Имон

0
621
марта кўрилган.

“Домимиз”нинг биринчи қаватида Клава хола деган кампир туради. Ҳеч ким уни отасининг исмини қўшиб “Клавдия Фалончиевна” деб атамайди. Клава хола – ҳамма учун Клава хола. Бечора ҳаётда омади юришмаган хотин. Заводда ўттиз йил ишлаган. Ёшлигида бева қолган. Ёлғиз ўғлини деб умрини ўтказган. Айтишларига қараганда, ўғлини режим билан овқатлантириб, режим билан ухлатиб ўстирган экан. Битта фарзанддан ҳам буюрмади. Ўғли уйланиши билан хотининикига кўчиб кетди. Шундан кейин Клава хола асабийроқ бўб қолди. Эшик тагида ўтириб, уззукун ҳаммага дашном бергани-берган.

 – Ҳой пиёниста, эрталабдан заҳарингга барматуха ичгандан кўра болангга икки пакет сут оберсанг бўлмайдими?

 – Ҳой олифта, машинангни подъезд тагига қўйма, бу ер сенга гаражмас!

Баъзан кичкина қизалоғим эшикдан ҳасрат қилиб кириб келади.

 – Клава хола мени дурочка деди.

 – Нима қилувдинг?

 – Самокатни тез учирганмишман.

 – Ҳа, энди, ўзинг ҳам тез учмагин-да…

Клава холанинг овози бир кун чиқмай қолган эди, дарров билинди. Суриштирсам, касалхонага тушибди. Буйраги хаста экан. Бечоранинг ҳаммага дашном бериб ўтиришиям бир давлат экан. Бутун “дом” зерикиб қолди. Икки ҳафтача ўтгандан кейин Клава хола билан ёнма-ён турадиган қўшнимиз эшик тақиллатиб келди.

 – Юз сўм қарз бериб туринг, – деди илтимос қилиб. – Клава холага уч юз сўм керак бўлиб қопти. Икки юзини қўшнилардан йиғдик.

 – Нимага керак бўпти?

 – Аниғини билмайман, – қўшним елкасини қисди. – Аммо жудаям зарурмиш.

Бердим. Орадан бир ойча ўтгач, Клава хола қайтиб келди. Уй тагидаги ҳарракда шумшайиб ўтирибди. Ранги бир ҳолатда. Одамларга дашном берадиган ҳолиям йўқ.

 – Вой-бў, ёшариб кетибсиз-ку! – дедим кўнглини кўтариш учун.

Клава хола инқиллаб ўрнидан турди.

 – Раҳмат, ўғлим, – деди негадир таъзим қилиб. – Катта ёрдам бердинг. Пулингни қайтараман. Пенсиямдан бераман. Йиғиб-йиғиб.

Шундоқ шаддод кампирнинг таъзим қилиб туриши ғалати таъсир қилиб кетди.

 – Қизиқмисиз, мен сизга пулни гапираётганим йўқ-ку. Тузукмисиз, ўзи?

 – Операциядан яхши чиқдим, – Клава хола маъюс жилмайди. – Пул бермасам бўлмади.

Ҳайрон бўлдим.

 – Кимга?

 – Ким бўларди, врачга!

Беихтиёр ёнига ўтириб қолдим.

 – Кимга дейсиз?

 – Врачга! – Клава хола менинг соддалигимдан афсуслангандек оҳиста бош чайқади. – Уч юз сўм бермасам бўлмасди. Операция қилмасди. Қилсаям, ярим йилдан кейин ўладиган қилиб кесарди.

Ростини айтсам, товонимдаги жоним ҳиқилдоғимга келди.

 – Нима, хирург сиздан пул талаб қилдими? Ким ўша врач? Фамилияси нима?

 – Э, болам, қўйсанг-чи! – Клава хола қўл силтади. – Фамилиясини айтганим билан нима ўзгарарди?

Гарангсиб қолдим.

 – Нима, врач сиздан ростдан ҳам пул сўрадими?

 – Ой синок, синок! – Клава хола оғир бош чайқади. – Сўрагани йўқ, сўрагани йўқ. Фақат сешанба куни операция қиламиз, дейди-да, жумага қолдиради, жума куни операция қиламиз дейди-да, сешанбага қолдиради. Одаммисан демайди. Охири палатадаги касаллар ўргатишди. 300 сўм берсангиз, дарров столга олади, дейишди. Пул беришим билан муомаласиям ўзгарди, ўзиям бошқача бўп қолди. – Клава хола маҳзун кулиб қўйди. – Нимаям дердим. Врач ҳам одам. Ундаям нафс бор. Бир оғиз раҳмат деган сўзингга муҳтожми. Болнитсага ётишга ордер оламан, десанг, қўлингга қараб туради-ку. Бу-ку бутун бошли операция.

Дунёда ҳар хил аблаҳлик бор. Лекин беморни даволаш учун пора олиш…

Орадан икки ҳафтами, уч ҳафтами ўтгач, жиянимнинг тўйи бўлди. Невропатолог бўлиб ишлайдиган узоқ қариндошим билан ёнма-ён ўтириб қолдик. Клава хола эсимга тушди. Қариндошимга бор гапни айтиб бердим. Мен унинг тутақиб кетишини кутиб турардим. Қизиқ, қариндошим тутақмади. Хотиржам елка қисиб қўя қолди.

 – Аввалбоши сен айтгандақа врачлар кўпмас. Шоли курмаксиз бўлмайди. Қолаверса, докторларга ҳам қийин. Ўн олти йил эшакдек ўқиб, 140 сўм олади. На кечаси тинчлик бор, на кундузи. Ўша 140 сўм савил қолгурни савдо ходими бир кунда топади. – Қариндошим кулимсиради. – Яшаш ҳам керак-ку, акаси бўйидан. Ундан кейин… Қўлидан тутмагунча нима дейсан? Пора бердим, деб қайси мард айтади. Айтса ўзи қия бўп кетади-ку.

Бутунлай эсанкираб қолдим. Наҳотки, олий маълумотли врач ўзини чайқовчи билан тенглаштирса! Ахир давлат уни ўн олти йил бекорга ўқитдими, бекорга стипендия бердими? Унақа бўлса, ана, халатини ечиб ташласин-да, чайқовчилик қилсин!

Йўқ, мен бу гапларни айтганим йўқ. Бироқ, қариндошим қизариб-бўзариб кетганимдан ҳаммасини тушунди.

 – Масалан, мен унақа дўхтирмасман, – деди елкамга қоқиб. – Арзимаган нарсаларга бунақа тажанглик қилаверсанг, невростения бўлиб қоласан. – У кўзимга синчиклаб қаради. – Мабодо юрагинг санчимайдими? Яхшиси эртага олдимга бор. Бир текшириб кўрамиз.

Қариндошим яна бир марта мулойим жилмайиб қўйди. Қадаҳдаги конякни ичиб, лимон билан газак қилди. Шунда беихтиёр тағин болалик хотиралари ёпирилиб келди. Ачинска деган дўхтир лоп этиб ёдимга тушди.

Доим оппоқ халат кийиб юрадиган, оппоқ сийрак сочлари нуроний юзига қандайдир файз бағишлаб турадиган бу одамнинг асл фамилияси Ачинский эканини кейин билганман. Уни биринчи марта кўрганда роса қўрққанман. Кичкина эдим, ҳали мактабга қатнамасдим. Кузда елкамга яра чиқди. Ойим қизил пиёзни қўрга кўмиб босди. Не азоб билан яра ёрилди-ю, ёнидан яна иккитаси чиқди. Энди пиёз ҳам, хамиртуруш ҳам ёрдам бермай қўйди. Бутун баданимни яра босиб кетди. Тағин ҳар биттаси тухумдек келади. Охири дадам ойимга “Ачинскага опчиқмасанг бўлмайди”, деди. Эртасига ойим мени етаклаб дўхтирхонага оборди. Акаларим: “Ачинска мана бундоқ нина билан укол қилади”, деб қўрқитиб қўйгани учунми, каталакдек хонага кирдиму дори ҳидини сезиб ҳиқиллаб йиғлаб юбордим. Хонадаги курсиларда бири йўталган, бири шилпиқ кўзини ҳадеб кир қийиқчанинг учига артаётган касаллар тизилиб ўтиришарди. Ҳар ким мени ўзича юпатар, мен бўлсам баттар йиғлардим. Шу пайт эшигига парда тутилган ичкари хонадан сочи оппоқ, юпқа кўзойнак таққан халатли киши чиқиб келди.

 – Ким йиглайди? – деди у ўзбекчани бузиброқ талаффуз қилиб.

Ачинска дегани шу эканини билдиму баттар қўрқиб кетдим. Ойимнинг пинжига тиқилдим. Шилпиқ кўзли киши ўрнидан турган эди, дўхтир қўли билан имо қилиб тўхтатди.

 – Очеред балага, – деди-да, негадир жилмайди. Шунда кўзойнак ортидаги кўм-кўк кўзларида қандайдир эркаловчи табассум пайдо бўлди. – Ай-яй-яй! – деди бош чайқаб. – Угил бала йигламайди. – У яна жилмайди. – Ох какой якши бала!

Ачинска қўлимдан тутган эди, беихтиёр эргашдим. Деразасига оппоқ парда тутилган хонага кирдик. Ойим кўйлагимни ечди. Дўхтир ҳозир укол қилади деб, капалагим учиб кетди. Бироқ, у укол қилмади. Бармоғи билан яраларни авайлаб, пайпаслаб кўрди. Кейин аллақандай жигарранг сассиқ дори сурди. Агар шундаям тузалмаса қон қуямиз, деб ойимга тушунтирди. Чиқиб кетаётганимизда яна бир жилмайиб қўйди.

 – Якши бала. Маладес бала!

…Қишда шу одам бизга яна бир яхшилик қилди. Эсимда, ўша йили қиш жуда қаттиқ келди. Билмадим, эҳтимол, ўтин-кўмиримиз бўлмагани учун шундай туюлгандир. Ҳарқалай дераза у ёқда турсин, эшигу деворларни ҳам қиров босиб ётар, ҳаммамиз чопон, телпак кийиб ухлардик. Танчага оёқ тиққан билан бефойда: сандал писиллайди. Кўрпа теккан жойини чаёндек чақади. Ичидан иссиқ ўрнига совуқ чиқаётгандек. Устига-устак бир куни кичик акам кўчадан ҳаммаёғи шалаббо бўлиб келди. Болалар билан Қонқусда яхмалак учаётган экан, сирғаниб музнинг ёриғидан анҳорга тушиб кетибди. Ўртоқлари амаллаб тортиб олишибди-ю, югуриб уйга етиб келгунча кийимлари тарашадек музлаб қопти. Ойим дарров уни кўрпага ўради. Тоғолча билан туршак қайнатиб ичирди. Аммо кечқурунга бориб, акамнинг иситмаси кўтарилиб кетди. Ҳадеб йўталади.

Кечаси унинг алаҳлашидан мен ҳам уйғониб кетдим. У нуқул ўзини у ёқдан-бу ёққа ташлар, “олов ёниб кетди, оловни ўчиринг”, деб типирчилар эди.

Эртасига эрталаб дадам аррани эговлади. Катта акамни эргаштириб, ташқарига чиқиб кетди. Мен ҳам таги кўчган этигимни кийиб уларнинг кетидан югурдим. Кун совуқ, осмондан заҳардек аччиқ зарралар ёғилар эди. Дадам билан акам қалин қорни ғарч-ғурч босиб, томорқага чиқишди. Шундоқ девор ёнида ўсган, ярми қуриган қайрағоч тагига боришди. Қор устига қоп ёзиб, чўккалаб ўтирганча, қайрағочга арра солишди. Дарахт шохидаги қорлар дув этиб тўкилди. Бироқ, қайрағочнинг пўсти музлаб қолган – арра ҳадеб сирғаниб кетади. Ҳеч из тушмайди. Унга сайин дадамнинг жаҳли чиқади. Арра бир оз ботганидан кейин иш яна қийинлашди. Акам ҳар арра тортганида, бутун гавдаси билан нари бориб, бери келади. Арра ҳадеб камалакдек қийшаяди. “Жинг-жинг” деб овоз чиқаради. Дадам яккаш дашном беради:

 – Аррани силтаб тортма. Жон борми, ўзи!

Акам шўрлик бирпасда терлаб кетди. Ўзи терлаб кетгану қўли совқотади. Дам-бадам куҳ-куҳлаб, кафтини иситади. Бурнини тортади… Ниҳоят, қайрағоч гурсиллаб йиқилди. Тарвақайлаб ўсган шохлар ерга урилиши билан атрофга қор сачраб кетди. Ана энди менгаям иш топилди. Майда шохларни теша билан чопа бошладим. Иш айни қизиганда, кутилмаган воқеа рўй берди. Бири оқ, иккинчиси қизғиш жийрон от бурнидан буғ чиқариб, тепамизда гижинглаб турар, бошини силтаб-силтаб, сувлиғини шиқирлатарди. Нотаниш одамлар келганини пайқамай қолган гуржи кучугим аллақаердан пайдо бўлди-ю, айбини оқлаш учун бўлса керак, қор ичида бир кўриниб, бир кўринмай пилдираганча отлар атрофини айланиб акиллай бошлади. Отлар итга кўзини олайтириб қараб қўяр, пишқириб, пашша қўригандек думини силкитарди.

Жийрон минган чарм палтоли Далавойни дарров танидим. Уни ҳамма танир, ҳамма қўрқарди. У ҳали налугчи бўлмаган, лекин одамлар уни “нозик” жойда ишлайди дейишарди. Оқ отли киши эса поча-пўстин кийган, тулки телпагини бостириб олган, қовоғи солиқ эди.

 – Ишлар катта-ку! – деди Далавой отдан тушмасдан.

Негадир дадамнинг ранги ўчиб кетди. Арра қўлидан тушиб қорга кўмилиб қолди.

 – Келинглар, меҳмонлар, – деди эсанкираб.

Аввал Далавой билан, кейин почапўстинли киши билан қўшқўллаб кўришди. Икковлари ҳам эгарда ўтирганча, истар-истамас қўл чўзишди.

 – Қани уйга, – деди дадам қўлини кўксига қўйиб. – Бир пиёла чойимиз бор.

Далавой ингичка сарғиш мўйловини чимчилаб дадамга бир қараб қўйди-ю, меҳмонга юзланди.

 – Нима қилдик, ўртоқ Тошев? Бориб турган жиноят-ку бу!

Дадам бутунлай довдираб қолди.

 – Нима гуноҳ қилдим, укам, – деди Далавойга. – Айбим бўлса айтинг, бенавотман.

 – Тағин ўзини гўлликка солади-я! – Далавой тиши орасидан чирт этиб тупурди. – Рухсатингиз борми? – деди овози темирдек жаранглаб.

 – Нимага? – Дадам мадад кутгандек энди меҳмонга юзланди. – Нимага рухсат олишим керак, ўртоқ Тошип?

 – Дарахт кесишга! – Далавой шиддат билан отдан сакраб тушди. – Қани қоғозингиз?

 – Қанақа қоғоз? – Дадам гоҳ Далавойга, гоҳ поча-пўстинли меҳмонга жавдираб қарай бошлади. – Ахир… Ахир бу ўзимнинг томорқамдаги дарахт-ку. Мана қаранг, қуриб қолган. – У гапининг ростлигини исботлаш учун билакдек шохни махси-калишли оёғи билан бир тепган эди, қарс этиб синди. – Кўрдингизми, қуриб қолган. Кузда кесиб олмоқчи эдиму, вақт бўлмади. – У боядан бери бурнини тортиб турган акамга дашном берди. – Нега анқайиб турибсан? Бор ойингга айт, чой қўйсин, меҳмонлар келди, дегин.

Акам иккаламиз тиззагача қорга ботиб, олдинма-кетин уйга югурдик. Гуржи кучугим ҳам қорда кўмилганча кетимиздан чопди. Ойим ҳамон иситмалаб ётган кичик акамнинг бошида мунғайиб ўтирган экан.

 – Ойи, Далавой келди! – деди акам ҳовлиқиб.

Ойим сакраб ўрнидан туриб кетди.

 – Вой шўрим! Эрталабдан буён ўнг қовоғим учаётган эди-я. Бу кўргулик ҳам бор экан.

У бирпасда ҳужрадан туршак, жийда, иккита зоғора олиб чиқди. Сандал устига ямоқ дастурхон ёзди.

Зум ўтмай уйга ранги ўчган дадам, кетидан Далавой билан поча-пўстинли меҳмон кириб келишди. Ойим Далавойга пешвоз чиқди.

 – Келинг, оповси, яхши юрибсизми, келиним яхшимилар? – деди овози титраб. – Кираверинглар. Йўқ, йўқ, пиймангизни ечманг, уй совуқ.

Далавой пиймасининг қорини қоққан бўлди-да, кигиз устидан юриб, сандал четига борди.

 – Ҳозир чой қайнайди, ўргилай! – Онам ташқарига чиқиб кетаётган эди, Далавой тўхтатди.

 – Овора бўлманг, биз кетамиз, – у акамга юзланди. – Сиёҳ-ручканг борми?

Акам токчадан сиёҳдон, “қурбақа” пероли ручка олди.

 – Нима қиляпсиз, айланай? – ойимнинг ранги докадек оқариб кетди.

 – Ўйнаяпман! – Далавой пиймасининг қори билан сандал четидаги кўрпачага чўккалади. – Кўриб турибсиз-ку, нима қилмоқчилигимни! – У остонада турганча, папирос чекиб, уй ичини жирканиброқ томоша қилаётган поча-пўстинли меҳмонга қаради. – Ўзим ёзаверайми?

Меҳмон “маъқул” дегандек бош ирғаб қўйди.

Далавой чарм палтосининг ич чўнтагидан қоғоз олди. Ручкани сиёҳдонга ботирган эди, қирс этган овоз чиқди. У жаҳл билан яна ботирди. Перога сиёҳ ўрнига муз илашиб чиқди.

 – Қанақа ўқувчисан, ўзи? – Далавой сарғиш қошини чимириб, акамга қаради. – Сиёҳинг музлаб қопти-ку.

Тўсатдан ойим йиғлаб юборди.

 – Нима қилайлик, ўргилай, – деди илтижо билан. – Совуқни кўрмайсизми? Манавиниси уч кундан буён ол кет, ол қўй бўлиб ётибди. – У сандал четида ётган кичик акамга имо қилди. – Болагинамдан айрилиб қоламан шекилли.

Далавой ручкани яна музлаган сиёҳдонга ботирган эди, онам унинг қўлига ёпишди.

 – Ёзманг, жон укам, ёзманг, раҳмингиз келсин.

Далавой ижирғаниб, қўлини силтаб тортди. Кулранг кўзлари қисилиб кетди.

 – Тортинг қўлингизни! – деди шиддат билан.

 – Ҳўв! – дадамнинг таҳдидли овозини эшитиб, бурилиб қарадиму қўрқиб кетдим. Унинг юзида бояги ялинчоқ ифодадан асар ҳам қолмаган, кўзи ғазабдан чақнар эди.

 – Ҳўв, олифта! – деди яна ўша таҳдидли оҳангда. – Тур ўрнингдан! Худо бўлсангам пиймангни еч. – У бир ҳатлашда Далавойнинг тепасига кел-ди. – Еч деяпман. Тиқ оёғингни танчага! Тиқиб кўр, ўтириб кўр бирпас!

Далавой беихтиёр ўрнидан туриб кетди. Эсанкираб қолган меҳмонга бидир-бидир қилиб гапира бошлади:

 – Эшитдингиз, ўртоқ Тошев? Гувоҳ бўласиз! Хизмат бурчимни бажараётганимда ҳақорат қилди. Актга шуниям қўшамиз.

 – Дарахтни катта холанг экиб қўйганмас! – Дадамнинг мўйлови титрай бошлади. У қаттиқ ғазабланса, мўйлови титраб кетарди. – Қани, туёғингни шиқиллат! – деди таҳдид билан.

 – Нима, урмоқчимисан! – Далавой кулранг кўзларини йилтиратиб, ғазабнок пичирлади. – Қани чертиб кўрчи. Етти пуштингни қуритиб юбораман!

 – Йўқол деяпман! – Энди дадамнинг бутун вужуди титраб кетди.

 – Эшитдингиз-а, ўртоқ Тошев? Бу гапниям эшитдингиз-а? – Далавой эшик томон тисарилиб бораркан, меҳмонга қараб, гапини тасдиқлатиб олди. – Ёзамиз, ҳаммасини ёзамиз!

Онам илтижо билан Далавойнинг елкасига осилди.

 – Жон укам, кечиринг, жон укам! Илоё мартабангиз бундан ҳам улуғ бўлсин!

Далавой бир силтаб унинг кафтини елкасидан олиб ташлади. Онам энди поча-пўстинли кишига ёлбора бошлади.

 – Жон хўжайин, кўнглингизга олманг, адаси билмасдан гапириб юбордилар.

 – Ялинма деяпман! – дадам шундай ҳайқирдики, муз босган деразалар зириллаб кетди. Боядан бери кўзини очолмай ётган кичкина акам олазарак бўлиб, атрофга жавдирай бошлади.

 – Ойи, сув, – деди овози хириллаб.

Ташқарида туёқларнинг бўғиқ дукири эшитилди. Уй ичи ўлик чиққандек жимжит бўлиб қолди. Дадам ҳамон мўйлови учганча пишқириб нафас олиб, уй ўртасида турар, ойим остонага ўтириб қолган, катта акам дераза олдида турганча ташқарини томоша қиларди. Бешик ғичирлаб, укам ғингший бошлади. Бироқ онам ўрнидан турмади.

 – Ёмон иш бўлди, – деди секин. – Энди судга беради.

Дадам уй ўртасида анчагача қотиб турди-да, индамай чиқиб кетди. Бир оздан кейин томорқа томондан болтанинг қарсиллаган овози келди.

Қайрағочнинг чўғи ҳам ўрикникига ўхшаган баланд бўларкан. Сандал исиши билан жон кириб, юзимиз қизариб қолди. Фақат дадамнинг қовоғи очилмади. Онам акамнинг бошидан жилмас, нуқул хўрсинар, “ўзинг асра”, деб қўярди. Кечки овқатни опам қилди. Қоронғи тушгандан кейин акамнинг аҳволи оғирлашди. У энди алаҳламас, ҳаво етишмаётгандек қисқа-қисқа нафас олар, дам-бадам чўчиб тушар эди. Онам унсиз юм-юм йиғлар, дадамга илтижоли термиларди. Охири бўлмади. Дадам эски чопонини кийди, бошига телпагини бостирди. Ойим қаёққа дегандек қараган эди, қисқагина қилиб:

 – Ачинскага! – деди.

 – Келмайди. – Онам зорланиб бош чайқади. – Ярим кечада қор кечиб келармиди?

Дадам эшикни қарсиллатиб ёпганча чиқиб кетди. Уй ичига юракни сирқиратувчи сукунат чўкди. Ҳужрадаги соат чиқиллайди, акамнинг қисқа-қисқа нафас олиши эшитилади. Деразага қуруқ қор учқунлари зириллаб урилади. Аллақайси тешикдан ҳувиллаб совуқ киради. Иссиқ сандал элитди шекилли, ухлаб қопман. Бир маҳал ташқарида итнинг акиллаши, дадамнинг “ёт” деб бақиришидан уйғониб кетдим. Кимдир йўлакда гурсиллатиб ер тепинди. Оғзидан буғ чиқиб турган дадам кириб келди. Кетидан узун шинел кийган, қулоғини шарф билан ўраб олган Ачинска кирди. Оқ халати бўлмаса ҳам, кўзойнагидан танидим. Дадамнинг мўйлови, докторнинг қоши қордан оппоқ бўлиб кетган эди.

Ойим дарров ўрнидан турди. Салом берди. Ачинска шинелини ечиб, елкасига қўнган қорни кавшандозга қоқди. Қулоғини ўраб олган шарфни ечган эди, оппоқ сийрак сочлари пешонасига ёйилиб тушди.

 – Настояший Сибир! – деди негадир жилмайиб. Сандал четига чўккалаб қўлини танчага тиқди. Дадамнинг қўлида кичкина чамадон борлигини энди кўрдим. Ачинска қўлини бир оз иситгач, музлаб қолган кўзойнагини рўмолчаси билан артди.

 – Иссик сув бар? – деб сўради онамга қараб.

Онам самоварни янгилаш учун дарров ошхонага югурди. Доктор акамнинг кўйлагини ечиб, “алё-алё” қилиб кўрди. Секин бош чайқаб қўйди. Қиёфаси жиддий эди. Кейин чамадондан ялтироқ қутича олди.

Укол қилиш учун дори тўлдираётганда акам ҳозир дод солади, деб турган эдим, бироқ у акамнинг иштонини тушириб, укол қилганида акам додламади. Ғингшиб қўйди холос. Чамаси оғриқни пайқамади ҳам.

 – Ничего, – деди Ачинска дадамни юпатиб. – Якши бала. Тузалади.

Чиндан ҳам кўп ўтмай, акам кўзини очди. Бироқ, доктор иккинчи уколни қилаётганда йиғлаб ҳаммаёқни бузиб юборди. Ачинсканинг жаҳли чиқмади.

 – Всё, всё, – деди жилмайиб. – Угил бала йигламайди.

Кейин дадам икковлари сандал четида ўтириб, чой ичишди. Уруш ғалаба билан битгани, энди нон кўпайиши, яна алланималарни гапиришди. Кўзим юмилиб кетаётган бўлса ҳам доктор акамни яна нима қилишини билгим келиб, чидаб ўтирардим. Дадам гап орасида бугун ўтган воқеани ҳам айтиб берди. Ачинска қошини чимириб, бир зум ўйга толди. Кўм-кўк кўзларига жиддият чўкди. Бироқ, қўл силтаб қўя қолди.

 – Чепуха! Хиш нима килмайди.

Ниҳоят у сарғиш қоғозга ўралган аллақандай дорини мажбур қилиб акамга ичирди. Яна тўрт-бешта шунақа қоғозлардан қолдирди. Ўрнидан тураётган эди, дадам онамга имо қилди. Онам ҳужрага илдам кириб кетди-да, зум ўтмай, оғзи боғланган чоғроқ халта кўтариб чиқди.

 – Айбга буюрмайсиз, дўхтир, – деди дадам халтани Ачинскага узатиб. – Пул йўқ эди.

Ачинска шинелининг бир енгини кийган жойида туриб қолди.

 – Бу нима? – деди халтага имо қилиб.

 – Туршак, – дадам хижолат чекиб, илжайди. – Қантак ўрикники. Қоқ қуруқ. Бўйрада қуритганман. Биттасиям ерга тушмаган.

Ачинска енги кийилмаган қўли билан халтани нари сурди.

 – Балага компот килинг. Иситма тушади. Якши бўлади.

Энди дадам астойдил ялина бошлади:

 – Йўқ деманг, дўхтир. Ўз қўлим билан қуритганман. Чодирга қоқиб қуритганман.

Гапга ойим аралашди.

 – Маржангизга оборасиз, дўхтир, падарка…

Ачинска кескин бош чайқади.

 – Балага компот килинг. – Шундай деди-ю, халтани деворга суяб, этигини кийди-да, ташқари чиқди. Дадам шоша-пиша унга эргашди.

 – Илоё барака топинг, – деб қолди онам эшикдан мўралаб. – Бола-чақангизнинг роҳатини кўринг.

Яна сукунат чўкди. Аммо энди бу боягидек кўнгилни ғашловчи жимжитлик эмас эди.

Эртасига кеч уйғондим. Катта акам мактабга кетган, кичик акам сандал четида ёстиққа суяниб ўтирганча, сутчой ичар, дадам билан ойим тумшуғидан чак-чак сув томаётган эски самоварни ўртага қўйиб гаплашиб ўтиришарди. Қор тинган, ташқарида қуёш чарақлаб кетган шекилли, уй ичи ёп-ёруғ эди. Энди сутчойга зоғора нон ботириб ейишга киришган эдим, ташқарида кучугим жонҳолатда акиллай бошлади. Эшик шарақлаб очил-ди-ю, остонада Далавой пайдо бўлди. У кечаги чарм палтосида, кечаги пиймасида эди.

Дадам билан ойим бир сесканиб тушишди. Ҳозир жанжал бўлишини билиб, менинг ҳам юрагим орқага тортиб кетди. Бироқ ҳеч қанақа жанжал бўлмади. Далавой остонада туриб, негадир жилмайди.

 – Ассаломалайкум! – деди баланд овозда. Шунда унинг жудаям қўрқинчли одам эмаслигини пайқадим. Дадам рангига қон югуриб, аста ўрнидан турди.

 – Келинг, келинг, – деди-да, бориб кўришди. Ойим дарров дастурхонга жийда, ёнғоқ келтириб қўйди. Далавой бу сафар пиймасини ечиб чиқди. Онам янги кўрпача бўлмагани учун сандал тўридаги кўрпачанинг орқасини ўгириб, қайтадан ёзди. Дадам меҳмоннинг орқасига ёстиқ қўйди. Далавой пиёлани айлантириб-айлантириб, чой ҳўпларкан, менга қараб кўзини қисди.

 – Қалай, полвон!

Уялганимдан ерга қараб олдим. Шунда ундан аллақандай қўланса ҳид келаётганини пайқадим.

 – Ўзизам жа ҳалигидақа одамсиз-да ока! – Далавой дадамга юзланиб, баралла овозда кулди. – Қилар ишни қип қўйиб, тағин одамни сўкиб ўтирибсиз, ока.

Дадам узрли қиёфада елкасини қисди.

 – Энди, укам, жаҳл чиққанда, ақл кетади…

 – Ўзиям жа, каттасини ағдарибсиз-да, ока! – Далавой негадир яна кулди. – Ҳа, энди шунақа экан, бир оғиз айтмайсизми, шу ишни шундоқ қилмоқчиман, деб. Ахир жаҳон бедарвоза эмас, тартиб бор, закун бор…

Дадам хижолат чекиб, дастурхон четини ҳимара бошлади.

 – Энди, укам, биз бир пўристой одаммиз. Бунақа қонунларни тушунмасак, бу ёқда болалар совуқда қолди.

 – Шу-да энди, ока! – Далавойнинг милки қизариб кетган кулранг кўзларида самимий табассум ўйнади. Дадамнинг елкасига қоқди. – Бир оғиз маслаҳат солсангизу ҳаммасини законний қилардик.

Боядан бери индамай чой қуйиб узатаётган онам энди гапга аралашди.

 – Бу одам билмабдилар-да, жон укам, гуноҳларидан кеча қолинг.

Далавой ойимга қарамади, дадамга тикилганча, жиддий тортди.

 – Энди, ока, биз бир жойнинг одамимиз, от тепкиси отга ўтмайди.

 – Раҳмат, укам, – дадам яна бошини хам қилди. – Сиз бизларни сийласангиз, сизни Худо сийласин.

 – Мен-ку шу ернинг одамиман, – Далавой овозини пасайтирди. – Аммо ўртоқ Тошевнинг олдида, шу иш шундоқ бўлгани чатоқ бўлди. Катта одам. Қаматмагунча қўймайман деяпти. Иккаламизни аскарблят қилди, деяпти.

Ойимнинг ранги бир зумда ўзгариб кетди. Дадам бўлса, тақдирга тан бергандек, ҳамон бошини қуйи солиб ўтирарди.

 – Ўртоқ Тошевга ётиғи билан тушунтирдим, – Далавой овозини янаям пасайтирди. – Ўзимизнинг одам гуноҳидан ўта қолинг, дедим. Ҳозирча кўнмай турибди-ю, кўнади. Кўнмай қаёққа борарди. “Қуруғи”дан обкеб бераман, дедим.

Бирдан ойимнинг юзи ёришди. Дик этиб ўрнидан турди-да, ҳужрага кириб кетди. Далавой онамнинг кетидан қараб қолди. Дадам бўлса ҳамон дастурхон қатини ўйнаб ўтирар, бармоқлари билинар-билинмас титрар эди. Ўша заҳоти онам халта кўтариб чиқди. Бу – кечаси Ачинска олмай кетган ўша туршак тўла халта эди.

 – Мана, оповси, – деди ойим халтани Далавойнинг олдига қўйиб. – Қоқ-қуруқ. Қантак ўрикнинг туршаги. Адаси ўз қўллари билан қуритганлар. Биттасиям ерга тушмаган.

Далавой гоҳ онамга, гоҳ халтага қараб, талмовсираб турди-да, бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Бир зумда кулранг кўзларидан ёш тирқираб чиқди. У кўрпачани муштлаб-муштлаб кулар, боши ҳам, гавдаси ҳам муттасил силкинар, сарғиш юзи шолғомдек қизариб кетган эди. Ойим оғзини ланг очганча, бир дадамга, бир Далавойга қараб қолган, негадир нуқул кўйлагининг ёқасини ғижимларди.

 – Вой, вой кеннойи тушмагур-эй! – деди Далавой кулгидан нафаси қайтиб. – Вой содда хотин-эй! “Қуруғи” десам, туршак обчиқибди. Қаранг, ока! Қаранг! “Қуруғи” десам… “Қуруғи” десам… – У дадамга қарадию кулгиси кесилди. Дадамнинг қиёфаси шиддатли, юзи қизариб-бўзариб кетган эди.

 – “Қуруғи” керакми? – деди овози хириллаб.

Далавой бутунлай жиддий тортди.

 – Менгамас, ўртоқ Тошевга, – деди сарғиш қошини чимириб. – Мен сизга жабр бўлмасин, деяпман, ока, жўжабирдек жонсиз.

 – “Қуруғи” керакми! – Дадам янаям пастроқ, аммо янаям таҳдидлироқ овозда такрорлади. – Мана буни қирқиб берайми! – У киндигидан пастроққа имо қилди. Дадам бировдан қаттиқ ғазабланса, падарингга лаънат деб сўкар, аммо бирон кимсани бунчалик қўпол ҳақорат қилганини эшитмаган эдим. Онам ҳам, ёстиққа суянган акам ҳам, мен ҳам қотиб қолдик.

 – Шунақами, ҳали! – Далавойнинг кулранг кўзлари ёниб кетди. – Энди ўзингдан кўр! – Шундай деди-ю, ҳатлаб ўрнидан турди. Дадам ҳам сапчиб туриб кетди. Ойим дод солиб, дадамнинг йўлини тўсди. Далавой шиддат билан чарм палтосининг чўнтагига қўл суқди-да, аллақандай қоғозни дастурхон устига улоқтирди. – Индинга тегишли жойга бормасанг, милиция юбориб, оттириб ташлайман! Умрингни турмада чиритмасам, Далавой отимни бошқа қўяман!

Ойим бекорга дод солган экан. Дадам Далавойга ташланмади. Пиймасини кийиб чиқиб кетгунча, уй ўртасида тураверди. Фақат ғазабдан пишқириб нафас олар, мўйлови учиб-учиб қўяр эди. Ташқарида ит акиллади. Кейин жимлик чўкди.

 – Энди қўймайди, – деди онам инграб. – Қаматмай қўймайди. – У ҳамон ғазабдан титраб турган дадамга илтижоли термилди. – Жон адаси, айланай адаси, жоҳиллик қилманг, келинг, шулар тўя қолсин. Майли, шолчани сотамиз.

Кузда опамни узатамиз, деб дадам бир шолча олиб келган эди. Ойим шуни гапирганини тушундим.

 – Нега?! – дадам сандал четига чўккалаганча, ҳайқириб юборди. – Нега?! Нега мен пора беришим керак? Нега?! Порани ҳаром одам беради, билдингми! Порани ҳаром одам олади! Билдингми?! Порани имонсиз одам имонсиз одамга беради! Тушундингми?! Нега мен ўз имонимни сотиб порахўрга ялинишим керак? Нега?

У эсдан оғиб қолганга ўхшар, ҳар гал “Нега?” деганда, дастурхонни муштлар, Далавой ташлаб кетган қоғоз ҳам, жийда-ёнғоқлар ҳам ҳар ёққа сочилиб кетган эди.

 – Йўқ! – деди у нафаси қисилиб. – Мен пора бермайман. Қамасин! Тўпига солиб отиб юборсин!

Бешикдаги укам чўчиб кетди шекилли, чириллаб йиғлай бошлади. Ойим маҳзун қиёфада чўккалаб ўтирганча, кўкрак тутди. Дадам тирсагини сандал четига тираб, кафтлари билан юзини тўсиб, узоқ ўтирди. Қўли ҳамон билинар-билинмас титрар эди. Ниҳоят, жаҳл билан ўрнидан турди. Онам ваҳима ичида унга термилди.

 – Қаёққа? Ҳой адаси, ўзингизни босинг.

 – Ачинскага бораман, – деди дадам секин. – Ариза ёздираман.

Шундай деди-ю, эски чопонини кийиб, чиқиб кетди. Пешинга яқин текис қилиб ёзилган аллақандай ўрисча хат кўтариб келди.

Кейин билсам, дадам тўғри қилган экан. Уни икки-уч ҳафта судраб юришди-ю ҳаммаси тинчиб кетди. Фақат Далавой кейинроқ, налугчи бўлганидан кейин бошқа йўл билан қасдини олди. Бироқ Ачинсканинг ёрдам берганини дадам кўп йиллар ҳаммага гапириб юрди.

Менинг гўдак шууримга эса пора – дунёдаги энг ҳаром нарса, деган тушунча михланиб қолди. Тўғри, кейин ҳам, поралару порахўрларнинг ҳар хилини кўрдим. Бировга ордер бериш учун пора оладиганларнию, яхшироқ уйдан жой олиш учун пора берадиганларни ҳам, бировнинг боласини институтга олиб кириш учун пора оладиганларнию, ўзининг чаласавод боласини ўқишга жойлаш учун пора берадиганларни ҳам кўрдим. Бировга камёб нарсани навбатсиз тўғрилаш учун пора оладиганларнию, ўша нарсани бошқаларга уч баҳосига пуллаш учун пора берадиганларни ҳам, бировни амал столига ўтқазиш учун пора оладиганларнию, ўша курсига ўтириб, берганини ўн ҳисса қилиб қайтариб олиш учун пора берадиганларни ҳам кўрдим. Ўзининг қизи тенги ходимини дачасига судрайдиган ипирисқи амалдорларнию, ишини битириш учун бегона тўшакка бемалол ётадиган аёлларни ҳам, пора олиб қия бўлиб кетганларнию, яна пора бериб, қутулиб чиқиш йўлини топадиганларни ҳам кўрдим. Шунда дадамнинг титраб-қақшаб айтган гаплари нақадар рост эканини тушундим. Ҳамма-ҳаммасини тушундим.

Фақат… Домимизнинг биринчи қаватида турадиган сўққабош Клава холанинг маъюс таъзим қилиб турганини кўрганимда, бир нарсага ҳеч ақлим етмади. Наҳотки, одам тирик қолиш учун ҳам пора бериши керак бўлса! Узоқ қариндошим бўлмиш ўша врачнинг гапини эшитганимда, баттар ҳайрон бўлдим. Наҳотки тирик қолиш учун мажбуран бировга пора бериш ҳам жиноят ҳисобланса? Хўш, бўлмаса нима қилсин? Ўлиб кетсинми?! Наҳотки, ўлим тўшагида ётган одамдан нимадир тама қилиш имон деган тушунчага сал бўлсаям тўғри келса?!

Хаёлимга шундай изтиробли саволлар ёпирилиб келганида, беихтиёр ўша қаҳратон қиш, ўша изғиринли кеча, кўзойнагини йилтиратиб жилмайиб турган Ачинска, намат устида қолиб кетган ўша бир халта туршак хотирамга тушади.

 

Ўткир ҲОШИМОВ

 

“Дунёнинг ишлари”дан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.