Чандиқ

0
217
марта кўрилган.

Садриддин ичидаги бор гапни менга айтарди. Тунов куни у тўлқинланиб шундай деди:

– Биласанми, у мени севади. Лекин бу унчалик муҳиммас, асосийси ҳурмат, тўғрими? Қизиқ одати бор, юзидан ўпсам билагимдан чимчилайди.

Мен савол назари билан унга тикиламан. У енгини шимариб “мана қара!” дейди.

Авайлабгина чимчиланган бадан қизариб кўпчиганди.

Муштарийни яқиндан билмасдим. Кўча-куйда учрашиб қолсак, салом-аликдан нарига ўтмасдик. Ўртоғимнинг куйганича бор: хушбичим, содда, сирли. Аммо негадир менинг кўзимга чиройли кўринмасди. Кеча ксеронусха учун навбатда турсам, Пардаевнинг хонаси ғийқиллаб Муштарий чиқди. Қўлидаги тахлам қоғозни стулга қўйиб, кўз найзасида менга қараб:

– Яхшимисиз? – деди.

– Бир нави…

У: “Ўртоғингиз”, деб менга юзланган ҳам эдики, қўшни хонадан чиққан бақириқ уни типирчилатди ва Муштарий қилпанглаб ўша ёққа чопди.

Пардаев ўта жиззаки, ўйноқи одам. Ақл ўргатишга бало.

Тушликдан сўнг кийимларни олиб ечиниш хонасига ўтдим. Пардаев ҳам ўша ерда экан. Саломга менсимайгина бош ирғади ва кўйлагини илгакка иларкан, ногаҳон билагидаги чандиққа кўзим тушдию этим увишди.

– Чипқонми? – деб юбордим бирдан.

У негадир тиржайиб сўз очди.

– Мегажин, хунук қилиғи шу: билакдан чимчилайди.

У яна нимадир демоқчи бўлди-ю, эшик таққиллаб дами кесилди.

– Келинг, Садриддинбой!

Дўстим иккимиз билан ҳам қучоқлашиб кўришгач, мени четга тортди ва шивирлади.

– Ваъдалашдик, совчи жўнатаман, уйланаман!

Мен бамисоли карахт, ҳеч нарсани эшитмас, фикру зикрим ҳалиги чандиқда эди.

Ошнам енгини шимарарди…

 

Олим Жумабоев.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.