Ватан меҳри, шеър сеҳри

0
5486
марта кўрилган.

Истиқлол даврида шаклланган шоирлар ҳақида сўз кетганда, Иқбол Мирзо номи, албатта, биринчилар қатори тилга олинади. Бу ҳолатга унинг ҳали қирқ ёшни қораламасданоқ Ўзбекистон Халқ шоири унвонига сазовор бўлгани, ёхуд анча йиллардан бери кўзга намоён давлат ва жамоат арбоби сифатида танилгани, шеърларига басталанган қўшиқлар машҳур хонанда ва ҳофизлар томонидан пайдар-пай ижро этилаётгани эмас, балки бунга сабаб – ажойиб ҳаётий, содда, халқчил, юракда янги илиқ ҳислар уйғотадиган дилбар шеърлари, деб ўйлайман.

Бу фазилатлар, аввало, шоирнинг ижодий шахсига, дунёқараши ва эътиқоди бутунлигига боғлиқ. Адабиётимиз бисотида техник жиҳатдан пухта, мазмун-маъноси ҳам жойида, ўқилиши равон, долзарб мавзуларда ёзган шеърлар ҳам борки, ўқувчи қанчалик уринмасин, уни кўнгил мулкига айлантиролмайди. Бу – табиий. Негаки, кишининг ўзи амал қилмаган ишга бошқаларни даъват этиши, билмаган нарсасини бошқаларга ўргатмоқчи бўлиши, севмасдан муҳаббат изҳор этиши таъсирсиз ва бефойда бўлгани каби кўнгилдан чиқмаган шеър ҳам кўнгил мулкига айланиши қийин. Шундай шоирлар борки, ҳасад ва риёнинг тирик тимсоли бўлатуриб, насиҳатнамо шеърлари билан матбуот ва китобларнинг саҳифаларини тўлдирадилар; фаҳш ва фосиқликда шайтонга дарс бериб, ўз нафсоний истакларини “ишқнома”лари ифода этишга ишқивоз назмбозларимиз ҳам ҳар замонда кўзга ташланиб, дилни ғашлантириб туради; ўз амали ё мавқеидан фойдаланиб, ёлланма танқидчилару тилёғлама маддоҳлари билан ижодини оммалаштиришдан чарчамайдиган айрим “улуғ”лар адабиёт майдонида топмаган обрўларини расмий минбарлардан қидириш билан оворалар… Истеъдодсиз шуҳратпарастларнинг тури бундан-да кўп бўлса ҳамки, уларнинг умумий фожиаси бор: бундайларнинг бирор сатр шеърини халқ билмайди… Иқбол Мирзонинг кўп сатрлари, ибратли иборалари (“Сени бугун кўрмасам, бўлмас”, “Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?!”, “Кўнгил” деган сўзга қофия “сингил”, “Сени қандай севишимни билсанг эди”) халқ орасида тарқалиб, мақол ё тамсил сифатида кенг қўлланилиши бу шоирнинг нақадар халқчил бўлаётганини кўрсатади.

Иқбол Мирзо – қўшиқчи шоир. Унинг шеърларига басталанган қўшиқлар ҳар куни тўй ва ҳашамлар, турли тадбир ва тантаналар, радио ва телевидение орқали деярли ҳар соатда янграб туради, десак, муболаға бўлмас. Кези келганда, шуни айтиш керакки, баъзида қўшиқчи шоир иборасини “яллачи эъжодкор” маъносида нотўғри тушуниб, шеърлари қўшиққа айланган яхши шоирларга ҳам “иккинчи даражали рутба”сини муносиб кўришади. Ҳолбуки, шеърлари мусиқага эш бўлган, хуш наво ва хуш овозга муносиб, руҳиятнинг озиғига айланишга қодир мавзун калом ярата олиш – чинакам ижодкорнинг бахти. Бебаҳо миллий мусиқа меросимизга назар ташласак, энг буюк қўшиқчи шоирларимиз ҳазрат Навоий, Мирзо Бобур, Бобораҳим Машраб, Фузулий, Махтумқули… лар эканлигига гувоҳ бўламиз. Қўшиқ жамиятнинг барча қатламлари – ёшу қари, олиму оми, шоиру шофир, ошиқу ориф… барча-барча учун нондек азиз, маънавий йўлдош, руҳий мададдир. Инсон ўз қувончу қайғуси, ҳасрат ва изтироблари, орзу ва армонлари, эътиқод ва муҳаббатини қўшиқлардан излайди, ўз ҳолати ва кайфиятига муносиб қўшиқ топилганда эса, бу топилдиқдан ҳосил бўладиган руҳий сурурни бошқа ҳеч нарса билан алмаштирмайди. Қўшиқнинг ажойиб бир хусусияти борки, у ёлғизликда ёки икки-уч киши орасида туғилиб, миллионларнинг туйғусини бирлаштиради. Адабиёт ёки мусиқанинг бошқа жанрлари китобхонга ёки тингловчига етиб боргунча, қўшиқ бутун мамлакатни айланиб чиққан бўлади. Шу учун бўлса керак, инсон энг муқаддас туйғусини қўшиққа солгиси келади. Шу учун бўлса керак, инсон алла оҳангида улғаяди, висол ва ҳижронини ёр-ёрлару ўланлар орқали изҳор этади, боқий дунёга кетганда ҳам марсиялар билан кузатилади…

Иқбол Мирзонинг қўшиққа айланган шеърларининг салмоқли қисмида нафис инсоний туйғулар янгроқ фуқаролик руҳи билан ажойиб тарзда омухталашган. Айниқса, шоирга шуҳрат келтирган, мустақил Ватанимиз ҳақида яратилган энг ажойиб қўшиқлардан бири сифатида эътироф этилган “Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун” шеърининг дастлабки сатрларидаёқ Ватан ва ватандошларга бўлган муҳаббат ва самимият жасорат ва ифтихор билан биргалашиб, ўқувчи қалбида ҳам покиза туйғуларни жунбушга келтиради, янги марраларни фатҳ этишга йўналтиради:

Бошинг эгиб, таъзим айла,

шукрона айт,

Сени гулдек эркалаган

чаман учун.

Осмонларда юрган бўлсанг,

тупроққа қайт,

Айтгил, дўстим, нима қилдик

Ватан учун?!

Мустақилликни масъулият эмас, имтиёз ўлароқ қабул қилган, ўз халқининг ушбу муқаддас ва оғир йўлда бутун ақл-идроки, куч-ғайрати билан мақсадга интилаётганини назар-писанд қилмайдиганлар, оғир меҳнат орқали эришилаётган эркин ва фаровон ҳаёт, не-не азоблар билан сақлаб келинаётган тинчлик ва барқарорлик самараларидан фойдалана туриб, ўзгалар ноғорасига ўйнайдиганлар, ҳамма нарсага осон ва меҳнатсиз эришиш истагида яшайдиган маънавий қашшоқ ялқов ва худбинлар, ҳавойи истаклари амалга ошмаганидан барчани ёппасига рад этишга одатланган нигилистлар ҳамма давру замонда топилади. Бундайларнинг фаолиятсизликка асосланган фаолияти, олижаноблик ниқоби остидаги олифтагарчилиги, ҳурфикрлилик баҳонасидаги бегонапарастликларига ўзбекларга хос бағрикенглик билан жавоб қайтараркан, шоир “дўстим” сўзини қўллайди. Бу ҳам шунчаки киноя ё кесатиқ эмас. Бошқача фикрлайдиган, воқеликни биз хоҳлаганча эмас, балки ўз табиати ва дунёқарашига мос қабул қилишга ҳақли бир тоифа борки, қанчалик айбу қусурлари борлигидан қатъи назар, улар ҳам бизнинг ватандошларимиз, шу тупроқнинг фарзандлари. Одамларни оқ-қора ё яхши-ёмонга ажратмаган ҳолда оқни-оқ, қорани-қора дея олиш, бировнинг шахсияти ва ҳамиятига тегмасдан, кўнгилларга ҳақиқат кўзгусини тута билиш, жаҳолат, айирмачилик, қўрқув ва ноҳақликлардан асраб маърифат, адолат, ҳақиқатнинг мунаввар сарманзилларига ҳидоят этиш зиёлининг бирламчи вазифаларидан ҳисобланади.

Иқбол Мирзо Ватан ҳақида шеър ёзганида файзли боғ-роғлар, шонли ўтмиш, пурвиқор бинолар, буюк аждодлар…ни қаторлаштириб, шеър тизишдан сақланадиган шоирлардан. Унинг учун саратон пайти бошига оқ дурра танғиб, кетмони билан қақроқ чўлни чаманга айлантирган деҳқонлар, қиш чилласидаги изғиринларга парво қилмасдан, эл чорвасини боқиб юрган чўпон-чўлиқлар, дуогўй оналар каби қўллари осмонга қадар кўтарилган кузак пайтидаги сарву санавбарлар, ёзнинг чилласида бегона кўздан ҳаё қилиб кўйлак билан чўмиладиган қишлоқи қизлар, севгисини арзон сўзларга алиштирмайдиган, бир умр муҳаббатини юрагининг туб-тубида яширишни номус мезони деб билган мард йигитлар – Ватаннинг тимсоли. Иқбол Мирзо севган ва куйлаган, сизу бизнинг Ватанимизнинг тимсоли. Содда, мард, чапани, андишали, бағрикенг халқ ҳақида ана шундай содда, самимий, оҳанжамаликдан холи сўзлар билан шеър битиш ярашиқли:

Ўзбекистон, онажоним, ёлғизим,

Боболарим кафтидаги юлдузим,

Жаннатлардан сувлар

ичган илдизим,

Жаннат маконим менинг,

Ўзбекистон,

Жон ичра жоним менинг,

Ўзбекистон!

Шеърга таъриф бериларкан, унга учта нарсани асос қилиб кўрсатишади: оҳанг, қофия ва тахайюл. Иқбол Мирзонинг шеърларида ушбу учта асосга қўшимча тарзда ишқ ва муҳаббат тўртинчи жавҳарий унсур сифатида қатнашган. Шоир қайси мавзуда қалам тебратмасин, кўнглидаги муҳаббат кимёси сўзига тафт бериб туради, унга сирли жозиба бахш этади. Иқболнинг севги бобида ёзган шеърлари китобий (муҳаббат мавзусидаги асарларнинг ўқишидан ясалган шеърлар), хитобий (сохта оҳ-воҳлардан иборат уйдирмалар), хаёлий (ўзи яшамаган, кўнглида кечмаган ишқи илоҳий васфидаги уринишлар), ҳавойи (эркак ё аёл ёзганини фарқлаб бўлмайдиган дийдиёлар) “севгинома”лардан кескин фарқ қилади. Иқбол Мирзо ўзи яшаган, ўспиринлик давридаги илк туйғулар, аскарликка кетгани сабаб эрта узатилган қаллиғидан ҳижронда қолишлар, пахта терими пайтида зарурат туфайли вужудга келган яқинлик шарофати билан туғилган кечмишлар, ғурур ва андиша сабаб тилга кўчмасдан, кўнгилларда кўмилган севги ҳақида ёзади. Унинг талқинидаги ишқ аҳли жунун водийсига мубтало, ҳусн шаробидан сармаст, тупроқдек беозор, майсадан-да хокисор, сувдек сокин, шаробдек жўшқин, бағри ярим зотлар. Мавлоно Жалолиддин Румий айтганларидек, ошиқлар йўли миллат ва мазҳабни писанд этмас:

Ошиқ аҳли ё телба, ё маст келган,

Сувдан сокин, майсадан ҳам паст келган,

Мен билганлар бари дилшикаст келган,

Кўнгил сўраб кўрмаганман соғлардан.

Иқбол Мирзо шеърияти – ҳаётий, эрксевар, самимий шеърият. Бу шеърларни ўқиганингизда беихтиёр ризо ва шукроналик, қаноат ва матонат, собирлик ва собитлик ҳақида ўйлай бошлайсиз, қалбингиз некбин туйғулардан равшанлашади. Бу шеърларнинг ҳаммасини ҳам маромига етган, ҳар томонлама мукаммал, деган даъводан йироқмиз. Иқбол Мирзонинг асосий фазилати – йилдан-йилга, шеърдан шеърга ўсиш, юксалишга интилиш бор. Ана шу интилиш ва изланишлар бардавом ва хайрли бўлишини чин кўнгилдан тилаб қоламиз.

 

Олимжон ДАВЛАТОВ

 

“Ҳуррият”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.