Тил – тарихий хотира намунаси

0
305
марта кўрилган.

Л. Н. Гумилёв номидаги Евроосиё Миллий университети Ўтрор кутубхонаси илмий маркази катта илмий ходими Имонғози Нураҳмад ўғли томонидан қўйилаётган илмий муаммо таҳсинга лойиқ. Аммо у фан тарихидаги биринчи ҳодиса эмас. Ҳозиргача ҳам бу борада талайгина таклиф ва мулоҳазалар, илмий баҳс ва мунозаралар бўлиб келган. Сак ва массагетлар номи билан машҳур бўлган қадимги халқлар бугун дунёнинг кўплаб элат ва миллатлари учун ўқ илдиз бўлажагига оид кузатишлар замирида жон бор. Йирик тарихчи олимларнинг биз қадимий тарих сарҳадларига чуқурроқ кириб борганимиз сари кўплаб халқ ва миллатлар орасидаги тафовутларнинг камайиб боришига кўпроқ иқрор бўлиб бораверамиз, деган мулоҳазалари ўзини тўлалигича оқлайди. Мантиқан олиб қаралаганида, одамзоднинг илк манба ва маншалари Одам Ато ва Момо Ҳавволардан бошланади.

Мақоладаги бош ғоя сакларга оид манба ва материалларга бугун бутун туркий халқларнинг тўла даъвогарлик қила олиши ҳақидаги қарашларни тавсиф этиш ва ҳимоя қилишдан иборат.

Саклар ҳақидаги маълумотлар кўплаб қадимги ёзма манбаларда сақланиб қолган. Бу обидалар орасида Авесто, Қадимги форс ёзма обидалари, Юнон ҳамда Хитой олимларининг тарихий мероси намуналари мавжуд. Уларда “Моури”, “Марғун”, “Марғиёна”, “Сўғда”, “Сўғуда”, “Сўғдиёна”, “Баҳди”, “Бақтриш”, “Бақтриёна”, “Хваризам”, “Хваразмин”, “Хорасмия”, “Парфиёна”, “Тур”, “Шак”, “Сак”, “Массагет” сингари жой ҳамда халқларнинг номлари тилга олинган. Булар билан юзаки танишишнинг ўзи ҳам мазкур атамаларнинг бизнинг ҳудудларимизга, тарихимизга бевосита дахлдорлигидан далолат эканлигини исботлаб турибди.

Психолог олимларнинг кўрсатишича, инсон хотираси ниҳоятда мураккаб психо-физиологик қонуниятлар билан боғлиқ ҳолда фаолият кўрсатади. Ундаги асосий қонуниятлардан бири номуҳим нарсаларни эътибордан соқит қилиш ҳамда муҳим нарсаларга, албатта, хотирадан жой ажратиш билан боғлиқ. Турли этнонимлар, топонимлар таркибидаги айрим сўз ва тушунчалар шунинг учун ҳам айрича аҳамият касб этади. Булар халқ хотирасининг, ижтимоий хотиранинг қонуний натижалари сифатида намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан ёндашиладиган бўлса, “сак” атамасининг туркий тиллар доирасида турли шакл ва кўринишларда сақланиб қолгани бежиз эмас.

Қримда Сак (Саки) деб номланадиган шаҳар ва кўл бор. Ёқутларнинг асл миллий номи саха (сак+а = саха) эканлиги яхши маълум. Қозоқ этноними таркибида ҳам “сак” унсури мавжуд (қа+сақ = қасақ = қазақ = қозоқ). Ўзбек халқи шеваларидан бири (қипчоқлар) ҳам шу номга дахлдор: қип+сақ = қипчақ = қипчоқ. Қирғизларда “сактан” деб номланадиган уруғ номи қайд этилган. Ўзбек киши номлари орасида “Сактош” номи ҳам учрайди.

Ўзбек уруғлари орасида “сактиян”, “сахтиян” номи билан ҳам юритиладиганлари бор. Ҳозирги ўзбек адабий тилида бу сўз “сахтиён” тарзида сақланган вариантга ҳам эга. У “ошланган эчки териси” маъносини билдиради. Агар “сак”нинг дастлаб буғу териси, кийик териси, деган маънога эга бўлганини назарда тутсак, бу сўзлар орасидаги боғланишларнинг тасодифий эмаслиги очиқ кўринади.

Бу мулоҳазаларни билдиришдан асосий мақсад шуки, биз мақола муаллифининг қарашларини маъқуллаймиз. Бундай мисоллар бошқа мутахассислар томонидан олдин ҳам у ёки бу йўсинда айтилган. Албатта, муаллиф уни ўзига хос тарзда асослашга ҳаракат қилган. Уларнинг кўпроқ публицистик руҳ ўрамида берилганини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Шунга қарамай, муаммонинг тўла илмий ечимлари учун тахмин ва фаразларнинг ўзи камлик қилишини ҳам эътироф этишга тўғри келади. Фақат тарихий, этник, этнографик эмас, балки фонетик, лексик, морфологик, синтактик қонуниятлар ҳам “бир ёқадан бош чиқариб” тасдиқлаган ҳолдагина илмий хулосаларнинг кучига куч қўшилади. Шунга қарамай, мақоладаги далилларнинг асосий қисми соҳа мутахассисларининг эътиборини тортади ва бу борадаги янгича фикр ва мулоҳазаларнинг пайдо бўлиши учун муҳим омил бўлади, деб ишонаман.

 

Боқижон ТЎХЛИЕВ,

Низомий номидаги ТДПУ профессори,

филология фанлари доктори

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–2

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.