Инсон

0
235
марта кўрилган.

Кекса файласуф соҳил бўйидаги хиёбонда денгизга яқин қўйилган ўриндиқлардан бирининг ёнида тўхтади. Бармоқлари билан оқ, жингалак сочларини тараб, билинар-билинмас хўрсинди. Кўзлари ноъмалум нуқтага қадалганча қотди. Кейин “Эҳ дунё, дунё” деганча ўриндиққа чўкди.

У машҳур олим, дунёга донғи кетган академик эди. Жамиятни тараққий эттириш борасида доҳиёна фикрлари ила элга танилган эди. Жилд-жилд китоб ва дарсликлар яратган. Ўғил-қизлари ҳам ота изидан бориб, илм йўлини танлаган эдилар. У ҳамманинг назарида бахтиёр инсон эди.

Кекса файласуф ҳаммага ўхшаб фикрламасди. Ҳозир ҳам денгизга термулганча, босиб ўтган йўли, дунёнининг ўткинчи ва бевафолиги ҳақида ўй сурмоқда эди.

– Амаки. Худо йўлига хайр қилинг!

– Кекса олимнинг қаршисида 7-8 ёшлар чамасидаги юпун кийинган бир бола қўл чўзиб турарди.

– Олим аввал нима қиларини билмай турди. Болани қувиб юборишни ҳам 4-5 танга садақа бериб жўнатишни ҳам билмасди. Ногоҳ бу гўдак билан суҳбатлашиш, уни бу нолойиқ йўлдан қайтариш фикри туғилди.

– Бу ёққа кел, болам! Ўтир ёнимга.

Бола индамай, унинг айтганини қилди.

– Отинг нима?

– Инсон.

– Нима? Шунақа исм ҳам бўларканми?

– Билмасам.

– Бу исмни сенга ким қўйган? Инсон ўзини бунчалар ерга урмаслигини айтмаганми онанг?

–…

Қариянинг кайфияти бузилди. У суҳбатининг қур олмаслигини англаб, болага жавоб бериш учун чўнтак ковлади. Аксига олиб, майда тополмади. Кейин гуноҳкор қиёфада боланинг юзларига тикилди. Унинг нигоҳлари лоқайд эди. Кетиш учун ўрнидан турди. Бироқ кекса файласуф болани қуруқ қўл билан қайтаришни истамасди. Ҳамёнини чиқариб, ўн манатлик тутқазди.

– Анави музқаймоқ сотаётган аёлга олиб бор. Майдалаб берсин. Бир манатини ўзингга олиб қоласан. Қолганини олиб қочиб кетмассан, ҳарқалай?

– Олиб қочиб кетаман!

Қариянинг жаҳли чиқиб, пул тутган қўлини тортиб олди. Ҳайрат билан боланинг кўзларига тикилди. Боланинг қиёфасидаги аввалги бефарқ ифода йўқолмаганди.

– Бўлмаса, бор, ишингни қил, Инсон!

Бола қимирламай тураверди. Қариянинг ғаши келди. Болани сўкиб, ҳайдамоқчи бўлди. Унинг кўзларида аллақандай мавҳум учқун сақнаб турарди. Бу учқун қариянинг ҳам кўнглига недир қур солгандек бўлди. Фикридан қайтди. Ҳамон қўлида тутиб турган пулни яна болага узатди. Бу гал мулойимлик билан гап қотди:

– Майли, болам, олақол. Ҳаммаси сенга!

Бола пулни олиб қариядан узоқлашди. Олим анчагача фикрини бир жойга жамлолмай турди. Қизиқ, боланинг нимаси уни ўзига боғлаб қўйдийкин? Нега унинг юраги бирдан бу қадар юмшаб кетди? Бу марҳамат ҳиссимиди ёки ғазаб? Кимдан. Нима учун ғазабланиши керак? У болани дарров жўнатиб юборганидан хийла афсусланди. Ўнгу сўлига қайрилиб қаради. Бола кўринмасди. Кейин яна бошини эгганича ўзининг хаёлий оламига ғарқ бўлди.

…Кўп ўтмай, қадам товушларидан сергакланиб бошини кўтарди. Қаршисида бояги болакай турарди. Аввалига қувонди, кейин таажжубланди. Яна бир лаҳзадан сўнг ич-ичидан ғазаб тошгандек бўлди. Болага қараб бақириб берди:

– Ҳа? Яна нимага келдинг? Тинчгина ўтиргани қўясанми, йўқми?

Қария зарда билан туриб кетмоқчи бўлди. Болакай қўлини нимшод шимининг чўнтагига солиб, бояги ўнталикни чиқарди ва қарияга узатди:

– Манг, амаки, олинг пулингизни!

Кекса файласуф ҳайратдан қотиб қолди.

– Нега? – сўради паст овозда.

– Ойим “Обориб бер, бу одамнинг пули бизга керак эмас, ўзига кафанлик олсин”, дедилар.

– Онанг қани? – қариянинг юраги музлаб кетгандек бўлди. Ўрнидан турмоқчи эди, бели зирқираб кетди.

– Ана, кетаяптилар-ку!

– Бор, тез бориб, онангни қайтариб кел! – деди қария ҳаяжондан нафаси бўғзига тиқилиб.

– Келмайдилар, ойим сизни қарғайдиларку!

– Онангнинг оти нима?

– Наргиз.

– Наргиз? – файласуф хаёлга толди.

Наргиз! Бу исм файласуфнинг виждонидаги қора доғ мисол муҳрланиб қолган.

…Саккиз йил илгари ҳеч кими йўқ. Узоқ қишлоқдан келган бир қиз ўғлининг тўрига илиниб қолганди. Албатта, ўғли ҳам бироз ёшлик қилган, ҳирсини жиловлай олмаган. Қизнинг бўйида бўлиб қолган. Иш ҳатто судлашишгача бориб етди. “Адолат” судининг “адолатли” қозиси машҳур файласуфнинг ҳурмати юзасидан, нозик одамларнинг аралашуви туфайли “одилона” қарор чиқарди. Наргиз ҳурматли бир оиланинг шаънига доғ туширгани, туҳмат қилганлиги учун бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

…Кекса файласуф ҳукмни қайта тинглаётгандек бўлди. У сесканиб бошини кўтарди. Бола онасининг орқасидан кетиб борарди.

– Инсон! – кекса файласуфнинг овози соҳил бўйлаб ёйилди.

Бола орқасига ўгирилиб қаради. Лекин йўлидан қайтмади. Қариянинг наздида бола билан бирга юрагининг бир парчаси узилиб бораётгандек бўлди. У она-болани орқага қайтариш учун ҳамма нарсага ҳозир эди. Лекин Наргиздан ҳам, Инсондан ҳам у анча илгари, бундан саккиз йил муқаддам ИНСОНлигини йўқотган дамдаёқ жудо бўлган эди.

Инсон унинг келажаги эди. У келажагини йўқотганди. Хўш, унинг ўрнига нима топди? Кекса файласуф яна қўллари билан оқ сочини таради. Ўнг қўлида турган ўнталик кафтини худди чўғдек куйдирарди…

 

Улви Юсуф

 

Озарбайжон тилидан

Рустам Жабборов

таржимаси

 

“Ижод олами”, 2018/6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.