Шоирнинг бадиий олами

0
490
марта кўрилган.

Улуғ ёзувчилар тарихига назар ташласак, истеъдоднинг туғилиши ҳар кимда ҳар хил кечганини кўриш мумкин.

Кичкинтойларнинг севимли шоири Турсунбой Адашбоев сўзни сўзга жуфтлаб, ўз ҳайратию бор ғайратини қоғозга тушира бошлаганида 12-13 ёшларда бўлганини соғинч билан хотирлайди.

“Камолнинг олмаси” номли илк шеърий тўплами эълон қилинганида у ҳали ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) талабаси эди.

Тинимсиз ижодий изланишни ўзи­нинг аъмоли деб билган шоир Мос­квадаги Олий Адабиёт институтида таҳсил кўриб, жаҳон болалар адабиётининг нодир намуналари би­лан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Собиқ иттифоқ худудидаги тенгқур болалар шоирлари ва таржимонлар билан ижодий баҳс-мунозараларда қат­нашиб, тобланди.

Т.Адашбоев ижодининг етакчи хусусияти ҳақида гап кетганда, энг аввало, эришган ютуқлари билан хотиржамликка берилмаслиги, беҳаловат изланувчанлигини алоҳида тилга олиш жоиз. Негаки, айрим ижодкорлар маълум даражага эришгач, маҳоратини ошириш устида бош қотирмайди, натижада ўз-ўзини такрорлашдан нарига ўтолмай қолади. Т.Адашбоев бу йўлнинг ижодкор учун ғоятда хатарли эканини чуқур ҳис этади.

Ижодий хотиржамликка берилиш, ўз қобиғидан ташқари чиқа олмаслигини бадиий маҳорат кушандаси деб билган шоир бадиий ижодда ҳам ўз эътиқодига қатъий амал қилади. Агар унинг “Камолнинг олмаси”, “Биз саёҳатчилар”, “Олатоғлиқ бўламан”, “Сурнай”, “Арслонбоб шаршараси” тўпламларига кирган беғубор болалик, Ватан, она табиат ҳақидаги талай шеърларида анъанавий тасвир услубининг улуғворлик қилиши кўзга ташланса, сўнгги йилларда эълон қилинган “Уч бақалоқ ва сирли қовоқ”, “Орзуларим – қўш қанотим”, “Олтин ёлли тулпор”, “Латифбойнинг лофлари” каби китобларидаги аксарият асарларида ҳайрат аралаш енгил юмор ва ўйин воситасида ўзига хос эзгуликка йўғрилган ҳаёт фалсафасининг болаларбоп тилда, аммо катталарни ҳам ўйлашга ундайдиган тарзда ифодаланишини ўз устида ишлаш, тинимсиз изланишлар маҳсули, деб баҳолаш мумкин.

 

Тўрғай ётар тухум босиб,

Шувоқ билан сирлашиб.

Қора қўнғиз соққа ясаб,

Дўнгга тортар тирмашиб.

Юмронқозиқ серҳадик

Иш битирар югуриб.

Суғур арча остида

Турар тасбеҳ ўгириб.

Чигирткалар қамишдан

Най ясайди – кертади.

Кўкандаги бияга

Сўна дутор чертади…

“Толди булоқ”

 

Тухум босиб ётган тўрғайнинг шувоқ билан сирлашишию қора қўнғизнинг соққа ясаши, юмронқозиқнинг ҳадиксираб, аланглаб юришию суғурнинг арча остида тасбеҳ ўгириб ўтириши, чигиртканинг қамишдан най ясашию сўнанинг бияга дутор чертиши – дала-даштдаги табиат манзарасининг ундаги жонзотлар мисолида бадиий образли сувратлантирилиши кичик китобхон қалбида ёрқин ҳислар туғдиради, тасаввурини, онгу шуурини она табиат кўринишларига боғлайди. Катта ёшли китобхон эса ўша манзара-ҳолатларни неча марталаб кўрган, кузатган, гувоҳи бўлган эса-да ўз эътиборсизлигидан ҳайратга тушади. Лирик қаҳрамоннинг синчков нигоҳи, табиатга илиқ муносабати унга ҳам кўчади.

Шуниси муҳимки, ўша табиат, ўша юрт – унинг Ватани. Ўқувчида мана шундай кайфият туғдириш ундаги Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларига жон бағишлайди.

“Уйимиз совуқ эди, – деб ёзади шоира Кавсар Турдиева. – Ҳали “дом” иситила бошламаганди. Кичик ўғлим эса дераза ойнасига бўёқлар билан қип-қизил қуёшнинг расмини чизибди. Нимагадир Турсунбой Адашбоевнинг “Жўнатаман қуёшни” шеъри эсимга тушди. “Жўнатаман қуёшни, мен келгуси хатимда”, деб якунлаган шеърида Турсунбой аканинг ижодига хос бўлган психологизмлар ва миллий руҳ бўртиб кўринади.

Болалар ёзувчисининг маҳорати – бу фақатгина дунёни болалар кўзи билан кўриш ва идрок этишгина эмас, балки бу идроки кенг ўқувчилар оммасига ана шу тарзда намоён қилишдир”.

Назаримда, Т.Адашбоевнинг бадиий маҳорати ҳам айнан дунёни болалар кўзи билан кўриши, идрок этиши ва уни ўқувчига шу тарзда етказиши билан белгиланади. Боғбонларнинг дов-дарахтларнинг соч-соқолини қийиши, оқланган дарахтларнинг оппоқ пай­поқ кийиши (“Ҳашарда”), баҳорнинг қишни бурнидан тарновга осиб қўйиши (“Сумалак”), чақмоқнинг кўкда ёнғоқ чақиши (“Баҳор келгач”), Асқар тоғдан тушаётган сувнинг қояларда янчилиши, қарағайнинг кўкка санчилиши, қорли чўққининг қирғиз тумоғига ўхшатилиши (“Саричелак”), айиқнинг пиймасини ивитишию қуён­нинг оқ тивитдан ўзига пўстин тикиши, яшил тароқ арчаларнинг шамолнинг сочларини тарашию оқ яктакли қайинларнинг зарбалдоқ тақиши (“Қиш”) аслида болаларча тасаввур ва идрок маҳсулидир.

Т.Адашбоевнинг болалар шоири сифатидаги ижодий такомилида фольклор асарларининг ифода услубию Қудрат Ҳикмат, Султон Жўра, Зафар Диёр сингари устозлар ибрати, жаҳон болалар адабиётининг ижодий анъаналари битмас-туганмас илҳом манбаи, тажриба мактаби вазифасини ўтайди. Шунинг учун ҳам устозларини “мени тарбиялаб вояга етказган боғбонлар”, дея эъзозлаб тилга олади, жаҳон болалар шеърияти намояндалари ижодини эса “мен сув ичган чашмалар” дея ҳурмат билан таъкидлайди.

Инсон табиат фарзанди сифатида болалигидан бошлаб унинг сир-синоатини билишга қизиқади. Майса-кўкатлару дов-дарахтларнинг ниш уриб кўка­ришидан тортиб, то югуриб-қовжираб қолгунигача бўл­ган даврдаги турфа ҳолатлари, умуман, қуёш, сув, тупроқ, ҳаво уйғунлигининг ўзига хос қонунияти азалий муаммо тарзида инсониятни болалигидан қизиқтириб келади.

Қуддус Муҳаммадий ва Қудрат Ҳикматларнинг табиатдаги ана шундай сир-асрорлар тасвири билан боғлиқ ижодий анъаналарини изчил давом эттириб келаётган Турсунбой Адашбоев асарларида табиатдаги ҳар бир ҳолат-манзара мўъжизакорлик касб этади. Баҳор элчиси бўлган бойчечак ўзини офтобнинг парчаси деб билади. Куз фаслида “оқ яктакли қайинлар” зар балдоқлар тақади, зарғалдоқлар чағчағлаб қуш­ларга гап тайинлайди.

Шоирнинг “Соғиниш” шеърида ёмғир ёғиши манзараси ҳар нарсага қизиқувчи бола тилидан ўзгача қиёслар билан келтирилиши туфайли кичик китобхон қалбига ҳайрат туйғусини солиши табиий:

 

Куни билан,

Туни билан

Ёмғир эзиб ёғади.

Булутларни табиат

Эринмасдан соғади.

 

Кўча-кўйлар ялтирар

Тухумдайин арчилиб.

Кўкнинг туби тешилганми,

Томчи тушар янчилиб.

 

Қ.Ҳикматнинг юқорида тилга олинган “Қиш тўз­ғитар момиқ пар” шеърида қор ёғиши қишнинг булут тўшагини саваши туфайли момиқ парга ўхшатилиши билан Турсунбой Адашбоевнинг “Соғиниш” шеърида ёмғир ёғиши табиатнинг булутларни соғишига ўхшатилиши ўртасида ҳам устоз-шогирдлик адабий алоқаларининг ижобий натижасини кўриш мумкин.

Атрофимиздаги турфа олам манзараларини бе­ғу­бор болалик тасаввури билан идрок этиш, ундан ўзи учун мутлақо янги бир мўъжиза кашф қи­лиш, энг муҳими, китобхонни ҳам шунга ишонтириш маҳо­ратини эгаллашда Турсунбой Адашбоев ўз эътиқодига содиқ шогирд сифатида қалам суради. Жумладан, баҳорда ёмғирнинг ерни ийдириши, яшил чакмон кийдириши ҳақида мустақил фикрга эга лирик қаҳрамон бетизгин хаёллари билан ҳамма нарсани ҳаракатда деб билади:

 

Баҳор кўйлак кийдирди,

Кўк эгнига булутдан…

 

Турсунбой Адашбоев Султон Жўранинг қаламига мансуб “Тиниш белгиларининг мажлиси”, “Кимнинг хати чиройли?”, “Ҳарфлар паради” каби асарлардан илҳомланиб “Менинг саволим”, “Топқир бўлсанг”, “Бобо, қанча ёшдасиз?”, “Чуғурчуқ”, “Топишмоқли алифбе” каби маърифий-тарбиявий характерда қатор шеърлар яратди. Лекин уларнинг ҳеч қайсиси тақлид характерида бўлмасдан, шоирнинг кичкинтойларга айтиш зарур деб билган ўй-фикрлари, ўзига хос “ҳикмат”лари маҳсули саналади.

Болалар адабиётининг кичкинтойларни олам жумбоқлари, табиат мўъжизалари билан таништирувчилик-тарбияловчилик айнан шу ўринда кўзга ташланади.

Шоир табиатга муҳаббат ғоясини “Шанбалик” шеърида боғбонларга ҳашар йўли билан ёрдам берган болалар меҳнатини тасвирлаш орқали ифода этса, “Арқитда”да фусункор она табиатни топтаб, как­ликларга қирон келтирган овчига нафрат изҳор этиш йўли билан баён қилади.

“Шанбалик” шеъри боғбонларга ҳашар йўли билан ёрдам берган болалар тилидан ёзилган. Шеър қаҳрамонлари ўз меҳнатлари самарасидан мамнун. Бу мамнунлик уларнинг тасаввурларини янада бойитади. Болаларнинг кўзига боғбонларнинг дов-дарахтлардаги ортиқча шох-шаббаларни буташи соч-соқолини олишга, дарахтлар танасининг оқлангандан кейинги ҳолати оппоқ пайпоқ кийганга ўхшаб кўринади. Бу ўхшатиш шеърнинг таъсирчанлигини оширади, уни узоқ вақт эсда сақлаб қолишга ёрдам беради.

Болаларнинг олам жумбоқларини тушунишида нарса-буюмларни таққослашнинг муҳим восита бўли­ши инобатга олинса, шоир келтирган ўхша­тиш­ларнинг аҳамиятини англаш қийин эмас.

Шоир “Арқитда” шеърида табиатнинг фусункор манзарасини чизади. Унинг наздида тоғдаги тинч ҳаёт табиат гўзаллигига монанд, бу гўзалликка алоҳида файз бағишлайди:

Бурқир арча буроғи

Ўрмон яшил, қир яшил.

Суғур ухлар хотиржам,

Юмронқозиқ дон ташир.

 

Сокин ва тинч ҳаёт какликларга отилган ўқ овозидан бузилади. Бундан фақат какликлар эмас, балки бутун табиат норози: “Тоғу тошлар асабий, арча ёнар тутақиб”.

Бизнингча, бу ерда овчини сўкиб, лаънатлаб ўти­ришнинг ҳожати йўқ. Кичик китобхон шусиз ҳам тоғу тошларнинг асабийлиги ва арчанинг туташидан овчининг ёвуз қилмиши тўғрисида маълум хулосага келади.

Кўринадики, шоир кичкинтойлар қалбида она юртга муҳаббат уйғотишда унинг гўзаллигини мадҳ этиш ёхуд табиий бойликларни санаш йўлидан бормайди. Аксинча, бу муқаддас туйғуни дов-дарахтларни парваришлаб яшнатишга оз бўлса ҳам ҳисса қўшган болаларга меҳри, табиат бойликларини пайҳон қилган овчига нафрати орқали ташвиқ этади.

Т.Адашбоев ижодига хос хусусиятлардан бири бадиий соддалик ва қисқаликка интилиши билан белгиланади. Шоирнинг “Турист”, “Холис хизмат”, “Космонавт”, “Ўйин топмай”, “Инсоф талаб”, “Ёрдам сўраб”, “Ўлжа”, “Ким полвон?”, “Латифжоннинг лофлари”, “Аямади мўйлабин”, “Буғдой бошоғи”, “Оқ ёл”, “Олтин ёлли тулпор қиссаси” каби кўплаб асарлари бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, “Турист” шеърида ўргимчакни сафар халта орқалаган туристга ўхшатиш орқали кўз ўнгимизда ҳаммага таниш жонли манзарани суратлантиради.

 

Сафар халта орқалаган туристдек,

Дор катаги асфальт йўлдан дурустдек

Зир йўрғалар ўргимчак,

Ғир йўрғалар ўргимчак.

 

Ўргимчак – турқи совуқ ҳашарот. У бехос кўзи тушган ҳар қандай кишини сескантиради. Шоир шеърнинг иккинчи тўртлигида ўргимчакнинг ҳаёт тарзига ишора қилиш билан кичик китобхоннинг у ҳақдаги дастлабки нохуш тасаввурини ўзгартиради:

 

Тўр халтага пашша, чивин жойланиб,

Ўзи чизган “ер шари”ни айланиб,

Зир югурар ўргимчак,

Ғир югурар ўргимчак.

 

Бу ерда ўргимчак тўқиган тўрнинг Ер шарига ўхшатилиши шеърнинг образлилигини янада оширади. Ҳар иккала тўртликнинг охирги мисраларидаги (“Зир югурар ўргимчак”) оҳангдорлик, қисқалик, образлилик кўз ўнгимизда ўргимчакнинг чопиб юрган ҳолатини кўзгудагидек аниқ гавдалантиради.

Ифоданинг қисқа ва нафислиги жиҳатидан ажралиб турадиган “Холис хизмат” шеърига асос бўлган материал бутун бошли бир эртак бўлиши мумкин.

Қари эчкини кана босди. У йўқлагувчи ҳеч кими бўлмаганлигидан Чуғурчуққа бориб, канасини териб қўйишини илтимос қилади. Чуғурчуқ Эчкининг илтимосини бажаради-ю, хизмат ҳақига келтирган оқ тивитни қайтариб юборади. Эчки энди туёқларидан андоза олиб, ўша тивитдан тўртта қўлқоп тўқийди. Чуғурчуқ қўлқопларнинг у ёқ-бу ёғини кўздан кечириб, болаларимга ин бўлар дея олиб қолади ва Эчкига раҳмат айтади.

Бор-йўғи ўн икки мисралик бу шеърдаги қўлқоп де­тали шоирнинг муҳим топилмасидир. Эчкининг ту­­ёқ­­­ларидан андоза олиб тўқиган қўлқопи, табиийки, чу­ғурчуқ инини эслатади. Қўлқоп билан ин ўр­та­­сидаги бундай ўхшашлик асарни ҳаётга янада яқин­лаштиради.

Айтиш жоизки, болалар адабиётининг тарбиявий моҳиятини бир ёқлама тушунган талай ёзувчилар ижодида панд-насиҳат алоҳида ўрин тутади.

Т.Адашбоев ижодининг ютуғини таъминлаган омиллардан бири панд-насиҳатга йўл қўймаслик, аксинча болаларнинг бетизгин хаёлларига озиқ берувчи, тасаввурларини бойитувчи асарлар билан белгиланади десак хато бўлмайди.

Бугунги болалар шеъриятининг етакчи дарға­ларидан Турсунбой Адашбоев нафақат шеърий ижо­ди, балки Рустам Назар, Эрпўлат Бахт, Зафар Исо­миддин, Содиқжон Иноятов, Дилмурод Жаббор, Ху­дойберди Комилов, Маъмур Қаҳҳор, Қўзи Исмоил, Нурилло Остон каби кенжа авлод болалар шоирларининг ғамхўр маслаҳатгўйи сифатида ҳам талай ибратли ишларни амалга оширмоқда. Уларнинг янги китобларига вақтли матбуот саҳифаларида тегишли муносабат билдиради, лозим топганларига хат билан мурожаат қилиб, кичкинтойларни алдамасликка даъват этади.

Жаҳон болалар шеъриятининг талай намуналари Т.Адашбоев таржимасида кенг китобхонлар оммасининг адабий мулкига айланган. Уларнинг ичида К.Чуковскийнинг “Ювин, дўмбоғим”, “Мойдодир”, С.Маршакнинг “Аҳмоқ сичқонча ҳақида эртак”, “Тентак овчи”, “Доно сичқон ҳақида эртак”, С.Аксёновнинг “Сеҳрли қизил гул”, В.Берестевнинг “Кўлмакдаги суратлар”, “Ўқишни билсанг ўзинг”, Б.Заходернинг “Самовар”, “Бўри мақтаса…”, Н.Думбадзенинг “Кетино”, “Игна”, Овсей Дризнинг “Кутилмаган ҳодиса”, В.Данъконинг “Қорбобо бўлсам агар”, Ян Бжехванинг “Тухум ва товуқ”, “Туз ҳақида эртак”, Уолтер Деламернинг “Пат сақланар ёстиқда”, “Бекинмачоқ” каби асарлари бор.

Таржимоннинг маҳорати шундаки, агар унинг номи ёзилмаса, кичик китобхон дабдурустдан асарнинг таржима эканлигига ишонмайди. Овчининг ўзи­га милтиқ ўқталишдек даҳшатли ҳолга етти пуштининг дуч келмаганлиги юзасидан Бурганинг иқрор-эътирофи шеърга миллий руҳ бағишлайди. Натижада аслият билан таржима ўртасидаги чегара барҳам топади.

Т.Адашбоев ижодини кузатган зукко китобхон унинг учун она табиат битмас-туганмас илҳом манбаи бўлиб, табиатдаги жонли ва жонсиз жамики мавжудотга тегишли ҳар бир ҳолат, манзара туфайли болаларча ҳайратларга чўмган ижодкор тасаввурида ўзгача бир олам яралганига гувоҳ бўлади. Муҳими, шоир хаёлотида яралган ана шу бадиий олам бошқаларни ҳам бефарқ қолдирмайди.

 

Сафо МАТЖОН

 

“Ёшлик”, 2012 йил, 1-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.