0099 рақамли ёлғончи

0
394
марта кўрилган.

Қўнғироқ ўғриси

Туғилганлигимиз тўғрисидаги гувоҳнома биз одамлар учун энг асосий ҳужжат ҳисобланади. Агар шу нарсамиз бўлмаса, бизни куйиб-пишиб боқаётган, тарбиялаётган кимсаларнинг ота-онамиз эканлигини, ҳақиқатан ҳам шу юрт, шу миллатга мансублигимизни бировлар хоҳласа тан олади, хоҳламаса йўқ. Фермадаги ҳайвонларга бунақа нодир қоғоз берилмайди. Чунки, ўша шилдироқ қоғозни авайлаб асраш учун у шўринг қурғурларда на зангкалитли сандиқ бор, на пистонли чўнтак. Жониворларнинг қулоғига ҳар хил рақамлар ёзилган юм-юмалоқ мис тамғалар муҳрлаб қўйилади холос.

“Бабачоқ” фермасида ҳам тартиб шунақа: ҳайвон дунёга келди дегунча, биринчи галда унинг қулоғига ёпишишади. Ушбу қиссадаги барча ҳангомаларнинг бош сабабчиси бўлган жангари Улоқча ҳам бу маросимни аллақачон бошдан кечирган. Балдоқ тақишнинг ўзига яраша азоб-уқубати борлигини ўғил болаларга айтиб, яна бир жанжалли баҳсни қўзиб ўтирмайлик. Буни исирға тақиб олиб, ўзини ойнакка соладиган қизалоқлар яхши билишади.

Хуллас, Улоқчамизнинг қулоғига 0099 рақамли балдоқча осишиб, уни ҳаммага таниқли қилиб қўйишган. Шундай қилишмаганда-ку, бу диққинафас фермадан тезда жуфтакни ростлаган, бирорта тинчроқ хонадондаги эркин ҳайвонлар орасига секингина қўшилиб олган бўларди.

Умуман олганда, “Бабачоқ” фермасида ҳамма нарса ошиб-тошиб ётибди. Омбор тўла ем, ғарам-ғарам пичанлар, иссиққина оғилхона. Бунинг устига, улар ётган жойларни ўз вақтида тозалаб, тагларига юмшоққина арратўпон сепиб қўйишади. Шунга қарамай, Улоқча фермани ўлгудек ёмон кўрар, бир хил турмуш ва қаттиқ тартиб-интизом унинг жон-жонига тегиб кетганди. Айниқса, ҳар куни эрта тонгда унинг ширин уйқусини бузиб, мажбуран яйловга ҳайдашган пайтда томорқаси кенгроқ деҳқоннинг хонаки эчкиси бўлиб туғилмаганидан жудаям афсусланарди.

Дунёга келибоқ онасидан айрилган бу зумраша ур-тўпалон ҳаётга бошқалардан олдинроқ мослашишга уринди, ҳеч бир мулоҳаза қилиб ўтирмай, дуч келган қўй-эчкини аралаш-қуралаш эмиб кетаверди. Ўзга улоқ-қўзиларнинг ризқини қияётган бу очофатнинг биқинига такалар аямай калла солишар, аччиғини босолмаган қўчқорлар уни тирақайлатиб қува кетишарди. Етим Улоқча така-ю қўчқорларнинг зарбли сузишларидан уч-тўрт юмаланиб, яна дириклаб ўрнидан турар, танасидаги оғриқларни бирпасда эсдан чиқариб, андишасизлик билан қайтадан орага суқиларди. Иштаҳанг карнай бўлиб турганда тортинчоқликка бало борми?

“Бабачоқ” фермасидаги ҳайвонлар охири бу сурбет Улоқча билан ўчакишмайдиган бўлиб қолишди. Ўзининг қониқарсиз хулқи билан ҳамманинг жиғига тегиб юрувчи олғир қаҳрамонимиз бўлак тенгдошларига нисбатан икки ҳисса кўп сут эмиб, бақувват улғая бошлади.

Тартиб бор жойда уни бузувчилар ҳам учраб туради. Акс ҳолда, “интизом” деган сўзнинг сариқ чақалик қадр-қиммати қолмаган бўларди. Бу гапларни мен ичимдан тўқиб айтаётганим йўқ. “Бабачоқ” фермасидаги подага бир неча йилдан бери оқсоқоллик қилиб келаётган Найзашох исмли Серканинг фикри ана шундай.

Найзашох қанчалар қаттиққўл бўлмасин, баъзан ҳатто кап-катта қўй-эчкилар арзимаган нарса устида сан-манга бориб қолишар, ёшлар эса ўйинқароқлик қилиб, ўзларига ем солинадиган охурни пачоқлаб қўйишар ёки эндигина бўртиб чиқаётган мугузчалари билан яқиндагина оқланган деворни чалама-чакки чизиб ташлашарди.

Лекин, 0099 рақамли Улоқча оёққа мустаҳкамроқ туриб олган кундан бошлаб, охурни пачоқлаш, деворга чизиш сингари ишлар майда безориликлар қаторига тушиб қолди. Эндиги йиғилишларда бировларнинг овқатини зўравонларча тортиб олиш, ўз фермадошини эти моматалоқ бўладиган даражада дўппослаш, яйловда ўзбошимчалик билан подадан ажраб қолиш каби катта масалалар муҳокамага қўйила бошланди. Улоқча ҳали тўрт ойлик бўлмай туриб, беш марта “ҳайфсан” олишга улгурди. “Ҳайфсан” олдингми, уч кун давомида маърамай юришга мажбурсан. Шунчаки “ми” деб қўйсанг ҳам, кечқурунги кепакли теритдан маҳрумсан. Уч кун жим юришга чидаш – ўлимдан сал мундоғроқ-да.

Улоқчанинг ёши улғайган сайин унинг нуқсонлари ҳам каттая борди. Манманлик, ёлғончилик ва муттаҳамликдан ташқари унда худбинлик, амалпарастлик аломатлари шакллана бошлади. Аввалига, поданинг олдинги сафида юрувчи кекса ҳайвонлар орасига суқилиб кирди. Кейинчалик, янаям олдироққа ўтиб, оқсоқол билан деярли ёнма-ён одимлайдиган қилиқ чиқарди. Ҳатто оқсоқолнинг фермадаги биринчи лаганбардори ҳисобланмиш Сулла лақабли Така ҳам шу маҳалгача бундай қилишга ботинолмаган эди.

Қаттиққўл Найзашох, негадир, бу бетамизликка ортиқча аҳамият бериб ўтирмади. Балки унинг сўққабош етимчага озор бергиси келмагандир, балки қандайдир тирмизак билан ҳадеб хириллашавериш меъдасига теккандир, уёғи бизга қоронғи.

Ҳовлиқмачилик ва мансабпарастлик жуда ёмон нарса. Бу дардга дучор бўлдингми, ўз бошингга келадиган балоларга ўзинг замин ҳозирлаётганингни пайқамай қоласан. Кунлардан бир куни 0099 рақамли Улоқча қўрсайганича оқсоқолдан олдинга ўтиб, олифтанамо одимлай бошлади. Бу энди энг уччига чиққан интизомсизлик эди. Найзашох аста ортга ўгирилиб, Суллага маънодор кўз қисиб қўйди. Ниҳоят хўжайиннинг тоқати тоқ бўлганини фаҳмлаган Сулла бора солиб, тартиббузар Улоқчанинг чап қовурғасига гупира-қарс калла қўйди. Ана энди осмонда типирчилаб айланишни кўринг-у, гупиллаб ерга тушишни томоша қилинг!

Бети безлашиб кетган қаҳрамонимиз шундан кейин ҳам поданинг олдинги қаторларида ўралашишдан воз кечмаган бўлса-да, ҳарқалай бошлиқдан илгарироққа ўтиб юришга юраги чопмай қолди.

Улоқча ўтакетган кекчи эди. У биқинидаги оғриқлар тийилганидан сўнг ҳам Суллани кечиролмади. Қаердандир бир бўлак кирсовун топиб, уни депсиб майдалади ва рақибининг охуридаги емга секингина аралаштириб қўйди. Кўп ўтмай, Сулланинг жунлари туллаб, тасқара бир қиёфага кирдики, яқин ошналари ҳам ундан жирканиб, нарироқда юрадиган бўлишди.

“Бу кунингдан баттар бўл! – дея ич-ичидан қувониб қўярди Улоқча, Сулланинг аҳволини кўриб. – Хўжайинга яхши кўринаман деб, бошқаларни тепалашнинг оқибати шунақа бўлади”.

Наврўз ойининг сўнгги тонги “Бабачоқ” фермасига безовталик олиб келди. Илк саҳардаёқ мисли кўрилмаган тўс-тўпалон бошланди. Найзашохнинг бўйнидаги кумуш қўнғироқ туйқус йўқолгани ҳақидаги хабар оғиздан-оғизга ўтиб, ҳаммани нотинч қилди. Оқсоқолнинг Сулла бошчилигидаги бир тўп хушомадгўйлари фермадаги барча кавак-кандикларни, ўра-хандақларни, охур ва челакларни эринмай тинтиб чиқишди. Қўнғироқ ҳеч қаердан топилмади. Шундан кейин, фермадаги борлиқ қўй-эчкилар бола-бақралари билан майдонга сафлансин, деган буйруқ берилди. Ҳайвонлар белгиланган жойда йиғилиб, йўқлама ўткизилгач, 0099 рақамли бевош Улоқчанинг ўз ўрнида эмаслиги маълум бўлди.

– Аҳа! Ана, қўнғироқ кимда экан! – хирқираб қичқирди, терисига қўтир туша бошлаган Сулла. – Билардим шунақа бўлишини!

Серканинг қўнғироқсиз қолиши қиролнинг тождан айрилиши сингари катта кўнгилсизлик ҳисобланади. Подада нима кўп – така кўп. Бироқ, ана шу эркак эчкилардан фақатгина биттаси Серка дейилади. Серка бўйнидаги қўнғироғини жингиллатиб қаёққа юрса, ўзга ҳайвонлар унга эргашишга мажбур. Қоида шунақа.

Ҳамманинг кўзи оқсоқолда эди. Найзашох мотамсаро қиёфада бир зум сукут сақлаб тургач, мунгли товушда деди:

– Иккита нол-у иккита тўққиз рақамли қароқчи энди шафқатимиздан маҳрумдир. Уни тутиб келтирган жонивор беш пақир кунжара билан мукофотлангай. Аммо, мукофотдан

бўкиб ўладиган бўлса, уёғига жавобгар эмасмиз.

Бу гапдан ҳамманинг нафси жикиллаб, ялоқиларча тамшаниб қўйишди.

 

Билимдон

Шудринглар қуёш тафтидан буғлана бошлаган сари майсалардаги ёқутранг нурлар аста-секин сўниб, яйлов яна одми тусга кирди. Худди шу паллада ўзига бино қўйган шалпангқулоқ бир махлуқ ўтлоққа ташриф буюрди. Бу Билимдон лақабли Эшак эди.

Билимдон жуда кўп нарсага қизиқар, ҳамма нарсани билишни истар, айрим жумбоқлар устида кечалари билан мижжа қоқмай бош қотирарди. Масалан, “Нима учун ёз фаслида қор ёғмайди”, деган чигал бир савол уни узоқ вақт безовта қилиб юрди. Тинмай ўйлайвериб, охири шундай хулосага келди: “Қор ёзда ҳам ёғади, аммо иссиқдан осмоннинг ўзидаёқ эриб кетаверади”.

Кейин у “Токи ер юзида От билан Эшакдай мукаммал ҳайвонлар бор экан, Хачир деган бачкана нарса нима мақсадда яратилган”, дейилувчи саволдан иборат улкан масала устида фикр юрита бошлади. Фикрлай-фикрлай, ниҳоят жўяли жавоб топди. Унинг айтишига қараганда, дунё шундай сирли тузилган эканки, иккита зўр нарсанинг ўртасида битта қандайдир силқиндининг ҳам бўлиши табиий ҳол эмиш. “Чунончи, маъданга бой тоғлар билан мевазор боғлар оралиғида тап-тақир адирлар бор”, дея фикрини исботлашга тиришарди у.

Ҳаёт жуда қизиқ нарса. Ўлиб-тирилиб битта жумбоқни ҳал қилганингда, ўша заҳоти олдингда бошқаси кўндаланг бўлиб тураверади. Эшак сўнгги пайтларда беҳад чалкаш бир масалани ўйлаб, миясининг қатиғини қайнатиб юрибди. Унинг заҳматкаш калласида: “Одамлар нима учун Мушукни қучоғига ўтқазиб эркалатишади-ю, Эшакни эса минишади”, деган савол чархпалакдек айлангани-айланган. Афсуски, ҳали-ҳозир бунга жавоб тополгани йўқ.

Шу топда ҳам, иштаҳа билан ажриқ кавшаб, ана шу тўғрисида ўйлай бошлаган эди, “Вей, Эшшак!” – деган ҳақоратомуз товушни эшитиб, жаҳлланиб ортга ўгрилди. Унинг қаршисида бўйнига қўнғироқ илиб олган ўйинқароқ Улоқча турарди. Эшак калондимоғлик билан бурнини жийириб, ўшқирди:

– Бир тепишда тўрттала туёғингни осмондан қилгайман! Мени “эшак” дейишга қандай тилинг борди?

Эшакнинг бақиришидан не-не ҳайвонлар талвасага тушмаган дейсиз. Улоқча бўлса, миқ этиб қўймади.

– Мени алдаб бўпсан, – дея бамайлихотир жавоб қилди у. – Йўлбарс эмаслигинг шундоққина кўриниб турибди. Хех-хех-хе…

– Сенга айтиб қўяйин, тирранча, – кўкрак кериб ҳангради Эшак. – Мени Билимдон дейдилар! Бундан кейин оғзингга қараб гапиргайсан. Майлими?

Эшак ўзини ақлли мавжудот қилиб кўрсатишга уринаётгани Улоқчанинг кулгисини қистатди.

– Ҳў, ўқимаган! – тап тортмай гапни давом эттирди у. – Ўзинг эшаксан-у, нега энди отинг Билимдон бўларкан?

Эшак гердайган куйи унга яқинроқ келди:

– Чунки, мен ҳамма нарсани билавераман. Ҳатто ўнгача санашниям бемалол эплаштирамиз. Мана, эшит: бир, олти, уч, саккиз, ўн! Қойилмисан энди?

– Тўғри санадинг, – сир бой бермай чимрилди Улоқча. – Санашни мен ҳам биламан. Ишонмасанг, бир боғ хашакдан гаров ўйнаймиз.

Эшак чиранчоқ Улоқчага диққат билан бошдан-оёқ назар солиб чиқди. Кейин унинг қаёқдан келиб қолганини суриштирди. Улоқча бурнини юқори кўтариб, бўйнидаги қўнғироғини фахр билан жиринглатди:

– Кумуш қўнғироғимни кўряпсанми? Фермадан юборишди мени. Энди шу яйловга оқсоқоллик қиламан.

– Қаранг-га, қаранг-га! – уни масхаралаб тиржайди Эшак. – Бўлак оқсоқол қуриб кетганакан-да, а, эчкивачча?

Бу гапни эшитиб, Улоқчанинг феъли айниди. Эшакни сузмоқчидек, бошини пастга эгиб, туёғида ерни тимдалади.

– Қайтиб “эчкиввачча” дейдиган бўлсанг, сени яйловда ҳанграш ҳуқуқидан маҳрум қиламан! – деб ўдағайлади у. – Шалпанг қулоқларинг билан уқиб олгинки, бугундан бошлаб мени “ҳурматли оқсоқол”, ё бўлмаса, “ҳукмдорим” деб чақиришинг керак!

Эшакнинг бирдан думи қисилиб, кўзи бежо ўйнади. Улоқча энди қиттак юмшаб, мулойимроқ оҳангда сўз қотди:

– Агар-р… чизган чизиғимдан чиқмасликка сўз берсанг, айтайликки… сени ўзимга ёрдамчи қилиб олишим ҳам мумкин.

Эшак беқиёс ақл-у фаросати билан шу ёшгача бирон-бир мансабга эга эмаслигидан жуда ўксиниб юрарди. Ҳозирги шаъмадан кейин унинг бўзрайган кўзлари тўсатдан ёрқин чақнаб кетди. Гапни чўзиб ўтирмай, ёрдамчи деган лавозим унга қанақа фойда келтиришини суриштирди. Улоқчанинг “бошлиқ билан ёрдамчи яйловнинг энг серўт жойида тамаддиланиш ҳуқуқига эга бўлади”, деган сўзини эшитиб, қувончдан думи ўйнади.

– Манави бошқа гап! – гижинглаб туриб, димоғида пўнғиллади Эшак. – Агар ваъдангда турсанг, ҳозирдан бошлаб гапингдан чиқмагайман, эчкивачча.

– Нима дединг? – чақчайди Улоқча. – Ҳе, тилинг кесилгур!

– Ке… ке… кечиргайсиз, – айбини ювишга уриниб, Улоқчани сизлай бошлади Эшак. – М… мен “ҳукмдорим” демоқчи бўлувдим. Ҳа, манашунақа!

Улоқча енгил тин олиб, Эшакнинг кўзларига синчиклаб тикилди.

– Мана, сен билан келишиб олдик, – деди у, ҳақиқий бошлиқлардек мийиғида жилмайиб. – Энди бошқаларни тартибга солишимиз керак.

Улоқча сополранг кўзларини жовдиратиб, атрофга аланглади-да, такроран Эшакка юзланди:

– Айтгандай, бошқалар қани?

– Бугун якшанба бўлса керак, – ахборот берди Эшак. – Мендан бўлак ҳамма ҳайвон якшанба куни дам олгай.

Буни эшитиб, Улоқчанинг аччиғи чиқди:

– Нима-нима? Яйловдагиларга якшанбада дам олишни ким қўйибди? Бутун қиш бўйи оғилхонадан чиқмай ем чайнашгани камми уларга? Ўзбошимчалик

бу! Тушундингми?

– Тушунганда қандоқ! – аскарчасига қаддини ғозлади Эшак. – Нима, каллам ошқовоқмиди?

Кумуш қўнғироқли бошлиқ ҳозиргина лавозимга тайинланган шалпангқулоқ ёрдамчисига дастлабки топшириқни берди.

– Ғириллаб бориб, ўша ялқовларни тезда яйловга етаклаб кел, – шоҳона қиёфада буюрди у. – Катта йиғилиш ўтказамиз. Келгунларингча, мен теварак-атрофни айланиб, яйловнинг аҳволи билан танишиб тураман.

Эшак яна қаддини ростлади:

– Хўп бўлади, ҳукмдорим!

Эшак бир шатталаб ортга бурилди-да, сўқмоқни чангитганича, қишлоқ томонга пойга қўйди. Улоқча лабининг четида мамнун илжайди.

“Мана, бу тўс-тўпалон яйловдаям тартиб ўрнатадиган бўлдик, – бўйнидаги қўнғироқни сийпалаб ўйлади у. – Энди аҳмоқларга оз-моз ақл ўргатамиз. Ақллиларнинг тилини тийиб қўямиз. Маҳмаданалар бизга тўғри келмайди. Гап дегани ўзимиздаям етарли”.

Улоқча яйловни кўздан кечиришга киришди. Йўл-йўлакай уер-буердаги ўтларни лабида чимдилаб, ҳар қайси жойнинг таъмини имкон қадар эслаб қола бошлади.

 

Танишув

 

Эшшакларга кулманглар,

Улар бари полвондир.

Эшшакларнинг ақли кам –

Деган гаплар ёлғондир,

Эшшакларга кулманглар.

Эшшакларга кулманглар,

Оғир юкни тортишса.

Асло кулмас эдингиз

Юкни сизга ортишса,

Эшшакларга кулманглар-а-р…

 

Эшак ашула айтганича қишлоққа кириб келиб, ҳаммадан олдин бу атрофдаги энг кекса ва обрўли ҳайвон ҳисобланган Ҳўкиз оғанинг ҳузурига борди. Дарахтнинг остига ёнбошлаб олиб, бўйни етадиган жойлардаги ўт-ўланни эрмак қилиб ётган Ҳўкиз оға Эшакнинг саломига эринибгина бош қимирлатди.

– Ҳа, Билимдон, нима гап?.

– Фермадан бизга оқсоқол юборибдилар, – деб ҳангради Эшак. – Ҳаммамиз яйловга марҳамат қилгаймиз. Катта мажлис бўладурмиш.

Ҳўкиз оға пешанасини тириштириб, секин ўрнидан турди. Елкасини дарахтга ишқалаб қашларкан, ўзича ғудранди:

– Ўлай агар бу дунёнинг ишларига тушунсам. Фермаси қаерда-ю, оқсоқоли ким бўлдийкин? Ишқилиб, қариган пайтимда мени яна омоч судрашга мажбур қилишмасин-да…

Эшак ҳангира-ҳангир қилиб юриб, бошқа ҳайвонларни ҳам бир зумда йиғиб келди. Ҳўкиз оға уларга қўшилиб, яйлов сари нохуш одимлаб бораркан, йўл-йўлакай Эшакдан сўради:

– Менга қара, Билимдон. Ўша оқсоқолинг ким ўзи?

Эшак ҳар эҳтимолга қарши теваракка олазирак эловлаб олиб, пастроқ товушда деди:

– Очиғини айтгаймизки, ўзи кўримсизгина бир Улоқ. Лекин, қарангки, ўша эчкиваччанинг бўйнида кумуш қўнғироғи бор!

– Қўнғироқ ростданам ўзиникимикин, ҳов? – дея тилини осилтириб гап қистирди Олапар исмли Ит. – Менимча, сени лақиллатгандир-ов, вов!

Кўпдан буён шубҳасини айтишдан ўзини зўрға тийиб турган қизиққон Бўталоқ бу гапдан кейин тилига эрк бериб, дангал сўз бошлади:

– Олапар тўғри айтяпти. Ўша эчкиваччанинг шартта думини тугиб, келган жойига қайтариб қувиш керак. Бориб аммасига оқсоқоллик қилсин!

– Тўғри! – деди Қўзичоқ, Бўталоқнинг фикрини маъқуллаб.

– Менимча, бундай қилиш яхшимас, – ўз одатига кўра, босиқлик билан муносабат билдирди Ҳўкиз оға. – Аввал у билан тўғриликча гаплашиб кўрганимиз тузук. Қани, мақсадини билайлик-чи.

Қўзичоқ бу сафар ҳам бошини қимирлатди:

– Тўғри!

– Ҳўкиз оғанинг гапида жон бор, – Бўталоқдан кўра мулоҳазалироқ эканини барчага билдириб қўйиш учун атайлаб салмоқли тарзда сўзлади Эшак. – Олдин яхшиликча фикрлашиб кўргаймиз. Агар мендек полвонниям алдашга ботинган бўлса, ўша эчкиваччани шахсан ўзим…

Эшакнинг кариллаши кекиртагида қолди. Дўнглик ортидан Улоқча чиқиб келаётганини кўриб, дарров ўзини ўнглади ва шахдам одимлаб, унинг истиқболига юрди:

– Подани йиғиб келдим, ҳукмдорим!

Улоқча: “Сенга раҳматнома эълон қиламан, Билимдон”, дея Эшакни оғзаки рағбатлантирган бўлди. Сўнг, бошқа ҳайвонларга юзланиб, уларга наридан-бери разм солгач, дабдабали оҳангда мурожаат қилди:

– Салом, ҳайвонлар!

Ҳайвонлар бирин-кетин маъраб-мўвраб алик олишди. Энг охирида Олапар чўзиқ вовуллаб қўйди. Оқсоқол афтини буриштириб, унга ҳафсаласиз тикилди.

– Яйлов бу ўтхўр ҳайвонларнинг жойи, – Олапарни заррача менсимасдан сўз қотди у. – Сен бу ерда нима қилиб юрибсан, итдан тарқаган?

Бўрибосар аждодларининг арвоҳини безовталантирувчи муомаладан жаҳли чиққан Олапар бурнини титратиб, қулоғини диккайтирди. Лекин, ваколати ҳозирча номаълум бўлган оқсоқолга ўчакишишдан ўзини тийиб, вазифаси Қўзичоқни яйловда қўриқлаб юришдан иборат эканлигини ётиғи билан тушунтиришга интилди.

– Қўзичоққа пойлоқчилик қилишингга рухсат беришим мумкин, – дея Итга бироз ён босган бўлди Улоқча. – Бироқ, сени яйловда акиллаш ҳуқуқидан маҳрум қиламан!

Биз қоринни тўйдириб дам олаётганимизда, сен атрофимизда улиб юришинг тартибга хилоф нарса.

Нима дейишини билмай қолган Олапар Ҳўкиз оғага зимдан илтижоли қараб қўйди. Олапарга қолса-ку, бунақа бетасир хўжайинлардан ўнтасини бирпасда пийпалаб ташлаган бўларди. Аммо, кўпчиликнинг, кўпчилик бўлгандаям, эски қадрдонларининг райига қарамай иш кўриш буткул одобсизлик ҳисобланарди. Шуни ўйлаб, тишини тишига қўйиб турарди.

Ҳўкиз оға Итнинг аҳволига тушуниб, сабрингга балли, дегандек, унга маънодор бош ликиллатди. Сўнг Улоқчага юзланиб, деди:

– Бу адолатдан эмас, оқсоқол. Олапар кўпдан бери биз билан бирга яшайди. Баримиз ака-укадек бўпкетганмиз.

– Жудаям нотўғри мўвраяпсиз, – дея Ҳўкиз оғага эътироз билдирди Улоқча. – Сиз укам деб атаётган бу Ит бир кунмас бир куни биронтамизнинг суягимизни “қирт-қирт, қирт-қирт, қирт-қирт” қилиб ғажиши мумкин. Хўш, шуми адолат?

Ҳўкиз оғанинг бирдан ғаши келиб, безанглаганича ерни тепкилай бошлади. Улоқча унга таажжубланиб боқаётганини кўрган Эшак, шоша-пиша изоҳ берди:

– Илтимос, ҳукмдорим, Ҳўкиз оғага бундан кейин “хўш” деган гапни ишлатмагайсиз. Бу зот “хўш” деган гапни ёмон кўрадурлар.

– Сиздан қайтариб сўраяпман, Ҳўкиз оға, – дея ўзини яна қозиликка солди Улоқча. – Суягимизни роҳатланиб ғажийдиган маҳлуқ бизга дўст бўлиши мумкинми?

Ўзининг ортиқча донолиги билан эмас, балки салобати билан бировларга сўзини ўтказишга ўрганиб қолган кекса Ҳўкиз маҳмадана Улоқчанинг унчалар қалтис бўлмаган саволига жавоб тополмай, тили

тутилиб қолди. Бундан фойдаланган оқсоқол ҳукмини кўпчиликка тасдиқлатиб олишга уринди:

– Шундай қилиб, ҳаммамиз бир қарорга келдик, яъни Олапар яйловда вовиллаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бугундан бошлаб, унинг бу ўртада акиллаганини эшитмаслигимиз керак.

Янгича тартибнинг биринчи қурбони бўлган Ит, тарафимни оладиганлар топилиб қолар, деган умидда кўзини жовдиратиб, турганларга бир-бир қараб чиқди. Қишлоқдошлари ундан кўзларини олиб қочишаётганини кўриб, бирдан маъюс тортди.

– Ир-р, хап! – деб алам билан сўз бошлади Олапар. – Демак, энди мен ғинг демасдан юришим лозим. Шунақами?

Олапарнинг қишлоқдошлари унга ўнғайсизланиб қараб қўйишиб, яна бошларини эгишди.

– Мен бундай яшолмайман, оғайнилар, – хазин сўзлашда давом этди Олапар. – Ўзларинг ўйлаб кўринглар, яйловдан бегоналар ўтиб қолгудек бўлса, қандай қилиб уларга акилламасдан тура оламан? Ё бўлмаса, биронта лочин Қўзичоқнинг устида айланиб қолди дейлик. Бунақада ҳуримасдан бўладими? Айтинглар, ҳов, вов-вов! Мени кечқурунлари занжирга боғлаб қўйишгани ҳам етар. Ҳеч бўлмаса, вовуллаб турмасам бу кунимдан ўлганим минг марта яхши. Энди сизлар билан яйловда юролмайман, оғайнилар. Мен қишлоққа кетаман. Хайр, ир-р!

Ўзининг итлик шаънини барча нарсадан устун қўйиб ўрганган Олапар ношуд дўстларидан аразлаб, шартта орқага бурилди-да, хафагарчиликдан думини судраганича қишлоққа қайтиб кетди.

Ҳўкиз оға таҳқирланган Олапарнинг ортидан бир неча фурсат хомуш термилиб тургач, Улоқчага босиқлик билан мўвради:

– Барибир яхши иш бўлмади, оқсоқол. Бу Ит умрида ҳеч биримизга душманлик қилмаганиди.

– Лекин, дўст ҳам эмас! – тағин ўзиникини маъқуллади Улоқча. – Ўтхўр ўтни ўйлайди, суякхўр – суякни. Иккала гала аралашган жойда қон тўкилади.

Ҳўкиз оға пича мулоҳазаланиб олиб, деди:

– Тўғри, Ит – суякхўр, аммо йиртқич эмас. Шу нарсанинг фарқига бормадинг шекилли, оқсоқол…

 

Жанжал

Туялар кенглик ва эркинликни, ҳаттоки, ҳаёт учун энг зарур бўлган тўқлик ва ҳаловатдан ҳам устун қўйишади. Карвонбошиларнинг гапи чин бўлса, туялар саксовулни авлиё ўсимлик ҳисоблашар, унинг қаршисида чўк тушишиб, “Бизни тор кўчаларда юриш-у, сассиқ оғилхоналарда ётишдан асрагин”, дея илтижо қилишар экан. Ота-боболарининг бу хусусияти Бўталоққа ҳам қон орқали озми-кўп ўтган бўлиб, ҳар қандай таъқиб ва чеклашларни ўлгудек ёмон кўрарди.

Бахти қора Олапар ўксинганича қишлоқ томон йўл олганидан сўнг, оқсоқолнинг пойқадами яйловга қутлуғ келмаганини сезган Бўталоқ тажангланиб пихиллади. Ҳўкиз оға: “Шу нарсанинг фарқига бормадинг шекилли, оқсоқол”, дея бош тебратганида, яна ўзини тутиб туролмади.

– Бу қанақасига оқсоқол бўлсин, Ҳўкиз оға? – деб жириллади у. – Бизни бир-биримизга гиж-гижлаш учун орамизга кирволган ғаламис бу!

– Тўғри! – деди Қўзичоқ.

Эндигина амалга миндим деганида, ишнинг чаппасига кетаётганидан ташвишланган Эшак ғалаёнчи Бўталоқнинг тилини тийиб қўйишга ошиқиб, кўзини ола-кула қилди:

– Ўпкангни босвол, Бўталоқ! Оқсоқол тўғри қилдилар. Биз ўт егаймиз, Ит емагай. Бунақа олифтачилик бизга ҳурматсизликдур.

Қўзичоқ бу гал Эшакнинг ёнини олди:

– Тўғри!

– Муғамбир эчкивачча Билимдонни ўзига оғдириб олганга ўхшайди, – атрофдагиларни ҳушёрроқ бўлишга чорлади Бўталоқ. – Эшак бизга сотқинлик қиляпти, биродарлар.

– Тўғри! – ўйланиб ўтирмай қичқирди Қўзичоқ.

Эшакнинг кўзлари туйқус бежо ўйнаб кетди. Сири очилиб қолишидан чўчиб, Бўталоққа бор овозда давара қилди:

– Нималар деяпсан, букри? Мени ҳали ҳеч ким бозорга солмаган. Мен бирор марта сотилмаганман. Ва сотилмагайман!

Бўталоқ пандавақи Эшакнинг гапларига парво қилмай, бу жиккак Улоқчанинг ҳақиқий оқсоқоллигига барибир ишонмаслиги, бўйнидаги қўнғироқни бирон жойдан ўмарган бўлиши мумкинлигини айтиб, ўз фикрида туриб олди. Бошқаларда ҳам иккиланишга ўхшаган кайфият пайдо бўлди.

Улоқча ҳали жуда ёш эса-да, сал нарсага довдираб қоладиганлар тоифасидан эмасди. У, қай вазиятда бўлмасин, рақибини чалғитишга, ундан устун келишга уринар, тахликага тушганини на кўзидан, на хатти-ҳаракатидан сезиб бўларди. Табиийки, бу сафар ҳам бўш келмади.

– Вей, бели дўнгалак! – дея Бўталоққа сапчиланди у. – Минг марта шукур қилгинки, “Бабачоқ” фермасида эмассан. Йўқса, оқсоқолни тан олмаганинг учун аллақачон гўштга тортилган бўлардинг!

– Тупурдим ўша фермангга! – тап тортмай бўкирди жиззаки Бўталоқ. – Ферманг ҳам, ҳайвонларни гўштга тортадиган тарозинг ҳам ўзингга буюрсин.

Мабодо, бу жинқарчанинг фермадан юборилган оқсоқоллиги рост бўлса, уни ҳақоратлашнинг оқибати яхшиликка олиб бормаслигидан хавфсираган Ҳўкиз оға авжланаётган жанжални босишга, масалани шовқин-суронсиз ҳал этишга уринди. У тумшуғининг учини Бўталоққа тўғрилаб, “пича жим бўл” дегандек, кўзини лўқ қилиб тургач, Улоқчага юзланиб, мулойим тарзда гап бошлади:

– Кўнглингга олмагин-у, ука, сени юқоридан хўжайин қилиб юборишганига жамоатнинг ишонгиси келмаяпти. Сен бўйнингдаги қўнғироқни пеш қиляпсан. Ким билади, балки уни ҳақиқатанам бирор жойдан ўғирлагандирсан. Бунақа нарсани баъзан йўлдан топволиш ҳам мумкин. Оқсоқоллигингни исботловчи бошқа дурустроқ далил кўрсатсанг, яхши бўларди.

Ҳануз қони қайнаб турган Бўталоқ пўписа аралаш гап қистирди:

– Билвол! Бошқа далилинг бўлмаса, кетингга тепиб ҳайдаймиз!

Улоқча қанчалар сурбет бўлмасин, олдига қўйилган янги талабни эшитиб, андак эсанкираб қолди. Аҳволини бошқаларга сездирмаслик учун ўзини иложи борича хотиржам тутишга тиришиб, кўз сузганича хиёл илжайди. Бу туришидан “бошқа далил ҳам бор, лекин уни сизларга кўрсатиш шартмикин”, деган маънони уқиш мумкин эди.

– Бошқа далил керак денглар? – дея, турганларга писандсиз кўз югуртиб чиқди у. – Оббо, сизлар-эй…

Улоқча шундай деди-ю, гапни қандай давом эттиришни билмай, бошини қашлади. Қашинаётганида олдинги туёқчаси бехосдан қулоғидаги мис тамғага тегди. Шу заҳоти Улоқчанинг бошида ярқ этиб бир фикр чақнади-ю, чеҳраси ёришди.

– Далил бор! – деб қичқирди у. – Мана, бошқа далил! Қулоғимдаги мисни кўряпсизларми? Оқсоқоллик тамғаси бу. Рақамлариям бор.

Улоқча теграсида турганларга қулоғини бир-бир кўрсатиб: “Ишонмасанглар, ўқиб кўринглар. Ораларингда саводлилар топиладими?!” – деб даврани айланаётганида, Эшак: “Савод, мана, бизда бор, ўнгача санашни билгайман”, дея олдинга чиқиб, тамғага узоқ тикилиб қолди. Эшакнинг безовталанаётганини кўриб, ҳамма ҳайвонлар сингари у ҳам ғирт саводсиз эканини пайқаган Улоқча ўз ёрдамчисига кўмаклашгиси келди:

– Нол, нол, тўқсон тўққиз деб ёзилган. Тўғрими?

Бу сўз Эшакнинг жонига ора кириб: “Қаранг-га, шунақа деб ёзишибди-я”, дея ҳангради. Улоқча энди қулоғини Ҳўкиз оғага тутди:

– Бу тамғани фермада ёпиштиришган. Яна қанақа далил керак, хўш?

Ҳўкиз оғанинг бирдан бурни титраб: “Яна “хўш” дейди-я, яна “хўш” дейди-я”, деб, жойида депсина бошлади. “Бабачоқ” фермасида фақат қўй-эчкиларгина боқилар, Улоқча бошқа турдаги ҳайвонларни кўрмай улғайган, шу боис, уларнинг феъл-атворидан ҳам бехабар эди.

Энди, ҳўкизлар “хўш” деган сўзни нега ёқтирмаслигига тўхталиб ўтайлик. Одамлар бу жониворлардан асосан деҳқончиликда фойдаланишади, яъни уларга омоч қўшиб, ер ҳайдашади. Омочни судраб бораётган ҳўкиз мабодо издан сал четга чиқадиган бўлса, қўшчи: “Хўш! Хўшка!” – деб уни бир қамчилаб қўяди. Ҳўкиз зоти “хўш” деган гапни эшитганда, бир сапчиб тушиши шундан.

– Сизга айтувдим-ку, ҳукмдорим, – Улоқчани такрор огоҳлантирган бўлди Эшак. – Ҳўкиз оға “хўш” десалар аччиғлангай.

– Узр, билмасдан “хўш” деворибман, – дея Ҳўкиз оғани тинчлантирди Улоқча ва қулоғини унга яқинроқ тутди. – Мана, тамғани яхшилаб кўрволинг.

Ҳўкиз оға ўзини босиб олиб, тамғага бор диққатини жамлаб тикилди. Мисни олдин ҳидлади, кейин сал ялаб кўрди, “ум-м” дея пича мулоҳазаланиб турди.

– Тамға қулоққа жудаям ўхшатиб чапланган, – деди у, ниҳоят шерикларига юзланиб. – Бунақа нозик иш анча-мунча ҳайвоннинг қўлидан келмайди. Улоқчанинг фермадан юборилгани, менимча, тўғри.

Эшак бу гапдан янада жонланди:

– Айтувдим-ку, бу оқсоқол ҳақиқий деб. Нима, каллам ошқовоқмиди?

Бўталоқнинг кўнгли баттардан хижиллашди. Унинг танасидаги ҳар бир томчи қон эркка ташна, баданидаги ҳар бир тук таъқибга душман эди. Қандайдир эчкича бўйнидаги кумуш қўнғироқ ва қулоғидаги мис тамғага асосланиб, эндиликда уларга хоҳлаган буйруғини бериши мумкинлиги Бўталоққа беҳад алам қилаётганди.

– Сизларга тушунмаяпман, биродарлар, – белини қайиштириб, гавдасига қараганда жуда қисқа кўринувчи думини тиккайтирди у. – Ҳақиқийми, қалбакими, ўзи бизга оқсоқолнинг нима кераги бор? Оқсоқол дегани бизга қўшимча ем ёки хашак бериб турса, бошқа гап эди. Буйруқни еб бўлмаслигини ҳаммамиз биламиз. Шундай экан, бунақа хўжайинни бир тепиб, фермасига учирворсак-чи!

Бошқа ҳайвонлардан бирон-бир садо чиқмади. Шунда, Улоқча Бўталоққа салмоқланиб яқинлашди-да, дағдағани кучайтирди:

– Ҳў, ўқимаган! Сиёсий томондан ғирт жинни экансан! Ўз яйловингдан ташқарида нималар бўлаётганини биласанми? Ҳамма жойда аҳвол шу – ҳар ким хоҳлагандай яшашга чек қўйилиб, жамоа бўлиб кун кўришга ўтиляпти, тартиб-интизом ўрнатиляпти. Мабодо, мени ҳайдасанглар, мендан кучлироғини юборишади. Масалан, қулоғига оқсоқоллик тамғаси ёпиштирилган Йўлбарс сендақаларни тезда мулла қипқўйган бўларди.

– Қанақа тартиб-интизомни гапиряпсан? – жириллашдан тийилмади Бўталоқ. – Сен келмасингдан бурун тинчгина тирикчилик қилиб юрувдик. Орамизга қўшилдинг-у, яйловда тўпалон бошланди. Шуми тартиб ўрнатиш?

Улоқчанинг ўрнида бошқа ҳайвон бўлганида, мантиққа таяниб айтилган бу сўздан эсанкираб, жўяли жавоб тополмай қолиши ҳеч гап эмасди. Бироқ, бизнинг қаҳрамонимиз “мантиқ”, “асосли фикр” деган нарсалар билан ҳисоблашиб ўтирадиган анойилар сирасига кирмасди. Шу боис, қиттай иккиланмасдан, дангал жавоб қилди:

– Тинч жойда тартиб ўрнатиб бўларканми, хумбош? Тартиб ўрнатиш учун, қоидага кўра, олдин тўпалон чиқариш керак бўлади!

– Қаранг-га! – Улоқчанинг донолигига қойил қолди Эшак. – Мана гап қаерда экан!

Бўталоқ бир сурбет Улоқчага, бир қўрқоқ ва гўл шерикларига қараб қўйиб, жаҳл билан четга туфлади.

 

Энг бахтли ҳайвон

Қўзичоқ содда ва лаллайган бўлишига қарамай, тили жуда эрта чиқди. Бунинг сабаби бор. Унинг ота-онаси бор-йўғи биттагина гапни, яъни “тўғри” деган сўзнигина билишар, буни ўрганиб олиш унча қийин эмасди.

Ҳа, қўйлар ўзларини энг бахтли ҳайвон деб билишади. Чунки, улар ортиқча гапиришдек кулфатдан нари яшайдилар. Кўп гапириш учун кўп ўйлаш керак. Кўп ўйладингми, ҳеч қачон семирмайсан. Ориқлик эса – ғирт шармандалик. Дунёга бир келган экансан, лорсиллоқлигингни ҳаммага кўз-кўз қилиб, сени тўйга етаклаб боришмаса, шуям ҳаётми?

Бизнинг қўнғир юнгли Қўзичоғимиз ҳам туғилганидан буён шу ҳикматга амал қилиб кун кечирарди. Оқсоқол келиши муносабати билан яйловда бошланган машмашаларда у тўлиқ иштирок этиб, бир-бирига қарама-қарши гапларни диққат билан тинглаётганига қарамай, ҳамма тўғри сўзлаётганига ишончи комил эди.

Улоқча ўзининг фермадан жўнатилган оқсоқоллигини тўла-тўкис исботлаб бўлгач, шу кунгача палапартишлик ҳукм суриб келган яйловда барча тўлиқ бўйсуниши лозим бўлган тартиб-интизомни жорий этиш ҳақида таклиф киритди. Бу таклифни биринчи бўлиб ўзи маъқуллаб, янгича турмуш қонун-қоидалари юзасидан сўзлашга киришганида, Қўзичоқ зўр қизиқиш билан унинг шолғомранг оғзига тикилди.

– Энг аввало, ҳар ким кўнгли тусаган жойда ўтлашига чек қўямиз, – дея гапни жуда нозик масаладан бошлади оқсоқол. – Сиз, Ҳўкиз оға, бугундан эътиборан сойнинг ёқасидаги ўтларни хўрдалайсиз. Қўзичоққа дўнгнинг орқасидаги курмакзорни ажратамиз. Адирнинг этаклари – Бўталоққа.

– Тупурдим адирнинг этагига! – деб қатъий норозилик билдирди Бўталоқ. – У томонда янтоқдан бўлак ҳеч вақо йўқ.

Қўзичоқнинг Бўталоққа раҳми келиб, “тўғри” деб ўйлаб қўйди ичида.

Бошлиқликни қўлга киритиб, кўнгли таскин топиб турган Улоқча, пинагини бузмасдан, сокин жавоб қилди:

– Ота-буванг янтоқ чайнаб келган. Ажриқ ейишни сенга ким қўйибди?

Қўзичоқнинг наздида оқсоқол ҳам тўғри гапиргандек туюлди.

– Хўш, бу ерда ким ўтлайди? – яйловнинг марказидаги барра майсаларга суқланганича сўради Бўталоқ. – Бу ерни гапирмадинг-ку.

Улоқча бир томоқ қириб олиб, сиполик билан чимрилди.

– Бу жойларнинг бир қисми менга, – гап отасидан қолган мерос ҳақида кетаётгандек, заррача иккиланмасдан сўзлади у. – Иккинчи қисмида ёрдамчим Эшак… ҳм… Билимдон тирикчилик қилади.

Қандайдир бир келгинди ҳамманинг кўзини бақрайтиб туриб, бемалол лўттибозлик қилаётганидан Бўталоқнинг фиғони фалакка чиқди:

– Бу қандай гап, биродарлар? Мана шу яйлов азалдан бизники. Тайинсиз бир эчкивачча бугун келибоқ, энг серўт жойларни ўзлаштириб олса, жим қараб тураверамизми?

– Тўғри! – деб маъради Қўзичоқ.

Бўталоқнинг жирракилигига кўника бошлаган Улоқча, бу гал ортиқча қизишмасдан, баланд руҳда пўписа қилди:

– Ҳў, бели дўнгалак! Мени яна “эчкивачча” дейдиган бўлсанг, яйловда бўраш ҳуқуқидан маҳрум қиламан. Тартиб-қоида нималигини биласанми, ўқимаган? Қоидага кўра, оқсоқол яйловнинг марказида туриши керак. Бу ердаги ўтлар бўлиқ бўлса, менда нима айб?

– Ҳа, ҳа, бу гапда жон бор, – дея бош ирғади Эшак. – Бошлиқлар марказда туришади, деганларини бир эшитганидим. Марказ дейилганда, биз яйловнинг қоқ ўртасини тушунгаймиз.

– Тўғри! – деди Қўзичоқ.

Баъзида, кўп гапириш ҳам қоринни очиради. Ошқозони жизиллаб, ичаклари шилдираётганини ҳис этган Улоқча, тезроқ тамаддиланиш ҳозирлигини кўрди. Ёрдамчисига тоқатсизланган кепатада юзланиб, дабдабали оҳангда мурожаат қилди:

– Билимдон!

Эшак қаддини ғозлади:

– Қулоғим сизда, ҳукмдорим!

– Подани сафга тизиб, жой-жойига тарқат.

– Хўп бўлади, ҳукмдорим!

Эшак атрофидаги ҳайвонларга қулоқ диккайтиб туриб, товушининг борича ҳангради:

– Олти қатор бўлиб сафла-а-н!

– Ие, калланг жойидами? – ўшқирди Бўталоқ. – Ўзимиз бор-йўғи учтамиз, қанақасига олти қатор бўлиб сафланамиз?

– Амалдорга ақл ўргатилмасин! – дея кўзини чақчайтирди Эшак. – Бирин-кетин сафла-а-н!

Ҳўкиз оға, Бўталоқ ва Қўзичоқ, истаб-истамай, қаторга тизилишди.

Эшак: “Менинг орқамда-а-н ҳангу-у ҳанг!” – деб бақирди-да, жойида бир шатталаб олиб, олдинга юрди. Қатордагилар пала-партиш қадам ташлашиб, ночор унга эргашдилар.

Мансабдор Эшак амали йўқ ҳайвонларни жой-жойига тарқатиб қайтганида, катта бошлиқ серажриқ майдонга ёнбошлаб олиб, қандайдир қўшиқни ўзича ҳиргойилаб ётганди:

 

Шамол келса, кўк майсалар

Қилтил-қилтил-қилтиллайди.

Осмондаги оқ булутлар

Ҳилпил-ҳилпил-ҳилпиллайди.

Офтоб чиқса, шўх тўрғайлар

Жилпил-жилпил-жилпиллайди.

Менинг кумуш қўнғироғим

Йилтил-йилтил-йилтиллайди…

 

“Қоринни аллақачон ноғора қилволибди, – ён-веридаги кемтик ажриқларга очкўзларча қараб қўйиб, кўнглидан ўтказди Эшак. – Бу жойларда ёрдамчим ҳам овқатлангай деб ўйламаганини қаранг-га”.

У, нафасини ростлаб олиш учун Улоқчанинг ёнига ағанаётиб, ҳеч нарса бўлмагандек, бамайлихотир гап бошлади:

– Нонушта қилиб олдиларми, ҳукмдорим? Ўтлоғимизнинг майсалари ҳанг-манг қоладиган даражада ширали. Тортинмагайлар.

– Шуям майса бўптими! – дея туёғини силтади Улоқча. – Эшитишимга қараганда… Йўқ… ўз кўзим билан кўрганман! Олатоғнинг этагидаги майсалар чинордек-чинордек бўлиб, тарвақайлаб ётибди. Чайнасанг, бодринг ғажигандек яйрайсан.

Бу гапни эшитиб, Эшакнинг оғзидан чак-чак сўлак томчилади:

– Қаранг-га, қаранг-га!

– Сен нима дейсан, Билимдон, – ёрдамчисига маслаҳат солди оқсоқол. – Ўша томонга туризм қилсакмикин?

Эшак қорнига келиб қўнган пашшани думида аямай уриб, хўшшайганича сўради:

– Кечиргайлар… Нима у… тўрайзим дегани?

– Саёҳат-да, – изоҳ берди Улоқча. – Ҳам сайл қиламиз, ҳам майсага тўямиз. Хўш, нима дейсан?

Дўнг ёнида ўтлаб юриб, амалдорларнинг суҳбатига жимгина қулоқ солаётган писмиқ Қўзичоқ доно оқсоқол ғоятда тўғри таклиф киритаётганини дарҳол фаҳмлаб етди. Сўнг, Эшакнинг нима дейишини кутиб, майса чайнашдан тўхталди.

– Эҳа-а, эҳа-а, – дея кўзини пилдиратиб, тоғ томонга хавотирли қараб қўйди Эшак. – Биринчидан, Олатоғ бу ердан анча узоқ. Олтинчидан, уёқда Ашқал-Дашқал деган эгизак бўрилар яшагай. Иккаласиям ғирт безори.

Бўриларнинг ўткир-ўткир тишларини кўз олдига келтирган Қўзичоқ, Эшак бўлишига қарамай, Билимдон тўғри гапираётганини ҳис этди. Айни чоғда, бўрилар ҳақидаги ваҳимали гаплардан кейин ҳам оқсоқолнинг авзойида ҳеч қандай ўзгариш сезилмагани уни таажжубга солди.

– Сени қара-ю, – Эшакни мазахлади Улоқча. – Эгизак сувараклардан қўрқиб юрибсанми ҳали? Яқинда мен уларни тутволиб шунақаям пўстагини қоқдимки, охири калтакка чидамасдан: “Жон ака, бизни қўйворинг. Яна сизга пашшалашадиган бўлсак, майли, суягимизни ит ғажисин”, деб, роса оҳ-воҳ қилишди. Қарасам, кўзлари мўлтиллаб, ҳўнг-ҳўнг йиғлаб туришибди. Раҳмим келиб, иккаласиниям қўйвордим. Ўша Ашқал билан Дашқалинг мени дуо қилиб, туёқларимни ялашди.

Билимдоннинг кўзлари қинидан чиққудек бўлиб олайди:

– Ёпирай! Ростини айтсам, бу гапга эшак ҳам ишонмагай, ҳукмдорим.

– Ҳў, ўқимаган! – бирдан уни жеркиб берди Улоқча. – Сен менга ёрдамчимисан, ё душманмисан?

– Ёрдамчиман! – ўрнидан сакраб туриб, қоматини ғозлади Эшак.

Улоқча ҳам аста ўрнидан турди ва Эшакка нигоҳини найзадек қадаб, огоҳлантирди:

– Ёрдамчи бўлсанг, вазифангни ҳалол бажаргин! Бошлиқнинг гапини ёлғон дейдиган ёрдамчи ишдан ҳайдалади. Тушундингми?

– Тушунганда қандоқ! Нима, каллам ошқовоқмиди?

Улоқча Эшакка бурнини бир жийириб қўйиб, ёнга ўгрилди ва оралиқдаги масофани ўзича чамаламоқчидек, кўзларини хиёл қисган куйи, Олатоғ томонга узоқ тикилиб қолди.

– Гап шу! – деди у тоғ томондан кўзини узмай. – Келаси ҳафта саёҳатга жўнаймиз. Бу дунё ўткинчи, ўлар жонга кўпроқ шаталоқ отиб қолиш керак.

Ҳеч нимани билмагандек, бепарво курмак чайнаётган Қўзичоқ, оқсоқолнинг охирги гапини эшитиб, “тўғри” деб қўйди ўзича.

 

Олатоққа саёҳат

Қуённинг бирон-бир жониворга хуруж қилганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Ҳатто, Олатоғда ўрмалаган жон борки, уларнинг барча икир-чикирларидан хабардор бўлган дурбинкўз Укки ҳам бундай воқеани эслай олмайди. Бироқ, Қуённинг пайига тушганлар шунчалик кўпки, уларни санаб чиқиш учун қўл ва оёқларимиздаги бармоқлар озлик қилади: бўри, тулки, қоплон, бургут, силовсин, лочин, қашқир… Булар етмаганидек, бир қарашда оғзига каттароқ қўнғиз сиғмайдигандек кўринувчи бўғма илонлар ҳам қуён гўшти каламушникидан тотлироқ эканини фарқлай билишади.

Ота-онасининг уйидан кўчиб кетишга мажбур бўлиб, бор-йўғи ярим йилдан буён мустақил ҳаёт кечиришга ўтган Дингирвой бошқа қуёнлар каби ҳар куни у ёки бу рақибининг таъқибига учрар эди. Бундай пайтларда спортнинг узоқ масофага югуриш тури билан мурғакликданоқ мунтазам шуғулланиб келгани асқотиб қоларди.

Эрталаб найзатирноқ бўрилар чангалидан зўрға қочиб қутулган кулранг Қуённинг юрагидаги титроқ босилиб улгурмасидан, у яшириниб ётган иннинг устида пала-партиш қадам товушлари эшитилди. У “тапира-тупир”ларга чўчиб-чўчиб қулоқ солиб тургач, тепадан ўтаётганлар қандайдир нотаниш ҳайвонлар эканини сезиб, ҳайрати ошди.

Қадам товушлари узоқлашганидан сўнг, Қуён қоронғи инидан астагина чиқиб, қуёшдан ёшланган кўзларини бир-икки ишқалаб қўйди-да, диққат билан теваракка аланглади. Буталар ортида шубҳа туғдирадиган ҳеч қандай шарпа сезилмади. У, юраги пўкиллаганича, бегона ҳайвонларнинг изидан биқиниб бораркан, кўп ўтмай, нордон шўраларни киртиллатиб чайнаётган Эшакни учратди. Эшакдан нарироқда эса жиккак бир Улоқ бўйнидаги қўнғироқчасини жингиллатган асно тошдан-тошга сакраб ўйнар, чамаси, бу унинг энг севимли машғулоти эди.

“Назаримда, ҳайвонлар кўпроққа ўхшаб туюлганиди, – деб ўйлади Қуён. – Қолганлари қаёқда бўлсайкин?”

Қуён атрофга жаланг-жуланг боқаётганида, Тўқмоқтош деб аталувчи каттакон қоя ортидаги майдон томонда қандайдир ҳайвоннинг куйлаётгани қулоққа чалинди.

 

Чиройлидир саҳролар,

Саҳроларда ўркач бор.

Чиройлидир дарёлар,

Дарёларда ўркач бор.

 

Чиройлимиш тоғлар ҳам,

Ўркачларин кўрайлик.

Аммо менинг ўркачим

Ҳаммасидан чиройлик.

Бў-бў-бў, бў-бў-бў,

Бў-бў, бў-бў, бў-бў-бў…

 

Қуён ўша ёққа қараб юрди. Тўқмоқтошни айланиб ўтиб, тўқ қоринга ашула айтиб юрган Бўталоққа дуч келди. Туялар йиртқичларнинг тоифасига кирмаслигини билса-да, ҳар эҳтимолга қарши ўзини панага олди. Бўталоқ уни кўрмасдан, яқинидан ўтиб кетди ва қоянинг салқинида ҳордиқ чиқариб ётган Ҳўкиз билан Қўзичоққа яқинлашди.

– Тфу! Шуям саёҳат бўлдими? – шерикларининг ёнига чўк тушиб, ғудранди у. – Уёқ-буёққа қарасанг, ҳаммаёқ гўзал! Қадам босаман десанг, ҳаммаёқ тикон!

Қўзичоқ тошларга қоқинавериб шилиниб кетган туёқларига йиғламсираб боқаркан, “Тўғри!” – деб минғирлади.

Подадаги энг қари ҳайвон, ҳаётда энг кўп қийинчилик кўрган Ҳўкиз оға ўткир тил бошга бало келтиришини ўзгалардан тузукроқ тушунарди. Шу боис, Бўталоқнинг ҳақлигини била туриб, уни сабр-тоқатли бўлишга, муросасозликка ундади:

– Тилингни калтароқ қилсанг, яхши бўларди, Бўталоқжон. Юқоридан жўнатилган хўжайинларни танқид қилаверишнинг хосияти йўқ.

– Тўғри! – дея Ҳўкиз оғанинг гапини маъқуллади Қўзичоқ.

Бўталоқ барибир тажангланишини қўймади:

– Ўша эчкиваччани сизга ўхшаганлар ҳаддидан оширади, Ҳўкиз оға! Ўзимга қолса-ку, уни бетига бир тупуриб…

Бўталоқ сўзини охирига еткизолмади. Шўра кавшайвериб, лаблари кўкариб кетган Эшак қоя ортидан чиқиб келибоқ, унга ўшқирди:

– Ҳў, букри! Бу қанақа мажлисбозлик? Гапиришни сенга ким қўйибди… биз турганда?

– Ким бўпкетибсан? – оғзидан туприк сачратиб бобиллади Бўталоқ. – Билвол, юзта амалинг бўлгандаям, барибир эшаксан!

– I! I! I! – ўзини Бўталоқнинг фаҳмсизлигидан ҳайрон бўлганга солди Эшак. – Менга бўйин чўзишга қандай ҳаддинг сиғди, амали йўқ?

Ортиқча ғалвани ёқтирмайдиган, ҳар қандай жанжалнинг олдини олишга уринадиган Ҳўкиз оға бу гал ҳам Эшакни чалғитишга тиришди:

– Ҳой, Билимдон! Илтимос қиламан, менга бир нарсани тушунтириб қўйгин. Бу саёҳатдан мақсад нима ўзи?

Бу гапдан сўнг Эшакнинг туйқус димоғи кўтарилиб, донишмандлардек ҳаволаниб сузилди.

– Майли, Ҳўкиз оға, ақлингиз етадиган қилиб, буни сизга соддагина тушунтириб бергаймиз, – деди у. – Бу дунё ўткинчидур. Саёҳатдан мақсад – ўладиган жонга бир шаталоқ отиб қолиш. Буни тўрайзим дейдилар!

Ҳануз панада турган Қуён, бу гапни эшитиб, ўзини кулгидан тиёлмади, бута ортидан ирғишлаб-ирғишлаб қиқирлаганича чиқиб келиб, Эшакка танбеҳ берди:

– Хи-хи-хи, хи-хи-хи… “Тўрайзим” эмас, “туризм”… Туризм! Хи-хи-хи…

Ҳамма тенгдан Қуён томонга ўгрилди. Қуён қорин қучиб кулишда давом этарди. Худо думдан қисган бир чаламахлуққа эрмак бўлаётгани Эшакка алам қилди.

– Йўқол кўзимдан! – дея Қуёнга кўзини олайтди у. – Бир тепсам, Америкага бориб тушгайсан!

Қуён жикиллаб илжайди:

– Ҳай-ҳай-ҳай, иккаламиз жанжаллашсак уят бўлади-я, қариндош. Қара, сен ҳам шалпангқулоқсан, мен ҳам. Хи-хи-хи…

Атрофдаги ҳайвонларнинг бирдан кулиб юборишгани Эшакни баттардан аччиғлантирди.

– Ким билан гаплашаётганингни биласанми, харип? Яйлов оқсоқолининг ёрдамчисидурман! Қўлимда ўзимга яраша ҳуқуқларим бор! Эсинг бўлса, бошингга офат ёғилмасидан жўнаб қолгайсан. Уқдингми, ғилай?

– Биринчидан, мени отим “ғилай”мас, Дингирвой, – дўқларга парво қилмай, хотиржам сўз қотди Қуён. – Иккинчидан, мени ҳайдасанг, ўзингга ёмон бўлади. Мен сизларга яхшилик қилмоқчи бўлиб келдим.

Эшак: “Қаранг-га, қаранг-га, шу жинқарча бизга яхшилик қилармиш”, дея кулишни бошлаган эди, Ҳўкиз оға: “Майли, гапини эшитайлик-чи”, деб, Қуёнга савол назари билан кўз қадади. Қуён шу атрофда эгизак бўрилар изғиб юришгани, эрталаб уларнинг панжасидан зўрға қочиб қутулгани ҳақида гапириб, подадагиларни хавф-хатардан огоҳлантириб қўймоқчи эканлигини айтди. Шунда Эшак: “Эгизак деганларинг Ашқал-Дашқаллар бўлмасин тағин?” – деб сўраган эди, Қуён: “Биларкансан-ку, худди ўшалар!” – дея тасдиқлади.

– Ҳе атта-а-нг, – бош чайқаб, афсусланди Ҳўкиз оға. – Ҳозир Олапар ёнимизда бўлганида, бўрилардан бунақа қўрқиб ўтирмаган бўлардик.

– Ким у Олапар деганингиз? – наҳотки хонаки ҳайвонлар ичида ҳам бўридан зўрроғи бўлса, дегандек таажжубланиб савол берди Қуён.

Ҳўкиз оға Олапарнинг Чимтепа деб аталмиш қишлоқдаги энг ақлли, энг довюрак ит эканлигини, бошқа овуллардаги кўппаклар унинг овозини узоқдан эшитгандаёқ, қўрққанларидан оғзидаги суякни апил-тапил тупроққа яшира бошлашларини таърифлаб келиб, яйловда оқсоқол пайдо бўлганидан кейин у таъқибга учраганини, ҳаммадан аразлаб қолганини афсус билан маълум қилди.

Шу маҳал қўнғироқнинг “жингир-жингир”и эшитилди. Тошдан-тошга сакрайвериб терга ботиб кетган Улоқча қоянинг ёнидан дикиллаб чиқиб келди, подадагиларнинг нимадандир безиллаб туришганини пайқаб, Эшакка юзланди:

– Нима гап, Билимдон?

– Ашқал-Дашқаллар шу атрофда изғиб юришганмиш, ҳукмдорим.

– Ким айтди?

– Анави ғилайдан эшитдик.

Улоқча менсимаган қиёфада Қуёнга бошдан-оёқ назар солиб чиқди.

– Шу иғвогарга ишондиларингми? – деб ўпкаланди у. – Карам ўғриси-ку бу!

– Ўзинг карам ўғриси! – тилини чиқариб, Улоқчани масхаралади Қуён. – Ҳовлиқма! Агар бўрилар кепқолса, биринчи бўлиб ўзинг пойга қўясан.

– Мен-а? – туёғини кўксига тираб ғўдайди Улоқча. – Бир боғ хашакдан гаров ўйнашим мумкинки, Ашқал-Дашқалларинг мени кўрди дегунча, сичқоннинг уйини ижарага олишади. Яқинда уларни тутволиб, шунақаям савалаганманки…

– Саваш ҳам гапми, – дея лаганбардорлик билан илова қилди Эшак, – дабдаласини чиқарганман десангиз-чи, ҳукмдорим.

– Кейин кўзларидан бир ҳовуз ёш тўкишиб, сизга бошқа илашмаймиз деб қасам ичишди, – лофлашда давом этди Улоқча.

– Туёғингизни ялашганини гапирмадингиз-ку, ҳукмдорим, – деб ялтоғланди Эшак. – Камтаринлик қилмагайсиз энди.

Улоқча бу гапни жойида илиб кетди:

– Ҳа, туёқларимни “чилип-чилип, чилип-чилип, чилип-чилип” қилиб ялашаётганда, бирдан кўнглим бўшашди. Раҳмим келиб, уларни қўйвордим.

– Қўйвориб чакки қилганакансиз, ҳукмдорим, – тилёғламаликни авж олдирди Эшак. – Мана, улар яна безорилик қилиб юришганмиш.

– Сен ҳақсан, – деди Улоқча. – Энди ушлаволсам, томоқларидан аталаям ўтмайдиган қип ташлайман!

Улоқчанинг сўзларини эшитиб, Қуён қотиб-қотиб кулди.

– Вой мақтанчоғ-эй, вой чиранчоғ-эй! – дея хандон отди у. – Умрим бино бўлиб, сендақа опқочадиганни биринчи кўришим. Хи-хи-хи, хи-хи-хи…

Тағин бирпас қўйиб берса, бу Қуён обрўйини икки пул қилишидан чўчиган Улоқча Эшакка ўгирилиб, ўқрайди:

– Ҳў, Билимдон! Менга ёрдамчимисан, душманмисан?

– Ёрдамчиман, ҳукмдорим!

– Унда нимага анқайиб турибсан, ўқимаган? Кўрмаяпсанми, қандайдир оғзи бор нарса бошлиғингни аямай мазах қиляпти.

Эшак: “Хато биздан ўтди ва уни тузатгаймиз”, деди-ю, одатдагидек кўзини ғилдиратиб, Қуёнга яқинроқ борди:

– Яйлов оқсоқоли майна бўптими сенга! Биласанми, ҳозир сени нималар қилгайман?

Эшак рақибига қўққисдан кетини ўгириб, жон-жаҳди билан шатталашга тушганида, Қуён тепкиларга зўрға чап бериб, ўзини буталарнинг орасига урди. Кейин нарироқдаги бурганлар ортидан бўй кўрсатиб: “Каллаварамлар! Яхшиликни билмасаларинг, ўзларингдан кўринглар!” – деб қичқирди-ю, зумда кўздан ғойиб бўлди.

 

Ашқал билан Дашқал

Эгизак бўрилар очликдан сулайганларида ҳам, тўқликдан ғўдайганларида ҳам кўҳна Тошқўрғон дарвозаси ёнида ётишга одатланишганди. Улар ҳозир ҳам шу ердаги майманчаклар соясига чўзилишиб, ўликдай ухлаб ётишарди.

Ашқалнинг тушида заҳарли илонлар уни тўрт томондан ўраб келаверди. Қочиб қутулишнинг иложи йўқ эди. Жони ширинлик қилиб: “Айланиб кетай, ошнажонлар, ўргилиб кетай, ошнажонлар, истасаларинг, сизларга ка-а-тта тўнғизни ушлаб берай. Мени ўлдирманглар”, деб ялинишга тушди. Илонлар ё унинг тилига тушунишмади, ё бўлмаса, насиядан нақдини маъқул кўришди-ю, бирин-кетин устига сапчишди…

Ашқал ғингшиб типирчилаганича, сесканиб уйғонди.

– Падарига лаънат бунақа ҳаётнинг! – кайфиятсизланиб ғудранди у. – На ўнгингда ҳаловат бор, на тушингда.

Очликдан пучмоқлашган қорнини осмонга қилиб ухлаётган Дашқалнинг “хир-р, хир-р” нафас олаётгани Ашқалнинг баттардан ғашини келтирди, “Э, тур-э!” деб, укасининг биқинига тепди. Дашқал шайтонлагудек бўлиб кўзини очди.

– Индамаса, ётавераркансан-да! – дўқ урди Ашқал. – Бор, сичқон-пичқон бўлсаям ушлаб кел!

Акасининг ҳаддан зиёд қонсираб турганини сезган Дашқал тезда қаддини кўтариб, гапни кўпайтирмасдан, аста жойидан силжиди. “Ортиқча жиғига тегсанг, бунақа вақтда укам деб ўтирмай, ўзимниям еб қўяди бу мараз”, деб ўйлади у. Сўнг, йўл-йўлакай кавак-кандикларни искаган куйи сичқон овига жўнади.

Келиб-келиб, туғилган кунида оч ётиш Ашқалга жуда оғир ботаётган эди. Энг ёмони шуки, бирорта нафсинг қурғур уни табриклагани кепқолса, нима бўлади? Меҳмоннинг олдига чумолини қўядими?

“Ҳеч бўлмаса, эрталабки Қуённи тутганимдаям, хуморбостига яраб қоларди, – сўлак ютиб ўйлади у. – Ҳамма айб Дашқалда. Шу бефаросат аралашган иш борки, чаппасига кетади”.

Чангалзорда ивирсиб юрган Қуённи кўрган заҳотиёқ, унинг ини ўша атрофда эканини Ашқал дарҳол фаҳмлаб етганди. Шуни эътиборга олиб, ўлжанинг Тўқмоқтош ёнидаги ялангликка чиқишини кутиш керак, деган қарорга келди. Ялангликнинг икки томони баланд қоялардан иборат бўлиб, Қуённи бу ерда осонгина исканжага олиш мумкин эди. Дашқалнинг эса кутишга сабри чидамади, “Гап айиқ-пайиқни бўғизлаш ҳақида кетаётган бўлса, бошқа масала. Хашаки Қуённи ушлашгаям каллани ишлатиб ўтирамизми”, деди-ю, нафси ҳакиллаб, олдинга ташланди. Натижада, тўлпоққина Қуённи қўлдан чиқаришди.

Ашқал узоқни ўйлаб иш қиладиган туллак бўрилардан эди. Дашқал бўлса, бурнидан нарини кўрмасди, акасининг “Эртага қилинадиган байрам учун бугунги майда маишатдан кечиш керак”, деган фалсафасини сариқ чақагаям олмасди. Унинг ўз шиори бор эди: “Кўрдингми – қувла, тутдингми – ғажи!”

Ашқалбўри лақма ва пандавақи жониворлардан қанчасини тузоғига осонгина алдаб илинтиргани, унинг ҳийла-найранглари кўпгина бўрилар учун дарслик бўлиб қолгани ҳақида ўйлаб, ўзининг устамонлигидан фахрланиб ётаркан, Ширмонқирда юз берган бир воқеа туйқус ёдига тушди.

Наврўз кириб, майсалар эндигина шира йиға бошлаган чоғлар эди. Эгизак бўрилар Ширмонқир яйловида ўтлаб юрган подадан ис олиб, ўша атрофда кечгача изғишди. Қўй-эчкиларнинг теварагида бўрибосар итлар акиллаб юргани боис, подага яқинроқ боришга юраклари дов бермади.

Охири, бу ердан бирон наф чиқишига кўзи етмаган эгизаклар лоақал юмрон ёки бўрсиқни “тухумютди” қилиб олиш мақсадида жарнинг ёқасига келишди-ю, пастдаги булоқда кетворган бир Улоқчанинг сув ичиб турганини кўриб, қувончдан тиллари осилди.

– Манавини омад деса бўлади, – дея кетини ликиллатди Дашқал. – Қани, босдик эчкиболани!

Ашқалнинг кўпдан бери миясида пишитиб юрган бир режаси бор эди. Бу режаси амалга ошган тақдирда, у ҳали бирон-бир бўри галасига насиб этмаган катта гўштхўрлик базмини уюштирган, айни пайтда, ақл-у фаросати беқиёслигини барчага кўз-кўзлаб, манаман деган йиртқичларниям анграйтириб қўйган бўларди. Итларнинг кўзини шамғалат қилиб, подадан ажралиб чиқишга журъат топган ўзбошимча Улоқнинг ўта қайсар ва такаббурлиги бир қарашдаёқ кўзга яққол ташланиб турар, Ашқал ўйлаб қўйган разил ишни айнан шунга ўхшаган тарбиясиз махлуқларгина амалга ошира оларди.

Акаси яна қандайдир чалкаш иш бошламоқчи эканини эшитиб, Дашқалнинг юраги сиқилди.

– Бу ишни бошқа сафар қилармиз, – Улоқдан кўз узмай яланар экан, панжасини силтади у. – Ҳозир бунақа нарсани гапирмай тургин, жудаям очман.

У, ҳаддан зиёд очлигини исботламоқчидек, олдига келиб қўнган чигирткани бир уришда чалажон ҳолатга келтирди-да, ямламасдан ютди.

Аммо, Ашқал ўз сўзида қаттиқ туриб олди. Охири укасини ён беришга мажбур қилгач, иккаласи маслаҳатни бир жойга қўйиб, секингина пастга тушиб бордилар.

Бўриларни кўриб, аввалига Улоқчанинг юзи бўзариб кетди. Эгизаклар мулойим жилмайиб туриб, қуюқ салом беришганидан кейин ҳам унинг оёғидаги қалтироғи босилмади. Бўрилар юксак маданият билан бўйин чўзишиб, ўзларини таништиришди.

– Каминани жаноб Ашқал дейдилар.

– Жаноб Дашқални кўриб турибсиз. Хех-хех-хе…

Улоқча қалтираётган туёғини уларнинг панжасига бир-бир босиб: “Ме… мен… Улоқман”, деди.

– Ў-ў, Улоқвой деганлари сизмисиз? – ҳайратомуз тикилди Ашқал. – Таърифингизни биз кў-ў-п эшитганмиз.

– Мана, ниҳоят ўзингизниям кўрдик, – деб сўз қистирди Дашқал.

Бу мақтовлардан сўнг Улоқчанинг кўзидаги саросима бирдан ғойиб бўлиб, бурни ўз-ўзидан юқорига кўтарилди.

– Қараб тури-и-б, сизга ниҳоятда ҳавасим келяпти, Улоқвой, – дея хушомадни кўпиртирди Ашқал. – Кўзингиздан ақл ёғиляпти-я, ақл!

– Қоматига қараб, кўзим куйиб кетяпти, – деди Дашқал. – Паҳлавонликни қаранг, паҳлавонликни!

Улоқча ўзини иймангандек кўрсатишга уринди:

– Йўғ-э… Жиндайгина ошириб мақтаяпсизлар…

– Камтаринлик қилмасинлар, – ниҳоят ишқов беришга тутинди Ашқал. – Камтаринлик бошга битган бало. Ўрнингизда бошқа улоқ бўлганида, шунча куч, шунча эс билан поданинг чангига беланиб юрмаган бўларди.

Дашқал афсусланган бўлди:

– Сиздек донолар чангга беланиб юрибди-ю, қандайдир каллаварам Серка подага оқсоқоллик қиляпти. Чунки, унинг бўйнида кумуш қўнғироғи бор.

– У муттаҳамдан қўнғироқни олиш керак, Улоқвой, – шартта асосий масалага ўтди Ашқал.

Амалпараст Улоқча ваҳшийларнинг орасида турганини тугал унутиб, “Бериб бўпти!” дея аламзадалик билан лабини буриштирди.

– Сиз ҳақсиз, Эчкибола, – деди Дашқал. – Яхшиликча бермайди у.

Ашқал дарҳол йўриқ кўрсатди:

– Яхшиликча бермадими, қўнғироқни шиппа ўғирлаш лозим, Улоқвой.

Улоқча қўнғироқни ўғирлашдан фойда йўқлиги, “Бабачоқ” фермасидаги саводсиз ва лақма ҳайвонлар унинг зўрлигини барибир тан олмай турволишларини, оқибатда Найзашохнинг қаҳрига учраб, маъраш ҳуқуқидан бир умрга маҳрум бўлиши мумкинлигини айтган эди, Ашқал унга йўл кўрсатишга тушди:

– Қўнғироқни ўғирлабоқ, фермадан қочасиз, тўғри кунчиқарга қараб юрасиз. Йўлда Чимтепа деган қишлоқнинг яйлови учрайди. Қўнғироқни пеш қилиб, яйловдаги ҳайвонларга оқсоқол бўлволасиз.

– Кейин маданиятли бошлиқ эканлигингизни кўрсатиб қўйиш учун Олатоққа туристик саёҳат уюштирасиз. Буни туризм дейдилар.

– Зарур бўпқолса, полвонлигингиз ҳақида мишмиш тарқатиб, “мен бораканман, Ашқал-Дашқал деган бўрилардан хавотир олманглар”, деб кўнгилларини тинчитинг. Уларни молдек савалаганман десангиз ҳам майли, Улоқвой.

Нодон Улоқча ҳақиқатан ҳам шу ишни қилгандек ҳаволаниб туриб: “Айтганим билан, қишлоқилар бу гапимга ишонишармикин”, дея ҳадиксираган эди, Ашқал: “Унақа бўлса, зўрлигингизни амалда кўрсатиб қўяқоласиз-да”, деб далда берди.

– Мана, бир-биримизга ёқиб қолиб, дўст бўлволдик, – деди у. – Энди сизнинг ҳамма чўчиб турадиган оқсоқол бўлишингизга ёрдам бермасак уят-да.

– Тоққа борганларингда, биз тасодифан дуч келгандек бўламиз, дўқ урамиз, емоқчи бўламиз, – дея иршайди Дашқал. – Шунда сиз бизни тўсатдан дўппослашни бошлайсиз. Қарабсизки, олам сизга қойил бўптурибди-да! Хех-хех-хе…

Шундан сўнг Ашқал Чимтепа этагидаги сўқмоқ тўғри Олатоққа олиб боришлиги, тоғнинг бошланишидаги Тўқмоқтошдан тушликка қараб юрилса, Тошқўрғон деган эски қалъа учрашлиги, бўрилар ёлғондакамдан калтак ейиш учун уларни ўша ерда кутиб олишлигини уқтиришга киришди…

Ашқал ҳозир шулар ҳақда хаёл суриб ётаркан, агар режаси амалга ошмай қолса, майнавоз Дашқалга бир умр масхара бўлиб юришини ўйлаб, ичида ижирғаниб қўйди. Буни бошқалар ҳам эшитгудек бўлса, баттардан изза бўлади.

Шу маҳал сўқмоқ тарафдан тошчаларнинг шилдирагани қулоққа чалинди. Ашқал зоғланиб бошини кўтарди ва нимадандир яширинаётгандек, ортига ўгрила-ўгрила, Тошқўрғонга яқинлашаётган Дашқални кўрди. У биқинганича акасининг ёнига келиб, уни хушчақчақ кайфиятда турткилади:

– Фаросатингга офарин, Ашқал! Ақлингга беш кетдим!

– Ҳовлиқмасдан гапир-э! – укасига кўз чақнатди, очликдан зардаси қайнаб турган Ашқал. – Бир-иккита қўнғиз едингми дейман?

– Эчкиболани кўрдим, – Дашқал суюқланиб, акасининг бўйнидан қучди. – Худди айтганингдек бўлди-я! Олим бўпкет-э!

Ашқал бу сафар укасини турткиламай, кўзига умидвор тикилди:

– Алдамаяпсанми? Нақ думингни юлволаман-а!

– Алдаётган бўлсам, бурнимга пучак чиқсин! – қасам ичди Дашқал. – Ўша ўзимизнинг лақма Эчкибола келяпти. Кетида шериклариям бор.

– Шериклариям бор? – оғзи қулоғига етгудек суюниб сўради Ашқал. – Қани, бирвошдан санавор-чи.

Дашқал тамшана-тамшана, худди шеър ўқиётгандек оҳангдор қилиб санашга тушди:

– Энг олдинда келяпти Эчкибола ликонглаб.

– Оҳ, оҳ, оҳ! – тумшуғини юқори кўтариб, майингина увлади Ашқал.

– Эчкимизнинг кетида – гўлайган бир Эшаквой.

– Тфу! – ҳафсаласи пир бўлиб, четга туфлади Ашқал. – Қаёқдан қўшилибди у сассиқ?

Дашқал бунга парво қилмай, санашда давом этди: “Эшаквойнинг кетида – лорсиллаган Ҳўкизжон”. Ашқалнинг қайтадан баҳри очилди:

– Вай, вай, вай!

– Ҳўкизжоннинг кетида – тўлпоққина Бўталоқ.

– Ҳай, ҳай, ҳай!

– Бўталоқнинг кетида – баррагина Қўзичоқ.

– Вой жонингдан-эй! – деб гижинглади Ашқал. – Ғажиб-ғажиб қўйсанг!

“Хайрият, қовоқбош Дашқалнинг олдида юзим шувит бўлмади, – дея севиниб ўйлади Ашқал. – Мана энди довруғим бутун бир Олатоққа ёйиладиган бўлди. Бундай ишбилгичликни эшитганда, ҳатто айёр тулкиларнинг ҳам оғзи ланг очилиб қолиши турган гап”.

Дашқал илондек судралиб бориб, қияликдаги ҳарсанг ортида биқиниб турганича, дара тарафга мўралади.

– Улар тўғри қўрғонимизга келишяпти, – акасига ўгирилиб, мамнун тиржайди у. – Эчкибола бизни ростданам дўппосламоқчи шекилли? Хех-хех-хе…

Ашқал ҳам аскияга қўшилди:

– Биқинни эҳтиёт қил, биқинни! Вах-хах-ха…

Эгизаклар кўҳна Тошқўрғоннинг дарвозасини каттароқ очиб қўйишиб, ўзлари майманчакнинг ортига беркинишди. Пича вақт ўтгач, сўқмоқ томонда яна тошчаларнинг шилдирагани эшитилди.

 

Тузоқ

Дашқал илгарилари акаси ҳақида яхши фикрда эмас эди. Уни ўзича “худо қарғаган хаёлпараст” деб атарди. Бугунги воқеадан кейин эса акасининг ўнта бўри тўдасига ҳам бошчилик қилса арзийдиган донишмандлигини англаб етди. Аммо, шу дамгача уни ҳар қадамда эрмак қилиб келганидан хижолат ҳам тортмади, кечирим ҳам сўрамади.

Сўқмоқдаги тошчаларнинг “шилдир-шилдир”и кучайиб, қияликдаги ҳарсанг ёнида Улоқча бошчилигидаги пода пайдо бўлди. Оқсоқолнинг ортидаги Эшак бошқа ҳайвонларни эргаштирган асно қувноқ бир ашулани мароқ билан куйлаб келаётганди.

 

Қари Эшшак тоққа кетди,

Қуёш чиққан ёққа кетди,

Ҳанг, ҳанг!

Ҳанг, ҳанг!

Мағрур тутиб борар бошни,

Ушлаб келай деб қуёшни,

Ҳанг, ҳанг!

Ҳанг, ҳанг!

Борган чоғи Олайтоққа,

Қуёш қочди бўлак ёққа,

Ҳанг, ҳанг!

Ҳанг, ҳанг!

Эшшак шўрлик қуруқ қайтди…

Танишларга салом айтди:

“Ҳанг!”

 

Эшак Тошқўрғон дарвозаси яқинида қўшиқни тугатиб, оқсоқолга қўшилиб таққа тўхтади. Подадагилар эски қалъани қизиқиб томоша қила бошладилар.

– Сиз кўриб турган бу қўрғон бундан юзлаб йил илгари қурилган, – дея шерикларига тушунтиришга киришди Улоқча. – У замонларда ҳозиргидек шинам молхоналар бўлмаган. Сизларга ўхшаган оддий ҳайвонларни шунақа томи йўқ биноларга қамаб, қордаям, ёмғирдаям ғинг демай яшашга мажбур қилишарди.

– Қолоқликни қаранг-га! – деб ҳангради Эшак.

– Ота-боболаримиз қандай оғир кун кечирганини ичкарига кирганда янаям аниқ тасаввур қиламиз, – деб маърузасини тугатди Улоқча.

Кўнгли нимадандир безиллай бошлаган Ҳўкиз оға оёғини ерга маҳкам тираб туриб, оқсоқолга мурожаат қилди:

– Менга қарагин, ука, бунақа жойни ташқаридан томоша қилиб қўяверганимиз яхшими дейман-да. Балки, Ашқал-Дашқаллар ичкарида пойлаб ётишгандир.

– Тўғри! – деди Қўзичоқ.

– Бу қўрғон менгаям бўриларнинг тузоғига ўхшаб кўриняпти, – деб тихирланди Бўталоқ.

Улоқча яна чиранишни бошлади:

– Қўрқманглар дегандим-ку сизларга. Ўша исқирт эгизаклар мени кўрди дегунча, тошбақани кира қилиб қочишади.

– Тўғри! – бу гапни ҳам маъқуллади Қўзичоқ.

Улоқча ғолибона қиёфада Эшакка юзланди:

– Билимдон! Подани қўрғонга бошла!

– Хўп бўлади, ҳукмдорим, – қаддини ростлади Эшак. Сўнг, подага қараб, тантанавор ҳангради. – Сафла-а-н! Менинг орқамда-а-н ҳангу-у ҳанг!

Пода ўз қалъасига қайтаётган лашкардек қаторлашиб, ичкарига кириб кетди. Кириб, қўрғон ўртасида тўхталишди ва устки қисмининг уер-буери нураган тош деворларни, қор-ёмғирлардан чириб кетган ёғочлар қолдиғини кўздан кечирган бўлишди. Эгизак бўрилар дарвоза ёнида уларни тиржайган ҳолда пича кузатиб туришгач, Ашқал бирдан қаҳқаҳ уриб кулишга тушди:

– Саёҳатга чиқибсизлар-да, а, каллаварамлар? Вах-хах-ха…

– Энди бирйўла нариги дунёга сайил қиласизлар. Хех-хех-хе…

Ашқалнинг қаҳқаҳасини эшитибоқ, бараварига шатталаб ортга ўгрилган ҳайвонлар, донг қотган ҳолда жойларида туриб қолишди. Улоқча ҳам аввалига беихтиёр қўрқиб кетди-ю, кейин бу бўриларнинг Ширмонқирда берган ваъдалари ёдига тушиб, тезда ўзини ўнглади.

– Мени танимаяпсизлар шекилли? – дея гердайиб дағдаға қилди у. – Пўстакларингни қоққаним дарров эсларингдан чиқибди-да?

Дашқал аҳмоқларни калака қилиш-у, ўзидан ожизларни мазахлашни жуда ёқтирарди. Қулай фурсат келганида, яна хуморини ёзиб олишга тиришиб, ёлғондакамдан шумшайди:

– Ие, бу паҳлавон Эчкибола-ку! Танимаганимизни қаранг!

– Ҳа, каллам қурсин, – пешанасига шапиллатиб уриб, гўё қўрқаётгандек, орқага тисарилди Ашқал. – Мен ҳам танимабман. Биз омиларни кечирасиз-да энди, Улоқвой.

“Хайрият, гапида турадиган бўрилар экан, – деб ўйлади Улоқча. – Мана энди хомаки мушт-муштни бошлаймиз”.

У ўзини дадил тутиб, Дашқалга ўқрайди:

– Қўйворинг, акажон, деб эланганинг эсингдами?

– Эсимда, Эчкибола, эсимда.

– Сен туёғимни ялаганидинг шекилли? – бу гал Ашқалга давара қилди Улоқча.

– Тўғри, Улоқвой, росаям ялаганман.

– Унда, нимайчун яна жиғимга тегяпсанлар? Ҳозир иккалангниям биқинингдан дарча очаман!

Улоқча “ташвишланманглар, қаттиқ сузмайман”, деган маънода бўриларга яширинча кўз қисди. Сўнг калла қўймоқчи бўлиб олдинга сапчиган эди, Дашқал чаққонлик билан унинг елкасидан тишлаб олди-да, боши устида бир-икки айлантириб туриб, зарб билан четга улоқтирди. Мақтанчоқ оқсоқол ҳавода коптокдек учиб бориб, гурсиллаганича Ҳўкиз оғанинг оёқлари остига тушди.

– Туёқ ялашни кўрсатиб қўямиз сенга! – ваҳшиёна ириллади Дашқал. – Ҳе, иткана!

Ашқалнинг ҳам авзойи ёвузлашди:

– Анави лақмаларни тузоғимизга етаклаб келгунингча ўз ҳолингга қўйиб бердик. Бизни истаганингча ҳақорат қилдинг. Бундан кейин ортиқча алжирамаслигинг учун, сени бошқалардан олдинроқ гумдон қиламиз.

Эгизакларнинг ҳазиллашмаётганини сезган Улоқча катта хато қилиб қўйганини англади. Бўриларга нафратли тикилиб тургач, Ҳўкиз оғанинг пинжига суқилиб туриб қичқирди:

– Қонхўрлар! Ёлғончилар!

– Ким ёлғончи? – кинояли тиржайди Ашқал. – Биз битта сени алдаган бўлсак, сен бирваракайига тўрттасини лақиллатдинг-ку. Энг катта ёлғончи ўзингсан.

Улоқча ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ўлими яқин эканлиги ва бу фожиага унинг эси пастлиги, ўзбилармонлиги сабабчи бўлаётганини пайқаб, юрагини ваҳима қоплади. Ҳўкиз оғага гуноҳкорона кепатада боқиб, мунгли маъради:

– Оғажоним! Бу ўқимаганлар қадрдон дўст бўламиз, деб бошимни айлантиришди. Ўшанда мени емасдан қўйиб юборишгани учун, гапларига ишонган эдим.

Ҳўкиз оғанинг ичи тўлиқиб, пишиллаб қўйди.

– Эҳ, содда Улоқча! – куйиниб пишқирди у. – Йиртқичлар хонакиларга дўст бўлиши мумкинмас. Ахир, улар бизни тинч қўйишса, ўзлари очликдан ўлиб кетишмайдими? Шуни вақтида тушунганингда, яхши бўларди.

– Сен бу фаросатинг билан кўп улуғвор ишлар қилишинг мумкин эди, – энди Ҳўкиз оғани мазахлашга ўтди Дашқал. – Лекин, ақлинг билан кучингдан ўринли фойдалана олмадинг. Чунки, қўрқоқсан. Бўйсунувчанлигинг сени шу тирмизак эчкиболага тобе қилиб қўйди. Натижада, анави нимжон Қўзичоқдан ҳеч қанақа фарқинг қолмади. Энди ҳамманг битта қозонда қайнайсан.

– Йўқ, – деди Ашқал. – Ҳўкизни кўпчилик бўлиб “қарғачўқиш” қиламиз. Зўр томоша бўлади.

Дашқал нечоғли бефаҳм бўлмасин, тақсимлаш вақтида қанча кам тумшуқ иштирок этса, ўлжадан тегадиган улуш шунча кўп бўлишини яхши биларди. Акасининг гапидан унинг дили ғашланди.

– Қанақа кўпчилик? – деди у аччиғланиб. – Янги ғалвани бошламай тургин.

Илгари айтиб ўтганимиздек, Ашқал ўзининг доно ва устамонлигини бутун Олатоққа овоза қилишни истарди. Қолаверса, тўдабошиликка бўладиган сайловларда бу нарса асқотиб қолиши ҳеч гап эмасди. Бўрилар эса, шунақа овсар тоифаки, ўзлари еб кўрмаган нарсалар ҳақидаги қуруқ мишмишларга сира ишонишмайди.

– Нима, бугун туғилган кунимиз эканлиги эсингдан чиқдими? – очкўз укасини йўлга солиш учун қулай баҳона излаб топди Ашқал. – Ошна-оғайниларни тўплаб, каттакон базм қилмаймизми?

– Ҳм… шунақа дегин? – ўйланиб бош қашлади Дашқал. – Ҳа, майли, базм бўлса, базм-да…

Улар мўлтираб турган хонаки ҳайвонларга масхараомуз тиржайишди. Сўнг қўрғондан чиқишиб, ёғоч дарвозани жипслаб беркитишди-да, орқасига катта-катта тошларни тираб қўйишди.

– Сен бориб, обрўли-обрўли бўриларни зиёфатга айтиб кел, – дея укасига тайинлади Ашқал. – Мен буларга кўз-қулоқ бўптураман. Энг олдин тўда бошлиғига учраш. Кечқурун Тошқўрғонда гўштхўрлик бўлади дегин.

– Базм-ку яхши нарса-я, – ичга тортиб кетган қорнини силаб, пайсалланди Дашқал. – Ҳарқалай, аввал ўзимиз чалазиёфат қилволсак, савоб бўларди.

Укасига қўйиб берса, унинг чалазиёфати уч кунга чўзилиши мумкинлигини Ашқал яхши биларди. Шу боис авайлабгина раъйини қайтарди:

– Олдин айтганларимни бажариб кел. Қайтганингдан кейин, ёлғончи Улоқвойни икковимиз “арра” қилармиз.

Акаси лоақал битта ўлжани иккига тақсимлашга рози эканидан қувониб кетган Дашқал, оёғи олти бўлиб чопқиллаганича, дара томонга йўл олди. Тунги овга куч тўплаб, ўз ғорларида ширин тушлар кўриб ётган бўриларни Тошқўрғондаги базмдан огоҳ этишга ошиқаркан, юмшоқбадан Улоқчани кўз олдига келтирган куйи йўл-йўлакай шодон ашула айтиб борарди.

 

Улоқчанинг улоғидан,

Чўзиш керак қулоғидан.

Баъзи биров қўрқар эмиш

Унинг баланд димоғидан.

Улоқчанинг улоғидан,

Чўзиш керак қулоғидан.

Улоқчани еган тузук,

Осиб қўйиб туёғидан…

 

Қақшатқич жанг

Бошқалардан кўра олғир ва сурбет бўлгани учун ўзини ҳаммадан ақлли деб билган 0099 рақамли Улоқча қони бошқа ёввойиларнинг макрига учиб янглишганидан қаттиқ азоб чекиб, бошини қуйи солганича четда ёлғизланиб турар, шерикларининг кўзига қарашга ботина олмаётган эди.

“Ўзим-ку, фермани ўлгудек ёмон кўрардим-а, – пушаймонланиб ўйлаётганди у.

 

Яйловга келиб, нега яна ўша лаънати тартибларга ёпишиб олдим? Эркин подага қўшилволиб, тинчгина тирикчилик қилиб юраверсам бўлмасмиди?”

Улоқча ҳали жуда ёш эди. Такаббурлик, фақат ўз нафси-ю, ўз қувончини ўйлаш, оддий ҳайвонларнинг нафсониятини топташ ўзига нисбатан ашаддий душманлик эканини тўлиқ идроклаб улгурмаганди. Буни эндигина оз-моз англай бошлади. Афсуски, анча кеч бўлганди.

– Нега сўлжайиб қолдинг, эчкивачча? – Улоқчага яқинлашиб, аламини сочди Бўталоқ. – Бўриларнинг пўстагини қоқмадинг-ку. Қизиқ! Улар туёғингниям ялашмади.

Кутилмаганда Эшак ҳам жаҳлланиб, собиқ бошлиғига давара қила кетди:

– Кимсан ўзинг? Сендақа хўжайинлардан кўпини кўрганман! Ҳе ёлғончи!

– Тўғри! – деб ҳўмрайди Қўзичоқ.

– Келиб-келиб, битта булоқдан сув ичиб юрган биродарларини алдади-я, – қони қайнаб депсинди Бўталоқ. – Ўз қондошларини бегоналарга ем қилаётган сендай сотқинга тупурдим!

Ҳўкиз оға одатдагидек ройиш ва мулоҳаза билан гапга қўшилди:

– Ҳозирги қалтис вазиятда бунақа жанжалдан фойда йўқ. Ундан кўра, аҳил фикрлашиб, қандай қутулишни ўйлайлик. Улоқчага келсак, ана, қилган ишидан ўзиям мулзам бўптурибди.

– Тўғри! – Улоқчага бирдан раҳми келиб, Ҳўкизга ён босди Қўзичоқ.

Бўталоқ Ҳўкиз оғанинг ўгитига қулоқ солгиси келмай, баттардан қизишди:

– Тупурдим унинг уялишига!

– Қаранг-га, сотқинлик қилди-я, – деб шовқин солди Эшак. – Бундайларни тепиб ўлдирмоқ керакдур!

– Тўғри – деди каллани ишлатиб ўтирмай Қўзичоқ.

Аламзада бандилар Улоқчани яна кўп гапбўрон қилишлари мумкин эди-ю, қўрғон дарвозаси очилиб, ичкарига эгизак бўрилар кириб келишгач, сўзлари бўғзида қолди. Дашқал подадагиларга тиржайганича бирма-бир кўз ташлади:

– Шапалоқбазм бошланишининг устидан чиқдик шекилли? Меҳмонларимиз зиёфатга етиб келгунча, бир-бирларингни еб қўйманглар тағин, оғайни чалишлар. Хех-хех-хе…

– Агар жанжал ким биринчи бўлиб устихонга айланишнинг устида кетаётган бўлса, бунга ҳожат йўқ, – тўкилажак қон ҳақида ваҳшийларча хотиржамлик билан гапирди Ашқал. – Биз энг олдин бахтиёр Улоқвойнинг тузини тотишга қарор қилдик.

Қўрқиб кетган Улоқча чопиб бориб, қайтадан Ҳўкиз оғанинг пинжига кирди. Туёқлари қалтираб, ўз-ўзидан чўккалаб қолди.

Дашқал: “Мунча таранг қиласан, ука? Қани, буёққа югурвор-чи!” – дея Улоқчани ўзига имлади. Ашқал эса: “Нима, биз сени қассобга берармидик? Шунақаям авайлаб еймизки, ўзинг ҳам билмай қоласан”, деб унинг кўнглини кўтарган бўлди.

– Хомтама бўлма! – қаҳр билан Ашқалга пишқирди Ҳўкиз оға. – Токи мен тирик эканман, Улоқчага яқинлашиш хаёлинггаям келмасин!

– Нима бало, бу гапинг билан, мени ҳаммадан олдин енглар демоқчимисан? – Ашқал қонга тўлган кўзларини Ҳўкиз оғага қадади.

Найрангвоз Дашқал эса, масалани бошқа ёққа буриб, ўзга ҳайвонларни Ҳўкиз оғага қарши қайрамоқчи бўлди:

– Дўстларингни ҳурмат қилсанг-чи, уятсиз! Нега зўравонлик билан ўзингдан кичикларнинг навбатини оляпсан? Қўйвор бечора Эчкиболани!

– Лўттивозликни йиғиштир! – ғазабнок мўвради Ҳўкиз оға. – Улоқдан умидингни уз!

Эгизаклар бири: “Шунақами ҳали?” – деб, иккинчиси “Унда, ўзингдан кўр!” – дея пўписалаб, қонсираган важоҳатда Ҳўкиз оғани икки ёқдан исканжага ола бошладилар. Ҳўкиз оға бор кучини бўйин ва туёқларига жамлаб, ҳаёт-мамот жангига ҳозирланди.

Дашқал рақибининг кекиртагини мўлжаллаб туриб, бор басти билан олдинга отилди. Аммо, Ҳўкиз оға қўпол гавдасига хос бўлмаган чаққонлик ила уни шохлари орасига қўндириб олди-ю, чирпираклатиб четга улоқтирди. Душманининг бир лаҳза ҳимоясиз қолганидан фойдаланган Ашқал бир тумшуқ уриб, Ҳўкиз оғанинг чап биқинидан парча гўшт узиб олишга улгурди. Гарчи, Бўталоқ билан Эшак ҳам беихтиёр бу олишувга келиб қўшилишган бўлса-да, жангдаги асосий оғирлик ҳануз Ҳўкиз оғанинг зиммасида турар, бўрилар биринчи галда уни сафдан чиқаришга ҳаракат қилишаётганди.

Жанг қизиб бораверди. Бўталоқнинг жунлари тўзиб, Эшакнинг лунжидан оқ кўпик сачрай бошлади. Қўзичоқ орқа туёқларида ерни тимдалаб, йиртқичларга майда тошчаларни ёғдирар, Улоқча бўлса, қўрғоннинг ички деворчалари устида дик-дик сакраб, эгизакларнинг бошига ғиштларни нуратиш билан овора эди.

Бўриларнинг асосий ҳужумини қайтараётган Ҳўкиз оға, танасидаги жароҳатлар кўпайгани сайин, тобора ҳолсизланаётган эди. Кўп қон йўқотгани боис, кўзлари тиниб, боши айлана бошлади.

“Тамом! – деб ўйлади у, гандираклаганича олишувни давом эттираётиб. – Энди ҳаммаси тамом бўлди!”

Унинг кўз ўнгида туялардек ўркачдор адирлар, адирлар этагига бориб туташувчи кўм-кўк яйлов, денгизсимон ўтлоқдаги турфаранг чечаклар, чечакдан-чечакка гиз-гизлаб юргучи болари-ю капалаклар суратдек жонланди. Кейин ола сигирнинг биқинига ишқаланиб эркаланаётган новвосчани эслади. Бу унинг ёшлик чоғлари эди. Бирдан нигоҳи қаршисида нимадир ярқ этиб чақнади. Омоч шекилли бу. Наҳотки, уни яна қўшга қўшишмоқчи?

Танаси “Жиз!” этди-ю, Ҳўкиз оға ҳушини йиғди. Бўрилардан бири унинг кўксидан яна бир парча этни узиб олганди.

“Ўладиган бўлсам, лоақал битта йиртқични тилкалаб ўлишим керак! – дея хаёлидан ўтказди у. – Шунча қўрқиб яшаганим етар!”

Ҳўкиз оға охирги кучини тўплаб, Ашқалга ташланди, уни бурама шохларига илиб олиб, шартта деворга қисди. Бундай шароитда ўзини иккинчи бўридан ҳимоя қила олмаслиги, Дашқал биринчи ҳамладаёқ унинг қорнини ёриб ташлашлигини сезиб турса-да, душманини бор басти билан деворга ниқташда давом этди.

Дашқал чангак тишларини бир-бирига қайраб, Ҳўкиз оғанинг ён томонига ўтди. Бироқ, рақибини чавақлаб ташлашга улгурмади, туйқус пайдо бўлган Эшакнинг тепкисидан мияси қаттиқ лат еб, юмалаганича деворга бориб урилди. Бошини силкиб-силкиб, гандираклаган ҳолда ўрнидан тураркан, қари Ҳўкизнинг бақувват шохлари орасида увиллаб жон бераётган акасига энди ёрдамнинг ҳожати йўқлигини англади. Қочишдан олдин, бора солиб, Улоқчага ёпишди, бўйнининг тепасидан тишлаб, елкага ўнгарди-ю, жон ҳалпида дарвоза томонга югурди.

– Ҳўкиз оға! Ҳўкиз оға! – Дашқалнинг елкасида типирчилаб бораётиб, бор овозда зорланди Улоқча. – Ёрдам беринглар!

– Улоқни опқочди-ёв! – ҳаяжонланиб бақирди Эшак. – Ушлагаймиз ўғрини!

Қўзичоқ қўрққанидан қаттиқ маъраб юборди. Бўталоқ жаҳл билан ерга тупуриб, Эшакнинг ортидан ташқарига қараб чопди. Ҳўкиз оға аллақачон тинчиб қолган Ашқални четга улоқтириб, Эшак ва Бўталоқнинг кетидан югурмоқчи бўлганида, уч-тўрт қадам босиб-босмай, бирдан тентираклаб йиқилди. Қўзичоқ унинг устига келиб, маъраб-маъраб йиғлашга тушди.

0099 рақамли Улоқчани елкалаган куйи ташқарига отилиб чиққан Дашқал сўқмоқни чангитганича дара тарафга чопди. “Акамнинг ўлгани ажаб бўлди, энди Улоқни битта ўзим хап-хап қиламан”, дея йўл-йўлакай ўйлаб бораётганида, қаршисидан ўқдек учиб келаётган Олапарни кўриб, кўзлари олайди. Ўлжасини четга отиб, томоғи йиртилгудек ириллаган асно итга ташланди.

Олапар бир неча чақирим жойдан чопиб келиб, ҳансираб қолган бўлишига қарамай, бўрини дастлабки ҳамладаёқ тагига босиб олди, ҳали у, ҳали бу еридан тишлаб, мушукка ўхшатиб пийпалашга тушди. Дашқал ўткир тирноқларини дўлайиб, унинг кўзига чанг солмоқчи бўлганида, Олапар рақибининг олдинги оёқларини аямай ғажиб ташлади. Тошқўрғондаги ҳайвонлар оқсаб-тўқсаб ташқарига чиқиб келишган маҳалда, аъзойи бадани қонга беланган йиртқич Дашқал чалажон сулайиб ётарди.

– Э, қойилман! – Олапарга яқинлашаётиб, қувонч билан қичқирди Бўталоқ. – Бирпасда суробини тўғрилаб қўйибсан-ку.

– Бормисан, акаси бўйидан? – илжайди Эшак. – Ғалаба муборак бўлгай!

Қўзичоқни етаклаб олган Ҳўкиз оға зўрға одимлаб келиб, бир сулайиб ётган Дашқалга, бир ғолибона кўкрак кериб турган Олапарга кўз ташлагач, деди:

– Вақтида етиб келганинг яхши бўлди, Олапар. Раҳмат сенга.

Қўзичоқ дириклаб келиб Итга суйканди-ю, яна йиғлаб юборди.

– Сизлар менга эмас, Қуёнга раҳмат айтинглар, – камтаринланди Олапар. – Агар у менга хабар қилмаганида…

Бирдан унинг гапи бўлиниб, теваракка аланглади ва: “Ҳов! Вов! Қаёқдасан, Қуёнжон?” – деб акиллади.

– Как-ку! – Қуён олдин овоз қилди, сўнг қияликдаги ҳарсанг ёнидан мўралаб, турганларга ғилайланиб жилмайди. – Мана мен!

– Қаранг-га, қаранг-га! – тўлқинланиб кетди Эшак. – Бу ўзимизнинг азамат укамиз-ку! Саломат бўлгайсан, Дингирвой!

– Кўнглимга ҳавотир тушиб, орқаларингдан пойлаб келганидим, – деди Қуён. – Бўриларнинг қопқонига тушганларингни кўрдим-у, Олапар тўғрисидаги гапларингни эслаб, Чимтепа қишлоғига қараб чопдим.

– Умрингдан барака топ, Дингирвой, – уни дуо қилди Ҳўкиз оға. – Бағоят ақлли Қуён экансан.

– Тўғри! – деб бош ирғади Қўзичоқ.

Озодлик текин овқатдан ҳам зўр нарса. Йиртқичларнинг хўрловларидан халос бўлишгач, собиқ бандиларнинг зардобга тўлган диллари туйқус яшнаб, тунд чеҳралари бирпасда ёришиб кетди. Фақат 0099 рақамли шўрпешана Улоқчагина нарироқдаги чағир тош устида кўзларини ерга қадаб, жимгина мунғайиб турарди. Қувончли дамда энг кекчи жонивор ҳам эски гина-кудуратни бутунлай унутиб юборади дейишарди. Бўталоқда юз берган ўзгариш бу сўзнинг тўғрилигини яна бир бор тасдиқлади. У ён-веридагиларни жилмайганича турткилаб, Улоқча тарафга имо қилди. Ҳайвонлар бир-бирларига қараб, маънодор кулиб қўйишди. Ҳўкиз оға оқсаб Улоқчанинг ёнига борди ва хотиржам қиёфада сўз қотди:

– Нимага бир чеккада шумшайи-и-б турибсан? Бунақа қилишинг яхшимас.

– Нимадан хурсанд бўлай, Ҳўкиз оға? – йиғламсираб жавоб қилди Улоқча. – Оқсоқоллик қўлдан кетгани майли-я, энди мен билан ҳеч ким ўртоқ ҳам бўлмайди.

– Қўйсанг-чи, – дея эътироз билдирди Ҳўкиз оға. – Мен бу подадагиларни жуда яхши биламан. Бари очиқкўнгил. Агар, чинакам бахт бошқаларнинг бахти учун яшашда эканлигини тушуниб етган бўлсанг, менимча, улар сени кечиришади. Хоҳласанг, ҳозироқ ҳаммаси билан яраштириб қўяман.

Улоқча пича ўйланиб тургач, бир сакраб, тошдан тушди.

– Йўқ, Ҳўкиз оға, – деди у бирдан дадиллашиб. – Улар билан ярашишга ўзим уриниб кўраман.

Ҳўкиз оға бу гапдан қувониб кетиб: “Балли! Жуда яхши ўйлабсан”, дея унинг елкасига тумшуқ босди.

Улоқча ўнғайсизланган қиёфада ҳайвонлар даврасига яқинлашди. Турганларга бир-бир қараб олиб, дудуқланганича гап бошлади:

– Ош… ошнажонлар! Бир боғ хашакдан гаров ўйнашим мумкинки, мен энди… энди мен…

– Қийналмай қўяқол, – унинг гапини бўлди Қуён. – Нима демоқчи бўлаётганингни ҳаммамиз билиб турибмиз.

– Аккаш ҳам тушуниб турибди, – гердайди Эшак. – Нима, каллам ошқовоқмиди?

Кайфияти очилиб турган Бўталоқнинг янада завқи жўшди:

– Тупурдим бунақа ҳафагарчиликка! Биз билан бирга қувонсанг-чи, биродар!

– Тўғри! – илжайиб қичқирди Қўзичоқ.

Олапар Улоқчанинг ёнига келиб, уни ўз ўртоқлари сафига қабул қилганини билдириб қўйиш учун унинг тумшуғи ва тамғали қулоғини меҳрибонларча ҳидлади. Сўнг янги дўстининг бўйни устидаги қонларни авайлаб ялашга тушди. Итнинг сўлаги ҳар қандай ярага ўткир малҳам бўлишлигини яхши билган Улоқча унга миннатдорчилик билан кўз ташлаб қўйди.

– Ҳечқиси йўқ, оғайни, – собиқ оқсоқолга таскин берди Олапар. – Бегоналарнинг баданимизда қолдирган яралари эртами-кеч битиб кетаверади. Ишқилиб, бир-биримизнинг юрагимизни жароҳатламасак бўлгани. Буниси ёмонроқ, ҳов, вов!

Улоқча кумуш қўнғироғини бўйнидан юлқиб олиб, уни жон талвасасида хириллаб ётган йиртқич Дашқалнинг тумшуғи остига итқитди. Кўнгли бирдан енгил тортди. Бу пайтда бошқалар ҳам ўзларини қайта туғилгандек ҳис этишиб, тўйиб-тўйиб нафас олишаётганди.

 

1979 йил

 

Анвар ОБИДЖОН

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.