Бувининг иш қуроли

0
199
марта кўрилган.

Шерзод билан Шаҳзод бувижониси билан боғчага кетаётганди. Қаршиларидан оппоқ яктакли, қўлида қайчига ўхшаган нимадир ушлаган амаки чиқиб қолди.

Болалар бувиларига қўшилиб амакига салом беришди.

– Бувижон, амакининг қўлидаги нима? – сўради Шаҳзод, амаки узоқлашгач.

– Шуниям билмайсанми, токқайчи-ку, – билағонлик қилди Шерзод.

– Вуй, тоғқайчи дейсанми? Нима, амаки унда тоғни қирқадими? – ҳайратланди Шаҳзод.

– Тоғқайчи эмас, токқайчи. Токқайчида токни хомток қилишади, дарахтлар, буталарнинг ортиқча шохларини кесишади. Амаки боғбон. Токқайчи боғбонларнинг иш қуроли, – тушунтирди Мавжуда буви.

– Вой, боғча опамиз, милтиқ, танк, автомат, пулемётни қурол, деганлар-ку.

– Боғча опанг ҳарбий қуроллар ҳақида гапирган. Мен иш қуроли ҳақида гапиряпман. Ҳар бир касб эгасининг ишлатадиган махсус асбоблари бўлади. Ана шулар иш қуроли дейилади. Масалан, менинг иш қуролим – игна билан ип. Негаки, мен тикувчиман.

– Адамнинг иш қуроли-чи?

– Адангнинг иш қуроли – автобус. Чунки у ҳайдовчи, автобус ҳайдайди.

– Вой, бувижон, автобус жуда катта-ку, уям иш қуроли бўладими?

– Бўлади.

– Шунинг учун уни қўлларида кўтариб юролмас эканлар-да, – қиқирлади Шаҳзод.

– Автобус иш қуроли бўлгани билан уни кўтариб юриб бўлмайди. Уни ҳайдаб бўлгач, машиналар турадиган уйга қўйиб келадилар, – тушунтирди Шерзод, – тўғрими, бувижон?

– Тўғри, ақллигинам!

– Ойимнинг иш қуроли-чи?

– Ойинг ўқитувчи, унинг иш қуроли дафтар, қалам, доска, бўр.

– Билмадиз, ойимни иш қуроли-чи, бувижон, қозон, чўмич. Қозон, чўмич бўлмаса, ойим бизга овқат пишириб беролмайдилар, – ўзининг гапини маъқуллади Шаҳзод.

– Бу гапинг ҳам тўғри, ошхона бекасининг иш қуроли қозон, товоқ, чўмич, – кулди Мавжуда буви.

– Бувижонларнинг ҳам иш қуроли борми?

– Бувиларда иш қуроли йўқ, болам. Буви, бу – касб ёки ҳунар эмас-ку, – ўйланиб қолди Мавжуда буви.

– Йўқ, мен биламан: бувиларнинг иш қуроли бор, – Шерзод бувисини қучоқлади.

– Хўш, билағоним, қани айт-чи, бувиларнинг иш қуроли нима экан?

– Бувиларнинг иш қуроли, бу сиз айтиб берадиган қизиқ-қизиқ эртаклар, топишмоқлар.

– Буни қара, шуни ўйлаб кўрмаган эканман. Жуда тўғри топдинг. Бувиларнинг иш қуроли сизни ақлли, одобли бўлишга ундовчи ҳикматли сўзлар, топишмоқ ва эртаклар, – Мавжуда буви набираларини меҳр билан қучоқлади.

 

Муҳаббат ҲАМИДОВА

 

“Ёшлик”, 2012 йил, 11–12-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.