Тажнис

0
1623
марта кўрилган.

Тажнисни “жинос” ҳам дейишади. “Тажнис” нинг маъноси “бирор нарса билан ўхшаш бўлмоқ”дир. Жинос эса “ҳамжинс” деган маънони билдиради. Атама сифатида у талаффуз ва шаклда бир-бирига яқин бўлган сўзларни турли маъноларда қўллашни англатади.

 

Бўюнг сарв-у санубартек, белинг қил,

Вафо қилғон кишиларга вафо қил.

(Хоразмий)

 

Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”сидан олинган ушбу байт мисраларидаги охирги сўзлар шаклан бир хил. Аммо улар ҳар икки мисрада бошқа-бошқа маънони англатмоқда. Дастлабки “қил” – “ингичка, нозик” маъносини билдирса, кейингисида у “қилмоқ” феълини англатади.

 

Эй бағритош, кўнглум эвин айлама хароб,

Ким суратинг чизилмиш анинг ич-у тошинда.

 

Бу ерда “тош” дастлаб “бағир” билан боғланиб меҳрсизликни ифодаласа, кейинги ҳолатда у “ичкари” ва “ташқари” маъносида келмоқда.

Лутфийнинг қуйидаги байтида ҳам тажнисдан ниҳоятда юксак маҳорат билан фойдаланилган:

 

Юз очғил, кўз сени тўйгунча кўрсин,

Неча бўлғай бу кўзим мунтазир, оч.

 

Биринчи мисрадаги “оч” – “кўрсатмоқ” маъносини беради. Кейингисида эса у “ташна” ўрнида келяпти. Шаклдош сўзлардаги маъно товланишлари байтга ўзгача руҳ бериб турибди.

Мумтоз адабиётимизда тажнисга таянадиган махсус жанр ҳам шаклланган. У туюқдир. Туюқнинг тўрт мисрасидан учтасида тажнис қўлланади:

 

Кўз ёшим тупроқ ила гар қотила

Келмагайман жавридин, ҳаққо, тила.

Ғамзаси ўлтирди-ю, ул бехабар,

Мен агар ўлсам, не ғам ул қотила.

(Лутфий)

 

Бу туюқнинг биринчи мисрасида кўз ёшининг тупроқ билан аралашиш (қотилмоқ) ҳақида сўз бормоқда. Кейинги мисрада эса жаврнинг кўплигидан тилга келмаслик, яъни гапиролмаслик, ўзини йўқотиш ҳолати қайд этилган. Бу ерда тажнисни ҳосил қилиш учун иккита сўздан: “ҳаққо сўзининг “қо” бўғини ҳамда “тила” сўзининг ёндош турган ҳолатидаги шаклидан фойдаланилган. Охирги мисрада эса гўё қотил – одамни қатл этган киши тўғрисидаги фикр бор. Демак, бу ўринда тажнислар янада бошқача кўринишда намоён бўлмоқда. Биринчи ва охирги мисраларда “қотила” ёзув шаклига кўра ҳам бир хил. Аммо иккинчи мисрада у “ҳаққо” сўзининг охирги бўғини билан “тила” сўзининг қўшилишидан сўнг олдинги шаклга уйғунлашмоқда. Кўриниб турганидек, бундай ҳолларда сўзнинг талаффуз хусусиятлари асосий ўрин тутади.

 

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.