Талантнинг ўзи кифоя қилмайди, инсоф ҳам керак!

0
321
марта кўрилган.

“Адабий асар ёзиш учун, ҳеч шубҳасиз, талант керак. Лекин ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур гапларнигина қолдириш учун талантнинг ўзигина кифоя қилмайди, инсоф ҳам керак”.

Абдулла ҚАҲҲОР

 

КИНОНИ ОХИРИДАН КЎРИБ БЎЛМАЙДИ

Бир танишим газеталарни орқа саҳифаларидан бошлаб ўқишини айтганида ажаблангандим. Ёш қаламкаш Аҳад Қаюмнинг 2013 йилда “Dizayn-Press” МЧЖ нашриётида чоп этилган “Алданган қиз”, “Қизми бу, кийикми бу?!”, “Мени йиғлатма, ҳаёт!” ва “Севгидан кечмайдилар” номли тўпламлари қўлимга тушиб қолди-ю, беихтиёр ўша танишимнинг одатини эслаб, уларни охиридан варақлай бошладим. “Севгидан кечмайдилар” тўпламининг охирида Аҳад Қаюмнинг 84 нафар қўшиқчи ва режиссёр билан (уларнинг исм-фамилиялари, тахаллуслари эринмай саналган) ҳамкорлик қилиб келаётгани айтилибди. Худди шу сатрларни “Мени йиғлатма, ҳаёт!”, “Қизми бу, кийикми бу?!” тўпламлари сўнгги саҳифаларида ҳам учратиш мумкин. “Майли, қаламкаш шуни истабдими, ёзаверсин. “Ў-ҳу, шунча тилга тушган санъаткорлар унинг шеърларини қўшиқ қилиб куйлашса, қани, ёзганларини ўқиб кўрай-чи”, – дедим. Чунки Аҳад Қаюмнинг ёзганларини ўша санъаткорлардан айримларининг қўшиқлари орқали эшитгандим. “Мени йиғлатма, ҳаёт!” деб номланган 112 бетли китобда 151 та шеър ва 62 та афоризм (деб тақдим этилган фикрлар) берилган экан. 55 та шеърда муаллиф ўз исмини тилга олибди.

Адабиётнинг фидойиси бўлган ҳақиқий муҳаррирнинг қўлига тушганида китоб сифатида чоп этишга нолойиқ топилиши аниқ бўлган қофияли тизмалардан ана шу тахаллусгина ярқ этиб кўзга ташланади. Китоблардаги баъзи жумлаларни тушунмаган бўлсам, айримларини ўқиб, лабимга учуқ тошишига сал қолди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Аҳад ва унга ўхшаган қаламкашларда айб йўқ. Ҳамма айб шеърият қонун-қоидаларини билмаган ноширларда. Ўша китоблар муҳаррири саводли бўлганида, шоирга камчиликларини кўрсатган, нуқсонлар бартараф этилган ва пировардида ижодкорнинг юзи ёруғ бўларди. Хуллас, кинони охиридан бошлаб кўриб бўлмаганидек, газетани ҳам, китобни ҳам охиридан ўқиб бўлмас экан.

 

ХАТОНИНГ КАТТА-КИЧИГИ БЎЛМАЙДИ

Бизда қабул қилинган адабий тил меъёрлари бор, улар худди қатъий риоя қилинадиган йўл қоидалари каби амалда. Уларга риоя қилинмадими, тартиб бузилади. Ахир, ўзингиз ўйланг: мен ўзимча “тил қоидалари”ни яратсам, сиз ўзингизча грамматика ўйлаб топсангиз, қандай бўлади? Адабий тил деган истилоҳни қўлламай қўяверсак ҳам бўлар-а, нима дейсиз?

Кейинги пайтларда айрим матбуот ва интернет нашрларида, китоб маҳсулотларида, эҳтимол, эътиборсизлик, балки адабий тил қоидаларини назар-писанд этмаслик оқибатидадир, мана шу талабга амал қилинмаётганига кўп бор гувоҳ бўлмоқдамиз. Хусусан, сўз юритаётганимиз – ёш ижодкор Аҳад Қаюм китобларида ҳам бу меъёрларни четлаб ўтиш ҳоллари учрайди. Биз Аҳаднинг ҳар бир шеърини таҳлил этсак, шундоғам семириб бораётган мақоламиз яна ҳам шишиб кетиши мумкин. Шу боис улардаги энг кўп дуч келганимиз – битта хато борасида қисқача тўхталмоқчимиз.

Китоблардаги аксарият шеърларда -нинг қаратқич келишиги қўшимчасининг -нг қисми “тушиб” қолган.

“Алданган қиз” китобидан мисоллар:

“Дилингни дилингга тенги борлигин…” (4-бет);

”Сени биттагина шу ёлғонинг деб…” (21-бет);

“Бу одатини фақат ўзининг фойдасига ҳал бўлаётганига шубҳа қилмасди…” (96-бет).

“Мени йиғлатма, ҳаёт!” китобидан:

“Бахтимни қайчилар ёмонлар мени,

Атрофим ўраган ёлғонлар мени…” (10-бет);

“Ҳаромни ҳам меъёри бор деб,

Инсофлиси бор деб шайтонни…” (17-бет);

“Руҳларини шод этайлик Навоийларни…” (41-бет).

“Севгидан кечмайдилар” китобидан:

“Ошиқларим кўп мени…” (19-бет);

“Дард ҳар бир илдизин қуритди дилни…” (21-бет);

“Мен умр деганда, бу дунёдан ўтгандан кейинги уйғониш қимматини қанчалик даражадалигини ўлчаб баҳо қўйган бўлардим…” (97-бет);

“Гоҳида сени ёқтирмаган одамларнинг, сен ҳақингда яхши фикр билдиришлари, бу бошқа ҳамкасбингни айбу нуқсони кўплигидан келиб чиқади” (98-бет).

“Қизми бу, кийикми бу?!” китобидан:

“Яқинроқ кел, суйганим мени…” (23-бет);

“Ул малакни суйгани…” (30-бет);

“Соғинчни кўпиям ёмон…” (44-бет);

“Ошиқ жонни даъвосини…” (48-бет);

“Бундай хатолар инсонни ўзини еб битиради…” (95-бет).

Жонкуяр устоз, таниқли адабиётшунос Омонулла Мадаев анжуманларнинг бирида “бежиз” сўзини “бежизга” деб гапирган нотиққа қаттиқ танбеҳ берган эди. Айримлар, ҳа энди, битта “-га”ни қўллаш билан нима ўзгарарди, дейиши мумкин? Нима бўларди, маъно ўзгаради-да! Дейлик, “машинага (машина учун) қолди” билан машинада (машинанинг ичида) қолди” ўртасида фарқ бор-а? Ёхуд бир машҳур қўшиғимизда “Хизматингда бўлмасам сени, болам дема, Ватаним, мени…” дейилади. “Сени (тушум келишиги билан) ундоғ қиламан, бундоғ қиламан” ва “сенинг (қаратқич келишиги) фарзандингман” иборалари ўртасида маъно жиҳатидан тафовут борми? Модомики, тилимизда “-нинг” билан “-ни” қўшимчаларининг вазифалари алоҳида-алоҳида экан, бунга риоя этиш ўзбек тилини ҳурмат қиладиган ҳар бир шахс учун мажбурий бўлиши шарт, бизнингча…

 

“ЁТМАЙДИГАН” КЎНГИЛ

Китоблардан ўзим тушунмаган бир неча иқтибосни келтираман. Балки Сиз тушунарсиз?

“Қизми бу, кийикми бу?” китобидан:

“Кўз ясадим кўзим ёшидан…” (4-бет);

“Юрганимни очиб қара, ишонмасанг…” (21-бет);

“Мен сени ҳар куни кўзларингда мактуб битишни истайман…” (92-бет);

“Ҳар доим бир янги шеър ёзишни бошласам, ўйлаб қоламан. Гўёки мен шеърни эмас, шеър мени ёзаётгандек туюлади…” (95-бет).

“Мени йиғлатма, ҳаёт!” китобидан:

“Ярим жоним ўйнама ҳаёт…” (7-бет);

“Тасодифан туғилиш мумкин…” (59-бет);

“Сизни сўраб мудом кўнгил ётмагай…” (74-бет);

“Мени таҳлил қилмоқ сенгамас, билсанг…” (91-бет);

“Хазонлар қўшиғини тинглашга ҳаракат қилганмиз, ундан мозорлардан келадиган беаёв оҳанг келиб туради…” (101-бет).

“Алданган қиз” китобидан:

“Яхши кунда кийилар кўйлак…” (66-бет);

“Эзар экан инсоннинг тишин…” (67-бет);

“Ўзга элни қучган билан, ўз элимдан қочмаганман…” (71-бет);

“Афсуски, бу ҳаёт, ҳа, аниқ ҳаёт…” (77-бет);

“Хаёлларим тўзилиб кетди…” (78-бет).

“Севгидан кечмайдилар” китобидан:

“Туғилгандим тескари…” (11-бет);

“Севмайман марҳумликни…” (16-бет);

“Юрагимни пўчоқлар…” (18-бет);

“Ҳақлигимиз тан олмасдан тортишарди тишингиз…” (28-бет).

Инсон кучли иситма таъсирида нима деётганини ўзи англолмайди. Китобдаги мазкур жумлалар ҳам худди шу ҳолатга тушган киши томонидан ёзилгандай.

Мозорнинг беаёв оҳанги, эзилган-тортишган тиш, пўчоқланган юрак ва марҳумликни севиш… Бундай беўхшов ташбеҳлар кишига маънавий озуқа ёки завқ бера олармикин? Бу саволга, бу каби турли-туман “ижодкор”ларнинг ёзишмаларини қабул қилаётган ноширлар жавоб бериши жоиз. Сабаби ўша шеърларни ўқиган мухлис, айниқса, шеър шундай бўлар экан, деб хулоса чиқарадиган ёшлар уни борича қабул қилади ва ўзлари меҳр қўйган шоирга ўхшаб алжираб юришади.

 

“ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” УНСУРЛАРИ(МИ?)

Навбатдаги иқтибосларни кўнгли бўшлар ўқимаслигини тавсия қиламиз. “Алданган қиз” китобидан:

“Сизга ўхшаганларга” сарлавҳали шеърида:

“… Аҳаддайин ўжарлар,

Қонингизни ичарлар…” (57-бет).

“Хотин – фоҳиша эмас” сарлавҳали шеърида:

“Билинг, эшак тезаги,

Тандирга ўтин бўлмас.

Ҳар кимга кўзин сузган,

Ақлли хотин бўлмас” (91-бет).

“Сизда йигитлар рўйхати борми?” сарлавҳали шеърида:

“Баъзи қизлар дон сочсанг,

Ўхшар думсиз товуққа.

Пул сочсанг, кийимсиз ҳам,

Ўйнаб берар совуқда” (91-бет).

“Очиқ-сочиқ юбкасида…” сарлавҳали шеърида:

“Машина тўхтаб қолар,

Ишламаса мотори.

Қизлар суйкала бошлар,

Ўтмай қолса бозори” (92-бет).

“Қалби “уммон” йигитлар” сарлавҳали шеърида:

“Бир йигит юз ёшда уйланмай ўлди,

Ўлимидан олдин васият қилди.

– Эй бўйдоқлар, мени аҳмоқ деманглар,

Юз йил умрим қизлар деб адо бўлди” (92-бет).

”Қизми бу, кийикми бу?” китобидан:

“Ўшал яра юракка сингиб,

Қонга ўтиб гўштга айланди…” (8-бет).

“Рухсора” сарлавҳали шеърида:

“… Бошқалардан фарқли маъшуқларинг йўқ…” (35-бет).

“Менимча” сарлавҳали шеърида:

“Итни вафо дейдилар, хотинни жафо,

Билмадим, бу гапни айтган қайси бенаво.

Менимча, у хотинини эплай олмайин,

Бошига ит куни тушиб, бўлгандир расво” (45-бет).

“Мени йиғлатма, ҳаёт!” китобидаги “Нега хиёнат қилдинг” сарлавҳали шеърида:

“… Бор, ўзингни ос энди…”

“… Бир ит ҳидлаган гулсан…” (9-бет);

“Соғинч” сарлавҳали шеърида:

“… Ва бармоғим тешаман бир оз,

Ўз қонимдан ичиб оламан…” (48-бет).

“Севгидан кечмайдилар” китобида:

“Муҳаббатни ўргатманг,

Ўзим яхши биламан.

Кўча тўла қиз бўлса,

Севиб нима қиламан” (90-бет).

Бу хитоблар “оммавий маданият” тарғиботи ва шафқатсизлик ташвиқотига ўхшаб кетади. Чунки шеърлардаги “кийимсиз ўйнаб бериш”, “бозори ўтмай қолган қизларнинг суйкалиши”, “бармоғини тешиб, қонини ичиши”, “кўча тўла қиз-ку, севиб нима қиламан” каби “қонсираган” ва тийиқсиз ифодалар ёшлар онгига салбий таъсир қилмайди, деб ким кафолат беради? Мамлакатимиз биринчи раҳбарининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай дейилади: “Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва, аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб олмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, бизнинг улуғ аждодларимиз ўз даврида комил инсон ҳақида бутун бир ахлоқий мезонлар мажмуини, замонавий тилда айтганда, шарқона ахлоқ кодексини ишлаб чиққанликларини эслаш ўринли, деб биламан. Ота-боболаримизнинг онгу тафаккурида асрлар, минг йиллар давомида шаклланиб, сайқал топган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё, ибо ва иффат каби юксак ахлоқий туйғу ва тушунчалар бу кодекснинг асосий маъно-мазмунини ташкил этади, десак, ўйлайманки, хато қилмаган бўламиз.

Шу нуқтаи назардан қараганда, уят – ўлимдан қаттиқ, деган гаплар халқимиз тилида ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, аксинча, бундай иборалар эл-юртимизга мансуб эзгу ва гўзал ахлоқий қадриятларнинг асл мазмунини ифода этади.

Дарҳақиқат, уят ва ор-номусини йўқотган одам, Аҳмад Яссавий бобомиз айтганидек, худдики ҳайвон жинсига айланиб қолади.

Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг:

Олдиға қўйганни емак – ҳайвон иши,

Оғзига келганни демак – нодон иши, – деган чуқур маъноли сўзлари ҳам бу фикрни тасдиқлаб беради”.

 

МАЪНАВИЯТ МАНФААТ СОЯСИДА ҚОЛМАСИН

Айни пайтда “Dizayn-Press” нашриёти фаолият юритмаётган экан. Бироқ қайси нашриёт бўлмасин, “аввал иқтисод, кейин сиёсат” деганларидек, майли, биринчи навбатда моддий манфаатдорлигини ўйласин, бу давр тақозоси. Аммо ўн марта моддий манфаатдорлик ўйланган жойда етти марта маънавий манфаатдорлик ҳам ўйлаб кўрилса, бадиий жиҳатдан саёз (ниҳоятда ночор деса ҳам бўлади), бадиий завқ бермайдиган “асар”ларни нашр қилиш кескин камайиб, китобхонга маънавий озуқа бахш эта оладиган асарлар ҳам чоп этилармиди? Балки ҳар бир нашриёт билан Ёзувчилар уюшмасининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш керакдир?

80 ёшдан ошган журналист, олим, публитсист, ҳали ҳам футбол ўйнашни канда қилмай келаётган Сайди Умиров суҳбатларимизнинг бирида “ортиқча вазнли ёшларни кўрсам, ғашим келади”, деган эди. Айтиш керакки, бугунги китобхон ҳам ҳеч бир вазнга тўғри келмайдиган “ижод намуналари” ўрин олган “ортиқча вазн”ли китоблардан зерикиб бормоқда.

Дарвоқе, юқорида Аҳад Қаюмнинг шеър ёзишга уринишлари билан боғлиқ рақамларни санашдан мақсадимиз – унинг машқларига оид айрим фикрларни айтиш эди, холос.

 

Шерали КАРВОНЛИ

 

“Ҳуррият” газетаси сайтидан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.