Агар киши ҳалол меҳнат қилса, ҳамиша яхшироқ меҳнат қилишга интилса, эртами-кечми у шон-шуҳрат қозонади.
Поль Лафарг.
* * *
Кимки виждонсиз эрур, қилма уларни эҳтиром,
Тузни қадрин билмаган хоинлара йўқдир таом.
Мутриба.
* * *
Софлигингни сақлаб қолиш учун жуда катта маҳорат керак!
М. Е. Салтиков-Шчедрин.
* * *
Гар очликдан берса ҳам мард жон,
Етимлар ҳақин емагай ҳеч қачон.
Саъдий Шерозий.
* * *
Сен, улуғ ва машҳур бўлмасанг ҳам ҳечқиси йўқ. Сен, пок виждон меҳнаткаш ва одобли киши бўлганинг билан фахрлан. Ҳар қандай керакли нарсани яхши қилишда катта хурсандчилик бор. Ахир, бу жуда муҳим – ҳаётни муносиб тарзда ўтказиш жуда муҳим.
И. Ф. Смольянинов.
* * *
Бу оламда кишиким пок қалбу соф ботиндир,
Ҳамиша фикр кунжида қаноат бирла сокиндур.
Табибий.
* * *
Бир ҳаром луқма деб, минг ҳалол луқмани йўқотасан.
* * *
Ҳалоллик бозорда сотилмас.
Арман мақоли.
* * *
Виждондан бўлак ҳамма нарсани сув билан ювиб тозалаш мумкин.
Грузин мақоли.
* * *
Туяга юк азоб беради, одамга – виждон.
Қорақалпоқ мақоли.
* * *
Тўнинг ямоқ бўлса ҳам,
Дилинг ямоқ бўлмасин.
* * *
Тортинчоқ киши самимий ва покдил бўлади.
* * *
Ҳалол меҳнат инсонни улуғлайди.
* * *
Одамнинг ҳусни – инсоф
Қалблар бўлсин доим соф.
* * *
Ҳалол топган пулингга, олиб есанг ошу нон,
Шундагина иштаҳанг очилади бегумон.
* * *
Ҳалол меҳнат ҳаётинг зийнатидир, асти ор этма!
* * *
Кўз учиман кўзлама,
Кўзларингга зўр келар.
Тил учиман сўзлама,
Ўзингга зарар келар.
* * *
Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич.
Ўзбек мақоллари.
* * *
Уялишни билган оқ кўнгил бўлади.
* * *
Чиройли товус ўз парларини эҳтиёт қилар,
Виждонли киши ўз шону-шарафини сақлар.
Хитой мақоллари.
“Ақл ақлдан қувват олади” (Ҳикматли сўзлар, афоризмлар ва мақоллар. “Ўзбекистон” нашриёти, Тошкент – 1967) китобидан.