Ичимиздаги қафас

0
245
марта кўрилган.

Бир маҳаллий ҳайвонот боғига қутб айиғи совға қилишди. Боғ маъмурияти махсус ҳовуз қуриб битирилгунча айиқни катта қафасда сақлаб туришга қарор қилди. Боғдаги энг катта қафас олиб келиниб, ҳовуз ичига қўйилди. Айиқ шу қафасга киритилди. Бироқ янги “уй”и унга торлик қилди. Бечора жонивор бир томонга уч қадам ташлагач, тўсиққа етиб келар, зўрға бурилиб, ортига қайтар эди. Яна уч қадам юрар, яна ўгириларди…

Орадан бир муддат ўтиб, ҳовуз битди. Қафас олиб ташланди. Кенггина ҳовузда бемалол айланиб юриш имкони туғилди. Бироқ у олдингидай уч қадам ташлар, сўнг қийналиб бурилар, яна уч қадам юргач, яна қайриларди. У ўтган вақт ичида ўз ичига қафас қуриб олган экан…

Биз ҳам худди шу айиқ каби ўз имкониятларимизни ўзимиз чеклаб оламиз. Ҳеч қачон ичингизга қафас қурманг! Дунёга фақат бир нуқтадан қараш, уни фақат бир хил рангда кўриш бизни чегаралаб, кишанлаб қўяди. Агар шундай ички қафасни аллақачон қуриб қўйган бўлсангиз, уни бузиб ташланг. Бу иш фақат ўзингизнинггина қўлингиздан келади. Бунга жиддий ҳаракат қилмас экансиз, сизга ҳеч ким ёрдам бера олмайди.

 

Ориф Толиб тайёрлади.

 

“Бошланғич таълим” журналининг 2015 йил 1-сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.