Меҳнат ва маънавият уйғунлиги

0
142
марта кўрилган.

Қалампиркент қаерда? Бунақа жой йўқ дейсизми? Унинг қаердалигини олтиариқликлардан сўранг. Улар ўзлари учун эскитдан жуда-жуда қадрдон бўлиб кетган қўли чаққон, дили гулистон кишилар яшовчи қўшни Бағдодга шундай “тахаллус” қўйиб олишган.

Бу бежиз эмас. Бағдодликлар ҳатто қандчойга ҳам қалампир эзиб ичишади. Тўйларида алоҳида дошқозон осилади, унга қалампирни пақирлаб солиб қайнатишади, бир олим ошни чайнагунча, қуморитқи бўлиб кетган қалампиршўрвадан уч марта ҳўплашади. Туманнинг фахри, беҳад жонкуяр фарзанди бўлмиш Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзога бағишланган бир шеърда ҳам маҳаллий аҳолининг ана шу хусусияти бўрттирма тарзда ҳазилга олинган. Юртимизнинг турли ҳудудларида яшовчи эски улфатлар ўз қишлоғидан бири гўшт, бири гуруч, бири сабзи, бири пиёз, бири зира-зирк кўтариб келиб, тўкма палов уюштиришади. Бир қараганда, керакли масаллиқнинг ҳаммаси муҳайё, лекин ошпаз Иқболжон ўчоққа ўт ёқишни пайсалга солаверади. Сабабини суриштиришса, ҳали Бағдоддан қалампир етиб келмаган экан.

Гапни қалампирдан бошлаганимнинг боиси бор. Илгарилари бозорларда қаланиб ётувчи ушбу маҳсулот сувтекинга сотиб келинган бўлса, энди не кўз билан кўрайликки, қулинг ўргилгур замонанинг зайли билан, қиммат-қиммат баҳода хорижга экспорт қилиняпти. Қалампирчиларнинг ёнчиғи қаппайгандан қаппаймоқда.

Бир маҳаллар савдо тизимида ишлаб юрган Фурқат Бердалиев кейинчалик тадбиркорликка ўтиб, турли кўкатларни Россия бозорларига элтиб сотиш билан шуғуллана бошлади. Бир йили, синов тариқасида, оз-оздан қалампир ҳам олиб борадиган бўлди-ю, харидор кўпайиб, бирдан ишлари юришди. Даромад ошиб боравергач, аввалига кичик тсех ташкил этди, яна пича вақт ўтиб, ҳокимлик томонидан ажратиб берилган икки гектар жойга қатор бинолар қурди, хориждан ускуналар сотиб олиб, “Ароматы Багдада” деган довруқли корхонага асос солди.

Харидор маҳсулотнинг янги узилганини талаб қиладими, қайта ишланганиними, худди ўшандай тарзда етказиб бериш учун энди жамоада барча имконият етарли. Бир ускунада маҳсулот қуритилса, иккинчисида қиймаланади, учинчисида туйилади, тўртинчисида ҳар хил вазнларда қадоқланади. Аччиқ қалампирлар қаторига ҳар хил ҳажмда тўғралган, чиройли ўрамаларга қадоқланган булғори қалампир, бақлажон қиймалари, қуритилган райҳону жамбиллар қўшилиб, маҳсулот тури янада кўпайтирилди. Қадимий усулда ипга шодалаб тизилган қуруқ қалампирларнинг ҳам ўз мижозлари бор.

Олдинлари биргина Россия билан савдо алоқаси йўлга қўйилган бўлса, ҳозир бу сафга Украина, Грузия, Қирғизистон каби давлатлар ҳам қўшилиб, янги шериклар маҳсулотнинг асосий қисмини ўзлари ташиб кетадиган бўлди. Қолганини корхона ихтиёридаги “МАН” русумли фура, “Мерседес-бенз” юк машинаси ички ва четки бозорларга олиб бориб, янги-янги мижозларни кашф этмоқда. Экспорт миқдорини бу йил камида беш юз минг долларга етказиш кўзланяпти.

Корхона маҳсулотларига яна бир қанча давлатларнинг тадбиркорлари қизиқиш билдираётган бўлса-да, ишлаб чиқаришнинг ҳозирги чекланган қуввати янги шартномалар тузишга монелик қилиб турибди. Шартномани тузиб қўйиб, ваъданинг устидан чиқолмай қолишдан ёмони йўқ, шерикларнинг ишончи бир йўқолдими, кейин тиклаш жуда мушкул кечади.

Шулар назарда тутилиб, сўнгги йилларда юртимизда кенг қулоч ёйиб бораётган, ишлаб чиқаришнинг янгича самарадор усули бўлган кластер тизимини жорий этишга аҳд қилинди. Марказий Фарғонадан юз гектар ер олиниб, шу ўрамда тикланаётган арзон уйлардан йигирматасига ёш оилаларни кўчириб бориш орқали, зарур бўлган аччиқ ва булғори қалампирларнинг асосий қисмини ўз экинзорларида етиштиришга, Хитойдан яна олти юз минг долларлик янги технологиялар келтириб, корхона қувватини оширишга, музлаткич омбор қуришга киришилди.

Муҳими – кимдир улгу кўрсатиб беришида экан. Қалампирчилик билан шуғулланувчи бундай ишбилармонлар сони туманда ортиб бормоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат

Мирзиёевнинг жаннатмонанд юртимизда экспортга чиқариш мумкин бўлмаган нарсанинг ўзи йўқ, деган гапи асл ҳақиқат эканлигига оилавий бизнесчи Шуҳратжон Раззоқов хонадонида бўлганимизда яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Қалампир-ку – қалампир, қарангки, оддий ойим супурги-ю, руслар “мочалка” деб атовчи қозон ювғични-да чет элга пуллаб, валюта ишласаям бўлар экан.

Хонадонда, оила аъзоларидан ташқари, яна ўн нафарга яқин қўшнилар ишлаб турганини кўрдик. Ҳар бири кунига юзтадан ошириб супурги боғлар экан. Ушлаганда қўлни тилмаслик учун думига рангдор сувқоғоз (плёнка) қопланган супургилар икки хил кўринишда, бири – ўзимиздаги одатийлари, иккинчиси – рус эртагидаги жодугар кампир миниб юрадиган узун ёғоч соплиси. Бунга “ялмоғизсупурги” деган ном қўйиб олишибди. Ўтган йили ушбу хонадондагилар ўн етти мингтадан ошиқ супурги боғлаб беришдан ташқари, атиргул кўчатлари етиштириб, бир қисмини Россияга сотишибди. Ўзимизда битта супурги уч минг сўм атрофида турса, Россияда салкам бир доллар, соплиси икки доллар экан. Атиргул кўчатлари, қозонювғич ҳам у ёқда ўзимиздагидан тўрт-беш баравар қиммат, дейишди.

Тадбиркор Аҳмаджон Жўраев такрорий экин сифатида экилувчи супурги пояларини далалардан машинада ташиб келтириб, ҳар бир супурги учун нақд тўланадиган баҳони келишиб олган ҳолда, Чўлюнус, Қўштегирмон, Чектувалоқ, Хўжақишлоқ, Чекхитой, Каримбобо сингари жойлардаги Шуҳратжонникига ўхшаш юзлаб хонадонларга тарқатиб чиқаркан. Одамлар поянинг керакли қисмини супурги учун қирқиб олгач, остки йўғон бўлаги ўтин, шилиб олинган пўсти ва донлари қўй-молларга бепул озуқа бўларкан. Ўтган йилнинг ўзида уч юз минг долларлик маҳсулот экспорт қилинибди. Пулни супуриб олиш дегани мана бунақа бўлади!

Бу туман хусусида гап кетганда, машҳур “Тоҳир-Бағдод” телеканали устида тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Машҳурлиги шундаки, бу жойга Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Неъмат Аминов, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Юсуф сингари довруқли зотларнинг қадами теккан. Телеканал қошида вилоят ёзувчилар ҳамда журналистлар уюшмалари билан биргаликда “Ижодкорлар уйи”, адабий тўгарак ташкил этилган.

Тўгарак ҳақида сўз юритаётиб, бу мавзуга батафсилроқ ёндашгим келди. Миллатимизнинг маънавий жиҳатдан янада баркамолликка эришувида ҳеч нима адабиётнинг ўрнини босолмаслиги назарда тутилиб, юртимизда китоб чоп этиш ва китобхонликни тобора авж олдириш, китоб дўконлари, кутубхоналар фаолиятини кескин жонлантириш; ижодкорлар, айниқса, ёш қаламкашларга ғамхўрликни кучайтира бориш борасида мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар Фарғона вилоятида ҳам ўз аксини топмоқда. Барча шаҳар ва туманларда ўн олтита адабий тўгарак ташкил этилиб, зарур воситалар билан жиҳозланган хоналар ажратиб берилган, уларга аъзо бўлган ёшлар сони беш юз етмиш нафардан ошиб кетди. Фарғона шаҳрида Фарида Анис, Гулчеҳра Асронова, Марғилонда Исмоил Маҳмуд, Қўқонда Фарида Ҳусаинова, Фарғона туманида Аъзам Исмоил, Риштонда Баҳодир Исо, Ёзёвонда Ўктамхон Солиева, Қувада Зуҳра Алиева, Олтиариқда Азиза Жўраева, Бағдодда Карима Ашурова бошқараётган тўгараклар алоҳида тилга тушган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Энахон Сиддиқова буларга доим бош-қош бўлиш билан бирга, вилоятда яшаб ижод қилаётган Охунжон Ҳакимов, Малика Мирзаева, Матлуба Деҳқон қизи, Йўлдош Солижонов, Санъат Маҳмудова, Сиддиқ Мўмин, Мақсуда Эгамбердиева, Гулбаҳор Саидғаниева, Қаҳҳор Йўлчиев, Рашидхон Шукуров каби фаоллардан ташқари, пойтахтдан келиб турувчи қаламкашларни ҳам жойлардаги тўгаракларга бошлаб бориб, маҳорат дарслари уюштириб туради. Ҳаваскор ижодкорларнинг олдинги ва кейинги авлодлари Худойберди Тўхтабоев, Муҳаммад Али, Жуманиёз Жабборов, Бахтиёр Назаров, Маҳмуд Тоир, Ўткир Раҳмат, Сирожиддин Саййид, Абдуғафур Расулов, Тўлан Низом, Ҳабиб Саъдулла, Аҳмаджон Мелибоев, Шуҳрат Жабборов, Баҳодир Карим, Қўчқор Норқобил, Шуҳрат Ризаев, Аҳрор Аҳмедов янглиғ таниқли адиб ва журналистлар билан ўтказилган учрашувларни ҳануз сурурга чулғана-чулғана эслаб юришади.

Ўтган йилнинг ўзида Зомин семинари иштирокчилари бўлган Абдуманноб Мансуров билан Нозима Ҳабибуллаева ғолиблар қаторига кирди, китоблари Ижод фонди томонидан катта тиражда нашр этилиб, анъанага кўра, республика кутубхоналарига тарқатилди. Жасур Аҳмедов, Фароғат Рўзибоева, Масиҳуллоҳ Мадаминов, Меҳринисо Аҳмаджонова, Асрор Солижонов, Мурувват ўаффоржонова сингари ёшлар вилоят, республика миқёсида ўтказилган турли танловларда совринли ўринларни эгаллади. Бу йил “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида биринчи ўринни олиб, президент совғаси – “Спарк” автомобили билан мукофотланган олтиариқлик Шарофатхон Исмоилова ҳам, асли, тўгарак кўрганлардан.

Яна аввалги мавзуга қайтсак, мустақиллик шарофати билан 1996 йилда фаолиятини бошлаган “Тоҳир-Бағдод” телеканали кўрсатувлари доираси ҳозир биргина Фарғонани эмас, Андижон, Наманган вилоятлари ҳудудининг талай қисмини ҳам қамраб олган. Бу ҳол қўшнилар ўз маҳсулотларини бир-бирига рекламалаб боришидан ташқари, у ёки бу турдаги хом-ашёларни сотиб олишларини маълум қилиб туриш имконини яратиб, маҳаллий тадбиркорлар орасидаги алоқаларни кучайтиришда жуда қўл келмоқда.

Энг қойил қоларлиси, туман ҳокимлиги кўмагига таяниб, бу телеканал яқингинада мамлакатимиз миқёсида ҳам катта янгилик ҳисобланмиш рақамли форматга ўтди. Республика телерадиокомпанияси тизимидаги моҳир тележурналистлардан саналгучи Соҳибжон Алижонов, Озода Тўрақуловаларни тарбиялаб етиштирган бу телеканалда ҳозир ўн беш нафар ходим ишлаб турибди. Энди, хабарлар тезкорлигини ошириш мақсадида Бувайда, Олтиариқ, Ўзбекистон, Риштон, Яйпан, Бешариқ туманларида мухбирлик бўлимлари ташкил этилаётгани туфайли, уларнинг сони ўттиз нафарга етадиган бўлди.

– Бир нарсани билиб қўйинғлар, водийнинг ағ-бағидаги ҳеч қайси туманда бизникидан бўлақ телеканал йўқ, – дея, бағдодча шевада мағрур сўз қотади телеканал раҳбари Тоҳиржон Ҳамроқулов. – Бу энанғдан кўпайгур мақтаняпти деманғлар-у, мабодо, бирорта туман телеканал ташкил қиғандаям, ҳали-вери биз минан калла уриштиролмайди.

Аслида, ишлаб чиқаришда ҳам, маданий-маърифий жабҳаларда ҳам туманини бирдек юксакка кўтариб келаётган азамат бағдодликларнинг айнан мана шу динғ-динғлама сўзлари, чапанича шеваси кўнгил томирчаларини ёқимли қитиқлаб, оғайнилар даврасига доим бошқача бир лаззат бахш этади.

Атай Бағдодга келиб, уйга қалампирсиз қайтиш ноқулайдек туюлдими, бозорга кирдим. Кирдим-у, қалампир сотиб ўтирганларнинг буниси Саид Анварга, униси Набижон Боқийга ўхшаб кўринаверди. Уларга қараб, нима, гонорарлар камлик қиляптими, дейишдан ўзимни зўрға тийиб турардим.

 

Анвар ОБИДЖОН,

Ўзбекистон халқ шоири

 

“Ҳуррият”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.