Талмеҳ

0
4139
марта кўрилган.

Талмеҳ арабча сўз бўлиб, маъноси “чақмоқ чақилиши”, “бир назар ташлаш” демакдир. Бадиий санъат сифатида у тарихий ва афсонавий воқеа, масал, шахс, машҳур асар ва қаҳрамонлар номига ишора қилиш воситасида фикрни қисқа, ихчам тасвирлашдир.

Хоразмийда шундай байт мавжуд:

 

Сулаймон салтанатлик подшосен,

Масиҳ анфослик, Юсуфлиқосен.

 

Ушбу байтда учта шахс номи: Сулаймон, Масиҳ ва Юсуф тилга олинган. Уларнинг учаласи ҳақида ҳам фақат ўзбекларда эмас, турли халқларда жуда кўплаб афсона, ривоят, қўшиқ, ҳатто достонлар яратилган. Улар билан боғлиқ ривоятлар “Қуръон” да ҳам қайд этилади. Маълумки, Сулаймон – Довуд пайғамбарнинг ўғли эди, у ўн тўққиз ака-ука орасида энг донишманди бўлган. Шу туфайли у барча ер юзидаги одамларнигина эмас, қурт-у қумурсқага, қушларга, ҳатто “инс-у жинслар”га ҳам ҳукмронлик қилган. “Сулаймон салтанатлик подшосен” мисралари ана шу афсонавий шахс қудратини мўъжаз шаклда эслаш орқали бадиий тасвир қаҳрамонини тавсифлашга хизмат қилмоқда.

Масиҳ ҳам пайғамбарлар силсиласидан ўрин олган. Унга хос хислатлардан бири ўликни тирилтира олиш қудратидир. Масиҳ анфослик – Масиҳ нафасига эга бўлишлик демакдир.

Юсуф эса гўзаллик рамзига айланган образ. У Яъқуб пайғамбарнинг ўғли. “Юсуф ва Зулайҳо” достонидаги бош қаҳрамон, кўплаб шоирлар эътиборини тортган:

 

Солиб борма мени, эй Юсуфи ҳусн,

Букун Яъқубтек байт ул-ҳазанда.

(Атойи)

 

Бу ердаги талмеҳ “Юсуф ва Зулайхо” туркумидаги достонлардан хабардор бўлишни тақазо этади. Маълумки, Юсуф Яъқуб пайғамбарнинг севимли фарзанди бўлган. Аммо тақдир айни мана шу фарзандидан муайян муддат айрилиб яшашини раво кўради. Натижада ота ғам уйи (байт ул-ҳазан) да яшашга мажбур бўлади. Юсуф ўзининг ташқи кўриниши – гўзаллиги билан ҳам бошқалардан ажралиб турар эди. Демак, лирик қаҳрамоннинг ўз маҳбубасига “Юсуфи ҳусн” деб мурожаат этиши бежиз эмас экан.

 

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.