Ҳурмас

0
98
марта кўрилган.

Уни шундай атадим…

Эрта куз эди ўшанда. Уфқ тамоман қонталаш. Айрим паст­қам жойларда ғира-шира қорон­ғулик. Йўл четидаги симёғоч остига тушиб турган чироқ нурини ҳисобга олмаганда қишлоққа ваҳима чўмгандек. Теракзор томонда нимадир милт-милт ёндими ё менга шундай туюлдими, секинладим. Қадамда минг хаёлга бордим.   

Бир… Мушукка ўхшайди.

Икки… Ит бўлса-я!

Уч… Йўқ, аниқ мушук.

Одатда, қоронғуда мушукнинг кўзлари шундай ёниб-ўчади.

Симёғочга яқинлашганим са­йин хаёлимда мушук дам итга, ит дам мушукка айланди. Билмадим, қўрқувданми, ўша шарпа яна қандайдир жониворларга айланиб улгурди. Оёғим остида хас-чўп чирсиллаб қолгудек бўлса, баттар ваҳима босиб ғудранаман, “қуён­юрак, лапашанг, қўр­қоқ…” дейман ўзимни ўзим яниб.

Шунда чалғишим кераклигини фаҳмладим-у, тилимга келган қўшиқни хиргойи қила бошладим:

 

… Айбим не деб сўрама асло,

Бу дунё шундайин бевафо.

Юр, муҳаббат кетдик бу ердан…

 

Ана, яна ёнди. Оҳангим мин­ғирлашга айланиб, қалтироқ тутди:

 

Юрр, муҳабба-а-ат, кетди-и-ик…

 

Ана… Сўнди.

Қўшиқнинг қўшиқлиги ҳам қолмади. Аксига олиб, биронта сўз тилимга келмайди. Кутилмаганда адабиёт ўқитувчимиз йил-ўн икки ой сўрайвериб, ёд бўлиб кетган “Генетика” хаёлдан ўтди:

 

Мен ҳам яшаяпман ўз замонимда,

Давримдан қайга ҳам тушардим йироқ.

Ва лекин, билмадим, менинг қонимда

Қайси бир бобомнинг хислати кўпроқ…

 

Одатда, чоракликлар “Мен ҳам яшаяпман” дея бошланиб, “Сенга талпинаман” деб тугарди. Баъзан ўқитувчимиз дарсга тайёргарликсиз келганида ҳам бутун бошли қирқ беш дақиқа “Генетика” муҳокамаси билан ўтарди. Шунданми, ҳарчанд ваҳима босмасин, шеърнинг ҳар сатри ёдимда. Ўзимни чалғитдим, шеър айтдим. Симёғочдан ўтиб олсам бўлгани.

“Хрррр”.

Қочдим. Оёғим ерга тегиб-тегмай югурдим. Йироқлашгач сездим: орқамдан ҳеч нима қувиб келаётгани йўқ. Ҳансираб тўхтадим. Қўлларимни тиззамга тираб, нафасимни рост­ладим. Хайрият…

 

***

Тонг ўзгача ёришди. Мана, ўша симёғоч. Бунда тишлари сўйлоқ, малла юнги ҳурпайган, шалаббо ит ётарди. Ҳуриш-хириллаш тугул, нафас ҳам олмасди. Уни танидим.

Эсиз, Ҳурмаснинг тақдири шу бўлибди-да. Бир пайтлар у ҳам ликонглаб, соҳибига суйкалиб, эркаланарди. Хўжасининг кичик ўғлига эргашиб, адирга мол боққани чиқарди. Кичик хўжайин сигирларни ўз ихтиёрига қўйиб қўярди-да, ити билан майсазорда юмалар, жонивор эса бундан ёш боладек суюниб-завқланарди. Пахмоқ думини ликиллатиб, гоҳ ўйинқароқлик қилса, гоҳ эгасини кўнглини топгандек узоқлаб кетган сигирларнинг ипидан тишлаб тортиб келарди. Хуллас, беминнат ёрдамчи эди.

“Итнинг яхшиси эгасига вафоли бўлади, уйда ўлмайди, эгасига юк бўлишни истамайди”, деганларини эшитганим бор. Демак, Ҳурмас шундай ит экан-да.

 

***

Сўнгги кунларда бу ердан ўтувчиларнинг авзойи турланадиган бўлди: Нури муаллим юзини терс буради. Шокир оқсоқолнинг қоши чимирилиб, пешонаси тиришади. Қўчқор полвон бурнини жийиради. Тўрақул раис чўнтакларини тита бошлайди: тополса, хотини ғалла ўримида керак бўлади, деб тўқиб берган рўмолчаси билан, тополмаса, похол шляпаси билан оғиз-бурнини ёпиб, қадамини тезлатиб ўтиб кетади.

Ҳурмас бир неча кундан бери шу ҳолда ётибди.

Киракаш билан бошқа пайтлар эринмай нарх талашадиган Исмат буғалтир энди тўғри келган машинага сўрамай-нетмай, пўсс ўтириб жўнайдиган бўлди.

Сабаб – Ҳурмаснинг лоши.    

Бозор халтасини тўлатиб қайтаётган икки аёл ҳаллослаганча шапкали назоратчини етаклаб келди ва қўлларини ниқтаб “Нега бу ит ҳалиям бу ерда ётибди?” дегандек бир муддат баҳслашишди.

Аслида, итнинг итлиги қолибдими! Ичига сомон тиқилгандек ҳўппайиб кетган.

Бу орада тележкали трактор кўринди. Мункайиб қолган бир отахон йигитларга шуниям ола кетинглар, дея гап берди. Ҳурмаснинг қисмати шу бўлибди-да. Одамлар билиб айтади: “Яхши ит уйида ўлмайди”.

 

***

Тонг бошқача ёр­ишди. Ҳурмас кў­ринмади. Хайрият, олиб кетишибди. Энди Нури муаллим сим­ёғоч ёнидан юзини терс буриб ўтмаса ҳам бўлади. Шокир оқсоқол, Қўчқор полвонларнинг афти буришмайди, пешонаси тиришмайди. Тўрақул раис хотини тўқиб берган рўмолчани ёки похол шляпасини уйида унутиб қолдирса ҳам бўлаверади. Исмат буғалтир эса киракашлар билан эринмай талашиб, орттирган пулига носқовоғини тўлдириб юраверади.

Бу менинг уйимгача олиб борадиган қишлоқдаги ягона йўл. Ундан ўтиб-қайтиш қисматимга ёзилган. Бугун ҳам уфқ қонталаш-қонталаш бўлиб ётганда ўша теракзор ёнидан ўтаяпман. Воқеа эсимга тушади. Эй-й, намчил хазонлар устида малла юнгли, шалаббо яна битта дум кўринди.

Хиргойи қила бошладим:

 

…Бу дунё шундайин бевафо.

 

 

Акмал Мурод

 

 “Hurriyat” газетаси,

2015 йил 14 январь

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.