Жайдари олма

0
339
марта кўрилган.

Шодиқул эрта тонгдан таъби тирриқ бўлиб уйғонди. У жумагача ишхонада, қолган икки кунни тўққизинчи қаватдаги уйида ўтказишдан зериккан, ким биландир суҳбат қургиси, қандайдир янгилик яратгиси келарди. Хотини Самия ҳам шунга ўхшаш кайфиятда. Аёлнинг кўнгли кенгликни, саёҳатни ва гўзал манзарани томоша қилишни тусаётганди.

Шодиқул юз-қўлини ювиб келгач, курсига ястаниб ўтирди. Самия эса одатдагидек уй юмушлари билан андармон бўлди. Бу орада бошқоронғи эмасми, кўнгли айниб бир неча бор ювиниш хонасига кириб чиқди. Ниҳоят у дастурхон ёзиб нон-чой олиб келиб, деразанинг қўш қанотини катта очиб қўйди. Ичкарига кузакнинг совуқ ҳавоси оқиб кира бошлади. Шодиқул аввал эгнига қалинроқ кийим илди. Бунинг нафи тегмагач, бориб деразани ёпди. Ўрнига қайтиб ўтириши билан Самиянинг ранги ўзгариб, кафти билан оғзини тўсганча ўрнидан туриб кетди. Шодиқулнинг иштаҳаси бўғилди. Хотини қайтиб эшикдан кираркан:

– Деразани очиб қўяйлик, бўғилиб кетдим, – деди.

Шодиқул розилик билдиргандек қошини учириб, қўли билан деразани кўрсатди. Самия совуқ ҳавога юзини тутиб тўйиб-тўйиб нафас олди. Уни кузатиб турган эри:

– Бугун бир айланиб келмаймизми? – деди.

Бундай гапни кутмаган Самия унга ялт этиб қаради-да:

– Қаерга? – деди чеҳраси очилиб.

– Акмалларнинг уйига. Анчадан бери келинглар, деб юрувди. Янги уйга кўчиб ўтганига ҳам бир ойдан ошибди. Уйи узоқ эмас, биздан икки мавзе нарида.

– Ҳа, меҳмонгами? Мен бирор боғга борамизми, деб ўйлабман…

Самия гапини тугатмасдан Шодиқул: “Ҳозир, шошма-чи”, дедию қўлтелефонидан бир нималарни ахтариб, излаган рақамини топди. Қисқа гудокдан сўнг ким биландир қуюқ сўрашди. Шодиқул синфдош жўраси Акмал билан анчагача суҳбатлашиб бугун меҳмонга боришмоқчилигига шаъма қилди. Бу гап Акмалга ҳам маъқул тушди. Телефонни қўйгач Шодиқул хотинига қараб:

– Мана келишиб олдик, – деди. Самияга бу “келишув” ёқмади, шекилли:

– Бунинг ўрнига бирор жойга бориб айланиб келсак бўларди. Тоза ҳавода юрганга нима етсин, – деди.

– Тоза ҳаво эмиш. Қара, ёмғир ёғадиган бўлиб турибди.

– Яхшимасми? Иккимиз қўл ушлашиб, ёмғирли ҳавода сайр қилсак… тўйдан олдин ҳам, кейин ҳам ҳеч бундай айланишга олиб борай демайсиз-а?

– Илтимос! – деди Шодиқул буйруқ оҳангида. – Меҳмонга очиқ чеҳра билан бориб келайлик.

Самия тилини ютиб юборгандек жим бўлиб қолди. У аввал дастурхонни йиғиштириб, уйни тартибга келтирди. Кейин эр-хотин ўтириб кун ярмигача телевизор кўришди. Тушликдан сўнг узун-қисқа бўлиб йўлга тушишди. Уйлари яқинидаги бозорчадан ул-бул ширинлик, бир жуфт иссиқ патир ва икки кило қирмизи олма олишди. Самия қип-қизил олмаларни кўргандаёқ бир ютиндию Шодиқулнинг қовоқ-тумшуғига қараб индамай қўяқолди. Шу кўйи гап-сўзсиз автобусга чиқишди. Елим халтада ялтираб турган олмадан кўзини узолмаган Самия секингина:

– Уйга ҳечам қирмизи олма олиб келмагансиз-а? – деди. Шодиқул унга маъноли қараб қўйди. Самия эса гапида давом этиб:

– Севишганлар бир-бирига қизил атиргулми ё мана шундай олмами беришади, – дея маъсумгина жилмайиб эрига умидвор термулди. Сўнг Шодиқул жим кетаётганини кўриб:

– Олмадан биттасини олиб есам-чи? – деб сўради мўлтираган боладай.

– Автобусда ёш боладай олма еб юрасанми? – деди Шодиқул чимирилиб.

– Ўзим учун сўрамаяпман-ку, – бошқоронғилигига ишора қилди аёл.

– Ундай бўлса озгина сабр қил. Акмалнинг хотини шу олмадан дастурхонга қўяди, – деди.

– Қўймаса-чи?

– Ўзим айтаман. Жуда бўлмаса, ана бозор тўла олма, истасанг бир қоп олиб бераман.

Эрининг қайсарлигини билган Самия индамай ютиниб қўя қолди.

Акмал меҳмонларни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Хотини ҳам уларга манзират қилиб уй тўрига таклиф қилди. Дуодан сўнг хонтахта юзидаги ёпқични олди. Дастурхон турли ноз-неъматлар билан тўлдирилган, ҳатто нон учун ҳам жой қолмаганди. Самия ҳам, Шодиқул ҳам дастурхонга қарашлари билан ичларида: “Акмалнинг топиш-тутиши яхши экан”, – деб ўйлаб қолишди.

Дастурхон чиндан-да тўкин эди. Сара ширинликлар, турли пишириқ, сархил мевалар: узум, олма, анордан тортиб ананасу банангача. Уларга тикилиб Шодиқул ўзидан уялган бўлди. Бунча ноз-неъмат ёнида улар олиб келган нарсалар ғарибдай туюлди. Айниқса, олма. Артилгани учун ялтираб турган бўлса ҳам кичик, кўримсиз, яна жайдари!

Самия эса эридан фарқли ўлароқ, буларга заррача аҳамият бермас, кўзи тўрт бўлиб ўзлари олиб келган қирмизи олмани кутаётганди. Хаёлида ўша олма, қандай бўлмасин унга етишиш ҳақида қайғурарди. Хотинини кузатиб ўтирган Шодиқулга меҳмондорчилик татимади. Ўзини ноқулай ҳис қилди. Бу ҳам етмагандек, уйга қайтишларида Самиянинг раъйига қараб анчагача яёв юрди. Унингча, Самия бу инжиқликни хиёбонга эмас, меҳмонга борганлари учун атайлаб қилаётгандек эди.

Улар шу кўйи кетиб боришаркан Самия ҳалиям ўша хаёллари билан:

– Олмадан биттасини олиб сумкамга солиб қўйсам бўларкан, – деди.

– Яна шу гапми? – Шодиқулнинг энди росманасига жаҳли чиққанди. Эрининг авзойини кўрган Самия вазиятни юмшатиш учун:

– Сиз олиб берганингиз бошқача-да, – деди.

– Гап шунда бўлса ана бозор. Қанча олма керак? – деди Шодиқул совуққина қилиб.

– Эҳ, сиз билмайсиз-да! Кўнглим ўша олмага кетганди…

Самия гап бошлаб қўйдию яна эрини ранжитишни истамай:

– Агар қулоғими, бурними пучуқ бўлиб туғилса, ўзингиз жавоб берасиз, – деди ҳазилнамо эркаланиб. Бу гап Шодиқулга оғир ботди. Гўё туғилажак фарзанди ростдан ҳам нуқсонли бўладигандек:

– Эсинг жойидами? Тилим бор деб ҳар гапни айтаверасанми? – деди.

– Бўлмасам, нима дейин?! Ўзингиз дўхтирнинг гапини эшитдингиз-ку, кўнгли нимани тусаса, ўшани есин, деганди. Нима, мен атайлаб қилаяпманми? Автобусда битта олмани қизғандингиз… Оғзингдагини олдириб ўтирсанг одамга алам қиларкан, – деди жаҳли чиққан Самия овозини баландлатиб.

Шодиқул юзини терс буриб индамай йўлда давом этди. Самия ҳам бошқа оғиз очмади. Улар уйга етиб боргач, пешайвонда хира нур сочаётган чироқ ёруғида олдинма-кетин ичкари киришди. Қоронғи йўлакда эрининг қўлидан тутиб олган Самия унга эргашиб зинадан тепага кўтарилди. Шодиқул лифт рўпарасида тўхтаб, тугмачани босди. Бир муддат кутиб тағин такрор лифтни “чақирди”. “Тиқ” этган садо бўлмагач, Шодиқул лифт яна бузилганини билиб баралла сўкиниб юборди. Буларнинг барчасига худди хотини айбдордек Самияга қарамасдан ҳам қадамини тезлатиб тепага йўл олди. Тўққизинчи қаватга чиққунча ҳориган, боз устига бояги дилхиралик сабаб бир-бирига гапиргиси ҳам келмаган эр-хотин уйга киришлари биланоқ бири ўзини ётоққа урди, бири яна ҳаммомга. Ярим-бир соат вақт ўтиб Самия ҳам эрининг ёнига келиб ётдию ҳиқиллаб йиғлай бошлади. Шодиқул аввалига эътибор қилмади. Йиғи овози тинавермагач:

– Ҳа, яна нима? – деди.

– Олма, – зўрға жавоб берди хотини.

– Ҳалиямми?.. Нечи кило керак?

– Ўзимиз олиб борган олмадан битта бўлса етарди… Энди фойдаси йўқ! Ўша сотувчидан бошқасини олиб келсангиз ҳам бўлмайди.

Буни эшитган Шодиқулнинг жони халқумига келиб:

– Кўнглимнинг кўчаси, – деди-да алам билан бошини ёстиққа ўраб олди.

Сўнгги илинжи ҳам пучга чиққан Самия ҳамон кўзёш қиларди. Унинг йиғисига бардоши етмаган Шодиқул ўрнидан туриб, эшикни қарсиллатиб ёпганча кўчага чиқиб кетди. Бу Самияга алам қилди. Кўнглида: “Одам дегани ҳам шундай бўладими? На кўнгилга қарайди, на гапга тушунади? Қандай қилиб шундай одамни яхши кўриб қолган эканман-а?” деб ўйлади.

Бир вақт эшик қўнғироғи чалинди. Ҳовлиққанча эшикни очган хотинига Шодиқул бир жуфт қирмизи олма тутди.

– Ма, ол, – деди зарда билан. Самия беихтиёр:

– Қаердан олдингиз? – деб сўради.

– Сен учун тўғри жаннатдан олиб келаяпман. Қаердан бўларди, Акмалнинг уйидан-да! Одамни тириклай ерга тиқдинг-ку…

Самия эрининг бу гапига негадир жилмайди. Кейин олмани олди-да, қарсиллатиб тишлади. Шодиқул бир зум хотинининг аҳволига қараб турди-да, асабий илжайганча ичкари кириб кетди. Самия жайдари олманинг биттасини паққос туширгач, эри ҳақида ўйлай бошлади: “Синфдошига нима деб айтди экан? Шунча йўлга бориб келгани майли, лекин эркак боши билан иккита олма сўраш… уят! Олма бозорига ўт тушибдими, деб кулгандир жўраси ҳам?”

Аёлнинг хаёлидан шу ўйлар ўтаркан, кўксида ажиб туйғулар жимирлаётганини пайқади. Бу хурсандчиликми, қайта оловланган муҳаббатми ёки дунёга келажак кичкинтойининг инжиқликларидан орзиқишми, ҳатто ўзи ҳам билмайди нималигини. Лекин бу – ширин туйғу. Шу дамда эрини илк учрашган пайтидаги каби яхши кўришини ҳис этди. Кейин ётоққа кириб кўрпага ўраниб ётган Шодиқулга меҳр билан термулди…

 

Бобо РАВШАН

 

“ЎзАС”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.