҳи менга қадалди. Биз кечагидан ҳам кўпроқ ҳайратланиб, бир-биримизга тикилиб қолдик. У қошларини кўтариб, қатъият билан оромкурси суянчиғига ўзини ташлаб фақат мен тушунадиган оҳангда “Ҳелло, беби!” – деди. Куннинг ёруғида энди ёши анча катта кўринди. У кулимсираганча тегишли чоралар кўрамиз деб ваъда берар ва менга қараб кўзини қисиб: “Окей! Окей!” дейишдан тўхтамас эди.

Штабдан қайтар эканмиз, иккинчи қават зинасида Сигэга ўхшаб кетадиган аёлни учратдик.

Сигэ етти ёшга тўлганимдан бери бизнинг уйимизда хизмат қиларди. У баланд бўйли, келишган аёл бўлиб, мен уни ҳар доим “Новча!” деб чақирар, жаҳлим чиққанида эса “Тулки!” деб юборар эдим, чунки юзи чўзинчоқ бўлиб, кўзининг бурчаклари юқорига тортилган эди.

Аёлнинг бир қўли тўқ-қизил кўйлаги этагида, иккинчиси зина қанотларида юқорига кўтарилиб бормоқда эди. Орамиз икки-уч метр қолганда у нигоҳини менга қаратди ва ҳайратланиб тўхтади. Мен эса яланғоч елкаси ва ярқироқ кўйлагига маҳлиё бўлиб, чўзинчоқ юзига яхши эътибор бермадим. Бир неча поғона пастга тушганимдан кейин бундай юзни қаердадир кўрганим эсимга тушди ва бирдан ҳушёр тортдим: у Сигэнинг юзига ўхшар эди! Аммо Сигэ бу ерда бундай вақтда юриши мумкин эмас. Мен ўгирилиб қарадим. Ялтироқ тўқ-қизил кўйлак этаги штаб эшигида бир ҳилпираб ғойиб бўлди.

Албатта, мен бу аёлни жуда тез унутиб юборишим мумкин эди – шу пайтда у мени унчалик қизиқтирмаганди. Баъзи вақтларда унинг юзидаги ҳайрат ифодасини эслаганимда ҳайрон қоламан, хаёлимга минг хил ўйлар келади. Аммо уни яна бир бор кўриш истагим йўқ.

Ҳаво очиқ кунлардан бирида ўз хонамда очиқ дераза олдида китоб ўқиб ўтирган эдим. Кутилмаганда хона ичига бир оппоқ тугунча учиб кирди. У бордон устига тушиб олтин ва кумуш рангидаги бир неча бўлакка бўлиниб, ҳар томонга сочилиб кетди. Ҳайратим ошиб деразадан қарадим ва қарама-қарши уйнинг деразаси олдида турган аёлни кўрдим, орамиздаги масофа нари борса ўн метр келар, фақат ўртадаги кичик боғча бизни ажратиб турар эди. Орамиз жуда яқин бўлгани учун унинг юзидаги кулгичларини ҳам аниқ кўрдим. “Ҳа, бу Сигэнинг ўзи!” – деб ўйладим. Аммо бу бошқа аёл эди. Уни зинопояда кўрганим ёдимда. Аёл менга қўлини кўтариб, силкитди. Имо-ишора билан хонамнинг ичкариси ва бошимнинг юқорисини кўрсатди, калласини бир ёнга эгди, сўнг оҳиста жилмайиб, мовий парда орқасига ғойиб бўлди.

Ҳайратим ошгандан-ошиб, хонамга сочилиб кетган олтин ва кумуш парчаларини йиғиштириб олдим. Улардан бири узунчоқ шаклда бўлиб, нафис оқ қоғозга ўралган эди. Қоғозни очдим, унда аёллар дастхати билан қуйидагилар ёзилганди:

“Сиз ўқияпсизми? Кеча сизни кўриб жуда ҳайрон қолдим. Қалбим нафис туйғуларга тўлди. Деразангиз айнан менинг рўпарамда экан. Энди ҳар куни сизни кўра оламан. Бугунги “Бомба” сиз учун чой совғаси. Нана”.

Нана, чамаси, бу унинг рақс зали учун танлаган исми бўлса керак. Демак, бу аёл айнан Сигэнинг ўзи. Шуларни ўйлаганимдан кейин юрагимга илиқлик кирди. Сигэни кўрмаганимга ўн йил бўлган эди. “Одам қандай мўжизаларга дуч келмайди?” – деб ширин хаёлларга берилдим. Ўтмиш хотираларига шўнғиб, ўзим билмаган ҳолда зарҳал қоғоларга ўралган ширинликларни битта ҳам қолдирмай оғзимга солиб, еб битирдим.

Қоронғи тушганда Нана деразани очди ва келишиб олгандек ҳуштак чалди. Шунда мен ҳам деразани очдим. Нана бошини бир ёнга энгаштириб, майин жилмайди. Кўзларимиз тўқнашди. У яна очиқ кўйлагини кийганди. У орқасига ўгирилганда таралган сочлари елкасидан пастга осилиб тушганини кўрдим. “Бўйнини кўрсатмаслик учун шундай қилган”, сабабини дарҳол англадим, Сигэнинг бўйнида чипқондан қолган қизғиш из бор эди. Ботаётган қуёш нурларида Нана беқиёс гўзал кўринар эди. Мафтун бўлиб унга боқар ва кўзларимни уза олмасдим, шунда қандайдир хавотир мени қамраб олди. Бутун фикру зикримни ишга солганимга қарамай, у бир замонлар сочларини танғиб, оддий момпе кийган, ўчоқдаги оловни пуфлаб ёндираётган Сигэ эканига ишонгим келмасди.

Икки ҳафта шундай ўтди. Нана билан учрашганимда ғалати ҳаяжон ичида қолардим. Баъзан мен йўлакдаги кичкина деразани қия очиб, Нанани яширинча кузатардим, у қошларини чимириб, катта очилган, аммо ҳаёт нишонаси сезилмаётган деразамга ҳайрон тикилиб қоларди. Баъзи пайтларда Нананинг ҳуштакларига жавоб бермасдан ўзимни четга олиб, у қўлларини кўксига қовуштириб, бироз эгилган кўйи деразага суяниб, мен томонга умидвор тикилаётганини сезиб турсам-да, деразани катта очиб, унга кўринмасликка ҳаракат қилар эдим.

Ниҳоят, бир куни кечқурун вақт алламаҳал бўлганда мен шайтон васвасасига учиб, қалтис ишга қўл урдим. Нана хонасидаги чироқни ёққанини кўриб, деразани очдим-да, секингина хонамдан чиқдим, йўлакдан ўғриларга ўхшаб ўтиб, яқингинада америка ҳарбий полицияси капитани синдирган эшик тутқичини ушладим. Ўзим кутганимдек, у овоз чиқармай очилди ва кўз ўнгимда қоронғи ошхона намоён бўлди. Ўзимнинг сурбетлигимдан хавотир олиб ҳудди биров мени шу томонга чақираётгандек, ойнадан тушаётган ғира-шираликдан фойдаланиб, тўғри Нананинг хонаси томон юрдим. Кафел ётқизилган пол совуқ экан. Яланг оёқларимнинг шипиллаши ошхона ичида баралла эшитиларди.

Ёруғлик тушиб турган эшик олдида тўхтадим ва ичкарига қулоқ солиб, қўлимни кўтарганча бир муддат туриб қолдим. Кейин уч марта тақиллатдим.

– Come in! – аёл овози эшитилди.

Эшикни оҳиста очдим. Ёқимли сигарет ҳиди димоғимга урилди. Аввал ошхона бўлган бу жой яхшилаб таъмирланганди. Оқ халат кийган Нана стулда ўтириб сочини тарарди.

– Жессими? – сўради Нана орқасига қарамасдан.

Мен қўлимни дукиллаб ураётган юрагим устига қўйиб, эшикка суяниб қолдим. Кўкрагига тушган узун сочлари учини тараётган Нана кўз қири билан менга қаради ва азбаройи сакраб ўрнидан турганидан қўлидаги тароқ тарақлаб полга тушди. Мен туш кўраётгандай ундан қўзимни узмай қараб турардим.

– Анчадан бери кўришмадик, Сигэ. – Унга қўл узатдим, аммо қизнинг чиройига маҳлиё бўлиб, қўлимни ортиқ қимирлатолмай қолдим.

Нана жилмайди.

– Хуш келибсиз, Осаму, – деганча у қўлимни сиқди.

Бошқа исм билан юзланяпти! Мен зўр-базўр илжайдим. Исмимни унутибди, ахир орадан ўн йил ўтган-ку!

– Мен Осаму эмасман, адашдинг.

– Осама эмаслигингни биламан. Аммо сен унга жуда ўхшайсан, – деди Нана.

– Осама ким ўзи?

– Укам. Ягона туғишганим, у ҳам фронтда ҳалок бўлган. Икки томчи сувдек бир-бирингизга ўхшар экансизлар.

Юрагимга ўрнашиб қолган Сигэ сиймоси бирданига хиралашди. Бўғилиб кетаётгандек бўлдим. Атрофимдаги ҳамма нарсалар дабдурустдан қиёфасини ўзгартираётганга ўхшарди. Мана, олдимда турган, мен Сигэ деб билган аёл кўз ўнгимда қандайдир бошқа аёлга айланди-қолди.

– Демак, укангизга ўхшаганим учунгина хатингизда яхши муносабатлар ҳақида ёзган экансиз-да? – сўрадим ундан.

– Албатта-да.

Мен диванга ўзимни ташладим. Нана жомадондан қоғоз халтани олиб келгани ўрнидан турди.

– Мана укамнинг фотосурати ва охирги хати.

Банан дарахти остида йигирма ёшга тўлмаган, ёзги ҳарбий кийим кийган йигит уялгандек кулимсираб турарди. Мен ўзимни ана шундай кийимда неча марталаб тасаввур қилган эдим! Унинг катта кўзлари ва ғалати оппоқ тишлари юзига алоҳида жозиба бағишлаган, чамаси, у яхшигина чиниққан эди. Суратга қарар эканман, ичимда ўхшайди, деб қўйдим.

– Менга ўхшайди, тўғрими?

– Ҳечам ўхшамайди, – гапни чалғитдим. Нана яйраб кулди.

– Йўқ, ўхшайди. У билан кўп вақт бирга бўлганлар буни тасдиқлайди.

У ёзган охирги мактубни кўришга қизиқдим. Бундай хат маълум маънода видолашув мактуби ҳисобланади.

У қўлдан-қўлга ўтган очиқ хат экан. Манзилига қараб аёлнинг исми ҳақиқатан Нана эканлигини билдим. Унда Кюсю оролидаги ҳарбий-денгиз базаларидан бирининг муҳри бор эди, афтидан, у жанубий фронтнинг олдинги маррасидан жўнатилган бўлса керак.

“Азиз опажоним Нана! Ҳозир Японияда ҳаво жуда ажойиб бўлса керак? Соғ-омон юрибсанми? Уч кун аввал сени тушимда кўрадим. Мен сомон шляпа кийиб олганман, сен бошингга қизил рўмол ўрагансан. Атрофимизда жуда кўп сигирлар ва қўйлар ўтлаб юришибди. Мен эрта билан учаман. Соғ-саломат бўл. Айни эртага ўн тўққиз ёшга тўламан. Осаму”.

Мактубдаги осойишта руҳ мени ҳайратга солди. У гўё қувноқ нонушта ҳақида гап кетаётгандек хушчақчақ оҳангда ёзилган эди. Мен уруш йилларидаги ҳаётимни эсладим, юрагимга оғриқ кирди. Қанчадан-қанча ёш йигитлар ўлимга мана шундай беғам, боғ сайрига кетаётгандек жўнаган эди-ку.

– Жонингизга теккунча сизга ука бўлиб қоламан, – дедим Нанага тик қараб.

–Шундайми? Жуда хурсандман.

Нана қўлини елкамга ташлаб бир неча марта силкитиб қўйди. Унинг кўзлари ёнарди. “Кетиш керак!” – ўйладим мен.

– Мен сизни Сигэ дебман, – тан олдим дивандан тураётиб.

– Ким у Сигэ?

– Хизматчимиз. Қачонлардир уйимизда яшаган эди. Узоқдан унга жуда ўхшайсиз, яқиндан эса ундан кўра чиройлироқсиз.

Нана қаҳ-қаҳ уриб – деди:

– Ғалати! Иккимиз ҳам бир-бирига ўхшаган одамларни эслабмиз.

Эшик тагида орқамга ўгирилдим.

– Биласизми, Сигэнинг бўйнида жарроҳлик амалётидан  қолган чандиқ бор эди.

– Шундайми? Қўлинг билан ушлаб кўрмагунча у йўқлигига ишонмайдиганга ўхшайсан?

Нана кулимсираб қўлимдан ушлади-да, уни сочлари орасига тиқди. Қўлим олмадек оппоқ бўйнига тушди, юзидан аллақандай ҳушбўй ҳид келарди. Нананинг ингичка бўйни ниҳоятда силлиқ эди.

– Хўш қандай? Чандиқ борми?

Қўлимни олмасдан юзига қараб жилмайдим. Лабларини кўрмадим, пешонамга иссиқ нарса келиб тегди.

– Хайрли тун, – дедим мен.

Яланг оёқларимни шипиллатиб, қоронғи ошхонага ўтдим. Даҳлизга олиб борадиган эшик тагига етиб келдим. Қадам ташлар эканман: “У Сигэ эмас! У Сигэ эмас!” деб пичирлардим.

Нана ҳар кеча тушимга кирар эди. Баъзан кун бўйи уни ўйлайдиган бўлдим. Сабрим тугаб, уч марта ҳеч кимга сездирмай хонасига кириб бордим. Нана менга хаёлчан тикилиб ўтирди, укаси ҳақида гапирди, хайрлашаётганимизда эшик олдида пешонамдан ўпди.

Хонасига тўртинчи марта кирганимда ниҳятда маст эди. Кўзи тўла ёш бўлишига қарамасдан овозининг борича ҳоҳолаб кулди, қўлидаги бўш виски шишасини айлантириб ҳар хил баланд-паст гапларни айтди.

– Шундай яшагандан кўра ўлганим яхши! – кейин қўшимча қилиб, – сенга рақс тушишини ўргатаман, – деди ва юзимни кўксига босиб бирга айлана бошлади.

Кетишга чоғланган пайтимда эшик тақиллади. Нана тошдек қотиб қолди, сўнг хонага тез кўз югуртирди ва қўрқув ичида кўзини менга тикиб, қалтироқ товушда таклиф қилди!

– Come in!

Эшик очилиб, хонага бесўнақай М.Р. капитани кирди.

– Жесси! – секин ҳитоб қилди Нана.

– О! – мени кўриб ҳайратда қолган капитан бўкириб юборди, биз учинчи марта тўқнаш келдик. – Бу ерга қандай келиб қолдинг? – кескин сўради у.

– Сиз оёғингиз билан тепиб синдирган эшикдан кирдим, – тез жавоб бердим мен.

Унинг қошлари чимирилди, ҳайратдан кўзлари пирпирай бошлади. Нана нимадир демоқчи эди, унга совуқ нигоҳ ташлаб – Жим бўл! – деб бўкирди. Сўнг қўлини орқасига қилиб кескин буйруқ берди: – Йўқол бу ердан!

Мен Нанага қарадим. У деразага юзини ўгириб турарди.

– Жессининг айтганини қил! – деди Нана қатъият билан.

– Хайр! – дедиму чиқиб кетдим.

– Иккинчи қорангни кўрсатма! – орқамдан қичқирди Жесси.

– Албатта, қайтиб қадам босмайман, – дедим мен ўгирилиб ва тез юриб хонадан чиқдим.

Эшикни ёпиб, йўлакда деворга суянганча анча вақт туриб қолдим. Кейин хонамга қайтиб, деразадан қарадим. Нананинг хонаси қоронғи эди. Энди бу деразадан қарамаганим бўлсин” – дедим ичимда. Нананинг касрига тунни беором ўтказдим. Дастлаб ҳеч нарсага ақлим етмади. Кейин секин-аста нима бўлганига ақлим ета бошлади. Узил-кесил гапнинг тагига етганимдан кейин юрагимда чидаб бўлмайдиган оғриқ ҳис қилдим.

Кунни жазирама қуёш тагида терлаб-пишиб стадионда ўтказдим. Кечқурун шаҳар чеккасидаги дўкондан арзон ширинликлар ва чанг босган мевалардан сотиб олиб, боғ ичига кирдим, ўзимга ўхшаган бебош улфатларга қўшилиб бир финжондан шарбат ичдик, ер тепиниб, овозимиз борича қичқириб, ҳарбий қўшиқлардан куйладик. Ана шундай тарзда Япония урушда ютқазгани учун норозилигимизни билдирдик.

Ёз бошланди. Бир куни эрталаб қорним қаттиқ оғриб қолди. Ичим қон аралаш сурилиб, кўз ўнгим қоронғилашиб кетди. Қора терга ботдим. Кимдир қорнимга калтак тиқиб бураётгандек эди. Қандайдир ёмон кўнгилсизлик бўлишини олдиндан сезадиган одатим бор. Таниш шифокор ҳузурига зўр-базўр судралиб бориб, қандай касалга чалинганимни эшитганимда асло ҳайрон қолмадим. Қариндошларим, амакимнинг аҳволини ҳисобга олиб, мени шаҳар касалхоналаридан бирига яширинча жойлаштиришди.

Шу ерда, ифлос бир хонада ёзнинг энг иссиқ ойларини ўтказдим. Бу мен учун ўзига хос халоскорлик вазифасини бажарди. Касалликдан бошқа ҳеч нарса хаёлимга келмади. Бошқа ҳамма ташвишларни унутдим. Ҳатто Нана эсимга тушганида қусиб юборай дедим.

Бир куни, энди тузала бошлаган кезларим эди, кекса энага ёрдамида ўрнимдан туриб, хожатхонага бордим. Шунда бош томонимга ўрнатилган ойнада кимнингдир аксини кўрдим. “Ё худо! Ким бўлди бу? Қандай аянчли кимса!” – деб ўйладим. Юзлари ичига ботиб, кўзлари косасидан чиқиб кетгудай бўлиб кетибди. Синчиклаб қараб, бу нусха ўзим эканимни англадим. Бутунлай ўзгариб кетган юзимга ғамгин назар солдим. Ойна қаергадир ғойиб бўлди, ҳушимни йўқотдим. Қанча вақт беҳуш қолганимни билмайман, фақат ўзимга келганимда қўлларимни ёзиб полда ётган эканман, ёнимда кекса энага нима қилишини билмай карахт бўлиб турарди. Ўрнимдан тургач, ҳароратимни ўлчай деб даражани олдим. Уни ушлаган бармоқларим қалтирар эди, қизил чизиқча бўлса юқорига қараб жадал силжиётганини кўрдим. Уни пастга силкита бошладим. Энага қанча кўтарилди деб сўради, аммо мен жавоб беролмадим. Мия томирлари торайиб қолган бўлса керак, деди кампир.

Бошим темирдай қизиган ва паришон ҳолатда қоп-қора шифтга тикилиб ётардим – шифтга кичкина хира чироқ осилганди. Қора шифт одамни ваҳимага соладиган даражадаги тезликда юқорига кўтарилиб кичкина чорбурчак шаклга айланар, сўнг шиддат билан пастга тушиб, бутун хонани эгаллаб оларди. У тобора катталашиб борар, пастга силжиганда нақ бошимни устида осилиб қолар эди… “Ўлаяпман!” – хаёлдан ўтказдим мен. Бутун касаллигим давомида фақат шу куни ўлимни эсладим. Наҳотки шундай ўлиб кетаверсам? Касал бўлиб ўлиш?! Бу мутлақо кутилмаган янгича ҳолат эди. Шундай бўлиши мумкинлигини ҳатто тасаввур ҳам қилмагандим. Бундан баттар ўлимни қидириб ҳам тополмайсан! Томоғимга қаттиқ бир нарса келиб тиқилди.

– Холажон! Менга қалам билан қоғоз беринг! – илтимос қилдим.

Не машаққат билан қорнимга ағдарилиб ётдим, бир парча қоғоз орқасига амаллаб: “Ўлишни хоҳламайман!” – деб ёздим.

Қаламни қаттиқ ушлаб атрофга паришон кўз югуртирдим. Назаримда, бу сўзлар ниҳоятда таҳқиромуз бўлиб туюлди. Аммо ҳаммаси юрагимдан қуйилиб чиқди. Яна нималарни қўшишим керак? Силлиқ қаламни қаттиқроқ ушлаб зўр-базўр бир жумла қўшимча қилдим: “Тентак Нана”.

Ҳайрон қолиб шу икки сўзга тикилдим. Булар нима? Ҳеч нарса дея олмайман. Кўз олдим қоронғилашиб, қалам қўлимдан тушиб кетди, оғирлашиб кетаётган бошимни ёстиққа қўйдим. Ўйлаб кўрсам, уруш тамом бўлгандан бери ҳаёт ва ўлим туйғуси доим алмашиб тургани учун бирон кун ҳам тинч, ҳузур-ҳаловатда яшамапман. Мен ҳаёт дарёсида оқиб, атрофимдагиларни кузатибман, холос. Шунда ҳеч кутилмаганда сўниб бораётган онгимда шиддатли ўзгариш юз бераётганини ҳис қилдим:

Мен яшашни хоҳлайман!

Мен яшайман!

Мени қутқаринглар!

Омадим келиб касалликдан қутулдим.

Кейин орадан етти йил ўтди. Бу йиллар шармандачилик билан кечган тавба-тазарру йиллари эди. Аммо ўшандан бери биронта ҳам видолашув хатини кўрганим ҳам, ёзганим ҳам йўқ.

Бу ниҳоятда катта бахт эди!

 

Тецуо МИУРА

 

Рус тилидан

Ортиқбой АБДУЛЛАЕВ

таржимаси

 

“Жаҳон адабиёти”, 2018/1

 


[1] Япон фидойилари – камикадзе (шаҳид)лари.

[2] Фусума – япон уйларида сурилма девор.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.