Ғийбату туҳмат кимга, нима учун керак?

1
119
марта кўрилган.

Ҳар бир маҳалла, кўчанинг “миш-миш”чи, бошқача айтганда, гап ташувчи аёллари бўлади. Улар ҳар бир ахборотдан хабардор бўлишади гўё.

Ким келини билан уришган, ким эри билан тортишган – барчасини билишади. Мана, уларнинг “заҳматли меҳнати”дан бир парча.

Акмал жуда ёш уйланди. Дабдабали никоҳ тўйига кўпчилик келди. Ёш келин-куёв, қайнонаю қайнота қувончдан ўзини қўярга жой тополмайди.

– Ассалому алайкум! Яхши ётиб турдингизми, – дея чой узатаётган келин барчанинг ҳавасини келтирарди.

– Барака топинг келинпошша. Келинг ўзингиз ҳам нонушта қилиб олинг, – дейди қайнона фахр билан.

Келин эса минг истиҳола билан кейинроқ чой ичишини айтиб, уй ишларига шўнғиб кетди. “Келиннинг елиб-югуриб хизмат қилаётганини томоша қилиш қанчалик мароқли. Мана, орзу-ҳавас деганлари шу бўлса керак”, кўнглидан ўтказди Сапура ая. Акмал эса ота-онасининг дуосини олганча, ишга отланди. Эшик ортида уни кузатган келинчак ҳам бу манзарага ўзгача қиёфа бахш этарди.

Буни узоқдан кузатиб турган қўшни аёллардан бири йигитни тўхтатди.

– Вой, Акмалжон яхшимисиз? Тўғриси бир гап эшитиб қолдим. Айтай десам тилим, айтмай десам ён қўшнимсиз, сизга жоним ачийди.

– Салима опа тезроқ айтақолинг, нима гап? – дея шоширди.

– Ҳа, майли айтганим бўлсин. Аёлингиз бир йигит билан тўйдан олдин учрашиб юрган экан, сиз эҳтиёт бўлинг тағин ҳалиям учрашаётган бўлмасин…

– Бундай бемаза гапларни қаердан топдингиз. Бу бўҳтон. Мен аёлимни яхши биламан, унга ишонаман, – дея Акмал ўз йўлида давом этди.

Шундай бўлса-да кўнглига шубҳа оралади. Кўчасида иккита аёлга кўзи тушди дегунча, улар Акмалга қараб нималарнидир ўзаро пичирлашаётгандек туюларди. Борган сари аёлининг нон олишга чиқиб кетиши ҳам уни шубҳа-гумонда қолдира бошлади. Қўшни аёл ёлғон гапларни бутун маҳаллага тарқатиб бўлган, одамлар оғзидаги гаплар Акмалнинг дўстларига ҳам етиб борганди.

Бу бўҳтонлар ўз навбатида қайнонанинг ҳам қулоғига чалинди. У эса келиннинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати, сўзларидан айб излайдиган бўлиб қолди. Кунлардан бир кун уйига эртароқ келган эр хотинини уйда телефонда гаплашаётганини кўриб қолди. Минг хаёлга бориб, ўйлаб ҳам ўтирмасдан:

– Қўлга тушдингми енгилтак. Ўйнашинг билан гаплашяпсанми? – дея аёлни турткилай кетди. Уйда тўс-тўполон кўтарилди. Келин ҳушидан кетди. Бу орада қизнинг ота-онаси ҳам етиб келди. Қаердан билишди дейсизми? Ахир қиз бечора онаси билан гаплашаётганди-да. Кўнгли беҳузур бўлаётганини айтганида онаизор қанчалик қувонганди-я. Қизининг аҳволини, айниқса, ҳомиланинг нобуд бўлганини билган ота-она фарзандини бу уйда қолдирмади. Турли гап-сўзлар кўпайиб, оила пароканда бўлди.

Ёшлар ажрашиб кетишди. Ғийбатчи аёлларнинг гаплари гулдек оиланинг бузилишига сабаб бўлди. Ҳа-я уларга яна гап топилди: “Эри тутиб олибди-да, шунга ажрашишди…”

Афсуски, бу тўқиб чиқарилган ҳикоя эмас. Бундай воқеалар менинг ёки сизнинг маҳаллада бўляпти ва давом этмоқда. Хўш, бунга ким айбдор?..

 

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

 

od-press.uz

1 мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.