Дўпписи йўқ дунё

0
301
марта кўрилган.

Қабрнинг эшиги йўқ

 

Унинг бошини нам тупроққа оҳиста қўйишди. У ҳамон қимир этмай, тошдай қотиб ётарди. Хайрият, аввал жағини, сўнг қўлларини бўшатишди. Ишқилиб, нафас олаётганини биров сезиб қолмасайди. Сезса барчаси барбод бўлади…

Унинг тириклигини фақат хотини эшитмасин, эшитса тамом, ҳаммаси қайтадан бошланади. У эса жанжаллардан шу қадар тўйиб кетган эдики, эҳ-ҳе, бу жанжал-тўполонларни, ади-бадиларни, аччиқ-нордон гап-сўзларни, заҳарли кесатиқларни, ур-йиқитларни ипидан игнасигача қоғозга туширишга қаламнинг бардоши етмайди. Уларни бирма-бир баён этиш учун шўрлик қоғознинг юзи чидамайди…

Энди у умр бўйи елиб-югуриб, орзу қилиб топган шоҳона жойидан ҳеч қачон турмайди, туролмайди, туришни ҳам истамайди. Ҳатто қимирламайди ҳам. Чунки чиқиб кетиши учун қабрнинг эшиги йўқ.

 

Ҳам куласиз, ҳам куясиз

 

Йирик корхонанинг йирик бўлимларидан бирининг шинам ва ёруғ хонасида тўрт киши савлат тўкиб ўтиради. Улар бир хонада ишлайдилар. Ҳатто уларнинг лавозимлари ҳам бир хил. Ҳар уч ойда ва байрамлар муносабати билан бериладиган мукофотларни ҳам бир хил миқдорда оладилар. Меҳнат таътили кунларини ҳисобга олмаганда улар ҳар куни ишга бир вақтда келиб, белгиланган вақтда кетишади. Улар ўзаро муомалаларидан гўё бир-бирлари билан иноқ ва меҳрибон одамларга ўхшайдилар. Аслида эса…

Кечирасизлар, андак фаромушлик қилиб, хонадаги бешинчи кишини унутиб қўйишимизга озгина қолибди. Бешинчи одам замонавий тилда айтганимизда, ушбу хонада ўтирган тўрт ходимнинг референти, тўғриси, ёрдамчиси. Лекин унинг вазифаси анча оғир ва мураккаб. Олдин улар ҳам икки киши эди. Лекин корхона раҳбарига учта референт зарур бўлиб қолганлиги сабабли биттаси юқорига кўтарилиб кетди. Референтнинг вазифалари аниқ белгиланмаган бўлса-да, у қуйидаги юмушларни бажаради.

Айтайлик, хонанинг ўнг томонида ўтирган ходимга бир варақ қоғоз керак бўлиб қолса, у дарҳол референтга қўнғироқ қилиб, “фалончи акангиздан менга бир варақ қоғоз олиб келиб беринг”, – дейди буйруқ оҳангида. Референт ҳам қоғозни олиши лозим бўлган ходимга дарҳол қўнғироқ қилиб, унинг қоғози бор-йўқлигини сўрайди. Агар у розилик берса, ходимнинг илтимосини айтади. Бўлмаса кутади. Референт қоғозни олиб, кирим-чиқим дафтарига қайд этиб, сўраган ходимга олиб бориб беради. Боришдан олдин эса, қўнғироқ қилиб, ходимдан рухсат сўрайди.

Худди шундай ҳолат хонанинг чап томонида ёки кун чиқар томонида ўтирган ходимлар билан ҳам рўй бериши муқаррар. Улар ҳам ўйлаб ўтирмасдан дарҳол референтга қўнғироқ қиладилар. Референт уларнинг сўровларини (илтимосларини эмас!) елиб-югуриб бажаради. Масалан, ходим бирор юмуш ёки топшириқ билан кетса, ёнидаги ходимни эмас, албатта референтни огоҳлантиради. “Буларга айтиб қўйинг, фалон жойга, фалон иш билан кетаётирман”, дейди. Ва хонадан виқор билан чиқиб кетади.

Ходимларга кун бўйи гоҳ ручка, гоҳ қоғоз зарур бўлиб туради. Улардан бири чой ичса, бири қаҳва хоҳлайди. Яна бирининг кўнгли музқаймоқ тусаб қолади.

Хуллас, референт уларга беминнат хизмат қилишдан асло чарчамайди. Тўрт нафар ходим эса бўлар-бўлмас ишларни референт зиммасига юклашдан мутлақо эринмайдилар. Улар референт учун ҳар куни янги-янги хизмат турларини ўйлаб топишни ўзлари учун шараф, деб биладилар. Ва бу ишларидан бениҳоя ҳузурланадилар.

Афсус-надоматлар бўлсинки, улар хонанинг кўзга яққол ташланадиган жойига йирик-йирик ҳарфлар билан ёзилган “Йўқолсин, бюрократизм!” деган шиорга ақалли қайрилиб қарамайдилар.

 

 

Умр ўтар, бахт ўтар…

 

Келса, ақлимни олар,

Кетса, қарорим йўқ мани.

Махтумқули

 

Укам Азимбойга!

У қуёш беминнат меҳр нурлари билан юзларига эринмай расм солган бу қорамағиз қизни тасодифан бозорда кўрди. Кўрди-ю оҳудай жовдираб турган меҳрибон нигоҳига кўзи тушди. Қизнинг кўзлари узукка ўрнатилган олмос янглиғ чарақлаб турарди.

Йигит қизга парво қилмай:

– Ёнингиздаги жой… – дейиши билан қиз беихтиёр “бўш”, деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Йигит анжир тўла тоғорани даст кўтариб, қиз кўрсатган растага қўйди. Сўнг растани айланиб келиб, тоғорага ўралган гуллик матони ечди. Бир текис шодадай терилган, қуёшдай товланиб турган тилла ранг анжирларни сўровчи харидорлар кўпайди.

– Анжир қанча? – сўради харидорлардан бири. Йигит бозордаги нархдан бироз пастроғини айтган эди, савдоси юришди.

– Уч кило ўлчанг!..

– Менга икки кило ўлчанг…

– Менга тўрт кило…

Қиз ўзига тегишли тарозунинг палласини тутиб, дарҳол қўлма-қўл сотилаётган анжирлардан ўлчашиб юборди.

Йигит бир зумда анжирларини сотиб бўлди-ю тоғорасини қўлтиқлаб, тезгина жўнаб кетди. Қиз қошлари қалин, мўйловлари сабза урган, бир қарашда машҳур кино қаҳрамони Отабекни ёдга солувчи бу йигитни гўё тушида кўргандай бўлди. Фақат унинг дўпписи йўқ эди. Беихтиёр кўкси жизиллаб кетди. Қиз юрагига бир безовта қуш кириб олгандай эди. Қизнинг хаёллари тўзиб, беихтиёр йигит кетган томонга тез-тез қарай бошлади. Ва бу ҳолатидан ўзи уялиб, негадир йигитни эсламасликка ҳаракат қилди. Лекин бунинг иложини топа олмади. Йигит унинг оромини ўғирлаган эди. Қиз кетиши олдидан йигитга астагина шивирлади:

– Эртага яна келасизми, ака?

– Келаман, – деди у ишонч билан.

Талаба йигит аслида ёзги таътилнинг охирги кунларида ота-онасидан хабар олай, қишлоқдаги дўстлар билан бир отамлашай, деб уйига – Ҳалланг қишлоғига келган эди. Қараса, анжир ғарқ пишиб, бодринглар палаклар остида соялаб, помидорлар бир-биридан ранг олиб роса қизарган…

– Мунча тез қайтдинг, ўғлим?

– Озгина арзон қилгандим, бир пасда сотилиб кетди, – деди у отасининг саволига жавоб бериб.

– Тўғри қилибсан, ўғлим. Қолган анжирларни ҳам териб, эртага бозорга олиб боргин. Ана бодринг, помидор ҳам пишиб ётибди. Қанчага сотсанг, ўзингга олавер, ўқишингга керак бўлади…

Йигит эрталаб бозорга борса, қиз аллақачон келиб, унга ҳам ёнидан жой ҳозирлаб қўйган экан. Лекин йигит бозор чеккасида савдо қилаётган, отаси томондан узоқроқ қариндоши бўлган аёлни кўрмади. Қариндош ҳам бозорда савдо қилаётганини унга сездирмади. Йигитнинг эса бозор айланишга вақти йўқ эди…

– Ассалом, – биринчи бўлиб қиз бошини кўтармай салом берди.

– Салом, – деди йигит ва анжир тўла тоғорани яна даст кўтариб растага қўйиб, тоғорага ўралган матони ечди.

Бугун ҳам йигитнинг бозори чопди. Ана-мана дегунча анжир тўла тоғорани тинчитиб, “хайр”, деганча жўнаб кетди. У гўё бозорга шамолдай келиб, яна шамолдай ғойиб бўлди. Қиз бу гал ҳам у билан юрак ютиб суҳбатлаша олмади. Ақалли исмини сўраб, қаерда, нима билан машғуллигини билмоқчи эди. Бўлмади. Унинг сокин юрагига ғулғула солган, бир меъёрда тинчгина оқаётган сувни тўлқинлантирган бу йигит ким экан?

Ким экан, ўзи у?

Қиз у билан тузукроқ гаплашолмаганидан ўкинди. Хайрият, “Эртага яна келасизми”, деб сўрашга улгурди. Йигит “ҳа” деган маънода бош эгади. Эртаси куни йигит бозорга икки қоп бодринг олиб келди. Яна қизнинг ёнида туриб савдо қилди. Қиз тушлик пайтида унга бир бўлак товуқ гўшти узатди.

– Жуда мазали экан. Ўзингиз пиширдингизми?

Қизнинг йигитга мақтангиси келмай, бошини билинар-билинмас қимирлатди. Лекин таомнинг йигитга ёққанидан ичида хурсанд бўлди. Қиз товуқни меҳр билан пиширган эди.

Йигит эртаси куни яна икки қоп бодринг ва қўлтиғида бир китоб билан келди. Қиз одатдагидай унга ёнидан жой олиб қўйган эди ва қопдаги бодрингларни олиб, латта билан бирма-бир артиб, растага чиройли қилиб териб чиқди.

Йигит омадли экан, яна бозори чаққон бўлди. Бу орада у ҳалиги китобни берилиб ўқиди. Китобдаги гўзал бир шеърни қизга ҳам илинди:

 

Умр ўтар, вақт ўтар,

Хонлар ўтар, тахт ўтар,

Омад ўтар, бахт ўтар.

Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан,

Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг…

 

Шеър қиз қалбидаги чўғни гулханга айлантириб юборди. Йигитнинг ички бир дард ва ёқимли овозда ўқиган шеъри қизнинг юрагига муҳрланиб қолгандек эди.

Шеър олов эди, шеър ўт эди. Қизнинг юрагини ловуллатиб юборди. Энди қиз йигитнинг асирасига айланган эди…

Қиз шеърни ёдлаб олмаган бўлса-да унинг мисралари юрагининг аллақаерини тирнаб ўтгани аниқ. У йигитдан китобни бир кунга сўраб олмоқчи бўлди-ю, ботинолмади, андак уялди. Эртага олиб келса сўрайман, деб ўйлади.

– Эртага яна келасизми?

– Албатта!

Бир ҳафтадан буён йигит унинг ҳаловатини ўғирлаган, ўй-хаёлларини банди этган.

Унинг кўзлари безовта, қалби безовта, ҳатто томирларида оқаётган қон безовта. Ўша безовталик уни батамом чулғаб олган эди.

Қиз эс-ҳушини йўқотиб, аллақачон Лайлига айланган эди… Хаёлида фақат йигитдан эшитган мисралари айланарди:

 

Баҳорда боғ на гўзал,

Қор тушса тоғ на гўзал,

Бу ёшлик чоғ на гўзал,

Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан

Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг…

Йигит эртаси куни бозорга келмади. Уни кеча оқшом отаси ёнига чақирди. Ота-боланинг ўртасида шундай қисқа суҳбат бўлиб ўтди.

– Кимнинг қизи?

– Билмайман.

– Исми ким?

– Сўрамадим.

– Қайси қишлоқдан экан?

– Билмайман, ота. Бу ҳақда гаплашмадик.

– Бўлмаса нега ҳар куни бозорга қатнаяпсан?

– Ўзингиз айтган нарсаларни сотиб келяпман, холос.

– Нарсаларни фақат ўша қиз билан бир растада сотгин, деб айтганмидим?

– Қиз менга ҳар куни ёнидан жой олиб қўяди. Сотаман-у қайтаман. Орамизда ҳеч қандай гап йўқ.

– Йиғиштир. Энди бозорга бормайсан. Тамом.

– Хўп ота, бормайман энди ўша бозорга…

Бу ўша, йигитни бозорда кўрган қариндошининг иши эди…

Қиз уни эртаси куни, кейинги куни ва ундан кейинги кунлар ҳам кўзлари нигорон, қалби гирён бўлиб кутди. Узоқ кутди, юраги орзиқиб, ўртаниб, йиғлаб, қон бўлиб кутди. Лекин йигитдан дарак бўлмади. Сувга ташланган тошдай ғойиб бўлди.

Унинг қалб дардларига йигит ўқиб берган шеър яна малҳам бўлди:

 

Ой чиқар гоҳ заҳоли,

Дўстлар кўпдир вафоли,

Ҳаёт шундан сафоли,

Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан

Секин сўзлашларинг, пинҳон излашларинг…

Қиз унинг исмини, манзилини сўраб-суриштирмаганига афсус қилди. Кимдан сўрашни, нима деб сўрашни билмай гаранг бўлди. Йигитдан унга фақат шоирнинг “Умр ўтар” шеъри бир умрга ёдгор бўлиб қолди…

Пешонаси шўр экан, қизни ўзи севмаган бир йигитга узатишди. Қиз тақдирга тан бериб, тўйга рози бўлди. Гўё ёнидаги куёв бозорда учратган йигитга айланиб қолишини жуда-жуда истарди у…

Тўйга келган машҳур ҳофиз машҳур қўшиғини дардли ва ўтли овозда куйлар эди:

 

Умр – йўл, қайрилиш кўп,

Учрашиш, айрилиш кўп,

Унутиш, айтилиш кўп.

Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан

Ўша кулишларинг, ўша келишларинг…

 

 

Қўшни ҳаққи

Унинг отаси савдо тизимида ишлаган. Ҳар йили кузда уйининг дарвозаси олдига арзон нархда бир машина картошкани олиб келиб тўкарди. Катта кўчада яшайдиган қўни-қўшнилар қопларда кўтарганларича картошкадан териб олишарди.

Эртаси куни қўшнилар бири-кетин чиқиб “менинг қопимдаги картошка фалон кило чиқди”, – деб инсоф билан пулини бериб кетишарди.

– Ота, нега бундай қиласиз? – деб сўраганида, отаси:

– Ўғлим, қўшнининг ҳам ҳаққи бор. Уни адо этиб туриш ҳам савобга киради, – дерди.

 

Телеоила

 

Оила аъзоларим билан телеоиламиз, десам асло муболаға бўлмайди.

Гапни ўзимдан бошлайман: мен телевизорни яхши кўраман. Бўш қолдим, дегунча пультни олиб телеканалларга саёҳат қиламан.

Хотинимнинг қўлидан телефон тушмайди. Овқат қилаётганда, кир юваётганда, тикиш тикаётганда албатта унинг қулоғида телефонни эшитадиган телеаппарат бўлади. Бўлмай иложи йўқ. Қайнонасига ўчакишгандай келинимизнинг ҳам ётган-тургандаги яқин ҳамроҳи ва эрмаги телефон. Дастурхон атрофида ўтирганда, овқатланаётганда ҳам қўлидан телефон тушмайди. Ҳатто икки ёшга тўлаётган набирамиз ҳам телефонни бергин, деб тўполон қилади. Телефонни олади-ю тинчийди. Сўнг мусиқа қўйиб бергин, деб дадасини ҳоли-жонига қўймайди. Бу вақтда дадаси ҳам берилиб телефон ўйнаётган бўлади. Бир ота фақат телефон ўйнаса ғалати бўларкан…

Ўғлимнинг ҳам, қизимнинг ҳам қўлларида телефон. Биз ҳар сафар дастурхон атрофида ўтирганимизда, кўзларимиз телевизорда, қулоғимиз телефонда бўлгани боис мазза қилиб гап еймиз.

Эрталаб ҳаммамиз телефон билан уйғонамиз. Ишга, ўқишга кетаётганда қулоқларимиз телефонда бўлгани боис хайрлашмаймиз. Мен ҳам зўрға телевизорни ўчириб, ноилож ишга жўнайман.

Айтмоқчи, менинг ҳам иккита чўнтак телефоним борлигини айтиш хаёлимдан кўтарилибди. Набираларим аллақачон сўнгги русумдаги “Айпон” телефонларига ўтганлиги ва мунтазам “Планшет” ўйнаётганлигини айтсам ҳайрон бўлманг.

Биз янги замон анъанаси – телеоиламизга содиқмиз. Марҳамат, меҳмонимиз бўлинг, теледўстлар. Бир телелашиб кетасиз. Телетажриба орттирасиз.

 

Почта қутисидаги оғу

 

У уйининг почта қутисидан ўз номига келган хатни шошилмай олди. Хатжилт чиройли эди. Хат кимдан ва қаердан келганлиги номаълум эди. Узоқ йиллар масъул лавозимларда ишлаган, нафақага чиққач тадбиркорлик билан шуғулланаётган Сайфулло Сано хатни хонада бафуржа ўқийман, деб ичкарига кириб, ечиниб креслога чўкди. Чўкди-ю хатни очди. Хат қисқа бўлиб, унда шундай деб ёзилган эди:

“Сизга ва оила аъзоларингизга бевақт қазо қилганлигингиз муносабати билан чуқур таъзия изҳор этаман. Қачонлардир шундай оғир жудолик бўлишини билардим. Эл-юрт орасида ҳурматингиз бор экан, жанозада одам кўп бўлди. Жанозангизни машҳур қори ўқиди. Тобутингиз қўлма-қўл бўлиб кетди. Афсуски, бу жудолик манзарасини ўзингиз кўрмадингиз…

Охиратингиз обод бўлсин! Худойимдан Сизга сабр тилаб, дўстингиз И. И. Б.”

Сайфулло Санонинг дўстлари кўп эди. Уни яхши кўрадиган, самимий, беғараз дўстлари билан бирга, унга ҳасад қиладиган, кўролмайдиган қитмир “дўст”лари ҳам етарлича топиларди. Унинг шон-шуҳрати, бойлиги, одамлар орасидаги обрўйи айрим “дўст”ларига тинчлик бермасди. Баъзи дўстлари унинг ютуқларидан куйиб-ёниб кетарди…

У хатда исми-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилган дўсти борлигини эслай олмади. Хатни ўқиб бўлиши билан юраги сиқилди. Нафас олиши оғирлашди. Сўнг юрагини чангаллади-ю, ўзини кресло суянчиғига ташлади… Бир жонажон дўст иккинчи қадрдон дўстни адо қилган эди.

 

Тўн

Маҳаллага янги қўшни кўчиб келибди. Унинг бир ёмон қилиғи бор экан. Қўшнилар тўй қилса, албатта тўйда жанжал чиқариб, тўполон қиларкан. Маҳалладошлари олдин бунга ҳайрон қолишибди. Сўнгра танбеҳ беришибди, ўртага олиб кўп гапиришибди. Натижа бўлмабди. Сўнг улар унинг бемаъни қилиғига кўникиб кетишибди. Шу маҳаллада бир ақлли одам яшаркан. У тўй қилмоқчи бўлибди. Тўйдан бир кун олдин ўша уришқоқ қўшнини уйига меҳмонга чақирибди. Уни яхшилаб зиёфат қилибди. Кетишидан олдин елкасига янги тўн ёпибди. Ва уни эртага бўладиган тўйга яна бир бор таклиф қилибди.

Тўй бошланибди. Ҳамма қўни-қўшнилар қаторида ҳалиги уришқоқ ҳам тўйга келибди. Ҳамма қатори еб-ичибди. Лекин ўша куни тўйда жанжал қилмабди. Қўшнилар ҳайрон бўлиб, тўйдан қайтишда нега унинг жанжал қилмаганлиги сабабини сўрашибди.

– Э, қўшнижонлар, кеча тўн кийганман, тўн! – дебди у.

 

Кечикиб ўқилган китоб

Ёзувчи янги китобини бир амалдор оғайнисига дастхат ёзиб берди. Кейин улар кўп бора кўришдилар, маърака ва тўйларда учрашдилар. Лекин амалдор китобдан сўз очмади. Ёзувчи ҳам бундан ўксимади. “Иши кўп, китоб ўқишга вақти йўқдир-да”, – деб ўйлади.

Ҳаёт бир маромда силлиқ кечмас экан. Амалдор мансаб курсисида ўтирганида жиғилдон касали туфайли қўлга тушиб, жазони ўташга маҳкум этилди…

Орадан маълум вақт ўтиб, озодликка чиқди. Қимтиниб-қисиниб қўни-қўшниларникида бўладиган маъракаларга чиқа бошлади.

Бир куни улар тасодифан учрашдилар.

– Илоё, ёмон кунлар ортда қолиб кетган бўлсин, оғайни, – деди ёзувчи.

– Зонада ҳам бекор ўтирмадим. Кутубхонасида сизнинг китобингиз бор экан… Шуни тўлиқ ўқиб чиқиб мазза қилдим. Жуда қизиқарли экан, – деди собиқ амалдор бир вақтлар у дастхат ёзиб берган китобининг номини айтиб.

– Яхши қилибсиз, оғайни. Лекин китобни ўқиш учун у ёққа бориш шарт эмасди-ку? – деди ёзувчи афсус билан.

 

Жалойир

 

Болалигимда Жалойир кўзларимга жуда катта бўлиб кўринарди. Хаёлимда унинг поёни, чеку чегараси йўқдай эди. Раҳматли устозимиз – жуғрофия муаллими Баҳрон ака Мардонов кўрсатган глобусдан ҳам улкан эди гўё.

Йигитлик пайтимда Жалойир янада гўзал, янада тароватли, чўғлари ўчмайдиган олов бўлиб кўринди. Унинг янтоқлари энг чиройли гулга ўхшарди, Оёқларимга кирса ҳузур қилардим. Қасоба каналида жўраларим билан чўмилгандаги роҳатни қайтиб ҳеч бир жойда кўрмадим. Жалойирлик бир сулувнинг юрагига юрагимни умрбод бойладим…

Энди Жалойир менга бобомдай донишманд, бувимдай меҳрибон бўлиб кўринади. Ота-онамдай йўлларимга зор-зор термулади. Бу ўтиб кетган азизларимнинг руҳларига мудом дуо қиламан.

Жалойир ҳамиша яхшилик ва меҳрдан сабоқ бериб келади…

Жалойир – менинг майда туйғуларга ўралашиб юришимни истамайди. У ҳамон кенг ва улуғ бўлишга чорлайди. Ўйлаб кўрсам, Жалойир онажоним, жонажоним Ўзбекистон экан!..

 

Қор

 

Бобо билан набира оппоқ марварид мисол ёғаётган қордан ўзларича завқланадилар.

Кўзларида олов порлаб турган набира тизза бўйи ёққан қордан “копток” ясаб атрофга отади. Қийқириб қорга юмалайди, кулади, яйрайди…

Набиранинг завқ-шавқини кўриб, бобонинг болалиги эсга тушади. Қор гўё бобонинг умрини элаётганга ўхшайди. У қанчалар жозиба, тароват ва латофат билан ёғмасин, бобонинг ўтган умрини ортга қайтара олмайди. Бу – ҳаёт қонуни. Энди бобонинг набирага ўхшаб қорбўрон ўйнашига қўлидаги оғир асо йўл бермайди. Чунки, асо уни гўё қорга михлаб туради.

Қор эса набиранинг ҳайрат билан пирпираётган киприкларига қўнади…

 

Ёқуб қани?

 

Ўтмиш ҳангомаси

 

Ҳашаматли бинонинг ҳашаматли зали лиқ тўла одам. Залда ўтирганларнинг нигоҳлари саҳнадаги улкан минбарга қадалган. Минбарни маҳкам қучоқлаб олган вилоят фирқа қўмитасининг биринчи котиби йил якуни ҳақида кўтаринки руҳда маъруза қиляпти. Залда мудраб ўтирганларни тез-тез янграётган гулдурос қарсаклар сергак торттириб турибди.

– Бу йил пахта, ғалла режасини 150 фоизга, гўшт, тухум, сарёғ етиштиришни 130 фоизга ошириб адо этдик. Хуллас, юқоридан белгилаб берилган вазифаларни шараф билан бажардик, – деб маърузасини тантана билан тугатди. Яна гулдурос қарсаклар янгради. Сўнг Котиб залдагиларга юзланиб: – Кимда савол бор? – деди.

Залнинг бир четида маърузани мароқ билан тинглаб ўтирган Ёқуб секин қўлини кўтариб савол берди:

– Мана сиз гўшт, ёғ, тухум режаларини ошириб бажардик, дедингиз. Айтган гапларингизни қўллаб-қувватлаган ҳолда сўрамоқчиманки, нега бу маҳсулотлар дўконларимизда кўринмайди?!

– Ўтиринг! Бу саволингизга ёзма равишда жавоб берамиз! – деди биринчи котиб минбарни муштлаб. Яна қарсак овози гумбурлади.

…Орадан бир йил ўтди. Яна ўша ҳашаматли зал, яна ўша “ура-ура” руҳидаги йил якунига бағишланган йиғилиш. Яна ўша улкан минбарда баландпарвоз рақамлар тилга олинди. Маъруза сўнгида биринчи котиб одатдагидай яна залга юзланди:

– Кимда савол бор, марҳамат! – деди.

Залнинг бир четида ўтирган Ёқубнинг дўсти Исоқ аста қўлини кўтарди.

– Режаларнинг неча фоизга ошириб бажарилганлигига ҳеч қандай эътирозим ҳам, шубҳам ҳам йўқ. Битта саволим бор холос!

– Айтинг.

– Ёқуб қани?!.

 

Сабр қилган келин

 

Болалигимда бобом билан Поткорон қишлоғига меҳмонга борган эдик. Уй эгаси бобомнинг муриди эди.

Уйда бир сулув келинчак елиб-югуриб хизмат қиларди. Лекин бу гўзал аёл мендан негадир кўзларини узмасди. Менга қандайдир илтижоли боқарди. Гўё кўзларида бир олам меҳр мужассам эди.

Мен қўшни болалар билан бироз ўйнаб, яна ўша хонадонга қайтдим. Бироз вақт бобомнинг ёнида ўтирдим. Чой олиб кирган келин мени имлаб чақирди.

– Бу ёққа кел, болакай. Исминг нима?

– Мардон.

– Нечанчи синфда ўқийсан?

– Биринчини битирдим.

– Мунча кўзларинг чиройли, Мардонжон?..

Келин чўнтагидан қоғозли конфет чиқариб, менга узатди. Ширинликка ўчлигим туфайли, дарҳол конфетга қўл чўздим.

Ҳовлида ҳеч ким йўқлигини кўриб, келин мени ошхона томон имлади. Ўзи ошхонага кириб, сўнг мени чақирди.

– Кел Мардонжон, бу ёққа кир, – деди астагина.

Унинг меҳр билан чақираётганидан ийиб ошхонага кирдим. Шунда кутилмаган, ғалати воқеа рўй берди.

Келин шартта менга ўгирилиб, маҳкам бағрига босиб, юз-кўзларимдан ўпа бошлади. Сўнг унинг чиройли кўзлари ёшга тўлди. Бу қайноқ ёшлар юзларимга тегди. Жуда ғалати бўлиб, негадир юрагим тўлиб-тошиб менинг ҳам йиғлагим келди. Келиннинг нега бундай қилаётгани сабабини тушунмадим.

Мени ҳали на онам, на бувим, на амма-холаларим бундай ҳаяжонли меҳр билан ўпишмаган эди.

Келин ўпишдан тўхтаб, мени бир лаҳза бағрига қаттиқ босиб турди. Ундан қишлоқнинг хушбўй ҳиди келарди. Шунда унинг юраги тез-тез ураётганлигини ҳис қилдим.

У мени астагина бағридан бўшатиб, кўзларида ёш билан қўлларини очиб “Аллоҳим, Художоним…” деб пичирлай бошлади.

Мен нима бўлганини англаб етмай югуриб бориб, бобомнинг ёнига кирдим. Бобом муриди билан берилиб суҳбатлашиб ўтирарди…

Кечки овқатни емай ухлаб қолдим.

Эрталаб хайрлашаётганимизда, келинчак: “Яна меҳмон бўлиб келгин, Мардонжон, яхши бор”, деди ўша меҳр билан бизни кузатар экан.

Меҳмондан қайтишимиз билан бу воқеа эсимдан чиқиб кетди. Лекин келиннинг қайноқ ва меҳрли ўпичларини анчагача унутолмадим.

Орадан бир йилми, ундан кўпроқ ўтибми, бобомнинг муриди бизникига меҳмон бўлиб келди. Мен меҳмонга кўрпача тўшаб, дастурхон ёздим. Бобом фотиҳа қилди.

– Мулла бобо, Худойимдан ўргилай, набира берди. Ўғлим ҳам ниҳоят фарзандли бўлди. Келинга раҳмат, беш йил чидади. Аллоҳ сабр қилган қулини ноумид қолдирмайди. Мулла бобо, Худо берган набирани бир дуо қилинг, – деди.

Бобом сабрли келиннинг яқинда дунёга келган фарзандини узоқ дуо қилдилар…

Мен кейинчалик, ёшим анча улғайгач у аёл мени нега бағрига босиб, юз-кўзларимдан ўпганини, юраги тўлиб-тошиб йиғлаганини ва бутун вужуди билан Аллоҳга илтижо қилгани сабабларини тушуниб етгандай эдим. Билдимки, Аллоҳнинг даргоҳи кенг.

 

Шўрлик қуён

 

Қуён узоқ йиллар изланиб, минг машаққатлар билан ижод қилиб китоб ёзди. Завқи ичига сиғмай китоб қўлёзмасини ўқитиш учун дастлаб Тулкига олиб борди. Тулки китобни обдон ўқиб чиқиб, жўяли хато тополмагач, бир жойида вергул қолиб кетганини рўкач қилиб, уни тузатган бўлди. Ва китобга ўзини ҳам муаллиф сифатида қўшиб қўйди. Қуён эътироз билдирмади.

Қуён яна кўнгли тўлмай китобни Бўрига кўрсатди. Бўри ҳам эски кўзойнагини тақиб, ўриндиқда узоқ ўтириб, қўлёзмани ҳижжалаб кўздан кечирди. Бир ўринда нуқта қўйиш лозимлигини алоҳида таъкидлаб, у ҳам муаллифлар қаторига ўзини тиркаб қўйди.

Қуён ноилож бунга ҳам кўнди ва яна боши қотди: китобни ўрмон сардори – Шерга кўрсатмаса бўлмайди. У китобни бағрига босганча Шернинг ҳузурига югурди. Шер эринмай китобни қайта-қайта варақлади. Лекин хато тополмади. Ва охири, “Қуён бу ерда нима қилиб юрибди”, деб уни муаллифлар рўйхатидан ўчирди.

Шўрлик қуённинг боши қотиб, ҳайратдан қулоқларини ушлади…

 

Минбар

 

Шўродан қолган манзара

Бу минбар темир-бетондан ишланган бўлиб, ниҳоятда мустаҳкам эди. У қандай қурилган бўлса, шундай, яъни етмиш йилдан ортиқ қўққайиб турди. Фақат минбар мезанасида салобатидан от ҳуркадиган амалдорлар сафи – баъзан аҳён-аҳёнда, баъзан тез-тез ўзгарарди холос. Маърузалар бир хил, чапаклар бир хил, шиорлар бир хил, ваъдалар ҳам бир хил эди. Минбарларда фақат ёлғон садолар янграрди. Бу ёлғонлар нутқлардан нутқларга кўчарди. Одамлар ана шу ширин ёлғонларга етмиш йил ишониб яшадилар. Минбарда турган ҳайкалсимон кимсалардан туну кун нажот кутдилар. Кутганлари эса охир-оқибат сароб бўлиб чиқди. Ваъда қилинган бахтли хаёт, нурли келажак – қатағон билан сийланди. Асосий калтак истеъдодлар бошида синди. Ўлимдан қутилганлари сургун азобини тортдилар. Ҳақиқат оёқ ости қилинди, инсон қадр-қиммати аёвсиз топталди. Тўғри сўз ўрнини батамом ёлғонга бўшатиб берди. Ҳақ сўз қаҳат бўлди.

Ёлғонларга доя бўлган бу минбар энди ҳувиллаб қолган. Одамлар ундан ҳазар қиладилар.

 

Бир пой этик

 

Музейдаги кўргазмага бир пой кирза этик қўйилган. Этикнинг йиртилган жойлари чиройли қилиб ямалган. Обдон мой суртилган, ялтираган этикнинг ёнидаги тахтачада шундай ёзув бор: “Этикнинг иккинчи пойи Берлинда қолиб кетган”.

 

Ашурали ЖЎРАЕВ

 

“Ёшлик”, 2015 йил 4-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.