Тоғай Мурод

0
312
марта кўрилган.

1948 йили Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилояти Денов тумани яқинидаги Хўжасоат қишлоғида таваллуд топган.

 

От кишнаган оқшом 

(Der Abend, als das Pferd wicherte)

 

1982 йили нашр қилинган Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссасида Зиёдулла кал ҳамда унинг оти Тарлон ҳаётидан эпизодлар ўта моҳирлик билан жонли тилда тасвирлаб берилади. Гарчи қисса оддий ва содда туюлса-да, ёзувчи матн бошиданоқ иккинчи бир маъно қатламини яратишга муваффақ бўлган. Чунки туркий халқлар эртакларида калбош (ёки қасмоқбош) ўз замондошлари журъати етмаган умумқабул қилинган қоидаларни бузувчи ёки ҳақиқатларни очиқ айта олиш қобилиятига эга айёр ва муғомбир шахс тимсолида келади. Чўпон Зиёдулла кал асарда ўз “мен”и номидан ҳикоя қилиб, муаллиф томонидан бошқа изоҳлар бериб борилмайди.

Зиёдулла мактаб даврида битлиқилиги сабаб сочларини қирдириб олдиради ва кейинчалик ушбу ҳолатни ўзининг “мен”ига айлантириб юборади. У ҳатто бошқаларга ўзини “Зиёдулла кал” деб аташларини, унга “ўртоқ Қурбонов” деб бошқа айтмасликни уқтиради.

Китобхон асар мутолааси жараёнида от ва кўпкари ўйинлари, қаҳрамонларнинг ўзига хос хислатлари ҳақида ҳам билиб олади. ЦҲикоячининг тушида кўриб, сўнгра унга уйланган дилбар ўртасидаги ошиқлик муносабатлари ҳам асар руҳиятига жуда мос келган:

“Момосулувга кўрган тушимни айтиб бердим. – Сен ҳам шундай туш кўриб эдингми? – дедим. – Кўриб эдим, – деди. – Чинингни айт, – дедим. – Чиним, – деди. – Лекин, таниёлмай қолиб эдим, чироқ ўчиқ эди, – деди. – Ўша мен эдим! – дедим, кўкрагимга урдим. – Сиз эканлигингизни билиб тегдим-да, – деди. – Аҳай-аҳай! – дедим. Биродарлар, Момосулув тушимда Чўлпон эди, ҳушимда Ой эди, қўйнимда Офтоб бўлди!”

Зиёдулланинг яширин муҳаббати кенжа фарзандига алла айтиш палласида ҳам яққол кўринади. Алла орқали ўқувчилар орадан йиллар ўтганини, фарзандлар дунёга келганини билади.

Ёзувчининг яна бир қиссаси “Ойдинда юрган одамлар” деб номланади. Унда фарзандсизликдан изтироб чеккан киши ғам-ғуссалари, қадриятларга бой ҳаёт тарзи ифодаланган. Қаҳрамонлар ҳаётий қийинчиликларга дуч келса-да, она-табиатдан, ўзлигидан бегоналашмайди. Муқаддас бир дунёга бошқа бир оламнинг шафқатсизларча бостириб кириши эса асар структурасини янада бойитади.

Зиёдулланинг шаҳардан келган ўқимишли, аммо ўз мақолалари қаҳрамонларининг кундалик ҳаёти ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаган бир журналист билан учрашуви ҳам кулгили тасвирланган. Чўпон билан суҳбат жараёнида журналист эски иборалари ҳамда гаплари билан оми ва совуққон кўринишда таассурот қолдиради.

Гўшт тақчиллиги сабаб отларни гўштга топшириш тўғрисидаги топшириқ ҳам шафқатсиз эшитилади. Бу ерда Айтматовнинг “Оқ кема” асаридаги она буғунинг ҳамда “Қиёмат” асаридаги кийикларнинг қатл қилиниши сюжетларининг таъсирини кузатиш мумкин. Зиёдулланинг ўз отини халқ оғзаки ижоди қаҳрамонлари билан таққослаши, мақташи, борингки, шикоят тарзида айтган гаплари ҳам ўқувчига кутилмаган кайфият беради: “Тарлон от эмас, Жуманбулбул куйлаган “Қунтуғмиш”! Фозил Йўлдош куйлаган “Алпомиш”! Гажак-гажак бўйинлар бўйин эмас, дўмбира, дўмбира! “Кунтуғмиш”ни гўштга топшириб бўладими? “Алпомиш”ни гўшт қилиб бўладими?”

Поэтик таъкидга кўра, гўшт олувчилар миллий урф-одатларни билмаслиги ва қўполлиги билан ажралиб туради. Чунки улар уй эгасининг янги туғилган чақалоқнинг соғлиги ва уйдан зиён-заҳматларни қувиш учун меҳмон томонидан “совға” қилинган бирон нарсани исириққа қўшиб туташиш учун кийими учидан бир ип беришни сўраб қилган илтимосини кескинлик билан рад этишади. Чўпоннинг муаллиф томонидан Москвага олиб борилиши, у ерда ўз арзини айттириши ва шундан кейин отларни гўштга топшириш буйруғининг қайтиб олинишини потенциал танқидчилар учун бир муроса сифатида кўриш мумкин.

Тинч ва осуда ҳаётнинг шафқатсиз тарзда бузилишига бир гуруҳ жиноятчилар сабаб бўлишади: Зиёдулла бозорда бир киши ўғридан ўз нарсаларини қайтиб олмоқчи бўлганида аёвсиз дўппосланганининг гувоҳи бўлади. Тақирбошдан бошқа томошабинлардан ҳеч бири воқеага гувоҳ бўлишга рози бўлмайди. Аксинча, улар Зиёдулланинг ўзини аҳмоқ деб билишади:

“Шу! Ана, оқибат, қариндошингиз чалажон бўлиб, касалхонага кетди! Шу! Ҳолидан хабар олиб турибсизми? Қалай энди? – Борганим йўқ! – Ия, нега? – Мен уни танимасам, билмасам… – Ия, ҳали танимайсизми? – Эса-да. Балиқпаз юзимга энкайиб қаради. Гапим жиддийлигини билиб, тиззасига уриб кулди. – Э, ака-е, ака-е! Афанди экансиз-ку!… – Э, ака-е, э, ака-е! Қариндошингиз бўлмаса, ақалли танишингиз бўлмаса, сизга нима? Қип-қизил Афанди экансиз! Шу! Ё ундан бирон нима ундирдингизми!”

Бундай хатти-ҳаракатлар жамиятнинг барча бўғинларида одатий ҳол ҳисобланади. Кўпчиликнинг онгида яқин кишисига шунчаки инсонийлик жиҳатидан ёрдам бериш бу аҳмоқлик ва гўлликдан бошқа нарса эмас. Асар якунида айбдорлар топилади ва жазоланади. Аммо суд залидан уйга қайтишда тақирбош жиноятчиларнинг ҳамтовоқлари томонидан ўласи қилиб дўппосланади.

Асар сўнгигача зиддиятларга бой эмас. Воқеалар кулгили ва жонли ҳикоя тарзида айтиб берилади. Ёзувчи ушбу қаҳрамон орқали қадриятларга бошқачароқ назар ташлашга муваффақ бўлади. Бошида кулгили ва ноодатий кўринган ҳолатлар охирига бориб аслида инсоний фазилатлар бўлиб чиқади. Собиқ иттифоқ пайтида Ўзбекистондаги оддий социалистик турмуш тарзи ўқувчига тўсатдан жўн ва ақлга сиғмайдиган ҳолат бўлиб кўрина бошлайди. Бир кўпкарида давлат идораси ходимининг гапи ҳам кулгили эшитилади. Зиёдулла отдан йиқилиб тушган пайтда у худди мажлисда ўтиргандек ваъз ўқийди:

“…Мен бундан кўп йиллар муқаддам айтганман, кўпкари эскилик сарқити, саломатлик душмани, ҳаёт учун хавфли деб!..” Бундай гапларни социализмнинг барча даврларида турли-туман кўринишларда эшитиш мумкин бўлган.

Анъанавий яшаш тарзи билан мунтазам олиб борилган сиёсий курашлар натижасида урф-одатлар амалда қисман замонавий қарашлар ортига чекинди ва бу, ўз навбатида, ушбу яшаш тарзига бўлган соғиниш ҳиссининг вужудга келишига сабаб бўлди. Тоғай Мурод ўзининг аъло даражадаги қиссаси билан мазкур соғиниш ҳиссини чин инсоний қадриятлар орқали ифодалашга муваффақ бўлган.

 

Зигрид Клайнмихел

 

Немис тилидан Санжар Исломов таржимаси

 

“Ёшлик”, 2018/2

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.