Бола йиғиси

0
430
марта кўрилган.

Онамнинг жаҳли чиққанини камдан-кам кўрардим. Аммо бу гал жуда қаттиқ аччиқланди. Опамникига кетаётган эдик. Тор кўчага бурилишимиз билан йиғи овози эшитилди. Кўча четида уч ёшлардаги бола ерга думалаб тажанглик билан чинқирар, оппоқ кўйлаги, иштончаси қора тупроққа беланган эди.

 – Машинани тўхтат, ўғлим, – деди онам хира тортган кўзларини ўша томонга тикиб.

 – Нима эди?

 – Тўхтата қол, болам, – дея онам маъюс жилмайди.

Иккиланиброқ тўхтатдим.

Онам инқиллаб-синқиллаб эшикни очиб тушди. Увишган оёқларини уқалаганча оқсоқлана-оқсоқлана орқага, бола йиғлаётган томонга қараб кетди. Мен ҳам беихтиёр эргашдим. Бола ҳамон ерга думалар, ҳар думалаганда қулоқни тешиб юборгудек чинқирар эди. Унинг тепасида ўзи ҳам ўпкасини аранг босиб турган ёшгина жувонга энди эътибор бердим.

 – Жинни бўлиб қолган бу, – деди жувон йиғламоқдан бери бўлиб. – Морожний обер, деди. Олиб берсам бунақа қиляпти.

Бола ҳамон чинқириб йиғлар, хархаша қилар эди:

 – Иссиқ манож! Иссиқ манож оберинг!

 – Унақасини қаёқдан топаман! – Жувоннинг тоқати тоқ бўлди шекилли, думалаётган ўғлини ердан юлқиб кўтарди. Орқасига бир-икки шапатилади.

 – Ҳой, қизим, бола-я бу, бола-я! – онам чумчуқдек чирқиллаб жувонга ёпишди. – Кел, жоним, – деди болани бағрига босиб. – Кела қол, ўзим сенга иссиқ морожний олиб бераман.

Бола йиғидан тўхтамади. Аммо аввалгидек типирчиламасди. Унинг шунчалик жаҳлини чиқарган “совуқ манож” оқиб кўйлакчасининг олдини шалаббо қилган, бошдан оёғигача лой эди.

 – Нимага қараб турибсан? – деди онам менга тўсатдан. – Ё сен ҳам боламисан? Бор, олиб кел машинангни. Ҳозир у-утага борамиз. Ди-дитга тушамиз-а?

Ростини айтсам, болани шу аҳволда машинага ўтқазгим келмади. Чет элдан келтирилган янги паролон ғилоф олган эдим. Ҳаммасини расво қилиб юборади энди. Ноилож машинани тислантириб олиб келдим, қовоғимдан қор ёғаётганини ўзим ҳам сезиб турардим.

Онам ёнига ўтирган жувонга тушунтирди:

 – Бунақада бола хуйли бўлиб қолади, қизим. Алдаб-сулдаб овутинг-да. Ана, ди-дитга тушдик.

Бола энди йиғламас, аммо ўпкаси тўлиб тўхтовсиз ҳиқиллар эди.

 – Қаёққа кетаётган эдинглар, ўргилай? – деди онам аёлни ҳам юпатувчи оҳангда.

Мени она-боланинг қаёққа бориши эмас, ўриндиқнинг қанча жойи лойга белангани кўпроқ ўйлантирарди.

Аёл чимирилиб ўтирганимни сезди шекилли, хижолат чекиб шоша-пиша қўл силтади.

 – Мана, келдик. Раҳмат. Шу ерда троллейбусга чиқамиз. – У овуниб қолган ўғилчасини кўтариб шоша-пиша машинадан тушди. – Катта раҳмат, барака топинглар.

Қарасам, худди ўзим ўйлагандек: ўриндиқнинг ярми лойга беланибди.

 – Қизиқсиз, – дедим жаҳлимни босолмай, – ҳамманинг ишига аралашаверасизми?

 – Нима ҳамманинг иши?

 – Бировнинг боласи бўлса… Йиғласа, сизга нима? Йиғлаб-йиғлаб овунади.

 – Нимага бировнинг боласи бўларкан! – Тўсатдан онамнинг жаҳли чиқиб кетди. – Йиғлаб турган боланинг бегонаси бўладими? Уялмайсанми шунақа дегани? Йиғлаб турган норасидага раҳми келмаган одам – одамми?

Индамадим. Аммо бари бир ўшанда онамни ноҳақ ҳисоблаган эдим. Йўқ, чамамда, оналарнинг биз тушунмайдиган, бизнинг ўлчовимизга сиғмайдиган ўз олами борга ўхшайди.

 

Ўткир ҲОШИМОВ

 

“Дунёнинг ишлари”дан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.