Денгизнинг у томони

0
124
марта кўрилган.

Улар Кипрдаги уйчасини эслашса, бир-бирига: “Уйчага борамизми? Фақат қачон?!” дейишарди. Оқ вилла денгизнинг у томонида; оқ атиргулларни кўринмас одамлар бутаб қўйишар, уларни ҳамиша муздек оқ шароб кутарди. Ҳашаматдан холи, уларнинг оқ яхтаси ҳам бўлмаган, бироқ бари жуда жозибали. Қўшни инглиз аёл ижарадаги яхтани тилида тишлагандай илдам олиб келар, унда бегона болаларга ҳам оналик меҳри кучли эди, бу қудрат охири йўқ қуёшли кунларга ўхшарди. Аёлнинг узун ипак кўйлаклари тинимсиз: “Хўш, ишларингиз қандай?” дегандек шилдирарди. Бу йил бўронлар кучайди, чанг-тўзон; хориж машиналари ғизиллайди. Улар ҳам қизил машинани ижарага олишган. Ольга машина ҳайдашни ўрганмади-ўрганмади. Ҳаммаёққа пиёда борарди. Масофа ҳам узоқмас: чўмилиш жойи, супермаркет, совға дўконлари… Тушликка – пина колода, ҳовлида қовурилиб, устига сал-пал лимон шарбати қуйилган майда денгиз қисқичбақалари – кечки таом… Бир йилга режа тузишади, ҳисоб-китоб қилишади, агар омадлари келса, тўрт марта даромад ҳам келиб тушади. Уларни эса уй кутарди.

Уй ҳамиша мовий осмон билан яшар, нафас олар, исинар, эрирди… Кўршапалаклар тунга яқин гуллаётган шаҳар четида айланишар, том остида митти-митти саламандралар – сувда ҳам, ерда ҳам яшайдиган калтакесаксимонлар – тўпланишар, шилта лой шиллиқлари тонготарда ошхонанинг намхуш ойнаванд эшиклари томон секингина силжишарди…

Котянинг жадвали резинадай чўзилиб-чўзилиб, денгиз бўйида узоқ вақт яшашга изн берар, баъзан тунлари ҳарорат беш градусгача илиқлашар, тоғларда эса қўзиқоринлар бошига қизил қалпоқларини кийиб, чиқиб келишарди. Ольга улар қандай аталишини ҳалиям кипрликлардан сўрамади – билмади. Севимли шаробларни қутиларда олиб келишарди. Улар лаблари кўкариб кетгунча сузишарди, тўлқинлар билан баландлашиб боришарди. Пардалар тонггача очиқ турарди.

Шундай пайт келдики, нимадир кўз ўнгидан кетмади, арзимасдай туюлса-да, хаёлидан Москванинг оддий кунлари сузиб ўтди. Бу ерда эса – уйча ва дафъатан топиб олинган уй қуёни. У ҳўл, ўйноқи кўзлари қотиб қолган. О, йўқ, у тирик, фақат қимир этмасди. Уни ифлосланган қор уюмлари устида, йўл четида ўғли билан кўриб қолишди. Машина остига тушиб қолдимикан, балким сайёр цирк улоқтириб ташлагандир, ёки хўжайинидан қочиб кетгандир, эҳтимол, яхши ҳаёт илинжида ёввойи ўрмонни тарк этгандир… Ольга Кипрдаги қуёнлар тақдири ҳақида ҳеч нарса билмасди, бирпасда одамлар тўпланди: аравача судраган оналар, болалар қичқиришади, бир-бирини итариб, тисланишарди. Ольга негадир у уммонни кесиб ўтган, деб ўйлади. Тўлқинлар қирғоққа улоқтириб ташлашган. Телбаларча, лекин ажойиб қочиш. Бироқ Ольга бу ерда яшовчи қуёнларни билмас, билолмасди ҳам. Қолаверса, бунинг унга қизиғи йўқ.

Буларнинг бари бир куни тугашини билишарди. Ҳеч бўлмаганда, Котянинг назарида. Ольга буни англар, бундан қўрқмасди. Сабр косаси чайқала-чайқала тўлди – уйча сотувга қўйилди. Денгизнинг у томонидаги оқ вилла – уйча ниҳоятда жозибали эди. Уйча – Котянинг Ольгага энг қадрли совғаси ҳам эди. Совға сотилмоқда! Шундай бўлишини кўнгли сезган бўлса-да, Ольга буни ақлига сиғдиролмасди: қарзлар, кимошди савдоси, фақат нимадир бу ажабтовур режа-жадвалдан ташқарида эди… Эри ҳам изтироб чекди – фақат эркакдай. У чўзилиб-чўзилиб, ниҳоят, узилиб кетаётган товушни ҳис этолмади – ноталар донг қотди. Бир томондан қаралса, булар майда-чуйдадай: болалар хонаси, оппоққина ўғилчасини эркалаган кароватчасига ичи ачиди, чидолмади. Ольга ҳозиргача бу пальма қандай аталишини билмайди, у кираверишдаги йўлак четида турар, қуруқ қотиб қолган танасига бахтсиз шиллиқлар ёпишиб олган. Ольга бу уйчани севиб қолган эди. Эрини эса бу асло қизитирмасди. Ольга бутунлай шу уйчаники эди – уйча уни қизалоқлик, мактаб чоғлариданоқ билгандай эди; айни пайтда уйчага ҳам шундай ўйларни кўтариш оғирлик қилса-да, Ольганинг хаёлини бўлмасди. Ольга уйдан айрилишни истамасди: беозор деворлар, турли-туман одамлар… Гўё ҳамон шу ерда ўша қизча яшайди, уйча билан бирга булутлар узра парвоз этади. Лекин бир кун келиб, уйча чарчади.

Ольга Котядан бир мартагина ўтиниб сўради: “Балки Москвадаги уйни сотармиз? Ёки янги кредит?” Котя унинг ёмғир ювган тиниқ майин сочларини силади, бошини оҳиста қучди… Ольгани уч кундан сўнг топишди – Корал Бэй шамоллари уни денгиз бурнидан итқитиб юборган эди; соғ-саломат, ҳолбуки, чор-атрофда тиқ қоялар.

Сентябрда уй бегонага айланди.

 

Полина ИВАНУШКИНА

 

Рус тилидан

Ойгул СУЮНДИҚОВА

таржимаси

 

“Ижод олами”, 2018/6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.