Турди Фароғий

0
862
марта кўрилган.

(XVII аср ўрталари–1699/1700)

 

Турди Фароғийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотлар, асосан, ўз асарларидир. У Бухорода таваллуд топган. Унинг туғилган йили ҳақидаги аниқ маълумотлар сақланмаган, бироқ аштархонийлардан Нодирмуҳаммад (1642–1645) ҳамда унинг ўғиллари Абдулазиз (1645–1680) ва Субҳонқулихон (1681– 1702) лар ҳукмронлик қилган йилларда яшаганлиги маълум. У Хўжандда вафот этган.

1681-йилда Миёнколда халқ ҳукуматга қарши қўзғолон кўтаради. Турди ҳам мана шу қўзғолончилар орасида бор эди. Сўнг шоир Хўжанд ва Ўратепа ҳокими Раҳимбий оталиқ паноҳида бўлади. Раҳимбий вафот этгач, унинг ўғли Оқ­бўтабий ҳузурида қолади. Бироқ шоир анча моддий қийин­чиликлар билан яшайди. Адибнинг шеърлари шундан далолат беради.

Турди икки тилда ижод қилган: унинг ўзбекча асарлари қато­рида тожикча шеърларидан ҳам иккитаси бизгача етиб келган. Бизга ҳозирча адибнинг 18 тагина шеъри маълум, холос. Улар 5 та мухаммас, 12 та ғазал ва бир дона фарддан иборат. Улардан шоирнинг тийрак ва безовта руҳини, ўткир қаламининг таъсирчан кучини, фавқулодда жасоратини илғаб олиш қийин эмас.

Турди ўзи замондош бўлган жамият иллатларини қаттиқ танқид қилди, бу иллатларни мамлакат ва миллат фожиаси сифати­да талқин қилди, миллатдошларини унинг оқибатларини тезроқ ва тўлароқ тасаввур қилишга ундади. Турди адабиётимиз тарихида сатирик – танқидий йўналишни анча баланд чўққиларга олиб чиққан ижодкор сифатида шуҳрат қозонди.

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.