Кузда

0
437
марта кўрилган.

Паромчи Филипп Тюрин радиодан сўнгги ахборотни охиригача эшитгач, анча вақтгача дастурхон устида миқ этмади.

– Нимага тинч ўтиришмайди-а, – деди жаҳл билан.

– Яна ким ғашингга тегаяпти? – сўради дўриллаган овоз билан қўллари эркакларникидай бақувват, баланд бўйли кампири.

– Бомба ёғдиришаяпти! – радиокарнай томонга қош учирди Филипп.

– Кимнинг устига?

– Въетнамликлар устига-да.

Кампирга чолининг сиёсатга қизиқиши ёқмас, баттар ғашини келтирар, баъзида шу бемаъни қизиқишни деб, иккиси жиғиллашиб қолган вақтлари ҳам бўлган. Аммо ҳозир кампирнинг жанжалга хоҳиши ҳам, вақти ҳам йўқ. У бозорга шошилаётганди.

Жиддий, диққат-эътиборли Филипп паромга бориш учун иссиқроқ кийиниб олгач, уйидан чиқди. У анчадан бери – урушдан қайтгандан буён паромчи бўлиб ишлайди. Урушда бошидан яраланган, шунинг учун ҳам энгашиб ишлашни талаб этадиган касби – дурадгорликка ярамаслигини билиб, паромчиликни танлаганди.

Сентябрнинг охирлари эди, ёмғирдан сўнг ёқимсиз совуқ шабада эсар, оёқ остидаги ер билчиллаб ғашга тегарди. Қишлоқ дўкони ёнида ўрнатилган радиокарнайдан таралаётган тонгги жисмоний тарбия мусиқаси садолари ва машқларни олиб борувчининг жўшқин овозини шамол юлқиб олиб келади. Қишлоқдан чўчқаларнинг чийиллаши-ю хўрозларнинг қичқириғи эшитиларди.

Йўлда учраган қишлоқдошлари Филипп билан бош қимирлатиб саломлашишар, улар нон харид қилгани дўконга ёки бозорга бориш учун автобус бекатига шошилишарди. Филипп уйидан паромгача бўлган бу йўлни эрталаблари ўй-хаёлларсиз босиб ўтишга ўрганиб қолган эди. Тўғри, хаёлга бериларди, лекин паром ҳақида ёки кун бўйи кимларнидир ўтказиб қўйиш ҳақида эмас. Бугун бошқа хаёлда. У ҳозир уруш қилмай қандай қилиб америкаликларни тинчитишни ўйлаб борарди. Бир нимага ажабланса-да, ҳеч кимдан сўрамади: нима учун, уларни ракеталаримиз билан туртиб қўйиш мумкин эмас? Ахир, икки кунда эсларини киритиб қўйиш мумкин-ку. Филипп ёшлигидан тиниб-тинчимас эди. Янги ҳаётни барпо этишга фаоллик билан қўшилди, жамоа хўжалиги даврида ғайрат кўрсатди… Ҳеч кимни қулоқ қилмади, аммо кўп баҳслашар, бақирар… иккиланганларни ишонтирар, ҳаяжонланарди. Коммунист эмас эди, раҳбарлар ҳам бу хусусида негадир гап очишмаган, шундай бўлса-да, Филипп билан доим ҳисоблашардилар, у эса уларга сидқидилдан ёрдам бериб юраверарди. Усиз ишлари битмаслигини ўйлаб Филипп ич-ичидан ғурурланиб қўярди. Масалан, унга сайловолди кампаниясида келган масъул кишилар билан қишлоқ кенгашида сайловни қандай қилиб яхшироқ ўтказиш тўғрисида маслаҳатлашиш ёқарди. Кимнинг уйига овоз бериш қутисини олиб бориш керак, ким ўзи келади, фақат эрталаб бориб эслатилса, бас… Баъзан сайловчилар орасидан қайси бири қайсарлик қилиб: “Мен ўтинимни олиб келиш учун улардан от-арава сўраганимда бериб туришдими?!” деса, Филиппнинг фиғони фалакка чиқар эди: “Ҳой Егор, ахир бу нима деганинг? Буни сайловга тенглаштириб бўларканми?! Гапингни қара-ю!.. Сиёсий масала кўндаланг турган бир пайтда, сен нега отни бузоқ билан чалкаштирасан.”

Хуллас, Филипп қишлоқ бўйлаб елиб-югурар, фикрини одамларга исботлашга уринарди. Одамлар у билан жон деб баҳслашишар, аммо ундан гина қилишмас, аксинча, дардларини тўкиб сочишар ва “Сен уларга етказиб қўй”, дея тайинлашарди. У эса вазиятнинг муҳимлигини ҳис қилиб ҳаяжонланар, ёниб-куярди. “Эҳ одамлар! – дея фиғони чиқарди улкан ишлар оғушида. – Уйқусираган каллаварамлар!”

Йиллар ўтган сайин Филиппнинг ғайрати сўна бошлади. Энди ҳаяжонланиб, бундай ташвишлар ортидан югуришга кучи етмай қолганди. Лекин ҳамон жамоат ишларини, жамиятнинг муҳим масалаларини юрагига яқин олар, хавотирланарди.

Дарё узра ёқимли шабада эсарди. Беозор урилади, туртади. Арқонлар шамолда силкиниб ғувиллайди. Лекин яхшиямки, қуёш кўриниб, сал кўнгли ёришди.

Филипп паромда у ёқдан-бу ёққа сузди, шошқалоқ йўловчиларни ўтказиб бўлгач, енгил тин олди. Асаббузарлик тўхтади. Филипп яна америкаликлар ҳақида хаёлга берилган ҳам эдики, баянни варанглатиб никоҳ тўйи ўтказаётганлар келиб қолишди… Замона зайлини қаранг – рангдор тасмалар, пуфаклар билан безатилган енгил машиналар. Бу урф қишлоққа ҳам кириб келаяпти. Учта машинада келишди…

Тўйчилар қирғоққа тушишди. Ширакайф, сершовқин, ўзини жиндай кўз-кўз қилиб мақтанишга мойил тўда. Янгича урф – машиналарда, боз устига улар тасмалар билан билан безатилган бўлса, бунақа тўйларни ўтказиш қишлоқда ҳали кам учрайди, ҳамманинг ҳам енгил машина топишга қурби етмайди.

Филипп тўйни қизиқиш билан кузатди. Бу одамларни танимайди – бу ерлик эмас улар, афтидан, қаергадир меҳмонга кетишаётган кўринади. Шляпали бир амаки ҳадеб қийшангларди. Машиналарни ўша амаки топган, чоғи. У тўй тўйдай бўлсин, деб тинимсиз чиранарди. Паромда баянчини куй чалишга қистаб, ўзи биринчи бўлиб ўйинга тушди. У ҳаммага бургутқараш қилиб қийқирар, оёқларини дўпирлатарди. Фақат унинг бу қилиқларига қараш ноқулай ва уят эди. Келин-куёв бошқаларга нисбатан ҳушёрроқ бўлгани учун ўзларини қандайдир ноқулай сезишарди. Шляпали амаки ҳарчанд ирғишламасин, ҳеч нарсага эришолмади, унинг бу сохта қувноқлиги ҳеч кимга таъсир қилмади, ниҳоят, ўзи ҳам ҳолдан тойди…

Паром сузиб ўтди, машиналар қирғоққа чиқди. Тўйчилар жўнаб кетишди. Филипп эса ўз ҳаёти ҳақида ўйга толди. Мана, унинг уйланиши қанақа бўлганди. Уларнинг қишлоғида Марья Ермилова деган сулув қиз бор эди. Кулча юз, ёноғи чўғдай, ширин сўз… Ҳуснига қараб кўз тўймасди. Бундай гўзал қаллиқ ҳақида фақатгина орзу қилиш мумкин эди. Филипп уни жуда ҳам севар, Марья ҳам уни севар, тўй бўлиши арафасида…

Филипп комсомолларга қўшилиб қолди. Яна ўша ҳол: ўзи комсомол бўлмаса-да, улар билан бақириб-чақиришар, ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилишарди. Филиппга комсомолларнинг қишлоқ қариялари раъйига қарши чиқиши ёқарди. Мана қандай бўлганди: замонасоз ёшлар черков никоҳига қарши бош кўтаришди. Кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеа… Қариялар бирон нарса қилишолмас, ғазабланишар, қўлларига хивчин олиб, гарчи хивчин билан ҳали оғзидан она сути кетмаганларнинг эсини киритолмасалар-да, қайтанга, баттар уларнинг қаршилигига дуч келишарди. Қувноқ дамлар эди. Филипп ҳам ўша ёшлар каби черковда никоҳдан ўтишга қарши эди. Марья эса аксинча. Марьянинг ота-онаси бир сўзли эдилар, унинг ўзи ҳам охири черковда никоҳдан ўтамиз, деб қайсарлик қила бошлади. Филипп оғир аҳволда қолган эди. У турли гаплар билан Марьяни аврай бошлар (у гапга чечан эди, бу эса қишлоқда камёб ҳол, балки Марья уни шунинг учун севиб қолгандир), ишонтирмоқчи бўлар, қишлоқча кўрсаводликни ёмонлар, ҳар хил мақола ва фельетонлардан парчалар ўқиб берар, юраклари эзилиб тишларини ғижирлатарди.

Марья эса ҳеч нарсани эшитгиси келмас, черковда никоҳдан ўтамиз, тамом-вассалом, дея бир гапда туриб олганди. Филипп ўтмишини ўйларкан, ўшанда жудаям аҳмоқона хатога йўл қўйганини тушунди. Ўшанда йўллари айро тушди, ажралишди. Филипп кейинчалик ҳам ўзгармади, қилган ишига афсусланмади, ҳозир ҳам афсусланмайди, ахир қўлидан келганча ҳаётни қайта қуришда қатнашди, бироқ Марьяга ачинар, уни қўмсарди.

Бир умр юрак-бағри кабоб бўлиб, ўртаниб яшади. У Марьяни эсламаган бирор кун йўқ эди. Бошида шунақаям оғир бўлган эдики, ҳатто ўзини бир бало қилмоқчи ҳам бўлганди. Йиллар ўтса-да, юрагидаги дард аримади. Гарчи оила қурган – янги фуқаролик қонуни бўйича хотини билан никоҳдан ўтган, фарзандлар туғилган бўлса-да… юрак ҳамон Марьяни деб ўртанарди. Хотини Фекла Кузовникова Филиппдаги бу доимий ғамни сезиб қолганидан буён эрини кўрарга кўзи йўқ. Ва бу теран нафрат аёл қалбида у билан бирга яшаб келмоқда. Филипп эса хотини Фекладан нафратланмасди, йўқ. Бироқ, масалан, уруш пайти “Сизлар ўз оналарингиз ва хотинларингизни ҳимоя қилаяпсизлар…” – дейишганда у Феклани эмас, хаёлан Марьяни кўз олдига келтирарди. Агар ҳалок бўлганида ҳам, Марья ҳақидаги хаёллар билан ҳалок бўларди. Йиллар ўтса-да, ишқ дарди уни тарк этмади. Бироқ юрагини ёндирган олов аввалгидек, эндигина уйланган йилларидагидек жизғанак бўлмас эди, албатта. Тўғри ўшанда бир оз камгап бўлиб қолди. Барибир, тарғиботдан воз кечмади, чунки шундай қилиши зарур эди. Аммо гапирганда, ўзининг аччиқ ўй-хаёллари таъсирида гапирарди. Гоҳо ўй суриб қолар, бирдан нимадир эсига тушиб, яна одамларни янги ҳаётга, мислсиз ўзгаришларга ишонтирмоқ ниятида уларнинг ғафлат босган кўзларини очмоқчи бўларди. Марья эса… Марьяни ўшанда қишлоқдан олиб кетишди. Унга қандайдир бойвачча сўтак (қандайдир эмас, Филипп у билан кейинчалик кўп бора юзма-юз келди) Краюшкино қишлоғидан совчи жўнатди… келишди, унаштиришди ва олиб кетишди… Албатта, черковда никоҳ ўқилди. Орадан бир йил ўтгач, Филипп Марьянинг эри Павелни учратиб қолиб:

– Виждонинг қийналмадими черковга боришга?… – дея уни сўроққа тутди.

Павел ўзини ажаблангандек кўрсатиб:

– Нега виждоним қийналиши керак? – деди.

– Қарияларнинг йўриғига юриб, никоҳ ўқитдингми?

– Уларнинг йўриғи билан эмас, – деди Павел. – Мен ўзим шуни хоҳладим.

– Мана шунинг учун ҳам сўраяпман-да, – деди ўзини йўқотиб Филипп. – Виждонларинг қийналмадими? Қарияларни-ку, тушуниш мумкин, аммо сизлар-чи…? Ахир, бу ҳолда ҳеч қачон зулматдан чиқа олмаймиз-ку!

Бунга жавобан Павел сўкинди.

– Тошингни тер! – деди-да, бошқа гапиришни истамади.

Филипп бу учрашувдан шуни сездики, Павелнинг нигоҳида унга нисбатан яширин нафрат, ҳаттоки азобланиш акс этиб турганини сезди. Нега шундайлигини англашга ҳаракат қилди-ю, ҳеч нарсани тушунолмади. Кейинчалик қулоғига “у Марья билан яхши яшамаётганмиш, аёл доимо ғамгин эмиш…” деган гаплар чалинди.

Филиппга фақат шу етмай турувди; эски дарди янгиланди, ичкиликка берилди, аммо кейинчалик ичкиликни ташласа-да, ўша илон чаққандай оғриқни ўзи билан олиб юрди. Илон эса чақаверар, чақаверарди, унинг эса чидашдан ўзга иложи йўқ эди.

Машиналарда келган келин-куёвнинг тўйи унда мана шундай ғамгин хотираларни уйғотди. У шу хаёллар оғушида яна паромда у ёқдан бу ёққа қатнади, шамол суяк-суягидан ўтиб кетгани учун тушликда бир стакан ароқ ичишим керак, деган фикрга келди. Негадир кўнгли ғашлана бошлади.

“Яна икки марта бориб келаман-да, тушликка чиқаман”, қатъий қарор қилди Филипп. Бегона қирғоққа яқинлашганда (Филипп ўз қишлоғи томондаги қирғоқни ўзиники, нариги қирғоқни бегона деб атарди) усти ёпиқ машина ҳамда унинг атрофида тумонат одам кўринди. Бу қанақа машина эканлигини, унда майит олиб келишаётганини синчков нигоҳлари билан уқиб олди. Одамлар майитни ҳар доим шу тахлитда олиб келишарди. Паром олдига келгач, ҳаммалари машинадан тушишар ва дарёга жимгина қараб туришарди. Буни тушунса бўларди.

“Кимни олиб келишаётган экан? – ўйлади Филипп одамларга нигоҳ ташлаб. – Дарё юқорисидаги қайсидир қишлоқдан, шекилли, чунки яқин орадаги қишлоқларда кимдир қазо қилганини эшитмаган эди. Лекин нега бошқа жойдан олиб келишаяпти? Ёки уйида ўлмаган-у, дафн қилиш учун қишлоғига олиб келишаяптимикин?”

Паром қирғоққа етгандагина Филипп тик турган одамлар орасида Павелни – Марьянинг эрини таниди. Ва бирдан кимни олиб келишаётганини англади. Марьяни олиб келишаётганди… Ёз аввалида, Марья шаҳарда турадиган қизиникига бораётган чоғда, у билан учрашгани ёдига тушди. Паром нариги қирғоққа етиб боргунча гаплашишганди. Марья шаҳарда қизи туққанини, унга ёрдам бериш учун кетаётганини айтганди. Ширин суҳбат қуришганди. Марья ўшанда ёмон яшашмаётганини, уч нафар фарзандиям уйли-жойли бўлиб кетганлигини, ўзи нафақа олаётганини, эри Павел ҳам нафақа олаётгани-ю, аммо уйда ҳалиям дурадгорлик қилиб туришини айтиб ўтганди. Мол-ҳолни унча кўпайтиришмаган бўлса-да, ҳамма нарса етарли эканини, курка боқаётганини, ўтган йили уйларини таъмирлашда ўғиллари келиб ёрдам беришганини ҳам гапирганди.

Филипп ҳам ҳамма нарса етарли эканини, нафақа олаётгани-ю, соғлиғи дурустлигини, фақат об-ҳаво айниганда боши сал-пал оғриб туришини айтиб, кўнглини юмшатганди. Марья эса негадир юраги безовта қилиб туришидан сўз очиб, “Баъзида ярим тунлари қаттиқ санчиб қолади, сирқираб оғришидан йиғлагудек бўламан”, – деганди ўшанда. Мана, охири куни битибди-да, Марьяни… Филипп Павелни таниган заҳотиёқ “оҳ” деб юборди, вужудига ўт туташди. Паром қирғоқдаги лиқиллаб қолган туташтиргичга бориб урилди. Паром занжирини олиб, илгакка илдиришди. Усти ёпиқ машинанинг олдинги ғилдираклари ғўла ёғочлар устига чиққанда улар қисирлаган, ғичирлаган овоз чиқарди.

Филипп худди сеҳрлангандай эшкак ёнида қотиб турар, машинадан кўз узмасди. Худойим, Худойим Марьяни олиб келишаяпти, Марьяни…

Филипп ҳайдовчига машинани паромга қандай қўйиш кераклигини тушунтириши лозим эди, чунки орқадан яна иккита машина бир-бирига тиралиб турарди, у эса худди қоққан қозиқдек жойидан қимирламас, ҳамон машина юкхонасига қаттиқ тикиларди.

– Қаерга қўяй? – қичқирди ҳайдовчи.

– А?..

– Қаерга қўяй деяпман?

– Қўявер…

Филипп қўлини ноаниқ силтади. У ҳалиям жонсиз Марьяни олиб келишаётганини тасаввурига сиғдира олмасди. Фикрлар миясида ғужғон ўйнар, садр халфасига сира жам бўлмас эди. Гоҳо Марья билан паромда гаплашиб кетишаётгани, турмушидан мамнунлиги, гоҳо эса унинг қизлик маъсум дамлари кўз ўнгидан ўтарди. Ё Худойим, ё Худойим… Марья… Наҳот бу сен бўлсанг?

Ниҳоят, Филипп оёқларини зўрға ердан узиб Павелга яқинлашди. Павелни турмуш букиб қўйганди. Юзлари ҳали сўлимаган, кўзлари тийрак ва маънодор бўлса-да, аммо қадди ёй эди. Ақлли кўзларида мусибат ва сабот зоҳир.

– Павел… нима бўлди? – сўради Филипп.

Павел зимдан секин қаради, аммо нимани сўраётганини тушунмади, шекилли, нигоҳини яна пастга, паром тахталарига қадади. Қайта сўраш Филиппга ноқулай туюлди… У яна эшкак ёнига қайтиб келди. Қайтаётиб усти ёпиқ машинанинг орқасидан ўтаркан қаради – тобут. Зумда юрагига оғриқ кирди, фикри равшанлашди: ҳа, бу – Марья.

Паром сузиб кетди. Филипп ихтиёрсиз эшкак эшиб паромни бошқарар, хаёл сурарди: “Марья, Марьягинам”… Дунёдаги энг азиз одами у билан охирги марта сузиб бормоқда… Ўтган ўттиз йил давомида, паромчи бўлиб ишлаётгандан буён Марьянинг неча марта у ёқдан-бу ёққа сузиб ўтганини беш қўлдай биларди. Асосан болаларининг ҳолидан хабар олгани шаҳарга тушарди: гоҳо ўқиши, гоҳо ишга жойлашиши деб, гоҳо эса набиралари туғилганда… Мана энди – Марья йўқ.

Паром қирғоққа етиб келди. Яна занжирлар шарақлаб, машиналар мотори гувиллади. Филипп эса яна эшкак ёнида турганча усти ёпиқ машинага тикиларди. Ақл бовар қилмайди. Мабодо Марья ўлиб қолса нима қиламан, деб сира хаёлига келтирмаган. Ақалли бир марта ҳам ўйлаб кўрмаган. Унинг ўлимига тайёр эмас эди. Усти ёпиқ машина жўнаб кета бошлаганда Филипп кўкрагида чидаб бўлмас оғриқни ҳис қилди. Ўй-хаёлини безовталик чулғаб олди: нимадир қилмаса бўлмайди! Ахир ҳозир марҳумани қабристонга олиб кетишади. Бутунлай. Уни шу кўйи, нигоҳи билан кузатиб қолаверадими? Нима қилиш керак? Безовталик бутун вужудини қамраб олди, у эса жойидан қимирлай олмас, лаҳза сайин ўзини йўқотиб борарди.

“Ахир видолашишим керак эди-ку!” – Усти ёпиқ машина йўлга чиқиб олганда ўзига келди ва буни тушуниб етди. – “Ҳеч бўлмаса, видолашай-да!.. Ҳеч бўлмаса, охирги марта бир кўрай. Тобутнинг қопқоғини ҳали ёпишмаган, кўриш мумкиндир, ахир!” Филиппнинг назарида, унинг ёнгинасидан Марьяни олиб ўтган анови одамлар, бунақа қилмасликлари керак эди. Шундоққина олиб ўтишди – тамом-вассаломми? Агар бу кимнингдир мусибати бўлганда ҳам… ҳаммадан кўпроқ унинг – Филиппнинг мусибати-ку! Тобутда Марья ётибди, ахир… Улар уни қаёққа?..

Филиппнинг ёдига ҳаётидаги оғриқли вақтда ҳам йўқотолмаган, унутиш мумкин бўлмаган энг азиз нарсалар ёпирилиб кела бошлади. Ўтган бутун умри, энг асосийси, энг кераклиси, нима учун, кимнинг хаёли билан яшаган бўлса, ҳаммаси кўз олдида турарди… У кўзларидан ёш қуйилаётганини ҳам сезмасди.

Тобут ортилган машина ортидан кўз узолмай қараб турарди. Машина тепаликка кўтарилиб, йўлида давом этди ва кўздан ғойиб бўлди. Мана энди ҳаёти қандай кечади унинг. Ахир ер юзида Марья борлигига ўрганиб қолганди. Кўнгли ўксиган, ғамга ботган дамларда у Марьяни эслар ва сағирлик нималигини билмасди, у билан дунё тўлиб турарди. Энди-чи, энди нима бўлади? Э, Худойим, усиз ҳаммаёқ ҳувиллаб қолади; қандай оғир-а?

Филипп паромдан отилиб тушди; бахтига сўнгги машина нимагадир жилмай турарди. Филипп ҳайдовчининг ёнига келди-да:

– Усти ёпиқ… тобут олиб кетаётган машинани қувиб ет, – деди ўтинч билан кабинага чиқиб оларкан.

– Нега? Нима учун?

– Шундай қилмасанг бўлмайди.

Ҳайдовчи елка учириб, бошқа саволга тутмай машинани жилдирди. Қишлоқ оралаб кетишаётганда, у Филиппга бир неча бор синчков назар ташлади.

– Булар Краюшкиноданми? – сўради ҳайдовчи боши билан олдинда секин илдамлаётган машина тарафга имо қилиб. Филипп секин бош ирғади.

– Қариндошингми? – яна сўради ҳайдовчи. Филипп бу гал чурқ этмади. У яна усти ёпиқ машина ортидан қаттиқ тикилди. Бу ердан юкхона ўртасидаги тобут кўриниб турарди. Тобут атрофида ўтириб олган одамлар бирдан ўзи учун ҳам, мана шу тобут учун ҳам бегона туюлди. Қайси урфга кўра улар у ерда ўтиришибди? Ахир, тобутда Марьяси ётибди-ку.

– Қувиб ўтайми? – сўради ҳайдовчи.

– Қувиб ўт-да, кейин мени тушир.

Машинани қувиб ўтишди. Филипп кабинадан тушиб қўлини кўтарди. Шунда юраги қинидан чиққудай бўлиб ўйнаб кетди, назарида ҳозир нимадир юз беради-ю, ҳаммага, Филиппга ҳам бир сир – Марья унинг учун аслида ким бўлгани ошкор бўлади-қолади. У машина тўхтагандан сўнг нима воқеа юз беришини ва қандай сўзларни тўкиб-сочишни билмасди. Марьяни эса жудаям кўргиси келарди. Бу унинг учун ҳамма нарсадан муҳим ва зарур эди. Марья шундай кетаверадими, ахир унинг – Филиппнинг ҳам ҳаёти ўтиб бўлди-ку, энди ҳеч ким бўлмайди.

Машина тўхтади, Филипп ортига ўтди… Қўллари билан орқа тахтани ушлаб, оёғини темир нарвончага қўйди-да, кузовга чиқиб олди.

– Павел… – деди ўзи кутмаган ялинчоқ овозда, бундай оҳангда гапирмоқчи эмас эди, – у билан видолашишимга изн бер. Ҳеч бўлмаса, бир бор кўрай, юзини оч.

Павел илкис ўрнидан туриб тўғри унга қараб юрди. Филипп унинг бўздай оқарган юзини яқиндан кўришга улгурди. Қиёфаси ўзгариб, боя ғамга тўлиб турган кўзлари туйқусдан чақчайиб кетди, бирдан ғазабга тўлди.

– Кет, бу ердан! – секингина, аммо кескин буюрди Павел ва Филиппнинг кўкрагига бир туртди. Филипп буни кутмаган эди, мункиб кетди, кузовни маҳкам ушлаб қолмаганда…

– Кет!!! – қичқириб юборди Павел. Ва уни яна туртди, бу гал қаттиқроқ туртди. Филипп бор кучи билан тахтани маҳкам ушлаганча Павелга қараб, унинг важоҳатдан ҳайратланди. Ҳеч нарсани тушунмасди.

– Ҳой, сизларга нима бўлди? – машинадагилар саросимага тушишди. Бир йигит – Павелнинг ўғли бўлса керак, дарров отасининг елкасидан ушлаб нарироққа тортди. – Нима гап? Нима бўлди сизга?!

– Кетсин! – яна ғазаб билан ўкирди Павел. – Кетсин у бу ердан! Мен унга кўрсатиб қўяман кўришни. Судралиб келганини қаранг ярамасни! Жўна! Жўна деяпман! – Павел жойида тепинар, аламдан шайтонлаб қолганди.

Филипп машинадан тушди. Шундагина Павелдан нима ўтганлигини англади. Барибир, пастда туриб ҳам унга ғазаб билан тикилди. Ўзи англамаган ҳолда нималарнидир гапира бошлади. Бу сўзларни бир умр юрагида тугиб юрган кўринарди.

– Нима, алам қилдими?… Бировникини тортиб олиб, қувонган эдинг, энди ачиняптиларми?

– Сен-чи, қувонмаганмидинг? – деди кузовдан туриб Павел, – мени билмайди дейсанми?

– Бошқаларнинг бахти эвазига қурилган ҳаёт, мана қандай бўларкан, – давом этди Филипп Павелнинг тепадан нима деяётганига эътибор бермай. Муҳими, юрагида борини айтиб қолмоқчи бўларди. – Ҳузур-ҳаловатда яшайман деб ўйлаганмидинг. Йў-ўқ… унақа бўлмайди. Мана энди кўриб турибман, буларнинг ҳаммаси сенга қанчага тушганини…

– Ўзинг-чи, ашула айтиб юрдингми? Сен-чи… Ўзинг… Ўзинг ҳам эгилиб қолибсан-ку! Яхши яшаганингда эгилармидинг?

– Ўшанда қувонгандинг-а? Мана, қувониб бўлдинг… Тиланчи! Ҳа, тиланчисан!

– Ҳой, нима қилаяпсизлар?! – жаҳл билан деди бояги йигит. – Эсдан оғиб қолдиларингми? Топган вақтларингни-чи!

Машина жўнаб кетди. Павел яна бир бор бақиришга улгурди:

– Мен тиланчиманми? Сен эса бир умр дарвозадан киролмаган итга ўхшаб ғингшиб ўтдинг! Мен эмас, сен тиланчисан!

Филипп секин ортига қайтди.

“Марья, – ўйлади у, – эҳ, Марья, Марья… Мана, қандай қилиб ҳамманинг қанотини қайирдинг. Иккита аҳмоқ – роса ҳурдик… Аслида-ку, иккаламиз ҳам тиланчимиз, Павел, сен кўпам акиллайверма. Агар сен гадой бўлмасанг, нега бунча ғазабланасан. Нима кераги бор ғазабланишнинг? Ёшликда бахтнинг бир бўлагини ушатиб олгандинг, хурсанд бўлиб яшайверсанг бўлмасмиди. Аслида сен ҳам қувонч нималигини билмай ўтдинг. Ахир, сени у севмасди-да, мана, ичингдаги ғам бўғзингдан тошиб чиқди. Ўшанда тортиб олмаслик керак эди. Келдинг, олдинг, кетдинг!… Хурсанд бўлгандинг…”

Алам қилди Филиппга… Энди алам билан Марьяга бўлган гинахонлик ҳам қўшилди: “Сен ҳам ўзингга ярашасан, кутиб туролмадинг, чопдинг Краюшкинога қараб, фойдаси бўлмаса ҳам. Энди нима бўлди?..”

– Нима бўларди… – деди Филипп ўзига ўзи узил-кесил. – Ҳаммаси тугади! Энди бу беш кунлик дунёда вақт-соатинг етишини кутиш ва унинг ортидан кетиш қолди.

Шамол анча пасайди, осмон ёришди, қуёш нур сочса-да, илитмайди. Атроф қандайдир шип-шийдам ва совуқ. Куз бўлгандан кейин шу-да!

 

Василий ШУКШИН

 

Рус тилидан

Ўроз ҲАЙДАР

таржимаси

 

“Ижод олами”, 2018/6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.