Таносиб

1
4297
марта кўрилган.

Аслида, кўплаб бадиий санъатлар сўзларнинг шеъриятдаги маънавий алоқадорлигига таянади. Шоирнинг мантиқан бир-бирига боғлиқ ва бир-бирини тақозо этадиган сўзлардан фойдаланиши таносиб дейилади. Масалан, бир байтда “гул” сўзи иштирок этса, у ўз-ўзидан “тикан”, “гулистон”, “шабнам”, “булбул” каби сўзларнинг бўлишини тақозо этади.

Олма яноқинг кўргач, мен банди нечук ўлмай?

Бодом кўзи фитна, писта даҳани нозук.

Лутфий бу ўринда яноқ, кўз, даҳан каби киши танаси қисмларини, шунингдек, олма, бодом, писта сингари мева номларини бир байтга жамлаган. Айни пайтда олмадек яноқ, бодомдек кўз, пистадек даҳан тасвирлари байт мазмунига таъсирчанлик ҳам бериб турибди.

Атойининг қуйидаги мисраларида ҳам таносиб мавжуд:

 

Узун сочингдин узмасмен кўнгулни,

Аёғинг қанда бўлса бошим анда.

 

Бу ерда соч, кўнгил, оёғ, бош сўзлари ўртасида мутаносиблик бор. Қуйидаги байтда эса Атойи черик (аскар), мулк (мамлакат), олди (босиб олди), иттифоқ (икки мамлакатнинг ўзаро келишиши) каби сўзларнинг маъно яқинлигидан фойдаланган:

 

Зулфунг черики жамол мулкин

Олди кўзунг иттифоқи бирла,

 

яъни сенинг зулфинг чериги (сочларинг аскарлари – қўшини) кўзинг билан иттифоқ тузиб жамол мулкин эгаллаб олди.

 

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

1 мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.