“Астрономик” ашулалар

0
234
марта кўрилган.

(Яъни юлдузлар куйлаган қўшиқларга ҳазил жавоблар)

 

Ёнди, ёнди, юрак ёнди,

Ёнди ой ва юлдузлар…

Шакарханда:

– Ғирт ёлғон қўшиқлардан. Ҳофиз, астрономиядан билимлари ўзимизникидайми, дейман? Юлдузлар ёниши ҳақида эшитганмиз. Ой қандай қилиб “ёнади”, исботлаш ҳам керак-да!

 

***

Шомрот акам қатталар,

Шомрот аканг шўтталар.

Шакарханда:

– Оилавий сирларингни овоза “қилларинг” энди! “Шомрот акам қатта, Шомрот акам қатта?” Биринчидан, “Шомрот” эмас, ота-онаси уни ҳам суйиб, “Шоҳмурод” деб исм қўйган! Иккинчидан, сендай сулувгина хотинини ташлаб, санғиб юрган “Шомрот” аканг “қатта” эмас, ғирт латта экан, қизим! Қўй, бошқа ашула айт!..

***

Нечун йироғлаб кетдинг,

Яна соғиндим, яна…

Шакарханда:

– Соғинчнинг давоси – дийдор, дейдилар. Сулувгинанинг қошига учинг, ҳофиз. Куйлаб, дардни дастурхон қилиб ўтиргандан не фойда?

 

***

Бошим айланди,

Бошим айла-анди…

Шакарханда:

– Бу жуда хавфли-ку, ҳофиз!..

 

***

Маҳаллангни кезаман,

Тўйингни ҳам бузаман…

Шакарханда:

– Азизлар, тўй-пўй қилаётганда, хавфсизлик чораларини кучайтиришингизни илтимос қиламиз…

 

***

Мен сени ёрим десам,

Ёнингда ёринг бор экан…

Шакарханда:

– Ҳозирги қизларга ўйлаб гап отиш керак, ҳофиз!

 

***

Бу ҳовлининг мен учун

Дарвозаси ёпилган…

Шакарханда:

– Ёпиқ экан, деб қараб туравериш ярамайди, ука! Звонокни босинг, звонокни!

***

Қашқадарёдан Сурхондарёга

Келин бўлиб кетди Лайло…

Шакарханда:

– Бу – ҳаёт, ука. Қизлар келин бўлади, йигитлар куёв. Лайло тегиб кетган бўлса, Лобари бор, Лоласи бор. Шунга куйиниб ўтирасанми?

 

***

Сен фақат табассум қил,

Сен фақат табассум қил…

Шакарханда:

– Бўлар-бўлмасга, кун – йигирма тўрт соат табассум қилганларга қандай ташхис қўйилишини биласизми, яхши қиз?

***

Мен сени ўхшатардим

Жонгинам, оҳуларга…

Шакарханда:

– Инсон мукаррам зот, дейишади. Уни жониворларга ташбеҳ қилиб бўлмайди, ўртоқ!

 

***

Ишқ наштари тилкалайди курагимни,

Аразингиз очилмайди, аразингиз…

Шакарханда:

– Севгининг юракка эмас, куракка санчилиши – зўр янгилик! Аразнинг очилиб-ёпилишини ҳам сиздан эшитяпмиз, биродар.

 

***

Аразламанг, жоним, сиз аразламанг,

Ўзим ўсма қўяй шу қошингизга…

Шакарханда:

– Яхшиси, гўзаллик салони оча қолинг, дўстим!..

 

 

Элмурод тайёрлади.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.