Сунбулин Лайло очиптур…

0
601
марта кўрилган.

Сунбулин Лайло очиптур, ел абиросо эмас,

Доғини Мажнун қонатмиш, лолайи ҳамро эмас.

 

Настаран кўзгусида бир сари мен, бир сари ёр

Чеҳра аксин кўргузуптурбиз гули раъно эмас.

 

Гулни ўхшатқан учун ёримға гўё боғ аро,

Музтариб кўнглум қушидур, булбули шайдо эмас.

 

Сунбул устидин насим эскач, нигорим туррасин

Ёд қилдимким, димоғ ошуфтадур, савдо эмас.

 

Наргис олтун жомининг оллида кофурий ҳарир

Пардайи жонимдурур марҳун, қадаҳполо эмас.

 

Дема, афғонимда булбул ноласидек йўқ нишот,

Бу ҳам андуҳзо эмас, гар ул нишотафзо эмас.

 

Гулни сарв узра хаёл эттим кўнгул бўстонида,

Рост айтай: сарви гулрўюм кеби зебо эмас.

 

Бўлмангиз мағрури ҳусн, эй шўхларким, боғ аро

Сиз кеби билтурғи гуллардин бири пайдо эмас

 

Манга гулрух соқию булбулға гул тутти қадаҳ,

Маст эрур ул ҳам Навоийдек, вале расво эмас.

 

(“Ғаройиб ус-сиғар”, 228 ғазал)

 

 

Луғат:

 

Абиросо – анбардек хушбўй

Лолайи ҳамро –  қизил лола

Настаран – гул номи, сирень

Музтариб – изтироб чекувчи, паришон, бетоқат, беқарор

Турра – кокил, соч ўримлари; зулф

Ошуфта – гирифтор, девона, ошиқ

Кофурий – оқ хушбўй модда (кофур)га ўхшаш

Марҳун – гаровга қўйилган, гаровга берилган

Қадаҳполо – май сузгич

Нишот – шодлик, хурсандлик

Андуҳзо – ғам орттирувчи, қайғу келтирувчи

Нишотафзо – хурсандлик пайдо қилувчи

Билтурғи – бултурги,  ўтган йилги

 

 

Байтларнинг насрий баёни

 

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи

 

  1. Таралаётган хушбўй ҳидни шамол келтираётгани йўқ, балки Лайло ўз сунбул сочларини ёйган, тоғда очилган қизил лола эмас, балки уни Мажнуннинг қони қизартирган.
  2. Настарин гулининг кўзгусида аслида бир томондан мен, бир томондан ёрим туриб, чеҳранинг аксини намоён қилганмиз, бу асло раъно гулининг акси эмас.
  3. Боғ ичра ёримни гулга ўхшатгани учун бетоқат ва беқарор бўлган қуш бу кўнглим қушидир, булбули шайдо эмас.
  4. Сунбул гулининг устидан шамол эсгач, нигоримнинг кокилини ёдга олдим ва димоғим ошуфта, яъни ақлим паришон бўлди, бу асло касалликдан эмас.
  5. Наргис гулининг олтин жоми олдида менинг жоним гаровга қўйилган ҳарир пардага ўхшайди, буни сиз май сузгич деб ўйламанг.
  6. Фиғонларингда булбулнинг ноласидек шодлик йўқ, деб айтма, агар унинг ноласи хурсандлик пайдо қилмаса, менинг фиғонларим ҳам қайғу келтирувчи эмас.
  7. Кўнглим бўстонида гулни сарв устида деб тасаввур қилиб кўрдим, лекин ростини айтсам, у менинг гул юзли сарвқомат ёримдек зебо эмас экан.
  8. Эй шўхлар, ҳуснингизга бу қадар мағрур бўлманг, боғ орасида сиз каби бултурги гул йўқ.
  9. Менга гул юзли соқий, булбулга эса гул қадаҳ тутди, у ҳам Навоийдек маст, лекин у каби расво эмас.

 

Ғазалнинг умумий маъно-моҳияти

 

Ушбу ғазал мавзусига кўра ошиқона бўлса-да, унда табиат тасвири ёр гўзаллиги ва ошиқ руҳий ҳолати таърифи билан уйғунлашиб кетган, шу маънода у кўпроқ пейзаж йўналишидаги шеърларни эслатади. Ғазал услубан таъриф ва тавсифнинг умумлашмасидан иборат: унда инсоний сифатлар ҳам, табиат манзаралари ҳам, ошиқнинг изтиробли туйғулари баёни ҳам бирдай oбъект бўлиб хизмат қилган.

Ғазалнинг ўзига хослиги ва Навоий даҳосининг буюклиги шундаки, унда зоҳирий ва ботиний маънолар, яъни мажозий ишқ ва илоҳий ишқ тасвири бир-бирига қарама-қарши қўйилмайди, аксинча, ҳар икки маъно бир- бирини тўлдириб, уйғунлашиб кетади. Бошқача қилиб айтганда, бир ғазалнинг ўзида мажозий ишқ тасвиридан илоҳий ишқ тасвирига ёки аксинча ҳолатга ўтилади, китобхон гоҳ бу маънодан, гоҳ у маънодан, гоҳ ҳар иккисидан завқлана олади (Нажмиддин Комилов)

Ғазал матлаъсида мумтоз адабиётдаги анъанавий ошиқ-маъшуқ образлари лирик қаҳрамон ва унинг севгилиси тимсолини ифодалаб келади, унга кўра баҳор фаслида ҳавонинг гуллар воситасида хушбўй ҳид таратиши ­табиат ҳодисаси бўлмай, балки Лайлонинг сунбулдек сочидан таралган ифордандир. Тоғ бағридаги қизиллик ҳам Лайло ишқида кўкси яра бўлган Мажнуннинг қонидан, лолаларнинг қип-қизил бўлиб очилиб ётишидан эмас.

Навбатдаги байтда гули раъно ва унга хос тасвир тимсоли етакчилик қилади:

 

Настаран кўзгусида бир сари мен, бир сари ёр

Чеҳра аксин кўргузуптурбиз гули раъно эмас.

 

Унга кўра, ошиқ ва маъшуқа чеҳрасининг кўзгудаги акси раъно гулини эслатади. Савол туғилади: нима учун айнан раъно гули? Чунки раъногулда қизил ва сариқ ранг омухта бўлган. Шоир гулдаги бу хусусиятни ҳисобга олиб, унинг қизиллигини ёрнинг чеҳрасига, сариқ рангини эса ўзининг заъфарон юзига қиёс қиляпти. Байтнинг ботиний маъноси ҳам бор. Раъногул  тасаввуфда улуғвор гўзаллик, мутлақ жамол (Яратган)нинг рамзини ифодалайди. Шунга асосланиб, байтни қуйидагича талқин қилиш ҳам мумкин:    

Настарин гулининг кўзгусида бир томондан мен, бир томондан ёрим туриб, чеҳранинг аксини намоён қилганимиз, лекин бу ҳали раъно гули дегани эмас, яъни ҳақиқий ишқнинг мазҳари эмас: ҳали бизнинг ишқимиз мажозий бўлиб, комиллик касб этгани, яъни камолотга эришгани йўқ.

 

Сунбул устидин насим эскач, нигорим туррасин

Ёд қилдимким, димоғ ошуфтадур, савдо эмас.

 

Байтнинг зоҳирий маъносига кўра, сунбул гулининг устидан шамол эсгач, нигоримнинг кокилини ёдга олдим ва димоғим ошуфта, яъни ақлим паришон бўлди, бу асло касалликдан эмас.

Ботиний маънога кўра, тасаввуфда зулф паришонлик ва ҳижрон рамзи.

Шу сабабли ошиқнинг ҳоли паришон, ўзи девонаваш. Бу девоналик касалликдан эмас, демоқчи шоир, балки ишқ туфайлидир, зеро ақл жунуни билан ишқ жунунининг фарқи бор.   

Бешинчи байтда чиройли поэтик тасвирга гувоҳ бўламиз:

Наргис олтун жомининг оллида кофурий ҳарир

Пардайи жонимдурур марҳун, қадаҳполо эмас.

 

Байтдаги тасвирга кўра, наргис гулининг олтин жоми ёнида турган нарса май сузгич эмас, балки ошиқнинг гаровга қўйилган нозик жонидир. Ушбу тасвирни конкретлаштиришга ҳаракат қиламиз. Маълумки, мумтоз адабиётимизда наргис гули кенг қўлланилган тимсоллардан бўлиб, у кўпроқ ёрнинг кўзига нисбат берилган. Ушбу ғазалда эса наргис гулининг косаси олтин қадаҳга ўхшатилган. Наргис гули баҳор фаслида гуллаган вақтида, поясининг пастки қисмидаги бандли, патсимон оқ рангли барг­лари қуриб қолади. Шоир бу ўринда ана шу баҳорий ҳодисага ишора қилади: наргиснинг олтин жоми олдида турган оқ хушбўй баргларини май сузгич деб ўйламанг (қадимда майни унинг қуйқаси, яъни дурдидан тозалаш учун усти оқ нафис мато ёки докадан ўтказиб, сузганлар), у менинг гаровга олинган нозик жонимдир. Одатда, гаровга олинган нарса, омонат бўлади, шоир ушбу омонатлиликни наргиснинг гуллагандан ке­йин қуриб, тўкилиб кетадиган нимжон баргларига ўхшатяпти. Ошиқнинг жони ишқ йўлида шунчалик омонат…

Мақтаъдан аввалги байт навоийёна фалсафанинг бадиий талқинини ўзида акс эттиради:

 

Бўлмангиз мағрури ҳусн, эй шўхларким, боғ аро

Сиз кеби билтурғи гуллардин бири пайдо эмас.

 

Бу дунё ва ундаги гўзалликлар ўткинчи, улар билан мағрурланиш ярамайди, боғда ҳам ҳар йили янги гуллар очилади, аввалги гуллардан келаси йил ном-нишон ҳам қолмайди, шундай экан, инсон ўткинчи нарсаларга алданиб қолмаслиги, ўзини ҳақиқий ишқ учун тайёрламоғи керак.

Мақтаъ ғазалнинг аввалги байтларига хулоса тарзида янграйди:

 

Манга гулрух соқию булбулға гул тутти қадаҳ,

Маст эрур ул ҳам Навоийдек, вале расво эмас.

 

Менга гул юзли соқий, булбулга эса гул қадаҳ тутди, у ҳам Навоийдек маст, лекин у каби расво эмас. Ирфон тилида соқий маърифат майини тарқатувчи, булбул эса ишқ йўлида афғон чекувчи, сукр йўлидаги ошиқ солик  (ишқини фарёд чекиб изҳор қилувчи) тимсолини ифодалайди. Демак, байтдан келиб чиқадиган умумий хулоса:  Булбул ишқ тўла қадаҳни гулдан олаётган бўлса, ошиқ маърифат майини пири комил қўлидан оляпти. Булбул ҳам ишқ йўлида маст, лекин унинг ишқи лирик қаҳрамон даражасида эмас, у ҳали Навоийдек расво бўлгани йўқ, зеро ошиқликнинг  камоли ишқ йўлида қанчалик “расво” бўлганлиги билан белгиланади. 

Умуман олганда, ушбу ғазал реал инсоний кечинмалар тасвири билан бирга ҳақиқий ишқ йўлида мутлақ Гўзаллик мазҳарини излаш йўлидаги ошиқнинг мақом босқичларидаги ҳолатларини ҳам ўзида акс эттиради.

Ғазал рус тилига мутаржим Адель Чилякова томонидан таглама сифатида таржима қилинган.

 

Мутаржим ғазални эркин таржима қилиш йўлидан борган: бу бевосита қофияланиш тизими, таржима мисраларидаги бўғинлар сонининг турличалиги ва шу билан бирга маъно эркинлигида ҳам намоён бўлади.  Кўп ўринларда мутаржим байтларнинг мазмунидан кўра умумий маъно-моҳиятини бериш йўлидан боради. Хусусан, ғазалнинг 7-байти А.Чилякова таржимасида қуйидагича жаранглайди:

 

Я знаю: чем дано мне вечно обладать

Прекраснее того, о чём могу мечтать.

 

Шунга ўхшаш фикрни 8- ва 9-байтлар таржимасига нисбатан ҳам айтиш мумкин.

 

                           Ғазалнинг русча таглама таржимаси

 

 Таржимон – Адель Чилякова[1]

 

То аромат распущенных волос Лейли

Вгоняет в краску не тюльпан, а кровь Меджнуна.

 

То в совершенстве розы отразились

Моя любовь и зреющие прелести бутона.

 

Не трели соловья среди садовых роз –

Здесь плачет сердце раненое красотою.

 

Зефир донёс напоминание её волос,

Я вновь безумствую от сладких грёз.

 

Под золотом нарцисса сухие лепестки,

Залог моей любви, наполненной тоскою.

 

Не говори, что не  могу смеяться или плакать,

Мой плач без боли, в смехе – грусть порою.

 

Я знаю:  чем дано мне вечно обладать,

Прекраснее того, о чём могу мечтать.

 

Минует осень, и не пощадит сад иней,

И розы сникнут на его пороге.

 

В залоге красоты пьянеет соловей,

А Навои пред таинством любви благоговеет.

 

Ғазалнинг инглизча таржимаси

 

Таржимон – Аъзам Обид

 

 

It’s not wind that smells of musk, it’s Leila who unbound hair,

Not red tulips on the mount, it’s Mejnun’s blood in despair.

 

On one side – me, on the other – my beloved in lilac’s mirror,

We reflected our visage, that’s not at all a rose-briar.

 

It’s my afflicted souls’ bird, not the enchanted nightingale

Who – the flower in the garden – to my sweetheart would compare.

 

When the wind blew over the hyacinth, I called to mind my sweet’s braid,

I became insensible; indeed it’s not from love affair.

 

Before the jonquil’s golden cup my spirit is like fine curtain

Which is taken as a hostage, it’s not the wine straining tool ware.

 

Don’t say no joy in my distress like in nightingale’s sad singing,

If its wail does not bring gladness, my wound too is not a nightmare.

 

In my heart orchard I fancied over the cypress the flower,

In truth, to tell the flower’s finer than my belle would be unfair.

 

Hey, good-lookers in the parkland, don’t be proud of your beauty,

Of the last year’s flowers like you, where are they, no one’s aware.

 

The beauty passed a bowl to me and the rose to the nightingale,

Who is as drunk as me, Navoi, but not like me up in the air.

 

“Жаҳон адабиёти”, 2018/1

 


[1]* Биз айни кунларгача Алишер Навоий ғазалларини кўп бора назардан ўтган, ХХ асрда эълон қилинган русча таржималарни эътиборингизга ҳавола этдик. Бу сондан бошлаб Навоий шеъриятининг янги таржимонларини ҳам бу ишга жалб қилиб, буюк шоирнинг ҳали рус тилига таржима қилинмаган ғазалларини ўгиришга жазм этдик. Бадииятида турли шаклий, вазний ва ифодавий камчиликлари кўриниши мумкин бўлган бу таржималар дастлабки тажрибалар маҳсули бўлиб, бадиий таржимага асло даъво қилмагани ҳолда, шоир ижодини русийзабон қатлам орасида янада кенгроқ тарғиб этишга хизмат қилади. Ниятимизки, мазкур таглама монанд таржималар келгусида юксак бадиий таржималарга асос бўлса. Бу сонда таниқли ижодкор Адель Челякова бизга ёрдам бердилар.

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.