Бобонинг сабоғи

0
111
марта кўрилган.

Қишлоғимизнинг кираверишидаги катта тутзор барча болаларнинг ўйин майдончаси эди. Болалар билан “Бекинмачоқ”, “Ўртага тушар”, “Чиллак”, “Чим” каби ўйинларни ўйнаб кун кеч бўлганини сезмай қолардик. Қош қорайиб, оналаримиз қўлида хивчин кўтариб келмагунича тарқалмасдик. Ўзим ҳар гал уйга қочиб бориб, отамнинг пинжига кириб хивчиндан қутулиб қолардим. Эртаси куни яна шу аҳвол…

Бир куни ўйинга тўпланадиган майдончага одатдагидан анча кеч бордим. Қарасам, болалар йиғилиб бир нарсани ўраб олган. Қарасам, ерда бус-бутун қуш ини ётибди. Ичида беш дона қора доғчали кўм-кўк тухумлар ҳам бор. Қуш ини анчайин катта, атрофи ингичка хас-чўп билан мустаҳкам ўралган, таг қисми лойдан экан. Бунақасини биринчи марта кўраётганим учун бошқа болалардек мен ҳам ҳайратландим. Болалар бир-бирига қараб: “Вуй, қаранглар, чиройли экан-а…”, деб қўйишарди. Ҳойнаҳой, бу уя ўйнаётганимизда кийимларимизни шохига илиб қўядиган тутдан тушган бўлса керак, чунки кеча туни билан қаттиқ шамол бўлган эди. Бир маҳал болалар орасидан Асомиддин дегани:

– Буни биринчи бўлиб мен топдим, уни уйимизга олиб кетаман, – деб қуш инига қараб қўлини чўзган эди ҳамки, орамиздаги тўлачадан келган бола унга:

– Сендан олдин синглим Муниса кўрган. Чунки мени чақиришга келганида инни биринчи бўлиб кўрганини айтди. Мен етиб келгунимча сен келиб қолибсан, шунинг учун инни биз олиб кетамиз, – деди.

Асомиддин ҳам бўш келмай:

– Ўзим олиб кетаман, тамом! – деб туриб олди.

Тортишув борган сари авж олиб, ўртада тўполон бошланди.

Шу пайт: “Нима жанжал, нимани бўлишолмаяпсизлар?”, деган овоздан онамизнинг хивчинини кўргандек, қўрқиб кетдик. Расулнинг синглиси Оқсоқол бобони чақириб келибди. Расул унга бўлган воқеани айтиб берди. Бобо ерда ётган қуш инининг ёнига ўтирди, биз ҳам атрофига тизилишдик.

– Ҳув, анави қушни кўряпсизларми? – дея шохдан-шохга қўниб, қағиллаётган зағизғонни кўрсатди. – Жанжал билан бўлиб унинг тинимсиз қағиллаганини эшитмабмиз ҳам. У ўз болаларига қайғурмоқда. Тухумларини қайтариб беришингизни сўраб, нола қиляпти. Негаки, болалари мана бу тухумнинг ичида. Сизлар эса уларни онасидан айирмоқчи бўляпсиз. Хўш, айтинглар-чи, қай бирингиз онангизни кўрмасдан яшай оласиз?

Ҳаммамиз жим қолдик… Бобо гапини давом эттирди:

– Қушлар ҳам худди сизга ўхшайди. Полапонлар тухумдан чиққач, ўз онаси бағрида бўлиши керак. Сиз тухумларни олиб кетсангиз, улар ҳали очиб чиқмасидан нобуд бўлади. Она қуш эса бу ишингиздан қаттиқ хафа бўлиб, қишлоғимиздан кетиб қолади. У бошқа қушларга ҳам: “Бу қишлоқнинг болалари жуда ёмон”, деб айтса, ҳеч бир қуш қишлоғимизга келмай қўяди. Кейин қишлоғимиз жуда зерикарли бўлиб қолади. Шунинг учун биз қанотли дўстларимизни хафа қилмаслигимиз, уларни асраб-авайлашимиз керак.

Бобо Расулга уяни дарахтга – ўз ўрнига олиб чиқиб қўйишини айтди. Шу пайт бобонинг ёнида турган Муниса:

– Бобожон, улар энди қишлоғимиздан кетиб қолмайдими? – деб сўради хавотирланиб.

– Йўқ, қизим, йўқ, – деди бобо.

Шу кундан бошлаб Расулнинг бобосини кўрганимда қўрқмайдиган бўлдим. Жаҳлдор кўрингани билан жуда меҳрибон, бировга ёмонлик тиламайдиган бобо экан.

 

Жавҳар ТУРСУНОВА

 

“Оила даврасида”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.