Ҳикоят ва нақлиёт

0
319
марта кўрилган.

СУЛТОН ВА ШАЙХ

 

Ҳиндистоннинг Қалонжар вилоятининг ўрдоҳи Нанда қўрғони жангсиз таслим бўлгач, Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг обрўси янада ошиб кетди: у пойтахтга уч юз жангари фил, ҳисобсиз инъом-эҳсон, бойлик билан қайтди. Қон тўкмай, ҳеч қандай талафотсиз бой бир вилоят қўлга киритилиши пойтахт Ғазнада катта байрам қилинди. Султон саройида ярим тунга қадар базму тараб авжига минди: созандалар куй додини бердилар; раққослар жасорат ўйинларини ижро этдилар; қасидагўйлару ғазалсаролар янги асарларини басма-бас ўқишди. Малик-уш шуаро Абулҳасан Унсурий машҳур “Зафарнома” қасидасини пешкаш этди. Унда Султон Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндистонни забт этиш йўлида олиб борган жангу жадал кунма-кун, йилма-йил батафсил юксак балоғат ва фасоҳатда тасвирланган эди. Барча сомеълар асарни Султон Маҳмуд зафарларининг солномасидек таърифлаб нафосатини алоҳида таъкидлашди. Қасида Султонга ҳам хуш ёқди шекилли, шоирни олқишлади. Зафар базми қоқ ярим тунда тугади. Хобгоҳига сархуш ҳолда қайтган Султон Маҳмуд донг қотиб ухлаб қолди.

– Ўғлим, Нанданинг сулҳ ҳақидаги номасини қабул этиб, кўп яхши иш қилдингиз. Жангжўйликдан кўра, сулҳпешалик подшонинг олижаноб фазилатидир. Мардум қонини бекорга тўкилишининг олдини олиб, қучган улкан зафарингиз тангри ризолиги учун муборак бўлсин! Лекин, ўғлим, нега кўпдан бери Меҳнани унутдингиз, Ҳаррақон йўлини тутмай қўйдингиз? Ахир, улар бизни шарафлашмоқда-ку!? Сизни ҳамиша дуойи хайр билан эслашмоқда…

Султон Маҳмуд отаси Сабуктегин айтган бу сўзлардан сесканиб турди. Туши экан. Дарчадан ташқарига қараган чоғ, муаззин овози эшитилди. Демак, тонг отмоқда…

Султон Маҳмуд таҳорат олиб, бомдодни ўқиди. Сўнг вазир Маймандийни чорлаб фармон берди:

– Аёз ва сарбозларга айтинг, йўл тадоригини кўришсин, нонуштадан сўнг Меҳнага жўнаймиз.

Вазир Маймандий ҳозирлик ишларига бош-қош бўлди. Хазинадан ҳамёнлар, ниҳоят, ҳар эҳтимолга қарши шикорий қуроллар, саратоний соябонлар ғамланди. Катта лашкар кузатувида гуруҳ йўлга чиқди. Икки кеча-кундуз йўл юришди: тоғлар ошишди, дарёларни кечишди. Олдиндан жарчилар сафар ҳақида маълумот етказиши учун вилояту қишлоқ йўлларида халқ подшони олқишлади: кексалар қўлларини кўксиларига қўйиб дуо қилишди; ёш-яланглар чапак чалиб қийқириб кузатишди. Ва ниҳоят ҳамроҳлар кўп манзиллардан ўтиб, Ҳомаварон даштига етиб келишди. Шу ерда кузатучиларга рухсат берилди ва ўн чавандоз даштга қараб от сурди. Тушга яқин саҳро биқинидаги Меҳнадан чиқишди. Қишлоққа кираверишда Даромадгоҳ мусофирхонаси – карвонсарой бўлгич эди. Султон Маҳмуд етти ҳамроҳни шу ерда қолдириб, Маймандий ва Аёз билан қишлоқ бўйлаб айланди. Тош ётқизилган шоҳ кўчадан боришар экан, кўпгина уйлар ягона низомда, ғоятда кўркам, аксарияти чўпкори-синчкори усулида қурилганини кўриб, ҳайратга тушишди. Барча ҳовлиларда икки-уч табақали ўймакорлик билан ишланган, турли нақшу нигор билан зийнатланган, мойланганлиги учун ялтираб турган дарвозалар. Чапдаги дарвозада Султон Маҳмуд филларининг ғаним устига бўрондек ҳужуми тасвирланган; ўнг томондаги бир дарвоза табақасига эса, зафар нашидасидан хурсанд Султоннинг фил устидаги тахти равонида виқор билан ўтиргани акс этган эди. Дўстлар ёғоч ўймакорлиги усулида бажарилган бу санъат асарларини томоша қилиб, ҳайрат бармоғини таажжуб дандони билан тишлаб қолдилар. Шу пайт Султон Маҳмуд бир дарвоза олдида тўхтади. Ундаги нақшда қуръон ўқиётган Султон тасвирланган эди. Иттифоқо, ўша дарвозадан бир йигитча чиқиб салом берди. Алик олгач Султон Маҳмуд йигитга мурожаат қилди.

– Бу нақшлар кимнинг амалидир?

– Буларни Бобу (Бобулхайр демоқчи – Ҳ. Ҳ) ўз пичоқлари билан ясаганлар, – жавоб берди йигит.

Султон тушида отаси Сабуктегин айтган гапни эслади: улар бизни шарафламоқдалар!

– Бобу қаердалар? – яна сўради Султон.

– Бобу ўлганлар. Дадам Абусаид Нишопурга кетганлар, – таъкидлади йигит.

– Бунга бир ҳамён беринглар! – буюрди Султон.

Аёз тақимидаги хуржундан бир ҳамён олди-да, йигитнинг қўлига отмоқчи бўлди. Шунда Султон қўли билан “тўхта!” деган ишорани қилди-ю, халтани йигитга ўзи узата туриб деди:

– Буни ол, бобонгга яхши ёдгорлик қуринглар.

Ҳомаварон чўлида ҳозир ҳам қад ростлаб турган Бобулхайр мақбараси ана шу маблағга қурилганини ҳали-ҳали эслашади.

Шундан сўнг дўстлар Меҳнадан чиқиб, Харрақонга қараб йўл олдилар. Чўл ёқалаб пешинга яқин қишлоққа кириб келишди. Султон ташрифи ҳақида овоза тарқалгани учун бутун халқ кўчага қалқиб чиққан эди. Меҳмонлар Шайх Абулҳасан Харрақоний кулбаси сари боришди. Хизматкор Шайхга Султон келганини етказди.

– Айт, номаҳрамлар хонадонимга йўламасин, Султон ўзи кирсин, – деди Харрақоний.

Вазир Маймандий билан Аёз кўчада қолиб, Султон ичкарига кирди. Шайх Султонни ўтирган жойида кутиб олди: қўл беришиб кўришдилар. Ўзаро суҳбат узоқ давом этди. Қуръони каримни тафсир этган Султон Маҳмуд кўп оятлар сеҳрини янгитдан сўраб билди. Ҳатто Мансур Халлож ақидаси ҳақида ғоят асосли жавоб олди. Гап орасида Харрақоний: “Сизнинг сулҳпеша бўлганингизни эшитиб, ҳаққингизга дуо қилдик”, – деб қўшиб қўйди. Шунда Султон Маҳмуд қўйнидан олтин тўла бир ҳамён чиқазиб узатди. Аммо у:

– Биз бойликни азалдан тоабад талоқ қилганмиз, – деб олмади.

– Ундай бўлса, устоз, бизга бирон муносиб эҳсон ёки дуойингиз йўқми? – деди Султон.

– Иллоҳо, оқибатингиз маҳмуд бўлсин, – деб юзига фотиҳа тортди ва кўрпача остидан эски хирқасини чиқазиб берди. Меҳмон уни юзига суртди-да, аста тахлаб қўлтиғига тиқди.

Султон кетишга изн сўраб ўрнидан турди. Шайх ҳам жойидан кўтарилиб, кўча эшиккача кузатиб қўйди. Маймандий билан Аёз қўл қовуштириб таъзимда турарди. Шунда Султон Шайхдан сўради.

– Муҳтарам устоз! Биз келганда пешвоз чиқмадингиз, ҳатто ўрнингиздан қўзғалмадингиз. Энди бўлса, бизни кузатиб қўймоқдасиз. Буни қандай тушуниш мумкин!?

– Камина даргоҳига қадам ранжида қилганингизда сиз Султон эдингиз, энди эса дарвеш бўлиб қайтаяпсиз, – жавоб берди Шайх.

Ҳамроҳлар хайр-хўшлашиб, отларининг жиловини Даромадгоҳ карвонсаройига қараб бурдилар.

 

 

АВЕСТОХОН МУАЛЛИМ

 

Бир кеча Ҳиндиё ҳамда Фарокин номли донишмандлардан Авесто бўйича таълим олган ёш подшоҳ Кисро Анушервон туш кўрибди. Тушида гўзал бир оҳу саройга кириб келиб, подшо қўлидаги жомни олиб, бир қултум шароб симирибди-да, жомни улоқтириб-синдириб, кўздан ғойиб бўлибди.

Тонг саҳарлаб зўр донишмандларни йиғиб, туши таъбирини сўрабди, ҳеч ким жавоб беролмабди. Охир-оқибат шоҳ бир неча кунга муҳлат берибди. Бирон-бир уламо таъбирлай олмабди. Шундан сўнг, подшоҳ чечан ва сўзамол одамларни йиғиб, қўлларига бир лагандан олтин бериб дебди:

– Бутун мамлакатни айланиб, жар солинглар. Кимда-ким тушим таъбирини айтса, бошидан шу зарни сочинглар.

Ходимлар турли вилоят, шаҳару қишлоқларга боришибди. Сўрашибди, суриштиришибди. Аммо подшоҳ тушини таъбирловчи бирон донишмандни учратишмабди.

Анушервоннинг Озодсарв деган надими бўларди. У кўп шаҳарларни айланиб, охири Марвга бориб, зодагонларга муддаосини изҳор этибди. Шунда улардан бири:

Гулафшон гузарида бир авестохон муаллим йигитча бор. У гўдакларга Зенд Авестодан дарс беради. Туш таъбирини ўшандан бошқа киши айта олмаса керак, – дебди.

Озодсарв донишманд йигит ҳузурига борибди.

– Бу масалада билимим ожизлик қилади. Аммо менга Авесто ёрдам берса керак, – дебди. Кечқурун у Авестони ўқиб қараса, тушига кирган оҳу эр киши бўлади. У шаробни тўла ичса, ўлдиришади, ярим ичса, соғ қолиши мумкин, деб ёзилган экан. Эртаси куни муаллим йигит Озодсарвга:

– Туш таъбирини фақат шоҳнинг ўзига айтаман, – дебди.

Икковлон яшин тезлигида ярим кечада пойтахт Мадойинга етишибди. Эртаси куни Озодсарв йигитни саройга бошлаб борибди. Подшоҳ тушининг тафсилотини баён этибди.

– Шоҳим, саройингизда нечта канизак бор? – сўрабди йигит.

– Етмишта пари-пайкарим бор, – жавоб берибди шоҳ.

– Ана шу канизаклардан бири эркак киши бўлиши керак, – таъкидлабди муаллим. Анушервон ҳангу манг бўлиб қолибди.

– Буни қандай билиш мумкин?

– Эрта тонгда барча канизакларни тахт пойидан бир-бир ўтказасиз, юришидан аниқлаймиз, – дебди йигит.

– Эртаси куни шундай қилишибди. Аммо канизаклар хиромидан қайси бири эркаклиги билинмабди.

– Энди, шоҳим, бўлар иш бўлди, – дебди йигит. – Тонг саҳарда сиз тахтингизга чиқиб ўтирсангиз, мен ёнингизда тураман. Канизакларни эса биттадан ички либосда ҳузуримиздан ўтказишсин.

Одатда канизаклар бир хонада икки кишидан яшашаркан.

Хуллас, Моҳрўйи Чочий деган канизакнинг ҳамхонаси ёш йигит бўлиб чиқибди.

Подшоҳ ғазаб билан “Бу не ҳол” – деб сўраган экан, канизак жавоб берибди.

– Бу йигит – менинг акам. Онамиз – бир, отамиз – бошқа. Усиз мен ҳаётимни тасаввур этолмасдим. Шу боис уни машшоталар орқали қиз суратига киргизиб, ўзим билан бирга олиб келгандим…

– Энди бу кўрнамаклар тақдири нима бўлади? – сўрабди таъбирчи йигитдан Анушервон.

– Агар оҳу шаробни тўла сипқариб, қадаҳни улоқтирган бўлса, жазолари ўлим, – дебди донишманд йигит.

Оқибатда, йигит билан қизни ўз хоналарида осиб ўлдиришибди.

Подшо тушини таъбирлаб, Моҳрўйи Чочий сирини очган ўн етти яшар донишманд кейинчалик Анушервон давлатининг мустаҳкам устуни бўлган, Шарқда адолатли вазир рамзига айланган Бузружмеҳр эди.

 

 

ЯШИЛ РАНГЛИ СОЗ

 

Шарқ касбий мусиқасининг асосчиси Борбад Нарвазий (ХI аср) ҳақида халқ орасида кўп ҳикоят ва нақллар тарқалган, шахси афсонларга айланган. Биз Борбад ҳақидаги икки нақлни шогирдлари тилидан ҳикоя қилдик.

 

Ростини айтсам, Борбад сафимизга келиб қўшилган кундан бошлаб тинчим йўқолди. Қалбимда аллақандай ғашлик пайдо бўлди. Зероки, у фавқулодда соҳиби ҳофиз, бастакор сифатида кундан-кунга ўзини кўрсата бошлади. Ўзи шеър ёзиб, куй басталар, табиат эҳсон этган ноёб овоз билан ижро этар эди. Мартабам, обрўйим қўлдан кетаётган, ҳар сонияда у ўрнимни олиб қўяётгандек туюларди. Шунинг учун, саройдаги хос базмларга Борбадни яқинлаштирмасликка, Хусрав ҳузурида ўз санъатини намойиш этишига йўл қўймасликка интилдим.

Баҳор кунларидан бирида Хусрав аъёни давлат, муваккилони мамлакат иштирокида Фирдавс отлиғ боғида гул сайри, шеъру соз базми ўтказадиган бўлди. Жиддий тайёргарлик, машқлардан сўнг бир гуруҳ созандаю ҳофиз билан боққа жўнайдиган бўлдик. Борбад ҳам базмда иштирок этишни жуда-жуда истади. Ҳатто ёлворди ҳам. “Ҳали ёшсан. Бунча шуҳратпараст бўлмасанг? Ё эҳсон истайсанми?” – дедим-да, учта тилло танга бериб жўнаб кетдим.

Боғ сайри, гул гаштидан сўнг сарвзор ўртасидаги муҳташам кўшкка тўпландик. Шеър баҳси, созу овоз жаранги кўкка ўрлади. Бир тарафда раққослар Борбад янги ўргатган рақсни қиёмига етказиб ўйнамоқда эдилар. Айвон тўридаги шоҳсупада Некисо Чанги бошчилигидаги машшоқлар куй додини беришмоқда. Шу пайт, айвон ёнидаги сарвлар орасидан бир куй таралди. Кўтаринки, шодиёна руҳдаги бу куй шу даражада ёқимли, сеҳрли эдики, бутун табиат гўзаллиги унда мужассам дейсиз. Бир сонияда йиғилганлар оғзи хандаю шўхликдан, созандалар тори ноладан, раққослар оёғи хиромдан қолди. Куй авж нуқтасига етгач, аста-секин пасайиб майсазорлар узра ёйилиб, сарвлар ичига ғарқ бўлди.

Хусрав ишораси билан уч киши сарвзорга югурдик. Не кўз билан кўрайким, дарахтлар ичидаги ям-яшил ўтлар устида майсаранг либослар кийиб олган Борбад ўтирганди. Ҳатто қўлидаги сози ҳам яшил рангда эди. Қўлтиғидан олдим-да, кўшк томон етакладим. Ҳамма уни хушвақт пешвоз олди. Мен ҳам таъзим қилдим. Сарвлар орасидан таралган оҳанг устида баҳс бўлди. Ҳамма бир оғиздан куйда табиат кўрки, файзу таровати жозибали, мукаммал акс этганини таъкидлади. Хусрав Борбад этагини дурру жавоҳирга тўлдирди. Куйни “Сабзи андар Сабз” деб атадилар. Шу кундан Хусрав Борбадни ўрнимга сарой санъаткорларининг бошлиғи этиб тайинлади. Мен даҳоси олдида бош эгдим ва бир умрга шогирдликча қолдим.

Маълум бўлишича, “шуҳратпараст” деб уч танга беришим Борбад иззат-нафсига теккан экан. У тўғри уйига бориб, баҳор манзарасига ўхшатиб майсаранг либослар кийибди, барбатини ҳам яшилга бўябди. Сўнгра боғбон Бомдуй ҳузурига келиб, шу кунги базм пайтида боққа киришга рухсат сўрабди. Борбад санъатининг чин мухлиси Бомдуй ижозат берган экан…

 

 

УСТОЗ ҚАЛБИ

 

Баҳор ойлари эди. Биз бир гуруҳ машшоқ билан Исфаҳонда Наврўз тантаналарида иштирок этиб, ўз куй ва қўшиқларимиз билан халқ сайлига файз бағишлаб юрар эдик. Иттифоқо, Хусрав ўғли Шеруя томонидан ўлдирилганини эшитдик. Мен яшин тезлигида Мадойинга етиб келдим. Лекин, ҳайҳот, кечикибман. Аллақачон Хусрав дафн этилганди. Саройдаги алғов-далғов ҳақида дув-дув гап. Пойтахт одамни тутиб ейман дейди. Кўҳна ошнолардан ҳеч кимни топа олмадим. Ҳамма зада қушлардай тумтарақай бўлган.

Охири ўзимни қўлга олдим-да, тўғри устозим Борбад ҳовлисига қараб юрдим. Келдиму кўзларимга ишонмай донг қотиб қолдим. Эвоҳ, бу қандай кўргилик. Эй фалак, бу не бедодлик! Наҳот, шундай кошона кулини кўкка совурсанг! Қандай куч билан бақирганимни билмайман. Кўз ўнгим қоронғилашиб, бошим айлана бошлади. Гандираклаб култепаларни айландим. Ҳамма нарса куйиб, ҳоку туроб бўлган эди.

Кечга яқин қўни-қўшнилардан устозимни сўроқладим. Бир – икки йўловчи бозор бошида девонавор айланиб юрганини, дарвешлар жандасини кийиб олганини айтди. Шундан сўнг, шаҳар четидаги карвонсаройлар ва дарвешхоналардан қидирдим. Ва ниҳоят, бир ҳужрадан топдим. Эшикдан киришим билан бурчакда ўтирган Борбад ўрнидан турди. Шамшоддек қомати дол, арғувондек рухсори заъфарон бўлган. Бағрига отилдим, ота-боладек бир-биримизни қучиб саломлашдик. Навбат қўл бериб кўришишга келганда, қўлим олдинги ипакдек майин, ҳамиша оташдек иссиқ кафтларга эмас, аллақандай қаламланган, совуқ новдаларга теккандай бўлди. Бир сесканиб тушдим. Қарасам, ҳар икки қўлининг бош ва кўрсаткич бармоқлари тагидан кесилган, ўрни қорайган ва буришиқ эди. Кўларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Томоғимга аччиқ нарса тиқилиб келарди: “Наҳотки куйга суиқасд қилган бўлсалар?! Наҳотки!”

Нақл этишларича, устозим тонг-саҳарда Хусравга суиқасд қилинганини эшитиб, саройга чопибди. Хос хонасида қонга беланиб ётган ҳомийсини кўриб зор-зор йиғлабди. Ўзи ювиб-тарабди, дафн маросимида бош-қош бўлибди. Шоҳона мақбарага элтиш йўлида машҳур “Хусравони” куйини чалиб борибди. Ҳомийсини ўз қўли билан лаҳадга қўйибди. Дафн маросими ғарибона бир тарзда ўтибди. Устоз назарида маърифат ва адолат офтоби сўниб, дунёни зулмат эгаллагандек бўлибди. Диёнат ва урфон, санъат ва нафосат оламини жаҳолат олами қоплабди. Бундай ҳаётга лаънат ўқиб, бу дунёдан бош олиб кетгиси келибди. У мақбара ёнидан тўғри уйига келиб, аввал созини синдирибди, сўнгра бармоқларини болта билан чопибди, кейин уйига ўт қўйиб дарвешона ҳаёт кечиришни ихтиёр этибди.

Мен устозимни уйимга элтмоқчи бўлдим. Аммо у ўз қароридан қайтмади. Деярли ҳар куни олдига келиб турардим, ёлғизлатиб қўймасликка интилдим.

Шаҳар ҳамон алғов-далғов, сарой нотинч эди. Ҳамма ёқни айғоқчилар, ғаламислар босган. Хусрав вафотидан олти ой ўтгандан сўнг, фитначилар Шеруяни ҳам ўлдириб кетишди. Отасини ўлдирган фарзанд шоҳликка ярамайди, яраса ҳам олти ойдан нарига ўтмайди, деган қуйидаги ҳикмат ўшандан қолган:

 

Падаркуш подишоҳиро нашояд,

Агар шояд, зи шашмоҳе напояд.

 

Кунлардан бир кун келиб устозни дарвешлар кулбасидан топа олмадим. Марвга кетиб қолибди. Орадан кўп ўтмай вафот этгани ҳақида хабар келди. Ҳа, мункайиб қолган мўйсафидни ватан хоки меҳри тортган экан… Бориб қабрини зиёрат қилиб қайтдим.

 

Ҳамиджон ҲОМИДИЙ

 

“Шарқ юлдузи”, 2011–3

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.