“Айбим нима?..”

0
269
марта кўрилган.

Хонадан чиққанимда соат тунги ўн икки эди. Таксига ўтирдим. Қаттиқ чарчаганман чоғи, машинага ўтиришим билан кўзим кетибди. Бир маҳал қарасам, светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган эканмиз. Шу пайт бир аёл машина ойнасини чертди. «Нима гапи бор экан?» деб ойнани туширдим. Шундагина аёлнинг қўлидаги чақалоққа қўзим тушди.

 – Акажон, қийналиб қолдим. Ёрдам беринг, боламнинг мазаси йўқ, – деди у.

Вазиятни тўғри тушунолмасдан (лаҳзалик уйқунинг карахтлигидан) гўё аёлни мазах қилгандек:

– Вой, болангизнинг мазаси бўлмаса, дўхтирга олиб боринг. Кўча совуқ, – деб юборибман. Бирдан светофорнинг яшил чироғи ёндию, машина қўзғалди. Кўчада ҳаво совуқ, изғирин эди.

Бир чақиримча йўл юрганимиздан сўнг йўл четида бир қора шарпа кўринди. Ҳайдовчи:

– Узр, оғайни, шошмаётган бўлсангиз, йўл четидаги аёлдан у-бу нарса олвосам, – деб қолди.

Тахминимча, қалин пальто ва курткалардан қават-қават қилиб кийиб олган, оёғида эркаклар этиги, ёши ҳам элликларни қоралаб қолган бу хотин кичкина столчада сақич, писта кабиларни сотиб, баққоллик қилиб ўтирарди.

Ҳайдовчи ундан сотиб олган нарсаларини машина магнитофони ёнига ташлаб қўйди. Ҳайрон бўлдим.

– Хумори тутаётган бўлса, бехижолат чекиб кетаверинг, ака, – дедим.

– Мен умуман чекмайман, – йўлдан кўз узмай жавоб берди ҳайдовчи.

– Унда нега сотиб олдингиз?

– Бу бечора аёл уйидаги болаларини боқиш учун ўз соғлиғидан кечиб, тун ярмида ҳам кўчада ўтирибди. Уни яхши танийман. Маҳалламизга кираверишда туришади. Ёши катта бўлгани билан болалари ҳали ёш. Эри ўтган йили қазо қилди. Яхши одам эди, раҳматли. Светофорда дуч келган жувонни эса… билмадим. Ҳар не бўлганда ҳам, фарзанд пул топиш йўлида бундай восита бўлмаслиги керак.

Ҳайдовчи ҳақ эди.

Иссиққина бешикда ухлаш ўрнига қора қишнинг изғиринида пул топиш учун айни воситага айланган бу норасиданинг айби нима? Ота-она кексайиб, кучдан қолгач, уларга ғамхўрлик қилиш, иссиқ-совуғидан хабар олиш, гарчи бунинг имкони бўлмаса-да, “қарзларининг озгинасидан қутулиш” ҳар бир фарзанднинг бурчидир. Аммо бу фарзанд ўша бурчни туғилганидан бошлаб адо этишга маҳкум қилинган. Эндигина дунёни таниётган бу гўдакнинг кўз ўнгида гавдаланаётган ҳаёт, тириклик, инсоният нақадар ғариб.

Уйимга келиб, иссиқ ўринда ётибман-у, совуқда қолган бояги гўдак хаёлимдан кетмади. Тонггача ўйлаб чиқдим. Хаёлларим чалкашиб, кўзимга уйқу инибди. Туш ҳам кўрибман. Тушимда ўша гўдак маъюс кўзларини менга тикканча, нуқул савол берармиш: “Менинг айбим нима?..”

Жавоб тополмай қийналаман. Балки яшаб қолишинг ё бўлмаса, “Болалар уйи”да ота-онасиз катта бўлмаслигинг учун шундай бўлиши керак бўлгандир, болажон…”, дейман пичирлаб…

 

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

“Оила даврасида”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.