“Агар менинг ризомни тиларсен…”

0
308
марта кўрилган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурни шоҳ ва шоир, моҳир саркарда сифатида яхши биламиз. “Бобурнома”нинг ҳижрий 935 (милодий 1528) йил воқеалари бобида Ҳумоюнга ёзилган бир мактуб матни келтирилади. Ушбу битикда Бобур меҳрибон ва фидойи ота, салоҳиятли тарбиячи сифатида ҳам намоён бўлади. Валиаҳд ўғилга айтилган панд-насиҳатлар, кўрсатилган йўл-йўриқларнинг кўп қисми бугунги ёшларга ҳам фойда бериши аниқ.

Ҳумоюнға муштоқликлар била соғиниб салом дегач, сўз улким, душанба куни рабиул аввал ойининг ўнида Беккина била Баёншайх келдилар. Хатлардин ва арзадоштлардин ул юздаги, бу юздаги кайфият ва ҳолот мушаххас ва маълум бўлди.

Шукр, бермиш санга Ҳақ фарзанде,

Санга фарзанду манга дилбанде.

Тенгри таоло мундоқ севинчларни манга ва санга ҳамиша рўзи қилғай, омин ё раббал оламин. Отини Алъамон қўймишсен. Тенгри муборак қилғай. Вале бовужудким, ўзунг битибсен, мундин ғофил бўлубсенким, касрати истиъмол била авом Аламо дерлар, ё Эл Амон дерлар, ўзга мундоқ алиф-лом отта кам бўлур. Тенгри отини ва зотини фархунда ва муборак қилғай, манга ва санга кўп йиллар ва бисёр қарнлар Алъамонни давлат ва саодат била тута бергай.

Тенгри таоло ўз фазлу карами била бизнинг ишимизни ясайдур. Мундоқ қопу қарнларда топилмас. Яна сешанба куни ойнинг ўн бирида арожиф хабар келдиким, Балх эли Қурбонни тилаб Балхқа киюрмишлар.

Яна Комронға, Кобулдағи бекларга фармон бўлдиким, бориб, санга қўшулуб, Ҳисор ё Самарқанд ё ҳар сориғаким салоҳи давлат бўлса, юругайсиз, Тенгрининг инояти била ёғийларни босиб, вилоятларни олиб, дўстларни шод, душманларни нигунсор қилғайсиз, иншооллоҳу таоло. Сизларнинг жон тортиб, қилич чопмоқ маҳалларингиздур. Қопуда келган ишни тақсир қилмангиз. Гаронжонлиқ била коҳиллиқ подшоҳлиқ била рост келмас.

Жаҳонгири таваққуф бар наёбад,

Жаҳон онро бувад кў беҳ шитобад,

Ҳама чизи зи рўи кадхудои,

Сукун меёбад илло подшоҳи.

Мазмуни:

(Жаҳонгирлик тўхтаб турмайди,

Ким яхши тиришса, жаҳон ўшаники бўлади.

Ҳаётда ҳар бир нарса тўхташи мумкин,

Аммо подшоҳлик тўхтамайди.)

Агар тенгри инояти била Балх ва Ҳисор вилояти муяссар ва мусаххар бўлса, Ҳисорда сенинг кишинг бўлсун, Балхта Комроннинг кишиси бўлсун. Агар тенгри инояти била Самарқанд ҳам мусаххар бўлса, Самарқандта сен ўлтурғил, Ҳисор вилоятини, иншооллоҳ, ҳолиса қилғумдур. Агар Комрон Балхни озирганса, арзадошт қилинг, иншооллоҳ, анинг қусурини ўшал вилоятлардин-ўқ рост қилғумиздур.

Яна сен ўзинг билур эдингким, доим бу қоида маръий эди: олти ҳисса санга бўлса, беш ҳисса Комронға бўлур эди. Ҳамиша бу қоидани маръий тутуб, мундин тажовуз қилманг. Яна ининг била яхши маош қилғайсан. Улуқлар кўтаримлик керак, умидим борки, сен ҳам яхши ихтилот қилгайсан. Анинг ҳам муташарриъ ва яхши йигит қўюбтур, ул ҳам мулозамат ва якжиҳатлиқта тақсир қилмағай.

Яна сендин озроқ гинам бор, бу икки-уч йилдин бери бир кишинг келмади. Мен йиборган киши ҳам рост бир йилдин сўнгра келди. Мундоқ бўлурму?

Яна хатларингда ёлғузлуқ, ёлғузлуқким, дебсен, подшоҳликта айбдур, нечукким дебтурлар:

Агар пой банди ризо пеш гир,

Ва гар яксувори сари хеш гир.

Мазмуни:

(Агар оёғинг банд бўлса, ризони олдингга қўй,

Агар танда сувора бўлсанг, ўз бошингга бор.)

Ҳеч қайде подшоҳлиқ қайдича йўқтур. Подшоҳлик била ёлғузлуқ рост келмас. Яна мен дегандек, бу хатларингни битибсен ва ўқумайсен, не учунким, агар ўқур хаёл қилсанг эди, ўқуйолмас эдинг. Ўқуйолмагандин сўнг албатта тағйир берур эдинг. Хатингни худ ташвиш била ўқуса бўладур, вале асру муғлақтур. Насри муаммо ҳеч киши кўрган эмас. Имлонг ёмон эмас. Агарчи хейли рост эмас, “илтифот”ни “То” (ﺎﻃ) била битибсен. “Қулунж”ни “ё” (ﺎﻳ) била битибсен. Хатингни худ ҳар тавр қилиб ўқуса бўладур, вале бу муғлақ алфозингдин мақсуд тамом мафҳум бўлмайдур. Ғолибо хат битирда коҳиллигинг ҳам ушбу жиҳаттиндур. Такаллуф қилай дейсен, ул жиҳаттин муғлақ бўладур. Бундин нари бетакаллуф ва равшан ва пок алфоз била бити: ҳам санга ташвиш озроқ бўлур ва ҳам ўқуғучиға.

Яна улуқ иш устига борасен, иш кўрган, рай ва тадбирлиқ беклар била кенгашиб, аларнинг сўзи била амал қилғайсен.

Агар менинг ризомни тиларсен, хилватнишинлиқни ва эл била кам ихтилотлиқни бартараф қилғил. Кунда икки навбат инингни ва бекларни ихтиёрлариға қўймай, қошингға чарлаб, ҳар маслаҳат бўлса кенгашиб, бу давлатхоҳларнинг иттифоқи била ҳар сўзунга қарор бергайсен.

Яна Хожа Калон менинг била густохона ихтилот қила ўрганиб эди, сен доғи, нечукким Хожа Калон била ихтилот қилур эдим, ўшундоқ ихтилот қилғайсен. Тенгри инояти била ул сорилар иш озроқ бўлса, Комронға эҳтиёж бўлмаса, Комрон Балхта мазбут кишиларни қўюб, ўзи менинг қошимға келсун.

Яна мунча фатҳ ва зафарлар Кобулда эканда бўлди, Кобулни шугун тутубтурмен, ани ҳолиса қилдим. Ҳеч қайсингиз тамаъ қилмағайсиз.

Яна яхши борибсен, Султон Вайснинг кўнглини олибсен, ани қошингға келтуруб, анинг раъйи била амал қилғайсенким, иш билур кишидур. Черикни яхши йиғиб юргайсен. Оғиз сўзларидин Баёншайх соҳиб вуқуфдур, маълум бўлғусидур, деб муштоқлиқлар била салом.

Панжшанба куни рабиул аввал ойининг ўн учида битилди.

 

Арзадошт – арз қилиш, ариза тутиш.

Арожиф – беҳуда сўзлар, мишмиш гаплар.

Бовужуд – шундай бўлса-да, шундай бўлатуриб.

Гаронжонлиқ – оғир табиатлилик.

Густохона – тортинмай, андиша қилмай.

Ихтилот – аралашиш, борди-келди қилиш.

Касрати истиъмол – оғзаки сўзлашувда бузиб айтиш.

Коҳиллиқ – сустлик, ялқовлик.

Мазбут – забт этилган, қўлга олинган; беркитилган, мустаҳкам.

Маръий – кўрилган.

Мафҳум бўлмоқ – фаҳмланмоқ, англашилмоқ.

Муғлақ – чалкаш.

Мусаххар – бўйсунган, таслим бўлган.

Муташарриъ – имонли, диёнатли.

Мушаххас – аниқ, аён, гавдаланган.

Насри муаммо кўрмоқ – насрда муаммо кўриш; ўқиб, англашга қийналиш.

Нигунсор – остин-устин, бўйсунган.

Тағйир бермоқ – ўзгартирмоқ.

Тақсир қилмоқ – қусур кўрсатмоқ, бир ишни охирига етказа олмаслик.

Фархунда – қутлуғ, саодатли.

Шугун тутмоқ – яхши ниятларга эришган жой деб билмоқ.

Қарн – аср; узоқ муддат.

Қопу – омад, зафар.

Ҳолиса қилмоқ – ўз ихтиёрида қолдирмоқ.

 


Заҳириддин Муҳаммад Бобур.

“Ёшлик” журналининг 2015 йил 2-сонидан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.