Энг муҳими – ўзингизни алдаманг

0
193
марта кўрилган.

Фёдор Достоевский

 

***

Истеъдодга аввало хайрихоҳлик ва ҳамдардлик керак, атрофдагиларнинг уни тушунишлари эса ҳаммасидан ҳам заруридир.

 

***

Агар сен дунёни забт этишни истасанг, аввало ўзингни енгишни ўрган…

 

***

Оқил ва мулоҳазали кишилар юрадиган кўпгина йўлларни аслида тентаклар барпо этишади.

 

***

Энг муҳими – ўзингизни алдаманг.

 

***

Бахт бахтнинг ўзидагина эмас, балки унга эришиш йўлидаги заҳмат ва машаққатларда ҳамдир.

 

***

Кимки табиатни севмаса, у одамни ҳам сева билмайди, демак у ҳеч қачон чин маънодаги гражданин бўла олмайди.

 

***

Вақт деганлари – борлиқнинг йўқликка нисбатан муносабатидир холос.

 

***

Афсуски, ҳақиқат аксарият ҳолларда у қадар оқилона бўлмайди.

 

***

Уятга қолган одам одатда беихтиёр жаҳл отига минади ва айни ҳолатда сурбетликка мойил бўлади.

 

***

Эркинлик – ўзингни ҳеч нарсадан тиймаслигинг эмас, балки ўз-ўзингни бошқара олишинг деганидир.

 

***

Баландпарвоз ва тумтароқ сўзлар билан ҳар қандай нарсани ҳам хунук ва тубан қилиб қўйиш мумкин.

 

***

Агар сиз чиндан-да эзгу, ҳаққоний ва адолатли нимадир иш қилсангиз, ҳаёт қанчалар гўзал ва ширин эканини англаб етасиз…

 

***

Омадсизлик келганида ҳар нарса аҳмоқона бўлиб туюлади.

 

***

Одамнинг қувноқлиги – унинг энг улуғ фазилатидир.

 

***

Мен жаҳолат ва ғазаб одамлар учун одатий ҳол бўлиб қолишини истамайман ва бундай бўлиши мумкинлигига ишонмайман ҳам.

 

***

Ўзинг билмаган, англамаган нарсани севиб қолишинг мумкин эмас.

 

***

Севиб қолиш дегани бу ҳали севги дегани эмас. Баъзан инсон нафратлана туриб ҳам севиб қолиши мумкин.

 

***

Ҳаётнинг ўзини унинг мазмунидан ҳам кўра кўпроқ севмоқ керак.

 

***

Шароб инсонни ҳайвонга айлантирибгина қолмасдан, уни шафқатсиз қилиб қўяди, ёруғ ва эзгу фикрларидан чалғитиб, ақлу шуурини ўтмаслаштиради.

 

***

Пул – бу зарб қилинган эркинликдир.

 

***

Ақл-идрок ҳам баъзан шу қадар ярамаски, у исталган нарсани оқлаши мумкин.

 

***

Ишқ-муҳаббат шу қадар қудратлики, у ҳатто ўзимизни қайтадан дунёга келтириши мумкин.

 

***

Билим инсонни қайта туғилтирмайди: у инсонни ўзгартиради холос, ўзгартирганда ҳам ҳамма учун умумий бўлган шаклда эмас, балки ҳар бир одамнинг ички феъл-атворига мувофиқ ўзгартиради.

 

***

Дунёда софдилликдан қийинроқ ва тилёғламаликдан осонроқ иш бўлмаса керак.

 

***

Юмор – энг ҳассос ва теран туйғулар қаъридаги закийликдир.

 

***

Бизнинг одамлар нима қилаётганига эътибор берманг. Сиз кўпроқ уларнинг нимага қараб интилаётганликларига диққат қаратинг.

 

***

Ҳеч нарсадан ҳайратланмаслик – ақлнинг эмас, аксинча аҳмоқликнинг аломатидир.

 

***

Ўзининг аҳмоқлигини тан олган аҳмоқни, энди сираям аҳмоқ дейиш мумкин эмас.

 

***

Асарлари муваффақият қозона олмаган ёзувчи, осонлик билан тили аччиқ танқидчига эврилади: буни бамисоли кучсиз ва таъмсиз мусалласнинг ажойиб сиркага айланишига ўхшатиш мумкин.

 

Рус тилидан

Муҳиддин ОМОН

таржимаси

 

“Ижод олами”, 2018/2

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.