Идишдаги ватан

0
228
марта кўрилган.

I

 

Дам олиш кунлари у шаҳарда сандироқлаб юрарди. Ҳаво очиқ бўлса кедасини олиб, ёмғир ёғаётган булутли кунларда резина этикда, ранги ўчиб кетган соябонда ташқарига чиқар, трамвай ёки автобусга тушиб, боши оққан ёққа қараб кетаверар эди.

Ўзи чекмаса ҳам тамаки дўконидан бир қути сигарета сотиб олгач, “яқин атрофда кўп қаватли уйлар борми?”, деб сўрарди. Кутилган жавобини олгач, уйга қандай борилишини суриштирар, уни топгандан кейин яна сўроқни давом эттирарди:

– Бу ерда Митобэ Миса исмли қиз яшамайдими?

Исмини нотўғри айтмадиммикин, деган хавотирда қизнинг қиёфасини икки-уч сўз билан таърифлар ва яна қўшиб қўярди:

– Ёши ўн саккизда. Қора мушук кўтариб юради.

Кўп қаватли уйда қора мушук кўтариб юрадиган қизлар кам учраса керак, кўпчилик йигитнинг таралмаган қўнғирсимон сочлари, кир босган тик ёқали кўйлагини кўриши биланоқ, “бундай қиз бу ерда йўқ” деб қўяқолишар эди. Баъзилари эҳтиёткорлик ила:

– Ўзингиз кимсиз? – деб қизиқсиниб сўрарди. 

Йигит: – Айда Кохэй, – деб уларни алдамас, аммо Мисага ким бўлишини айтишга ҳар гал қийналиб қоларди. – Биз бир қишлоқданмиз… – ғўлдирарди у, сўнгра кўчага чиқиб, йўлда давом этарди.

Кўпинча, у нима қилаётганию, кўчаларда, устига-устак, якшанбада нега дайдиб юрганини ўзи ҳам билмасди.

Шаҳарда қош қорайгунча санғир, бу вақт ичида чўнтагида уч-тўрт қути сигарета йиғилиб қолган бўларди. Уйга келганда уларни кекса эшик оғасига берар, у эса патинко[1] ўйнаб ютиб олган деган хаёлда: “Совғангиз учун раҳмат. Қўлингиз енгил келибди-да”, дея хушомад қиларди. 

 

II

 

Шаҳарда дайдиб юриш жонига теккандан кейин Айда якшанба кунлари Фукагава кўчаларидан бирида кичкина боғчада узлуксиз арғимчоқ учишга одатланди.

У болаларга ўхшаб, ҳамиша тахта устида тик туриб учмасди. У ўн саккиз ёшга тўлган, баланд кўтарилиб учишни хоҳлаганда ҳам шундай қилолмасди, сабаби ўнг қўлида бош ва кўрсаткич бармоқлари йўқ, арқонни сиқиб ушлай олмасди.

Болалар оёғини қўядиган тахтача устига ўтиради-да, олдинга-орқага секин бориб келаверади. Арғимчоқда ўтириб, бу ўйинчоқ қишлоқ мактабида ўқитувчилар хонаси рўпарасида осилиб турадиган катта девор соати кафгирининг тебранишига ўхшайди, деб ўйлайди. Баъзан очиқиб, ҳолдан тояй деганда қишлоқ ёнидан оқадиган ирмоқда қайиқда сузганини эслайди. Арғимчоқ ҳам қайиққа ўхшаб тебранади.

Очликдан кўнгли айний бошлаганда боғ бурчагидаги қари ҳимолай кед­ри тагида жойлашган қаҳвахонага кириб, одэн[2] олиб ейди. У чап қўлида овқатланади, иккинчисини чўнтагидан олмайди, аммо қаҳвахона хўжайини ўнг қўлида икки бармоғи йўқлигини билади. Бир куни Айда қаҳвахонага кирганда одэн жуда ширин кўриниб, яна буюртма берди. Ниҳоят, у “Мана шунисидан бошқа емайман”, деб сихга қўл узатганда хўжайин луқма ташлади:

– Икки юз қирқ иен.

Айда беихтиёр қўлини чўнтагидан чиқариб, ҳамёнини излашга тушди.

– Бемалол еяверинг, пулингиз бўлса бас, – хўжайин кулимсиради. – Қўлингизга ачинаман. Нима бўлган ўзи?

Сезгир бўлса, айтишга тўғри келади. – Тўшак жилдлари чиқарадиган фабрикада ишлар эдим. Машина кесиб кетди, – деди йигитча соддалик билан.

– Тўшак жилди дейсизми?

– Худди шундай. Соч, жун, нейлон чиқиндилари суюқ резинкага аралаштирилади, йўғон-йўғон бўлакларга айлантирилиб, механик аррада бўлак-бўлак қилиб кесилади.

– Арра кесиб кетдими?

– Паришонхотирлигим туфайли.

Аслида бундай маълумотни Айдага ҳушига келганида фабрика эгаси ва уста айтган. Ўзи эса ҳеч нарсани сезмаган. Ҳақиқатни ҳамон билмайди. Фақат арра ўйнаб кетиб, қўлига теккан дейиш мумкин.

– Майли, ҳаммаси ортда қолибди-ку. Лекин энг керакли бармоқлар кетипти-да, аттанг, – қаҳвахона хўжайини куйингандай бўлди.

Йигитни бу ташвишга солмасди, аммо келажагини ўйлаганда ғамга ботиб кетарди.

“Ҳатто қаламни ҳам ушлай олмаганингдан кейин қандай қилиб нон топиб ейсан?”, – дерди у. Аввал бошданоқ  идоралар ҳақида ўйламади. Оғир меҳнатга ярамайдиган қўл билан станок олдида туриш амри маҳол. Нозик юмушларга ҳам абжир эмас. Фақат ифлос ишларни бажариши мумкин, улар ҳам оғирлик қилишига йигитнинг ақли етади.

– Ҳозир ҳам шундай тўшакларни тайёрлайсизми?

– Йўқ, босмахонада ишлайман. Юк машинасида.

– Машинани бемалол ҳайдайсизми?

– Ҳайдаш қаёқда. Юк ортиб-туширишга ярайман, холос.

Қаҳвахона хўжайини тушундим дегандек бошини тебратди, кейин индамай ўнг қўлини кўрсатди. Жимжилоғи йўқ эди.

– Бармоғимни арра кесмади. Пулемёт ўқи юлиб кетди, – тушунтирди у.

Эртасига қаҳвахона хўжайини:

– Яқин жойда турасизми? – деб Айдани гапга солди.

– Менми? Канда тураман.

– Канда дейсизми? Шунча узоқдан келасизми?

– Автобусда келаман. Токио метросининг жанубидаги ўн тўққизинчи чиқиш йўлидан юради.

– Қаранг-а! Шу яқин атрофда турасиз, деб ўйларканман.

Хўжайин уни ҳар якшанбада эрталабдан то қуёш ботгунча арғимчоқ учиб ўтирганини кўрарди.

– Бу ерда аёл танишим яшайди, – деди у хўжайинга кўзини қисиб.

– Доим ёлғиз юрасиз-ку?

– Танишим уйдамас-да…

Қаҳвахона хўжайини юзида ҳайрат ифодаси кўринди. Йўқ бўлса, пойлаб ўтирмасдан кейин келиш мумкин-ку, – деб хаёлидан ўтказди.

– Тохоку одамлари жуда сабр-бардошли бўлади-да.

Айда ҳайрон қолди, ахир қаҳвахона хўжайинига қаерда туғилгани ҳақида гапирмаган эди.

– Гап-сўзларингиздан билиб олдим. Армияда тохокулик йигитлар билан хизмат қилганман. Ҳаммаси ҳалок бўлди, шўрликлар.

Айда индамасдан арғимчоқлар олдига қайтди. Бу ердан қарама-қарши томондаги кўримсиз тор кўча яхши кўринарди. Унга кираверишда – иморат пештахтаси орқасида – оқланган икки қаватли уйнинг учта деразаси яққол кўзга ташланади. Ўртадаги дераза Мисаники эди. Хонасига қимматбаҳо кароват қўйилган уйда Тама лақабли қора мушуги билан яшарди.

Миса мушукни қишлоқдан олиб келганди. Кароватини эса барда ишлаётганда сотиб олганди. Йигит бу кароватга биринчи марта ўтирган дақиқани яхши эслайди. Оёғи ўз-ўзидан кўтарилиб кетган, бир олдинга, бир орқага бориб келар, худди ётса туриб кетаверадиган қўғирчоққа ўхшаб қолганди.

Айда жуда ҳайратга тушди. Тўшак билан тўлдирилган кароват ҳам шунчалик юмшоқ бўладими? Аввалига лоҳаслик сезди, кейин қовоғи осилди. Энди эса бу фалокат белгиси эканлигини яхши билади.

 

 

III

 

– Агар деразада қизил сочиқ илинган бўлса – ухлаяпман, безовта қилмаслик керак, – деди қиз.

Ёзнинг сўнгги кунларидан бирида, соат ўнда эшикни тақиллатган эди, Миса танбеҳ берди:

– Деразада оқ сочиқ кўрсанг, олдимга чиқиш мумкин. Ҳеч қандай сочиқ кўринмаса, уйда йўқ бўламан.

Ўшанда Миса эшикни очмасдан сўраган эди: 

– Ко-тян[3], сенмисан? – сўнг бироздан кейин: – Боғда кутиб тур, – деганди.

Шундан кейин ҳатто капалак қанотидек ҳилпираб турган енгил кийимда бўлса ҳам эшикни очадиган бўлди. Аммо барибир гап қўшиб қўярди: “Мен ҳали ухлаяпман. Кирасанми?”, “Кўчада бўламан”, рад этарди йигит ва Мисанинг тор кўчага қараган ойнаси очилгунча кутиб ўтирарди. Ўша куни эрталаб эшикни очмагани етмаганидек, қаттиқ танбеҳ берди. Қишлоқдан бирга келганидан бери яхши юришганди, кўз тегдими, нима бало?!

“Барда бирон нарса бўлганга ўхшайди ёки оғриб қолдимикан?” – у тайинлаган жойга борар экан, ўйга толди йигит. Салдан кейин бўялган қўнғир сочлари тўзғиганча югуриб чиқиб келди-да, шартта:

– Энди шундай қиламиз… – деди.

“Нималар демоқчи ўзи?” – кўнгилдан ўтказди йигит. Гап сочиқлар ҳақида экан.

– Акс ҳолда, тўйиб ухламасдан йиқилиб қоламан. Иккимиз ҳам икки хил дунёда яшаймиз. Ҳатто дам олишимиз бир-бирига ўхшамайди. Мени тушунишинг керак.

Миса осон ўзлаштириб олган токиоликлар лаҳжасида тез-тез сўзлаб, кўнглида кўпдан бери тугун бўлиб келаётган гапларини очиқчасига тўкиб ташлади. Йигит шу кунгача унинг олдида бошини эгиб, таъна-дашном эшитишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Мисанинг бўёқ сурилмаган қонсиз лабларига тикилганича индамай турди. Қиз гапини тугатганидан кейин:

– Тушундим. Сен нима десанг шу, фақат биз ҳар хил дунёда яшаймиз дема.

Миса шишинқираган зилдай қовоқларини осилтириб жим тинглади. Айда вазиятни енгиллаштириш учун ўнг қўлида омон қолган бармоқларини букиб, қувноқ оҳангда гапни давом эттирди:

– Демак, қизил – тўхташни, оқ – юришни кўрсатар экан-да, ҳеч қандай белги ёнмаса, думингни хода қил, шундайми?

Бироқ Миса лоақал тишининг оқини кўрсатмади. Тескари қараб, совуққина:

– Нима деб ўйлаган эдинг, бу ер сенга қишлоқ кўчаси эмас, – деди. Шу куни ёшларнинг гап-сўзлари қовушмади, кўчада бир оз тургач, оддийгина хайрлашишди. Кейинги якшанбада Мисанинг деразасида ҳеч қандай сочиқ кўринмади. Бу уйда йўқлигини билдирар эди. “Балки сочиқ осишни унутгандир? – ўйларди йигит тор кўчада турганча. – Ҳар қандай одамни бевақт уйғотсанг аччиқланади-да. Жаҳл устида гапириб қўйди.

Айда унинг эшигини тақиллатиб кўрмагунча тинчимасди. У зинадан кўтарилиб бораётганда ҳожатхона эшиги ғижирлаб, пахталик камзул кийган, тиш чўткасини тишлаган Мисанинг қўшниси Хаясида-сан кўринди.

– Миса-тян қаёққадир кетиб қолди, –  деди.

Унга таъзим қилиб, жуфтакни ростлашдан бошқа илож қолмади. Демак, Миса шартлашилган белгини унутмаган. Тор кўчага чиққанда ўгирилиб қаради – Мисанинг деразасида ҳеч нарса йўқ эди. Миса гўё “Қорангни ўчир, мен уйда йўқман” – деб кулаётгандек туюлди.

У кўчани кесиб ўтиб, боққа қараб кетди. Дўкончилар йўқ эди. Арғимчоққа ўтирди. Унга тор кўча билан Мисанинг хонаси кўриниб турарди. Қаерга боришини билмасди. Уйида уни қаттиқ кўрпа-тўшак ҳамда бўм-бўш хона кутмоқда; у ёққа боргиси келмади. “Майли, шу ерда ўтириб, Мисани кутаман”, – ўйлади у.

Миса оқшом ҳам бўй кўрсатмади. Кейинги икки якшанба шу зайлда ўтди. Хонада ҳеч қандай сочиқ кўринмас, ғира-шира тушганда чироқ ёқилмасди. Ундан кейинги якшанбада ҳам қайсарлигини қўймай боққа йўл олди. Йўл-йўлакай қалбан унинг бугун ҳам келмаслигини сезар, бироқ тўхтаб, ортга қайтишга кучи етмасди. У уйида бор ёки йўқлигини фақат деразага қараб билиши мумкин. Уйда бўлса-чи? Эҳтимол, деразага оқ сочиқ илгандир?

Бояқиш не-не умидлар билан боғда қоронғи тушгунча ўтирди. Ҳар якшанба асосий машғулоти кутиш бўлди. Кун ярмида арғимчоқда тебраниб ўтиришдан толиқар, лекин кайфиятини туширмасди. Қаҳвахона хўжайини унинг сабр-тоқатига қойил қоларди. Аммо гап бошқа ёқда. Айда Токиога келганидан бери ҳар якшанбани Миса билан ўтказар, бошқа кўнгилочар эрмаги йўқ эди.

У ёлғизлик ва бекорчиликдан зерикмас, аксинча, Мисани кутаётганидан илҳом ва қувват оларди. Қиз барибир қайтмас, йигит эса вақтини беҳуда совураётганидан ташвишланай демасди. Мисанинг деразалари ботаётган қуёш шафағидан қизара бошлаганда йигитнинг димоғига хушхўр таомларнинг ҳиди урилар, маъюсланиб, кўзларига ёш қуюлгунча сабр қилиб, туфугини ичига ютиб ўтираверарди. У арғимчоқдан қўзғалар экан, “тезгина уч ҳисса овқат еб, яна қайтиб келаман”, – деган ўйни дилидан ўтказди.

Қаҳвахона хўжайини: – Бугун ҳам жуда интизор кутдингиз, – деб дардига шерикдай пешвоз чиқарди. Бундай гапни кўтаришнинг ўзи бўлмайди, Миса қаерга йўқолди? Тирикчилиги қандай кечаётганийкин? Ҳатто якшанбада уйига келай демайди-я.

 

IV

 

Бир куни у: “Миса уйни бутунлай ташлаб кетмадимикан?”, деб ўйлаб қолди. Оҳиста юриб, зинапоядан юқори кўтарилди. Мисанинг эшиги тагида худди қоровулдек қора мушук ўтирарди. Тама шу ерда экан, Миса ҳам уйда бўлади.

У хотиржам эди. Мушукнинг бошига чертиб қўйганди, Тама пинагини бузмай, кўзларини ҳам очмай, аранг “миёв” деб қўйди.

Айданинг қишлоқда ҳам мушукларни жини суймасди. Таманинг меҳрини қозонишга уриниб кўрди, чунки у Мисанинг жону дили эди-да. Аммо уринишлар зое кетди. Мушук уни ёқтирмасди.

Улар Токиога келишганда у зўрға миёвлайдиган мушукча эди. Миса уни саватчага солиб олиб келганди. Йигит Мисанинг бошига тушган барча мусибатларга мана шу Тама айбдор, деб ҳисобларди. Миса бу кулфатлар уясини ўз қўли билан Токиога олиб келган эди.

Миса қишлоқдалигидаёқ заводга ёлланганди. Уч ой ўтгач дўконда ишлай бошлади. Тўрт ой ўтар-ўтмай ошхона хизматига ишга кирди. Ундан сўнг сартарошхона, қаҳвахона, тамаддихона ва яна қаерлардадир ишлаб, мана ҳозир майхонада хосутэсу[4]лик қилади. Уч йил ичида кам деганда ўн марта хизмат жойини ўзгартирди.

Ўзининг барча сарсон-саргардонликларига Тамани айбдор қилади. У туфайли гўё омадсиз, ишдан-ишга кўчиб, саёҳатчи қурбақа бўлиб юради. Эҳтимол енгил табиатли қиздир, деган фикр унинг етти ухлаб тушига кирмайди. Аслида Миса Токиога келиши билан бир зумда ўзгариб, у биладиган қишлоқ қизига ўхшамай қолганди. Йигит буни сезмасди. Ҳаммасига Миса эмас, мушук сабабчи деб ҳисоблар, гўёки Тама бекасининг пинжига кириб, бутун шаҳар бўйлаб етаклаб юрармиш.

Тўғри, ўзининг ишлари ҳам кўнгилдагидек эмас. Дастлаб, суси  сотадиган қаҳвахонада ишлади. У ерда таъна-дашномга қолди. Мижозлар олдида баланд овоз билан “Марҳамат, келинг”, деб етти букилиш қўлидан келмади. Айда индамай таъзим қилгандан кейин яна жилпанглаб гап қотишни беъманилик, деб ҳисобларди. Ўзи уятчанлиги туфайли бу ердан кетди-ку.

Қаҳвахонадан кейин европача ширинликлар тайёрлайдиган корхонада, Хитой ресторанида ишлаб кўрди. Ҳамма жойда уни хўрлашар, аммо ҳеч ким ҳунар ўргатай демасди. Ниҳоят, савдо корхоналарида туртинишни йиғиштириб, тўшак тайёрлайдиган фабрикага борди. Бу ерда ярим йил ўтар-ўтмас, ўнг қўлидаги энг зарур икки бармоғидан ажралди. Тамани Мисага ёмонлик келтирувчи ёвуз руҳ деб ҳисоблайдиган бу йигит ўз вужудига ҳам қандайдир ваҳший кучлар кириб олган ва ундан қутилиб бўлмаслигига қаттиқ ишонарди.

Ҳозир Тама тўрт ёшга яқинлашган, йўғон, сурбет мушукка айланганди. Йигит юмшоқ ўринда тиззасига мушукни қўйиб ётган Мисага қарар экан, хавотир ичида кўзини олиб қочар, оғир ҳаёлларга чўмар эди: “Наҳотки, мана шу қиз бундан тўрт йил аввал Токиога келган Миса бўлса?”

 

V

 

Ноябрнинг ўртасида, якшанба куни тушликка яқин, у боғдаги қаҳвахона пештахтаси устида сусини[5] еб бўлиб, хўжайин билан ҳисоб-китоб қилаётган пайтда конгасури[6]дан тикилган калта кимоно кийган Хоясида-сан ёнидан ўтиб қолди. Кўринишига қараганда, Хоясида-сан ҳаммомга борганга ўхшайди. Қўлида сочиқ, сочлари ҳўл. Айда таъзим қилди. Хоясида-сан қадамини секинлатиб, ҳайрон бўлиб қаради.

Қаҳвахонада ишлаётганда ўрганган одатига кўра Айда яна бир марта таъзим қилгач, арғимчоққа қараб юрди.

– Кечирасиз, – хитоб қилди Хоясида-сан унинг орқасидан бориб. Маълум бўлишича, Миса уч кун аввал бошқа туманга кўчиб кетган экан. Айда оғзини очишга уринди. Аммо биронта сўз айтолмади.

– Уни кутаяпсиз деб ўйлаган эдим, – деди Хоясида-сан. – Майли, саломат бўлинг.

Хоясида уйига қараб юрмоқчи эди, Айда уни тўхтатди.

– Қаерга кўчиб кетди?

– Билмадим. Индамади-ку. Ҳеч ким билмайди. Ҳатто кекса эшик оғасиям.

Хоясида-сан икки ҳафта олдин Миса “катта уйга кетадиган бўлдим”, – деб хурсанд гапирганини айтди. Бундай уйлар Токиода кам дейсизми? – Сизга хабар бермаганмиди?

Айда бошини чайқаб:

– Йўқ… – деди қишлоқча оҳангда.

У довдираб қолган эди.

– Ҳечқиси йўқ, тез орада қаерда эканини албатта хабар қилади. Кутишдан бошқа иложимиз қанча? Майли, мен борай. – Хоясида-сан боғ эшигидан тез чиқиб кетди. Айда секин орқасидан эргашди. Шу дақиқаларда қаҳвахона хўжайини билан хайрлашиш зарурлигини ўйламади ҳам. Энди, чамаси, бу боғчага қайтиб келмайди. Бирдан совқотаётганини сезди ва жемпери ёқасини кўтариб қўйди.

У автобус бекатидан ўтиб, Монмаэ Никаматага келиб қолганини билмади. Автобусга ўтиришни хоҳламади. Бўм-бўш хонага қайтиш даҳшатли эди. Пиёда кетди.

Дарёдан Энъёбаис кўпригига қараб эсаётган кучли шамол уни ҳозир осмонга учириб кетадигандек туюлди. Тўхтади ва номаълум томонга учиб кетишдан қўрқиб, темир панжарага суянди. Аслида у эмас, Миса ундан қочиб, ипини узган варракдек ғойиб бўлган эди.

Нихонбаси туманигача яёв юриб келди. Уйга қайтай деса, ҳали эрта. Универмаг олдидаги катта йўлкада одамлар денгиздай чайқалиб ётибди. У ҳам анча шу денгиз ичида сузда. Чиқиш жойида “Япон бонсайи[7] дурдоналари” деган лавҳа осилиб турарди.

Ҳарфлар орасидаги “бон” иероглифига кўзи тушганда боши айланиб кетди. У жемпери енги билан кўз ёшини артиб, яна лавҳага тикилди. Нақадар дилга яқин ҳарф. Унинг юртида Бон[8] бошқа жойлардан бир ой кейин – ўн учинчи августда нишонланади. Қоронғи тушганда ҳамма тоғ этагига, қабристондаги ибодатхонага келар, қариндош-уруғлари қабри устида қарағай илдизларидан гулхан ёқишарди. Қоронғи тушганда тоғнинг қабристон томонида икки юзтадан кўпроқ машъала ёниб турар, қабристонга олиб борадиган тош зиналар ёнаётган кўл устидаги кўприкка ўхшаб қоларди.

Токиога кетганидан бери у бирон марта – Янги йилда ҳам, Бон байрамида ҳам юртига боргани йўқ. Тўғри, уйидан қочиб кетган эмас. Фақат қайтгиси келмайди. Отаси ўлганидан кейин дайди савдогар онасига илакишиб қолди, шундан бери уйидан бегонасирайди. Мактабни битириши биланоқ, қишлоққа қайтиб келмайдиган бўлиб кетиш ҳамда умуман қишлоғини унутиш тараддудига тушди. Аммо “бон” иероглифи қабристон оташкадаларида ёнадиган гулханлар тутуни димоғига ургандай эди. Лавҳадаги “сай” иероглифи қандай маъно беришини тушуна олмади. У кўргазмага қўйилган, Бон байрами Япониянинг турли жойларида ишлатиладиган буюмларни англатмаса керак, деб ўйлади. Бундай кўргазмани босиб ўтиш мумкин эмас.

Аммо эскалатордан чиқиб, залга кирганда ўнлаб чўзинчоқ идишларда ўстириладиган жажжи дарахтларга кўзи тушди. Улар оқ матога ўралган пастак токчаларга териб қўйилганди. Ҳайратга тушиб шох-бутоқлари яхши ўсган митти қарағайни томоша қилаётганда кимдир елкасига туртди.

– Айда-кун?

Ҳайрон бўлиб ўгирилибди қаради. Тўшак фабрикасининг қоровули – Цуру-сан экан. “Ғалати жойдаги кутилмаган учрашув”. Цуру-сан ҳам, чамаси, ҳайратга тушган эди.

– Сени бу ерда кўраман деб ўйламаган эдим, – қувониб хитоб қилди у.

– Бонсайга қизиқар экансан-да?!

Ана шунда Айда идишлар ичида ўсадиган жажжи дарахтлар бонсай деб аталиши ҳақида илк бор эшитди.

Улар кўргазмага келганларга халақит бермаслик учун бир чеккага чиқиб гаплаша бошлади. Цуру-сан қўлинг қалай деб сўради, у чўнтагидан қўлини билинтирмай чиқариб кўрсатди. Фабрикадалиги пайтида Айда бўрсиққа ўхшаган  Цуру-санни ёқтириб қолган эди, Цуру-сан ҳам бир йўла бармоғидан ажралган бу йигитга хайрихоҳ эди.

Айда кўргазмага биринчи марта киргани учун Цуру-сан биргаликда томоша қилишни таклиф қилди, улар идишлар қўйилган токчалар олдига боришди. Бунгача Цуру-сан зални бир неча марта айланиб чиққан эди. Шунинг учун у кўргазманинг ўзига хос томонлари ва ташкилотчилар дуч келган қийинчиликларни батафсил гапириб берди. Айданинг қулоғига завқ билан шивирлар, у эса ҳаяжон билан:

– Қойил, ҳаммасини билар экансан, – дер эди.

– Мен бир неча йилдан бери бу санъат билан шуғулланаман-да. Тўғри, асарларим кўргазмага қўйиладиган даражада эмас, лекин ажойиб ижод намуналарим бор. Ишонмасанг, бориб кўрамиз, – деди Цуру-сан.

Айда дарахтлар ўз табиий ҳолатида сақлангани маъқул, – деган фикрда эди. Уларнинг тана ҳамда бутоқларини у ёқдан-бу ёққа эгиб, танасида бесўнақай бутоқлар чиқармаслик керак. Бутоқлари тарвақайлаб кетган япон арчаси ва уларнинг ёнида ўсган учта хиноки[9]  унга ёқди. Идиш ичида кичкина ўрмонзор манзарасини ўзида мужассам этган қалин дарахтлар тўдасини ҳам завқланиб томоша қилди. Бир идишда ўстирилган аррасимон баргли элма дарахтларида ҳам жонли табиатнинг нафаси уфуриб турарди. Булар жажжи табиатнинг ҳақиқий бир бўлаги эди.

Кўргазмани айланиб чиқишгандан кейин Цуру-сан Айдадан нима кўпроқ ёққанини сўради. Йигит дарҳол:

– Табиат манзаралари, – деб жавоб берди.

– Буни қара-я! Ўйлаганимдай, – хурсанд бўлди Цуру-сан. – Мен ҳам манзарали бонсайларни ёқтираман. Уларни ўстиришга иштиёқим баланд. Чин сўзим, вақтинг бўлганда уйимга кел. Манзара услубида хилма-хил бонсайларим кўп.

Цуру-сан ён дафтаридан бир варақ олиб, метро бекатидан уйигача қандай боришни чизиб кўрсатди.

– Кейинги якшанбада бора оласанми? – сўради у.

Бундай таклифни кутмаган Айда довдираб қолди,  кейин Фукагавадаги боғчага бориб, кутиб ўтиришдан энди халос бўлганлиги, мутлақо эркинлиги эсига тушди. Цуру-сан билан бирга бонсайни кўраётган чоғида Миса уни ташлаб, номаълум томонга кетиб қолганини эсламади ҳам.

 

VI

 

У ҳафтани ғирт бекорчиликда ўтказди. Миса Фукагавада турганда куннинг ўтиши ниҳоятда қийин бўларди. Ҳозир эса ҳафта қандай тамом бўлганини сезмади ҳам, кўз очиб юмгунча якшанба келди.  Одатга кўра, кўчага чиқди, аммо қаёққа юришни билмай ўйланиб турди. Ниҳоят, Цуру-санникига йўл олди.

Цуру-сан чизиб берган ёзувга қараб, Аракава тўғони яқинидаги ифлос кўчалардан бирида жойлашган уйни жуда тез топди. Уй тор кўча ичкарисида бўлиб, кутганидан кўра кичкина экан. Ҳовлига киргач, кўзлари ҳайратдан чарақлаб кетди – токчалар жажжи дарахтлар ўсган идишларга тўла эди. Цуру-саннинг бунчалик бой хазинаси борлигини хаёлига ҳам келтирмаганди.

Цуру-сан қадрдони яхшилаб кўрсин, деб манзарадор бонсайларини токчага алоҳида териб қўйган эди. Энг аввал унга шуларни кўрсатди. Бир манзара Айдага қаттиқ таъсир қилди. Чуқур талинкани эслатадиган чўзинчоқ идиш ичига тупроқ солиб, бир томони баланд, бир томони паст чинакам тепалик ясалганди.

Тепаликни майса-ўтлар ва шох босган, ана шу кўм-кўк майсалар ўртасида қадрдон қишлоғининг жануб томонидаги эманзор ўрмонни эслатадиган йигирмага яқин пакана, митти дарахтчалар гуркираб ўсиб турарди. Айда бу манзарани кўриб, ҳайратдан қотиб қолди.

– Хўш, қалай? Биронтаси ёқдими? – сўради Цуру-сан.

Айда индамасдан бир бармоғи билан шиша ичидаги ватанининг бир парчасини кўрсатди.

– Ҳа-а, эманларми? – деди Цуру-сан. – Ёмон эмас. Лекин арчалар яхшироқ, шундай эмасми?

Аммо Айда эман ўсган ўрмонзордан бошқа ҳеч нарсага қарамай қўйди. Ундан нари кетолмади, улар қишлоғидаги эманзорга ниҳоятда ўхшаб кетарди. Кўзига ёш қуйилиб келди. Хаёлида ҳозир ватанида кезмоқда эди.

Цуру-сан уни елкасидан туртиб қўйди. Айда шу заҳотиёқ Токио  кўчаларига қайтди. Цуру-сан унинг юзига тикилди, Айда орқага ўгирилиб кўзларини артди, хижолат бўлиб, сочларини силади.

– Қишлоғимиздаги дарахтзорга жуда ўхшайди.  Бизда ҳам худди шундай ўрмон бор. У ерда ўйнаб юрардик.

– Ёқиб қолган бўлса, майли ола қол. Бутунлай эмас, албатта, маълум муддатга. Умуман, бутунлай олсанг ҳам розиман, фақат парвариш қилиш қийин. Меъдангга тегиб, кейин ўзинг қайтариб берасан. Кунига икки маҳал сув қуясан. Буни уддалашингга ишонаман.

Айда бошини тебратди. Кутилмаганда қимматбаҳо совға қўлига тегди. Уйига таксида қайтди, Миса ёнида бўлмаса, таксига кам тушар эди.

Шу кечаси гултувакни тўшагининг бош томонига қўйиб, жажжи манзараларни узоқ томоша қилиб ётди. Ухлаб қолганини ҳам сезмади. Шу кундан бошлаб ишдан қайтгандан кейин гултувак ёнига чўзилиб, жажжи дарахтлардан кўз узмайдиган бўлди.

Бонсай унинг учун қадрдон юртини эслатадиган мусаффо булоққа айланди. Унга қарар экан, юрагининг энг азиз хотиралари қайнаб чиқаётгандай туюларди. Кичкина ўрмончага тикилиб ўтириш севимли машғулотига айланди. Тепалик бағрида ўсган буталар, ўт-ўланларга қарар экан, у ҳали кичкина гўдаклик чоғларида майсалар орасида роҳатланиб ётган дамларни кўз олдида жонлантирарди. Бошини кафтлари устига қўяр, кўзларини юмиб олар, назарида, ўзи ҳам кичрайиб, гугурт чўпидай бўлиб қолар эди. Эман кўчатлари ўсиб, улкан дарахтларга айланар, илдизлари уни чирмаб ўраб олаётгандай туюларди. Уларнинг ичида шамоллар шивирлар, дарё шовуллар, қушлар сайрарди.  Олисдан буғдой янчаётган машинанинг гуриллаши, ибодатхона қўнғироғининг ёқимли жаранглаши эшитилар эди… у кўзларини оҳиста очиб, юқорига тикиларди. Кўм-кўк тиниқ осмонда эман бутоқлари бир-бирига чирмашиб турар, узилиб тушаётган япроқлари кўзга ташланарди. У ўрнидан турар, сўқмоқдан юриб, ўрмон ичига кириб кетар эди…

Бир куни кўзларини юмиб, ана шундай хаёл суриб ётганида аёл кишининг овози келди.

– Ко-тян!

У бошини кўтарди. Дарахт орқасидан Мисанинг ёшлик жозибасига тўлган қирмизи юзи кўринди.

– Э, сенмисан? Қаерга ғойиб бўлган эдинг? – ҳайрат ичида сўрарди у. Сакраб турмоқчи бўлганда уйғониб кетди.

“Мисани излаб топиш керак”, – ўйлади шунда. Хоясида-сан кутиш керак, ўзи бир энлик қоғоз юбориб, қаердалигини маълум қилади, деган эди. Маълум бўлдики, Хоясида-сан унга тасалли бериш учун шундай гапирган экан.

Якшанба кунлари Миса бирон ёққа борадиган бўлса, уни огоҳлантириб ўтирмас эди, ҳозир эса анчадан бери дараги йўқ, ўзи излаб топиши керак.

У Токиода қанча кўпхонадонли уйлар борлигини билмасди. Бир кунда икки-уч уйдан суриштирадиган бўлса, ҳаммасига кириб-чиқиш учун неча йил керак бўлади?

Ҳар якшанба, Бонсайни ҳам унутиб, яна шаҳарда тентираб юрадиган бўлди. Аммо ҳамма уринишлари фойдасиз эди.

 

VII

 

Декабрнинг охирги якшанбасида, Янги йил арафасида кечқурун юравериб чарчаб ҳолдан тойиб қайтиб келди-да, шундоқ ёнгинасидаги ҳаммомга борди. Қўлидаги эски яралар оғрир эди, чамаси, совуққа олдирган бўлса керак. Ҳаммомда яхшилаб ювинди ва тоза, енгил бўлиб уйига қайтди. Факер эшик орқасидан уй бошқарувчи аёлнинг овози эшитилди:

– Ухлаганингиз йўқми, Айда-сан?

– Йўқ, уйғоқман, – жавоб берди у ва еча бошлаган жун кўйлагини қайтадан кийиб, эшикни очди. Бошқарувчининг ёнида ўрта ёшлардаги қилтириқ, кўзлари титраб турадиган, кенг ёпинчиқ кийган нотаниш одам бор эди. Уй бекаси уни терговчи деб таништирди. Айда беихтиёр орқага тисарилди. Ўзича: “Уйма-уй юриб, Мисани суриштираётганим учун танбеҳ беришга келдимикан?” – деб ўйлади.

– Айда Кохэй Сиз бўласиз, шундайми? – терговчи мулойимлик билан савол бериб, остонадан ўтди. – Сиз Митобэ Миса деган аёлни танийсиз, шундайми?

“Терговчи Мисани қаердан билади?” – ўйлади Айда ва танийман деб жавоб берди. У кимингиз бўлади, деган саволга жавоб бериши қийин бўлмади, чунки шаҳарда дайдиб, суриштириб юрганида ҳаммани шу савол қизиқтирарди.

Терговчининг: – Яқин ўртада Миса билан учрашдингизми? – деган саволига у сентябрдан бери кўрганим йўқ, деб жавоб қайтарди.

Терговчи бошини тебратди, Айда савол-жавоб тугади деб ўйлади, аммо терговчи мулойим жилмайди ва кеча қаерларда бўлгани, қандай ишлар билан машғул бўлганини сўради.

– Кечқурунми?  Мана шу ерда. У полдаги татами[10]ни оҳиста босиб кўрсатди.

– Фақат шу ерда бўлдингизми? – терговчининг чеҳрасига табассум ёйилди, аммо кўзлари жиддий эди. – Нима иш қилдингиз?

– Нима иш дейсизми? Манзараларни кўриб ўтирдим.

– Қандай қилиб?

– Бонсай ичида.

–Ҳм! – ҳайратланди терговчи ва хонага тез кўз югуртирди.

– Қани улар?

– Мана шу ерда. – Айда ойнаванд эшикни очиб, дарчани сурди ва нам балкончада шундоқ оёқ остида турган бонсайни кўрсатди. Терговчи букилди, қўлларини тиззасига қўйиб, гул тувак устига энгашди.

– Шуларни манзара деяпсизми?

– Ҳа.

– Булар қанақа дарахтлар?

– Эманлар.

– Эманлар? Уларнинг илдизи борлиги ҳаёлга ҳам келмайди. Бутоқлари санчиб қўйилгандек.

Айда қалтираб кетди. Аҳвол ғалати тус олмоқда эди. Ҳеч нарса демасдан остонага ўтирди-да, битта эманни суғуриб олди.

– Митобэ Миса исмли қиз ўлди.

Қўрқиб кетган Айда қўлини эмандан тортиб олди.

– Газдан заҳарланган. Мэгуро туманидаги эски уйда, – деди терговчи.

Айда турмоқчи эди, аммо қандайдир даҳшат босиб, жойида ўтириб қолди.

–Ўзини ўлдирганмикан?.. қўлларини тиззасига қаттиқ тираб, нам босган балконнинг бесунақай бетон деворидан кўзини узмасдан сўради у. – Хат қолдирмаган. Ўзини ўлдирганга ўхшамайди. Газ колонкасидаги резина трубкаси қийшайиб қолган, оёғи билан суриб юборганга ўхшайди. Қаттиқ маст бўлган. Кеча янги йил байрами эди-ку!

Терговчи ҳамон эгилиб, тиззасига таяниб турарди.

– Миса-тян ёлғиз эканми?

– Ёлғиз. Мушуги бор эди, дейишади. Бу мушукни кўрмадик. Эшик ёпилмаган экан.

Айда ўгирилиб қаради. Терговчи ўрнидан турди.

– Янги йилда қишлоғингга борсанг, Миса-тяннинг қариндошларига хабар бер, – деди терговчи эшикка қараб юрар экан. – Безовта қилганимиз учун узр.

Шу куни кечаси Айда Кохэй ғойиб бўлди. Эрталаб иш юритувчи кампир у кўринавермаганидан кейин бирон нарса бўлдимикан, деб хабар олгани келди. Тўшак йиғиштирилган, аммо ҳеч ким йўқ эди. Чироқ ёниб турар, ойнаванд эшик ва дарча очиқ қолган эди. Хонадаги ҳамма нарса кечқурун кампир ижарачига хайрли тун тилаш учун келганда қандай бўлса, шундай турар эди. Фақат Кохэй жажжи ўрмонзор ўрнашган гул тувак олдида – остокада кўринмасди.

Кампир хонадан жемпер ва пайпоқ топди. Оёқ кийимлари турадиган қутида гета ётарди. Демак, Кохэй қаёққадир оёқяланг, битта кўйлак ва жинсида кетганмикан? Иш жойига қўнғироқ қилди. Кохэй ишга келмади, деб айтишди. Кампир стол ғаладонини кўздан кечирди – хат йўқ эди.

У уйига эртаси куни ҳам, кейинги куни ҳам келмади. Янги йил таътиллари бошланди. Кампир юртига кетдимикан деган ўй билан, қишлоққа телеграмма жўнатди. Беш кундан кейин: “Кохэй келгани йўқ” деган жавоб қайтди. Орадан ўн кун, йигирма кун ўтди – Кохэй кўринмади.

Бонсай аввалгидек балконда турар эди. Ҳеч ким уни суғормас, тупроқ қуриб, майсаларни чанг босган, улар сарғайиб кетган эди. Ўрмон нобуд бўлганди. Чанг-тўзон эсган пайтларда бир дарахтнинг пастки бутоғига қўнган жажжи капалак оҳиста чайқаларди.

Ҳеч ким у капалак эмаслигини тасаввур ҳам қилолмасди.

У ерда жонсиз Кохэй осилиб турарди.

 

Тецуо МИУРА

 

Рус тилидан

Ортиқбой АБДУЛЛАЕВ

таржимаси

 

“Жаҳон адабиёти”, 2018/1

 


[1] Патинко – ўйинчоқ автомат.

[2] Одэн – батат, соя сузмасини думалоқлаб, сихга қадаб сувда пиширилган овқат номи.

[3] Ко-тян – Кохейнинг кичрайтирилган шакли.

[4] Хосутэсу –майхонада мижозларга хизмат кўрсатувчи чўри қиз (инглизча hostess – бека).

[5] Суси – пиширилган гуручга балиқ, тухум ва сабзавотлар қўшиб, сиркалаб тайёрланадиган бўғирсоқ.

[6] Конгасури – пахтадан тўқилган, оқ нўхат гулли қорамтир-кўкиш газлама.

[7] Бонсай – шиша идиш ёки патнис устида ўстириладиган пакана дарахт, жажжи боғча.

[8] Бон – марҳумларни хотирлаш байрами.

[9] Хиноки – сарв дарахти.

[10] Татами – деярли барча япон уйларида полга солинадиган анъанавий бордон тўшама.

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.