Ташбеҳ (ўхшатиш)

0
11230
марта кўрилган.

Ташбеҳ ҳозирги адабиётшуносликда ўхшатиш деб юрити­лади. У шундай санъатки, унда сўзларда ифодаланган икки ёки ундан ортиқ нарса ва ҳодиса, хусусиятлар ўртасида мавжуд бўлган ўхшашлик, сифат ва белгидаги умумийлик қиёсланади, ўзаро солиштирилади, тасвирланаётган нарса-ҳодисанинг айрим хусусияти ёрқин, чуқурроқ ва таъсирлироқ очиб берилади.

Адиблар ташбеҳдан ўз ғоялари, фикр ва истакларини бадиий таъсирчан ифодалаш учун фойдаланишади.

Ташбеҳнинг бир неча қисмлари мавжуд. Булар ўхшатил­ган нарса (мушаббаҳ) ўхшаган нарса (мушаббаҳбиҳи), ўхшатиш сабаби (важҳи шабоҳ) ҳамда ўхшатиш воситаси (ҳолати ташбеҳ)дан иборат.

Ўхшатишларнинг фазилати шундаки, улар кўзда тутилган ҳар қандай фикрнинг аниқлашишида, шу образни тўлиқ тасаввур этишда ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Ўхшатишларнинг яна бир хусусиятини таъкидлаш зарур. Бу маълум бир ўхшатишнинг турли образларни ёритишда қўлланишидир. Масалан, йилқи (ҳайвон) образи қора халққа, нодон, билимсиз, заковатсиз, очкўз ва, умуман, ёмон хулқли, ярамас одатли кимсага нисбатан қўлланади. Бўри образини эса лашкарбошига, ёв-душманга, мард эрга, ўлимга ҳам нисбатан қўлланганини кўриш мумкин. Лекин уларнинг ҳам­масида ҳам бўри ўхшатиши айнан бир хил маънода келмайди.

Атойининг қуйидаги мисраларида ҳам ташбеҳнинг гўзал намунаси яратилган:

 

Ул санамким, сув яқосинда паритек ўлтурур,

Ғояти нозуклигидин сув била ютса бўлур.

 

Кўриниб турганидек, гўзал ёр (санам) парига ўхшатилмоқда. Халқ тасаввурида пари сув ёқасида (дарё қирғоғида, ариқ бўйида) бўлади. Шоир ана шу халқона тасаввурдан ҳам усталик билан фойдаланмоқда.

 

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.