Таъдид

0
4778
марта кўрилган.

Таъдид тўғрисидаги маълумотларни классик поетика ҳақидаги манбаларнинг кўпларида учратиш мумкин. Бу маълумотларда у турли номлар билан юритилган. Масалан, сиёқат-ул аъдод (“Арузи Ҳумоюн”, “Бадоеъ ус-саноеъ”, “Латойиф ат-тавоиф”, “Жамои мухтасар”, “Раҳнамойи адабиёти форсий”), таъзил (“Бадоеъ ус-саноеъ”), шумур (“Санъатҳойи бадеъйи дар шеъри тожикий”), эъдод, таъдид, теъдод (“Илми бадеъ дар забони форсий”) шулар жумласидандир.

Бу усулнинг гўзал намуналарини сўз усталарининг деярли барчасида учратиш мумкин. Жумладан, Аҳмад Яссавий ўзининг бадиий ниятини алоҳида таъкидлаш учун шу санъатдан фойдаланади:

 

Дардга тўлдинг, ғамга тўлдинг, телба бўлдинг,

Ишқ дардини сўрсанг ҳаргиз дармони йўқ.

 

Биринчи мисрага эътибор берилса, худди биринчидан, иккинчидан, учинчидан тарзидаги саноқ оҳанги сезилади. Айни мана шу тарз унга алоҳида таъсирчанлик бағишлайди.

Таъдиднинг муҳим хусусиятларидан бири шуки, у фикрий ривожни, кетма-кетликни, тадрижийликни англатади:

 

Ўқи бу Лутфий мунглуқ ниёзномасини,

Савоб-у олқиш-у юз минг дуо керак бўлса.

 

Бу ўринда Лутфий савоб, олқиш, дуо сўзларини кетма-кет санаш орқали ушбу санъатни ҳосил қиляпти.

Таъдидда, асосан, саноқ сонлар иштирок этиб, тартиб сонлар нисбатан кам қўлланади, шунингдек, бу вазифани саноқ ва тартибни кўрсатувчи сон, олмош ва равишлар ҳам бажаради.

Таъдид грамматик ўзаро боғланишларнинг бир хил туридан кетма-кет фойдаланиш орқали ҳам юзага чиқиши мумкин:

 

Таълим гулчеҳра наргис кўзлилар бор,

Шакар дудоғли, ширин сўзлилар бор.

(Хоразмий)

 

Бугина эмас, бир хил грамматик ўзаро боғланишлар такрори кўпинча шеърий мусиқани кучайтириб юборади. Ҳозирги мисолимизда ҳам бу ҳолат кузатилади. Унда тўлдирувчилар тилингни, кўзингни, бўғузни сўзлари ўзига хос ички қофияларга яқинлашади, кесимлар эса (кўдазгил) радиф вазифасини адо этяпти. Бу ички қофия ва радифлар байтнинг ритмик оҳангдорлигини ёки бошқача қилиб айтсак, мусиқий бўёғини таъминлаяпти.

 

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.