Муз устидаги ошиқ

0
219
марта кўрилган.

Ҳерманн ҲЕССЕ

 

Ўша йили қиш ниҳоятда қаттиқ келиб, узоқ чўзилган, шу боис биздаги жуда ҳам гўзал Шварцвалд дарёси бир неча ҳафталаб қаттиқ музлаб қолган эди. Мен ўша ғалати, ўзим ҳам ҳаддан зиёд қойил қолган туйғуни ҳамон унутолмайман, ўшанда қаҳратон совуқнинг илк куни эди, эрталабданоқ дарёга отландим, у шунақанги чуқур, муз эса шундай тип-тиниқ, худди юпқагина ойна янглиғ эди, ундан ям-яшил сув, тошли қумлоқлар, унга ажойиб бир тарзда сингиб кетган ғаройиб сувўтлар кўриниб турар, аҳён-аҳёнда эса бирда-ярим балиқнинг қорамтир танаси кўзга чалиниб қоларди.

Ўртоқларим билан муз устида бетларимиз қизариб, қўлларимиз кўкариб ярим кунлаб конькида яхмалак отиб юрардик, шиддатли ва бир маромдаги ҳаракатларимиздан юракларимиз тўлиб-тошар, болалик даврининг беғам-мулоҳазасиз, ажойиб ва лаззатли онларидан куч-қувват оларди. Биз бир-биримиз билан ким ўзарга, узоққа ва баландликка сакраш бўйича беллашар, қувлашмачоқ ўйнардик, орамизда кимки агар ҳали ҳам эски урфдаги оёққа боғланадиган конькида учаётган бўлса, улар дурустгина яхмалак отувчилар ҳисобланарди. Бироқ биттамизда, яъни фабрикантнинг ўғлида “Halifax” русумли коньки бор бўлиб, у ип ёки тасмасиз ҳам маҳкамланаверар, уни кўз очиб юмгунча боғлаш ва ечиш мумкин эди. Ўшандан буён ўтган кўп йиллар мобайнида “Halifax” сўзи менинг рождество байрамига совғалар рўйхатимда сақланиб қолган бўлса-да, бироқ унинг ўзи насиб этмаган; орадан ўн икки йил ўтгач, бир куни конькининг энг зўридан бир жуфт харид қилай деб, дўкондан сўраганимда, у ердагилар кулимсираб мени “Halifax” энди эскириб, анчадан буён энг яхши коньки бўлмай қолганига ишонтиришган, шунда дилим ранжиб, энг юксак орзуим ҳамда болаларча эътимодимнинг бир парчасидан мосуво бўлган эдим. Муз устида кўпинча ёлғиз ўзим учишни ёқтирар, баъзан ҳатто тун пардаси ёйилгунга қадар ҳам қолиб кетардим. Мен елдек учиб бораётиб, хоҳлаган нуқтада тўхташ ёки қайрилиб олишни машқ қилиб ўрганиб олган, шу аснода чиройли доира ясаб, мувозанатимни сақлаган кўйи учиш завқи-ла муаллақ сузардим. Кўпчилик ўртоқларим муз устидаги вақтларини қизлар кетидан югуриб, уларнинг кўнглини овлашга сарф этишарди. Менда эса қизлар деган гап йўқ эди. Бошқалар қизларга тантилик қилиб, улар атрофида ҳам ёниб, ҳам қимтиниб гирдикапалак бўлаётган ёки улар билан жуфт-жуфт бўлиб қувноқ ва шўхчан учаётган пайтларида мен якка-ёлғиз сирпанишнинг эркин ҳавосидан баҳраманд бўлардим.

Қизларнинг “йўлбошчилари”га фақат раҳмим келар ёки улар устидан кулардим, холос, чунки баъзи бир дўстларимнинг лафзларига қараганда, уларнинг ишқий саргузаштлари аслида нақадар дудмол ва шубҳали эканлигини билиб олиш қийин эмас эди.

Ўшанда қиш охирлаб қолган пайт эди, бир куни мактабда янгилик қулоғимга чалиниб қолди, нима эмиш, Нордкафер яқинда Эмма Майерни коньки ечаётганида яна ўпиб олганмиш. Бу хабарни эшитиб, қоним қайнаб кетди. Ўпиб олганмиш! Одатда қизлар билан юришнинг энг зўр кайф-сафоси сифатида мақталган қуруқ, бемаза суҳбатлар ҳамда журъатсиз қўл бериб кўришишларга қараганда бу албатта, бошқа нарса эди. Ўпиб олганмиш-а! Бу олдиндан ҳис этган, журъатсиз, тунд ўзга бир оламдан келган садо бўлиб, унда мамну неъматларнинг хуш бўйи, аллақандай сирли, ақл бовар қилмас шоирона бир нима мужассам эдики, у ўша, барчамиз билиб, индамай юрган, олдиндан сезган ва қизларга ишқибоз, мактабдан қувилган собиқ ўқувчи болаларнинг эртакнамо ишқий саргузаштларида изма-из ўз ифодасини топган ўша чучмал, ўта мафтункор маъвога мансуб эди. Нордкафер асли гамбурглик ўн тўрт ёшли ўқувчи эди, Худо билади, бизга қандай келиб қолган, уни ниҳоятда ҳурмат қилардим, мактабдан ташқаридаги зўр обрўси кечалари менга уйқу бермасди. Эмма Майер эса шубҳасиз, Герберсаудаги энг дўндиқ ўқувчи қиз бўлиб, малларанг, мағрур, шахдам, эпчил ва чаққон, ёши мен билан баравар эди.

Ўша кундан бошлаб оромим йўқолган, ўзимча режа тузишга киришгандим. Қиз болани ўпиш, бу – ўз-ўзидан менинг ҳозиргача мавжуд бўлган барча энг юксак орзуларимдан ҳам ошиб тушарди, қолаверса, бундай хатти-ҳаракат беадаблик саналиб, шак-шубҳасиз, мактаб ҳақидаги қонун томонидан ҳам таъқиқланган эди. Яхмалак устида қизларга илтифот қилиб, марҳамат кўрсатиш бунинг учун бирдан-бир қулай имконият эканлиги менга тез орада аён бўлди. Энг аввало, ташқи кўринишимни иложи борича кўнгил овлашга мойил, хушомадга қодир этишга ҳаракат қилдим. Соч тарашга вақт ажратиб, кийимларимнинг тозалигига ҳам алоҳида эътибор бера бошладим, мўйна телпагимни одоб юзасидан пешонамга бир оз тушириб киядиган бўлдим ва сингилларимдан пуштиранг ипак бўйинбоғни ялиниб-ёлвориб, сўраб олдим. Муз устида учаётган пайтларимда йўл-йўлакай мўлжалимга тўғри келадиган қизларга хушмуомалалик билан салом бера бошладим, бирданига бундай муомала аввалига уларни ажаблантирган бўлса-да, айни пайтда уларда хайрихоҳлик уйғотаётгани ҳам сезилиб турарди.

Илк танишув камина учун хийла қийин бўлди, чунки мен ҳали ҳаётимда биронтаям қизни “таклиф қилиб” кўрмагандим. Аввалига дўстларимнинг мана шунақанги жиддий маросимлар чоғида ўзларини қандай тутишларини сездирмай кузатишга уриниб кўрдим. Баъзилари фақат мулозамат юзасидан таъзим қилиб, қўл узатсалар, бошқалари тутилиб қолиб, алланималарни ғўлдирашар, кўпчилиги эса қуйидаги ажойиб иборадан фойдаланишарди: “Марҳаматингизни дариғ тутманг.” Мана шу қисқагина жумла менга жуда ёқиб қолди, уйга келиб, хонамдаги печка олдида қуллуқ қилганимча, ушбу тантанавор сўзларни қандай айтишни машқ қилишга киришдим.

Ниҳоят, анча қийин илк қадамни қўядиган кун ҳам етиб келди. Куни кеча ишга киришишни ўйлаган, бироқ иккиланиб, журъат қилолмасдан қайтиб келгандим. Бугун эса, ўзим шу қадар интиқ кутган ва ҳайиққан ишни албатта амалга ошираман деб, собитқадам бўлиб турардим. Юрагим пўкиллаб, худди жиноятчига ўхшаб руҳим тушган, маъюс бир алфозда яхмалакка бордим, ишонсангиз, конькини қадаётган қўлларим “қалт-қалт” титрарди. Сўнг доирани кенг олдим-да, афт-ангоримда одатдаги хотиржамлик ва табиийликни сақлашга ҳаракат қилиб, кўпчиликка қўшилиб кетдим. Бутун бошли яхмалакни катта тезлик билан икки марта айланиб чиқдим, кескин ҳаракат ва совуқ ҳаводанми, кайфиятим кўтарилди.

Тўсатдан, шундоқ кўприк остида кутилмаганда аллакимга бор кучим билан урилиб, ён тарафга илкис сирғаниб кетдим. Қарасам, муз устида гўзал Эмма ўтирар, афтидан, оғриқнинг зўридан аранг тишини тишига босиб, шу кўйи менга таънаомуз қараб турарди. Кўз олдимда дунё гир-гир айланиб кетди.

– Мени турғизиб қўйсаларинг-чи! – қичқирди у дугоналарига қарата. Мен эса хижолатдан қип-қизариб кетгандим, телпагимни аста ечдим-да, унинг ёнига чўк тушиб, ўрнидан туришига ёрдамлашдим.

Бизлар энди икковимиз ҳам ўнғайсиз, журъатсиз бир тарзда рўбарў турар, шу аснода бир-биримизга нима дейишни ҳам билмасдик.

Барно қиз эгнидаги мўйна пўстин, чиройли чеҳраси ҳамда сочларидаги қандайдир ёт яқинликдан бошим айланди. Узр сўраш эсимга тушиб, бироқ бунга журъатим етмай, телпагимни ҳамон муштимда тутиб турардим. Шунда бехосдан кўз ўнгим қоронғилашгандек бўлди, беихтиёр унга чуқур таъзим қилиб, ғўлдирадим: “Марҳаматингизни дариғ тутманг”.

Қиз ҳеч нарса демасдан қўлларимни бармоқлари орасига олди, уларнинг ҳароратини қўлқопдан ҳам ҳис этиб турардим, сўнг биз бирга уча бошладик. Ўзимни шу дамда худди ғаройиб туш кўраётгандек ҳис қилар, бахту иқбол, шарм-ҳаё, самимият, қувонч ва хижолатлик туйғусидан нафасим бўғилай дерди. Шу зайлда биз чорак соат бирга айландик. Ниҳоят, тўхташ жойига етганимизда, у нозик қўлларини аста бўшатди-да: “Катта раҳмат” деди ва ўзи ёлғиз учиб кетди. Мен эса анчадан сўнг ўзимга келиб, мўйна қалпоқни ечдим ва турган еримда узоқ қолиб кетдим. Шундан кейингина унинг ўтган бутун вақт мобайнида бир оғиз ҳам гапирмаганини эсладим.

Музлар эриб, ўз тажрибамни бошқа такрорлай олмадим. Бу менинг илк ишқий саргузаштим эди. Бироқ орзуим амалга ошиб, қизнинг қирмизи лабларидан илк бор бўса олгунимга қадар орадан йиллар ўтди.

 

Олмон тилидан: Мирзаали АКБАРОВ таржимаси

 

“Ёшлик”, 2012 йил, 1-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.