Шарл Перро

0
5615
марта кўрилган.

(1628–1703)

Буюк франсуз шоири ва танқидчиси Шарл Перро бадиий эртак асосчиси сифатида маълум ва машҳурдир. У ўзининг “Қизил қалпоқча”, “Золушка” ва “Этик кийган мушук” асарлари билан жаҳонга танилди.

Ш. Перро бадиий эртаклар ижод этишдан олдин халқ оғзаки ижодини меҳр ва иштиёқ билан чуқур ўрганди. Шунинг учун ҳам у ўз эртакларида халқ удумларини дадил илгари сурди. Перро қаҳрамонлари ўз меҳнатсеварликлари ҳамда сахийликлари билан ажралиб турадилар. Ғаразгўйлик, мақтанчоқлик, қизғанчиқлик ўрнини яхшилик, меҳрибонлик босиб кетиши ҳамон китобхонни шод этиб келмоқда.

Шарл Перродан бор-йўғи ўн икки эртак сақланиб қолган. Қайси эртагига назар ташламанг, барчасида болалар завқ оладиган қирралар бор эканлигини дарров пайқайсиз. Дунёда унинг “Этик кийган мушук” эртагини ўқимаган ёки шу эртак асосида яратилган мултфилмни мириқиб томоша қилмаган бола топилмаса керак.

Эртакда ақллилик, билимдонлик, топағонлик бош масала қилиб қўйилади. Бошқа асарларида бўлгани каби Ш. Перро бу эртакда ҳам фолклор анъаналарига яна бир бор содиқ қолади. Эртак қаҳрамони – тегирмончининг кенжа ўғли Карабс фаҳм-фаросат, ақл билан иш кўриб, ўз мурод-мақсадига етади, бахтиёр бўлади.

Шарл Перронинг барча персонажлари пишиқ-пухталиги билан ажралиб туради. Уларнинг кўпчилиги одамларни, ҳайвон-у паррандаларни севиб, эркалаб, эъзозлайдиган бўладилар. Золушкани (“Золушка”) олайлик. Уни ўгай она-ю қизлар хуш кўрмайдилар, холос. Қолган барча жонзот Золушкани яхши кўради. Унинг ўз бахтини топиб, осойишта турмуш кечиришини истайди. Золушка жуда чиройли, одобли, ширинсўз, камтарин, одамларга, жонивор-у паррандаларга нисбатан меҳрибон. Унинг бундай фазилатлари, меҳнат, ҳалоллик ва поклик билан ҳаётда ўз ўрнини топиши, севганига турмушга чиқиб бахтли бўлиши эртак тингловчида яхши таассурот қолдиради.

Ш. Перро ижодида “Қизил Қалпоқча” алоҳида ўринда туради. Эртакнинг таъсирли ва жозибали чиқиши учун Қизил Қалпоқчанинг табиий ҳолда ижобий томонига кўп сайқал беради, болалар кўз ўнгида у дунёдаги тенги йўқ, жуда ёқимтой қизча сифатида гавдаланади. Бўрининг ёвузлиги, сурбетлиги, унинг кампир қиёфасига кириб олиши ҳар бир болада чуқур нафрат ҳисларини қўзғатади.

Бошқа эртакларда бўлгани каби “Қизил Қалпоқча”да ҳам воқеа яхшилик билан тугаши болаларнинг қувончига қувонч қўшади.

Шарл Перронинг “Ҳаворанг соқол”, “Эшак териси”, “Уйқудаги малика” каби эртаклари худди “Қизил Қалпоқча” каби болаларбопдир.

Мана тўрт юз йилдирки, шоирнинг “Қизил Қалпоқча” асари жаҳон кезиб юрибди. Эртакнинг ўзига хос хусусиятларидан бири қувноқликдир. Ҳа, қизчани ҳамма яхши кўради, ҳамма севади. Бундан у мутлақо талтайиб кетмайди. У жуда ёқимтой, оддий ва содда. Шу оддий ва соддалиги, писмиқ ва муғамбир эмаслиги унга панд беради, бўрига ем бўлишига оз қолади.

Шарл Перронинг бу эртак орқали кичкинтойларга айтадиган гаплари кўп. Энг аввало, у барча болаларни худди Қизил Қалпоқча каби оддий ва қувноқ бўлишга чақиради ва катталарнинг ҳар бир топшириғини сўзсиз бажаришга даъват этади.

Иккинчидан, ўртадаги сирни ошкор қилмасликка, ўзига пишиқ-пухта бўлишга чорлайди.

Бўри очкўз, писмиқ ва муғамбир. Шу сабабли қизчанинг соддалигидан фойдаланади. У бир ўқ билан икки қуённи уриш қабилида иш тутади. Бўри Қизил Қалпоқчадан осонгина сафари ҳақидаги маълумотни билиб олгач, эндиликда қизчанинг ўзига қўшиб унинг бувисини ҳам ейиш пайига тушади. Аммо Қизил Қалпоқчанинг бахтига ўтинчилар келиб қолишади.

Эртак тингловчи ҳар бир бола воқеани мана шундай ижобий тугашини хуш кўради, қувноқ Қизил Қалпоқчанинг бўрига ем бўлишини асло хоҳламайди. Эртакнинг умрбоқийлиги ва жаҳонгашталиги ҳам ана шунда!

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.