Шеър заҳмати

0
431
марта кўрилган.

Бадиий адабиёт инсоннинг бутун борлиғини, руҳияти ва қалбини тўлалигича акс эттиради. Шеърият юракнинг энг ичкин дарди, изтироб ёки қувончини туйғулар ранггида бергани учун ҳам ўқувчи қалбига тез етиб боради. Шеъриятнинг қалбга тез етиб борувчи кучи бадиийлик билан ўлчанади. Ҳар қандай сўз, дилга ўт солавермагани каби, ҳар қандай сўзлар тизмаси ҳам шеър бўлавермайди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов адабиётнинг азалий қоидасига қатъий амал қилади, яъни, ҳар бир сўз, ҳар бир мисра устида соатлаб, кунлаб фикр юритади, шеърни қайта-қайта ишлайди. Абдулла Орипов, эндигина, ижод оламига кириб келаётган кезларида, устоз шоир Мақсуд Шайхзода ёнига чорлаб: “Абдулла Ориф ўғли, ижодингиз дуруст. Шу ўринда, бир гап доим ёдингизда турсин, шеър ёзганда асосий эътиборни сўнгги мисрага қаратинг. Бутун шеър давомида бермоқчи бўлган фикр ёки кайфият охирги мисрада мухтасар акс этсин, шеърнинг охирги мисраси гўёки унга қадалган олтин мих каби бўлсин”, деган экан.

Масалан, Абдулла Ориповнинг “Чала иморат” номли шеърини олайлик. Бу шеърнинг ёзилиш тарихини ўрганишда шоирнинг кечмиш кунлари, воқеликнинг шеър ҳолатига кўчиш сабаб-оқибатларини ўрганиш биографик методга таянади. Айнан бу метод ижодкор руҳиятидаги чегарасиз импрессионизм “ички мен”нинг очилишига, адабиётшунос Узоқ Жўрақулов таъкидлагандек: “ижодкор биографиясидан фақат ахборот сифатида фойдаланмай, балки бунда ижодкор биографияси бир бутун тизим ўлароқ ижод моҳиятини очишга хизмат қилади”.

Бу борада Абдулла Орипов шундай дейди: “Руҳ ритми шеърда мужассам бўлиши лозим. Шеърларнинг ҳаммасини йиққанда ҳаёт мозаикаси пайдо бўлади”.

“Ҳаёт мозаикаси” – ҳаёт йўли, шоир ижодида тўлиқ акс этади.

Ўз юртингда, ўз бошпанангга эга бўлиш учун “ўзгалар мурувватини” кутиб яшашдан оғирроқ иш бўлмаса керак. Бу ҳолат тасвирини Абдулла Ориповнинг “Уй” шеърида учратамиз:

 

Ижроқўм уй бермиш,

Кўзларингда ёш…

Шунчалар кўпмиди дилингда дардинг?

Етар, таъзим билан эгаверма бош,

Етар, юрагимни эзиб юбординг.

 

Шоирнинг лирик қаҳрамонга бераётган далдасида, ўша даврнинг оғриқли нуқталарига бир уй баҳонасида назар ташлаётганига гувоҳ бўласиз. Бунда, маълум маънода, шоирнинг биографияси ҳам акс этган дейиш мумкин. Талабалик йилларида ижарада яшаган шоир, уйланиб, фарзандлик бўлгунга қадар ижара уйларда саргардон бўлгани, шундай таъсирли мисралар яралишига сабаб бўлган бўлса, ажабмас. Унинг таъкид тарзидаги саволлари кейинги мисраларда лирик қаҳрамонга далда беради. Аммо, бу далда билан шоир кифояланмай, бу умид ижодкор қалбида бир неча қайсар саволлар пайдо қилади. Аслида, шу Ватаннинг фарзанди бўлсангу шу юрт, шу борлиқ ҳаммаси ўз мулкинг бўлса-ю, сен уни бировлар қўлидан йиллаб кутиб олсанг.

 

Ижроқўм уй бермиш,

Бағоят савоб,

Лекин кўрмай сени муте шаклида.

Ҳақиқатнинг тагин изласанг шу тоб

Мутлақ сеникидир уйлар, аслида.

 

Ушбу шеър фақат шоиргагина тегишли дард эмас, балки шоир ҳам ўша уй кутган миллионларнинг биттаси бўлганини кўрсатиши учун аҳамиятлидир. Шеърда ўша кечинмалар ва ҳолатлар тасвири акс этганини таъкидламоқчимиз.

2002 йилнинг август ойида шоир “Чала иморат” номли шеър ёзади.

Шеър неча йиллар давомида битмай, қаровсиз, кимсасиз ҳолда ётган, ҳудуди ўраю тошлардан иборат, каламушлару қушларга макон бўлиб қолган чала иморат ҳақида ёзилган. Ушбу шеър уй қурилиши тарихи билан боғлиқ. Уй қурилиши учун ўн йил вақт кетган, ҳали битмай туриб, емирилиб бораётган чала иморатни бутун қилгунча неча ёзу қишларни ўтганидан “сўз очадиган” бу шеър шоирнинг биографиси билан узвий боғлиқдир. Уй қурилгунча шоирнинг қанчадан-қанча асаб толалари емирилгани, қурилишни неча марталаб тўхтатиб қўйилганию уйнинг тайёр бўлишига на моддий, на маънавий томондан имкон ва ишонч бўлмаганига ўзимиз гувоҳмиз. Шеърни чуқур ўрганиш жараёнида, унинг хомаки ва тайёр нусхалари билан танишиб чиқдик. Шеър уч вариантдан иборат. Мавжуд бўлган сатрлар кейинги вариантда учрамаслиги, ҳар бир сатр, жумла неча маротаба қайта ишланганлигини мисоллар ёрдамида кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Шеърнинг хомаки қўлёзмасида:

 

Оғзин очиб ётар чала иморат,

Атрофи ўраю гўнгдан иборат, – деган мисралар бор.

 

Кейинги ишланган вариантда иккинчи сатрдаги “гўнгдан” сўзи ўрнига “тошдан” сўзи қўлланилган, негаки, шеърда мужассам бўлган ҳар бир сўз ўз бадиийлигини йўқотмаслиги лозимдир.

 

Тунда йўловчилар четлаб ўтгайлар,

Инсу жинсдан ёқа тутгайлар.

 

Ушбу сатрлар ҳам қайта ишланиб, “йўловчилар” ўрнини “қўшнилар”, “инсу жинсдан” сўзи эса “калима қайтариб” тарзида ўзгартирилади. Аммо шоирнинг ушбу таҳрири шеър эълон қилинган китобда йўқ. Аввалги ҳолат ўз ҳолида қолган. Чала иморатнинг харобалигини тасвирлашда шоир, уни реалликдан узоқлаштирмасликка ҳаракат қилади ва юқоридаги сатрлар ўрнини қуйидаги сатрлар билан бойитади:

 

Ҳар ён чакалакзор, бурган ва янтоқ,

Остона ўйилган, узилган равоқ.

Хотирами, дейсан, у қаттол жангдан,

Ё ёдгор асрлар қолдирган чангдан?

 

Биринчи вариантда шеърнинг навбатдаги мисраси шу шаклда бўлса:

 

Қора туйнуклардан увиллар шамол,

Ғижирлар омонат, том ҳам бемажол.

 

Юқоридаги сатрлар иккинчи вариантга келиб, бирмунча ўзгартирилади. Яъни:

 

Қора туйнуклардан увиллар шамол,

Қамиш том ғижирлар маҳзун, бемажол.

Кўриниб турибдики, бу ерда шоир “маҳзун” сўзи ўрнига, “ўксик” сўзини қўлламоқчи бўлади, лекин бу фикридан қайтган ҳолда, “маҳзун” сўзини ўз ўрнида қолдиради. Кейинги сатрларни таҳрир қилиш жараёнида, шоир қофияларни ҳам қайта ишлаганини кўришимиз мумкин.

Илк вариантда:

 

Баҳор, ёз ўтади чала иморат,

Аҳвол ўша-ўша ҳолдан иборат, – каби тасвирланган бўлса, кейинги вариантда:

 

Баҳор ёз ўтади ҳамон у чала,

Қушлар уй қурмишдир гала ва гала, – тарзида ўзгартирилади. Бундан қониқмаган шоир: “Қушлар уй қурмишдир гала ва гала” сатрини “Каламушлар тўп-тўп, қушлар ҳам гала” сатрига алмаштиради. Шеърнинг равон ўқилиши учун ҳар бир сатрдаги сўзлар кетма-кетлиги нафақат моҳирона тузилиши, балки мазмунни бойитиши билан ҳам бадиий мукаммаллик касб этади.

Дастлабки вариантда шеърнинг навбатдаги сатрлари бундай ёзилган:

 

Ташландиқ бу уйнинг соҳиби кимдир,

Ё фалак, бу савол жавобин билдир?

Бойқуш ярим тунда беради садо,

Саволга бир жавоб айтгандек гўё.

 

Шеърнинг ишланган вариантларида сатрлардаги айрим сўзлар таҳрир қилиниб, ўзгартирилганининг гувоҳи бўламиз. “Ё фалак, бу савол жавобин билдир” мисрасини шоир: “Ё фалак! Бу ҳолнинг сабабин билдир” дея таҳрир қилади. Бундан англаш мумкинки, бу ҳолат фақатгина саволга жавоб эмас, балки ушбу ҳолатнинг пайдо бўлишига сабабчи омилларга чуқурроқ эътибор беришга ундайди. Кейинги сатрдаги: “Бойқуш” сўзи ўрнини “Бир қуш” эгаллайди, бунда ноаниқлик даркор бўлиб, “Бойқуш” аниқ бир образни тасвирлаб бериб, ўқувчи тасаввурини чегаралаб қўйиши мумкин эди. Шоир кейинги сатрдаги “савол” сўзига эгалик қўшимчаси – имни қўшиб, “айтгандек” сўзи ўрнига “қилгандек” сўзини қўллайди:

Шеър сўнггида шоир қуш тилидан муаммонинг ечимини беради, шеър:

 

Шарт эмас саволнинг нечун, негаси,

Ё шоир, ё марҳум бунинг эгаси? – деб ниҳояланса, ишланган вариантида:

 

Не керак гапингнинг нега, негаси,

Ё шоир, ё марҳум бунинг эгаси? – тарзида якунланади. Бунда нафақат сатрдаги сўзлар, балки муносабатни ҳам бирмунча ўзгарганини кўрамиз. Шу мақсадда тугалланган шеърни тўлалигича келтирамиз:

 

Оғзин очиб ётар чала иморат,

Атрофи ўраю тошдан иборат.

Ҳар ён чакалакзор, бурган ва янтоқ,

Остона ўйилган, узилган равоқ.

Баҳор, ёз ўтади, ҳануз у чала,

Каламушлар ғуж-ғуж, қушлар ҳам гала.

Ташландиқ бу уйнинг соҳиби кимдир?

Ё фалак! Бу ҳолнинг сабабин билдир?

Бир қуш ярим тунда беради садо,

Саволимга жавоб қилгандай гўё:

– Не керак, гапингнинг нега, негаси,

Ё шоир, ё марҳум бунинг эгаси?!

 

Бу шеърнинг ёзилиш жараёни ҳақида тўхталар эканмиз, Абдулла Ориповнинг ижодий лабороториясига назар ташлаш баҳонасида, шоирнинг сўз устида ишлаш принциплари, унинг сўзга бўлган талаб ва маъсулиятини ҳис қиламиз. Зеро, ҳақиқий шоир сўзнинг, каломнинг қадрига етади. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам сўз таърифида кўп ва хўб тўхталиб, уни “гўҳари шариф” деб улуғлайди, ҳақиқий, бадиий етук, оҳорли шеърнинг яратилиши, ижодкордан қанчалар заҳмат, улкан меҳнат талаб қилади.

 

Рухсора ОРИПОВА

 

“Шарқ юлдузи”, 2012–6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.