Покиза ижодкор ҳақида ­билганларим

0
1360
марта кўрилган.

Тўра Сулаймон бутун умрини Сирдарёда, чўлда ўтказди. Кўп шоирлардай марказга интилмади. Устозлари таклиф қилганда ҳам марказга бормади, дўстларини, бепоён, бийдай далаларини, янтоқ, шўр босган ерларини, содда тўпори одамларини ташлаб кета олмади. “Чўли Маликий” (Ғ. Ғулом) деб ном олди. Чўлда яшаб туриб ҳам ижод билан шуғулланиш мумкинлигини исботлади. Истеъдод, салоҳият жой танламаслигини кўрсатди. Бугун Тўра Сулаймон шеърларини, номини Марказий Осиёда эшитмаган одам кам топилади. Чунки тожик, қирғиз, қозоқ, туркман, афғон дўстларимиз Шерали Жўраев, Абдурауф Олимов, Юлдуз Усмонова, Маҳмуд Номозов, Нуриддин Ҳайдаров, Рустам Ғойипов, Охунжон Мадалиев, Нажмиддин Ўринов, Дилшод Раҳмонов, Тошпўлат Маткаримов, Асадулла Холиқов, Дилмурод Аҳмедов, Баҳодир Хўжақулов каби ҳофизларнинг қўшиқларини севиб эшитишади. Уларнинг энг машҳур қўшиқлари Тўра Сулаймон шеърлари асосида яратилган.

Тўра Сулаймон – ўзбек адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган шоир. “Ёвқочди”, “Мангулик”, “Гулжаҳон” достонларининг ўзи ижодининг ўта сермаҳсул эканлигидан далолат беради. Бу достонларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида катта шеърий романлардир. Мен Тўра Сулаймон ижодини чорак аср давомида бевосита кузатганман. Шоир билан кўп учрашиб гаплашганман. “Мен азонда, баҳорда, тўйларда ҳам шеър ёзавераман”, дерди у ҳазил аралаш. “Мен илҳом келса, ёзаман” деган гапини бирор марта эшитмаганман. Тўра Сулаймон қачон ижод билан шуғулланишини аниқ айтмасди, фақат вақти жуда камлигидан нолиб қўярди, холос. Кўп вақти турли ишларга сарфланаётганидан афсусланарди.

“Сайҳон” – шоирнинг 2003 йилда “Шарқ” нашриётида босилган сўнгги, ўз қўллари билан сараланган шеърлари киритилган китоби. Бу китоб ўзбек адабиёти, ўзбек шеърхонлари учун муҳим воқеа бўлди. Чунки бу тўплам олдинги йилларда босилган китобларидан саралаб олиниб, охирги йилларда янги ёзилган шеърлари қўшилиб тузилган.

 

Бахт қуши топмиш қўналға шонли Туркистон айланиб-

Ўз ҳолиға келмиш Турон замондин замон айланиб.

Ҳазрати Хизр юрибди ҳур Ўзбекистон айланиб,

Туғросига қўнмиш Ҳумо мустаҳкам Қўрғон айланиб,

Чор атрофга зоғ йўлатмас Семурғ довон айланиб.

Амир Темур руҳи шодмон иззатли Султон айланиб,

Бу не бахтким, юрса Ҳудҳуд Тўра Сулаймон айланиб!

 

Она юртимиз – Ўзбекистонимизнинг бугунги чиройини, мустақиллигимизнинг мадҳиясини бундай содда, самимий, тушунарли қилиб элга етказиш фақат Тўра Сулаймоннинг қўлидан келарди.

“Эргаш Жуманбулбул ўғли эл кезади” умумий сарлавҳаси остида ёзилган “Йиғлар”, “Сохтадан сохта”, “Ҳолинда 1”, “Айланиб”, “Устивор”, “Имтиҳон”, “Тарки жамоа”, “Фахрия” каби асарлари Тўра Сулаймон ижодининг гултожидир.

 

Чиройда Тонг Юлдузи билан ёнма – ён ўлка,

Ҳар бир тамал тошининг ўзи бир достон ўлка,

Кечмиши, кечирмиши дунёга аён ўлка,

Жон фидо қилса арзир жаннат жаконим женинг.

 

Тўра Сулаймон Ўзбекистонни бутун борлиғи билан севади. Унинг гўзаллигинию, чўлу-даштини севади. Инсонларни, айниқса, ёшларни бу ўлка қадрига етишга, унинг тарихини ўрганишга, ундан сабоқ олишга, ўтмишдаги алломаларга муносиб ворис бўлишга чорлайди.

Тўра Сулаймон – ватанпарвар, юртпарвар шоир. Тўра Сулаймон – кўнгилпарвар шоир. Инсон кўнгли Каъбадек муқаддас эканлигини яхши билади, Инсон кўнглини кўтаришни, инсон кўнглига малҳам бўларли сўзлар айтишни инсоний, шоирлик бурчи деб билади. Тўра Сулаймон – меҳнат куйчиси. Меҳнатсеварлик инсоннинг энг олий фазилати эканлигини доимо шеърхонларга уқтиришга ҳаракат қилади.

Тўра Сулаймон – муҳаббат куйчиси. Муҳаббат инсонни лоқайдликдан, жаҳолатдан сақлайди. Муҳаббат инсонларни бир-бирларига яқинлаштиради, дўстлаштиради. Тўра Сулаймон – она куйчиси. Унинг шеърларида оналарнинг орзу-армонлари, ғам-ташвишлари ишонарли, табиий куйланган.

Тўра Сулаймон – бахши шоир. Шеърлари халқ тилига, дилига яқин. Шоир халқ оғзаки ижодини ёзма адабиётга яқинлаштирган. Тўра Сулаймон шеърларининг аксарияти бахшиёна услубда ёзилган.

Сиз бирон марта осмонга ой чиққанда ёки ой тўлиб, кундай ёруғ бўлганда уни кузатганмисиз? Мен кузатганман. Аммо ойнинг ўртанганини пайқамаганман. Кутилмаган ўхшатиш шоирнинг топқирлигидан нишона. Ҳақиқатан ҳам, бутун бир осмонда яккалигидан, ёлғизлигидан, зерикканидан, йўлдоши, ҳамсуҳбати, дардкаши йўқлигидан ой ўртанаётгандир. Бу ҳолатни бошидан кечирган файласуф шоиргина тиниқ осмондаги ойга қараб унинг ўртанганини сеза олган.

 

Бу юлдузлар кимнинг канизаги деб,

Кимни айтар туннинг кўрк, безаги деб,

Қуёшнинг кўкдаги эгизаги деб,

Осмон ўртасинда нозланадир Ой.

 

Мен осмоннинг гўзаллиги, бепоёнлиги, латифлиги, кенглиги тўғрисида ўнлаб шеърлар ўқиганман. Осмонни кўп кузатганман, лекин бирон марта ойнинг нозланганини сезмаганман. Профессор Қозоқбой Йўлдошев айтганидек, чўл шоири Тўра Сулаймон осмондаги юлдузлар қуршовидаги ёлғиз ойнинг нозланаётганини пайқай олган. Тўра Сулаймон учун Ой нозланган. Ойнинг “армонлангани”ни, ҳорғин сузаётганлигини, безовталанганини, тутилганлигини, тўлғонганини, изтиробдалигини, тўхтаб қолганлигини, маъюсланганлигини, азобланганлигини, тебранганлигини, ўртанганлигини, қўрғонланганлигини сезиш, ҳис қилиш учун фақат Тўра Сулаймон бўлиш керак. Тўра Сулаймон назари, диди, салоҳияти билан осмонни кузатиш ва у ҳақида мулоҳаза юритиш лозим. Осмондаги оддийгина сузиб кетаётган ойдан ҳам Тўра Сулаймон олам-олам маъно топади. Қизиғи шундаки, бу маънолар, ғоялар, фикрлар инсонни лоқайд қолдирмайди. Бу шеър шоир эҳтиросининг, ҳиссиётининг, идрокининг ўта кучлилигидан, нозиклигидан далолат беради.

 

Бир-бирига тинмай отсалар тош деб,

Алҳол, пастга энар бўлса Қуёш деб,

Тирик жон бу ҳолга беролмас дош деб,

Осмон ўртасинда азобланар Ой.

 

Тўра Сулаймоннинг ажойиб, ҳаётий ҳикоялари, қатралари, ҳажвиялари, достонлари бор. Ҳикоялари Абдулла Қодирий, Саид Аҳмад, Шукур Холмирзаев, Раҳим Бекниёзларникидай ўқишли, мазмунли, моҳиятлидир. Тўра Сулаймон ҳикояларига ҳали адабиётшунослар эътиборларини қаратганларича йўқ. Адабиётшунослар шоир айтганидек, “фақат мартабали, унвонли ёзувчиларга ҳамду санолар айтишдан бўшаганлари йўқ”. Айниқса, маҳаллий, чўллик ёзувчи ҳақида гапириш, ҳикоялари, публицистик мақолалари ҳақида фикр айтишга имкон топганларича йўқ.

Рости, умрининг охирги уч йили мобайнида Тўра Сулаймон ижодининг яна бир қирраси очилди. Тўра Сулаймон ўтган асрнинг етмишинчи йилларида “Ҳамқишлоқларим” номи остида очерклар эълон қилган эди. Ҳикоялари, қатралари, ҳажвиялари “Алҳазар” тўпламида чоп этилган. “Алҳазар” саксонинчи йилларда махсус мукофотга ҳам сазовор бўлганди. Лекин гап бу китоблар ҳақида эмас, балки Тўра Сулаймон ижодининг янги қирраси, публицистикаси ҳақида кетяпти. Тўра Сулаймон Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин шеърдан кўра кўпроқ жамиятимизда кўзга тушган чўпдек асабга тегадиган муаммолар ҳақида мақолалар ёзди.

Тўра Сулаймоннинг 2001 йил 6 декабрда “Ўзбекистон овози” газетасида босилган “Тил – ўзагимизнинг, ўзлигимизнинг, ўзига беклигимизнинг бош белгиси” мақоласи республика матбуоти, маданияти ва адабиёти жонкуярлари учун ёздаги чақмоқ мисоли чақнади. Матбуот ва телевидение тилининг ғализлиги далиллар асосида танқид қилинди. Бу мақолага жуда кўплаб олимлар фикр билдиришиб, шоирни қўллаб-қувватлашди. Ҳолбуки, бу мақолани катта тилшунос олимлар эмас, шу соҳанинг нонини 30-40 йиллаб еган мутахассислар эмас, балки, чўлда ижод қилаётган, халқ тилини яхши билган Тўра Сулаймон ёзди ва халқни матбуот, телевидение орқали саводсиз қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини уқтирди.

Тўра Сулаймон ош еганда тош чиқиб, тишга тегиб, инсон ғашини келтирганидек, асабга тегадиган, озгина эътиборсизлик, фаросатсизлик, мушоҳадасизлик оқибатида йўл қўйилаётган, аммо тузатса, олдини олса бўладиган лоқайдликка бутун республика зиёлиларининг эътиборини қаратди. Тўра Сулаймоннинг “Олтин сандиқ” асарини кўпчилик ўқиган ва унинг ёзувчилигига тан берган. Абдулла Қаҳҳор сўзни танлаб-танлаб ишлатишда ном чиқарган бўлса, Тўра Сулаймон халқ тилини мукаммал билиши ва истеъмолга олиб киргани билан машҳур. Республикамиздаги нуктадон адабиётшуносларгина эмас, балки Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовдан тортиб Набижон Боқий, Усмон Азим, Ҳалима Худойбердиевалар ҳам Тўра Сулаймон ижодига, ноёб истеъдодига тан берганлар.

“Бутун халқнинг тили ҳам, маданияти-маърифати ҳам, санъати-адабиёти ҳам бутун бўлади”, дейди Тўра Сулаймон. “Ва тилимизни, адабиётимизни, санъатимизни хас-чўплардан тозалашимиз зарур”, деб бонг уради. “Бу тилни тиниқлаштириб, чўпу хаслардан, курмак-аласлардан тозалай бориш биргина тилшуносларнинг эмас, ҳаммамизнинг ишимиз, бурчимиз”лигини таъкидлайди. Зангори экран ва радиода, газета-журналларда айрим сўз, атама ва ибораларнинг ножоиз, ноўрин қўлланилаётганини кўриб жим туролмайди.

“Гулистон давлат университети профессори сифатида мен ҳам, қўй-е-е, менга нима деб, чиллахонага кириб кетиб, кўзойнакни ёпиштириб олиб, тўрткўз бўлиб олиб бўлар-бўлмас жўқиёна шиғирларни ёзиб, ё илмий ишлар билан шуғулланиб (садағаси кетай ўша шиғирларинг билан палағда илмий ишларингни дейдиган бўлса, кошки), кўкрагимни захга бериб ётсам бўлар эди. Гап ана шу менга ним-а-а-а, дейишда! Бу кетишда тилимизнинг аҳволи нима кечади, деб мен ўйламасам, сиз қайғурмасангиз, у эса ўз қилар ишини бир чеккага йиғиштириб қўйиб, тижоратчиликка уриб кетса (хижолат бўлмасдан), алалоқибат нима бўлади?”.

Мана, Тўра Сулаймонни безовта қилаётган иллат! Бу мақолада Тўра Сулаймон жонкуярлик билан долзарб мавзуни кўтариб чиқди ва тилшунос олимларнинг эътиборини нозик масалага жалб қилди. Мақола газетада босилганидан кейин анчагина баҳслар бўлди. Хатоликларнинг олди олинди. Матбуот, телевидение, радиода ўзбек тилига алоҳида эътибор берила бошлади. Радиода, телевидениеда ўқилаётган матнлар тилшунос, стилистикани яхши тушунадиган мутахассислар маслаҳати билан бойитилди, штатлар жорий этилди. Энг асосийси, энди бош-охири, эга-кесими тескари гаплар камроқ учрай бошлади.

Маънавият қаердан бошланади? Биринчи галда тилдан. Инсоннинг билими, дунёқараши, онги, тафаккурининг қай даражадалигини у айтаётган гапи, фикри орқали билиб олиш мумкин.

Тўра Сулаймон ўзбек тили истеъмолига жуда кўп янги терминлар, сўзлар олиб кирди, халқ ичида қўлланиб, унутилаёзган юзлаб сўзларни шеърларида қўллади. Сўз қўллашни билиш, сўзни ҳаракатлантириш, уни жилолантириш, нақшлантириш, ҳайратлантириш, унинг янги маъноларини очиш шоирлик белгиларидан бири. Сўзни ишлата олиш, ўз жойида қўллай билиш, сўзни санъат даражасига олиб чиқиш шоир салоҳиятига боғлиқ. Тўра Сулаймон сўзни эъзозлайдиган, унга жон киритадиган шоир эди. Республика Матбуот ва ахборот агентлиги, Телерадиокомпания, Маданият ишлари вазирлиги ва “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси раҳбарияти эътиборига ҳавола этилган “Аслида бешикдан бошланар қўшиқ” мақоласи қўшиқчиликнинг бугунги аҳволи масаласига бағишланган. “Халқ сўзи” газетасининг 2002 йил 13 декабр сонида босилган бу мақола маънавият тарғиботчилари, маърифатчилар учун, маданият ходимлари учун, юмшоқроқ айтганда, қаттиқ танбеҳ эди.

Тўра Сулаймон иқтидори борларга доимо оқ йўл тилаган. Шеърларини Тошкентга, таҳририятларга олиб бориб берган, Ҳаётхон Ортиқбоева, Баҳор Холбековаларни шоира сифатида халққа танитган Тўра Сулаймондир.

Тўра Сулаймоннинг “Аслида бешикдан бошланар қўшиқ” мақоласида ясама шоиралар пайдо бўлиши жараёни мисоллар орқали кўрсатилган. Бундай “шоира”лар ясаш жараёнига кишилар эътиборини жалб қилиш орқали – “адабиётнинг кучини ўтин ёришга сарфлаш керак эмас”лигини (А. Қаҳҳор) айтган. Шоирлик мансаб ёки ҳунар эмас. Шеър, бу – истеъдод, талантлилик меваси. Инсон кўнглининг кўчаси кенг. Инсон нималарни истамайди, дейсиз! Истакнинг ўзи билан иш битса кошки эди. Ким шоир бўлишни истамайди? Китоб – муқаддас. Китоб – табаррук. Китоб нонга тенглаштирилади. Китобнинг қадрини ерга уришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бадиий савияси бўш асарлар эса китоб қадрини пастга урилишига сабаб бўлмоқда. Мазмунан саёз, мукофот олиш илинжида ясалган китобчалар китобхонлар ихлосини қайтаради, китобга бўлган ҳурматини, қизиқишини сўндиради. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш зарур. Шоир Тўра Сулаймонни безовта қилган нарса ҳам мана шу.

Тўра Сулаймоннинг ҳар бир мақоласи ўзбек публицистикасига қўшилган катта ҳиссадир. Бу илмий мақолалари учун Тўра Сулаймонга 2001 йилда Гулистон давлат университети илмий кенгаши профессори фахрий унвонини берган.

Тўра Сулаймонни фақат маънавият жабҳаси эмас, балки деҳқончиликдаги ўзи бўларчиликлар, ершуносликдаги хатоликлар, талон-тарожликлар, пахтачиликдаги емирилишлар, алдашлар, пахта режаларини бажарилмаётганининг сабаблари каби жамиятимиз учун энг керакли таянч нуқталар ҳам бефарқ қолдирмасди. Тўра Сулаймон ўзини ақлли, доно қилиб кўрсатмайди. Балки мутахассислар эътиборини оғриқли нуқталарга қаратади. Ижодкорлик, инсонийлик бурчини бажаради, холос.

Шоирлар, ижодкорлар халқ ичида юриб халқ меҳрини, ҳурмат-эътиборини қозониб, улуғ, донишманд, файласуф деган номга сазовар бўладилар. Демак ота-боболаримиз илгари сурган эзгулик, яхшилик, меҳр-оқибатлилик, инсонийлик ғояларини янгича мазмунда, янгича оҳангда ифодалаган ва инсонларнинг нозик нуқталарига, юракни жунбишга келтирадиган шеърлар ёзган, сатрлар битган Тўра Сулаймон эъзозланишга лойиқ.

“Адаб ақлнинг ташқи суратидир”, “Адаб – ақл ва имоннинг чироғи, обрў – эътибор сармоясидир” дейилган ҳикматларда. Тўра Сулаймон асарлари инсонларни ахлоқли, маънавиятли, маърифатли қилиб тарбиялашга хизмат қилади.

Тўра Сулаймон Миртемир домланинг севимли шогирди, ўғли янглиғ яқини эди. Миртемир домланинг ҳамма учун эшиги очиқ бўлган, лекин кўпчилик катта шоир хонадонига юрак бетлаб боролмаган. Чунки Миртемир домла саволларига жавоб бериш, шеърига баҳо бериш, шоир дидига монанд фикр айтиш ҳамманинг ҳам қўлидан кела бермаган. Тўра Сулаймон чўллик бўлгани ёки Миртемир домлани ўта ҳурматлагани, гапига жавоб топа билгани учун ҳам тортинмаган, мазза қилиб гаплаша олган, баҳслаша билган. Ўзининг шеърларини кўрсата олган. Тавсиялар ола билган. Миртемир домланинг уйи кўп вақт арининг уясидай ёшлар билан банд бўлган. Миртемир домла Тўра Сулаймонни кўрмаса, гаплашмаса соғинадиган бўлиб қолган. Миртемир домла билан гаплашиш учун домладай билимли, салоҳиятли бўлиш керак эди. Тўра Сулаймонда бу хислатларни анчагинаси бор эди.

Тўра Сулаймон Зулфияхоним, Асил Рашидов, Туроб Тўла, Иброҳим Раҳим, Ҳамид Ғулом каби забардаст ижодкорлар меҳрига сазовор бўлган инсон. Бу шоир, ёзувчилар билан доимо хат ёзишиб турган, оилавий борди-келдиси бўлган.

Тўра Сулаймон устозларидаги, дўстларидаги хислатларни ёшларга ўргатишга доимо интилган. Вилоятдаги “Ёш ижодкор” тўгарагига бир неча йил раҳбарлик қилди. Университетдаги “Ёш ижодкорлар” кичик мактабини бошқарди. Ўнлаб ижодкорларнинг арзирли китобларига оқ йўл тилади. Бу иши билан Тўра Сулаймон ўнлаб ижодкорлар устозига айланди, Ҳаёт Шодмон, Дилмурод Қувват каби янги талантларни кашф этди.

Устоз беш йил вилоят ижодкорларининг, Сирдарё адабиётининг отаси сифатида жўрабошилик қилди. Ҳар ойда бир марта йиғилишиб, 3-4 соат янги асарларни муҳокама қилиб, китоблар тўғрисида фикрлашилади, баҳслашилади, гурунглашилади. Бу йиғин адабий баҳсга, мунозарага айланиб кетарди. Бугун Сирдарёда қирқдан ортиқ ижодкор бор.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари Саминжон Султонов, Анқабой Қулжонов, Ҳамроқул Ризо (марҳум), Умрзоқ Ўлжабоев, Ҳаётхон Ортиқбоева, Жўра Умарқулов (марҳум), Баҳор Холбековалар, шоирлар, ёзувчилар, ижодкорлар Мухтор Носир (марҳум), Ҳасан Абдувоҳидов, Шомурод Холмуродов, Турсунбек Раҳмонов, Бахтиёр Ватан, Илёс Қувондиқов, Фарҳод Норматов, Солижон Қудратов, Ҳаёт Шодмон, Абдураҳмон Султонов, Абдураззоқ Ўсаровлар ижод намуналарини ҳар ойда бир марта кўрикдан ўтказиб олардилар. Тўра Сулаймон вилоятдаги ижодкорлар бошини қовуштириб, бирлаштирган инсон эди. Бугунги кунда ҳам вилоят ижодкорлари ҳар ойда бир марта йиғилишиб ижод ҳақида, адабиёт, янги нашр этилган китоблар ҳақида фикрлашиб оладилар. Тўра Сулаймон бошлаб берган анъана давом этмоқда.

Демак, Тўра Сулаймон фақат шоир, ёзувчи, публицистгина эмас, балки ижодкорлар бошини бирлаштирган, бошини силаган инсондир.

 

Сочга бир-бир оқ тушмоқдадир,

Бундан кўнгил ёришмоқдадир,

Қор бўларми пастқам тоғларда,

Бошим кўкка туташмоқдадир.

 

Бу сатрлар юрагида ўти бор ҳар қандай одамни сергаклантиради, ўйлантиради, ўтган умрига нисбатан баҳо беришга чорлайди. Чунки инсон ҳар бир ўтган куни, ойи, йили учун ўзига-ўзи ҳисоб бериши лозим. – Ўтган умрим моҳиятлими, мазмунлими? Мендан нима қолаяпти? – деб ўйлаши ва шунга яраша меҳнат қилиши зарур.

Тўра Сулаймоннинг нималари бор, десангиз, ўлмас, эскирмас, йўқ бўлмас минглаб шеърлари, достонлари, қатралари, ҳикоялари, очерклари, китоблари бор, деган бўлардим.

Сизу бизнинг кимимиз бор, деган саволга: Тўра Сулаймонимиздай академик шоир, олимимиз бор, деяр эдим…

Тўра Сулаймон 2005 йилнинг саратонида Зомин туманидаги Зомин дам олиш масканида бўлди. Лекин ёлғизлик, дўстлар дийдори уни Гулистонга етаклади. Зоминдан қайтганидан кейин салқин, барҳаво жойдан бирданига иссиқ иқлимга – босими оғир ҳавога ўргана олмадими, тоби қочиб касалхонасига ётқизилди. Ўн беш кунлар атрофида Мустафоқул Жўраевдан шифо топгандай бўлди. Лекин соғлиғи безовта қилаверди. Август ойи ҳам асосан касалхонада ётди. Сентябр бошидан уйига рухсат тегди. Лекин 4 сентябрда яна вилоят касалхонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилди.

2005 йил 9 сентябр куни эрта тонгда ўзбек адабиётининг булбули, Сирдарё вилояти ғурурининг юраги урушдан тўхтади. Мирзаобод туманидаги Турғун Аҳмедов номли қишлоққа республикамизнинг, Қозоғистон, Тожикистоннинг кўплаб ижодкорлари устоз билан видолашгани келдилар.

Тўра Сулаймон васиятига кўра отаси кўмилган Сайҳунобод туманидаги Ш. Рашидов қишлоғи қабристонига дафн этилди.

“Шундай одамлар ҳам бўладики, туғилганда ҳеч ким севинмаган бўлса ҳам ўлганида бутун юрт аза тутади”, деган эди Абдулла Қаҳҳор. “Дарахтнинг баландлиги у йиқилганда билинади”, деган ҳикматли гап бор халқимизда. Тўра Сулаймон ҳар куни ёнимизда юрарди, кун ора “соғиндик”, деб телефон қиларди, уч-тўрт соатлаб гурунглашардик. Қаерда бирон йиғин, машварат, маърака бўлса у киши бизни бошлаб борарди. Тўра Сулаймон бизнинг устунимиз, суянган суянчиғимиз, маслаҳатгўйимиз, жўрабошимиз эди.

“Эр йигит ўзи учун эмас, эли учун яшайди”, деган мақол Тўра Сулаймоннинг шиори эди. Тўра ака кўп вақтини кимларгадир дори излаш, кимларнингдир фарзандини операция қилдиришга ёрдамлашиш, кимлардир олаётган уйларини бориб кўришга бағишларди. Энг асосийси, Тўра ака инсонларга суянчиқ бўлишни яхши кўрарди.

Бир куни гап орасида фалончининг “сояси йўқ” деб қолдилар. Сояси йўқ одам ҳам бўладими, деб ҳайрон бўлдим. Соддасиз-да, соясиз одам ҳам бўлади, дедилар. “Хўш, фалончиларни кимга фойдаси тегди ёки теккан. Бирон одамга фойдаси тегмаган одам сояси йўқ одамдир!” дедилар. Шундагина мен Тўра ака доимо кимнингдир, етти ёт бегона инсонлар учун ташвиш чекиб юриш сабабини тушунгандай бўлдим.

Бизнинг Тўра Сулаймон мана шундай ўзгалар ғами, ташвиши билан яшайдиган ҳожатбарор инсон эди.

Тўра Сулаймон сояси бор одам эди.

Тўра ака ўта кўнгилчан, айни вақтда ўта қаттиққўл эди. Агар фаросатсизликни, кўнглига ўтирмайдиган воқеани кўрса томдан тараша тушгандай гапирар ёки индамай ўрнидан туриб жўнаб қоларди. Сезардикки, устозга нимадир ёқмади.

Саксонинчи йилларнинг охирида Тўра ака билан Тошкентдан Гулистонга автобусда бирга келдик. Эртаси куни кечқурун телефон жиринглаб қолди:

– Академик Сулаймонов безовта қилаяпти, – деган овоз келди гўшакдан.

Ҳайронман. “Академик Сулаймонип деган танишим йўқ-ку”, деб ўйлайман. Академик Музаффар Хайруллаев, Эркин Юсупов, Аҳмадали Асқаровни биламан, академик Сулаймоновни эслай олмадим. Гўшакдаги одам эса жавоб кутиб турибди.

– Эслай олмадим, – дедим хижолат чеккандай бўлиб.

– Ҳа, сиз ҳам ўзимиз қатори экансиз! Мен академик Сулаймонипман, деяпман. Кеча Тошкентдан бирга келдик-ку!

– Эсладим. Кеча Тўра ака билан автобусда гаплашиб келган эдик. Тўра акамисиз? Шундай демайсизми? – деб гина қилган бўлдим.

– Соғиндик, вақтингиз бўлса келинг, думғаза шўрва қилдим, – дедилар.

Мен шундагина Тўра аканинг “Академик шоир” деб аталишини билиб олдим. Халқ эъзозлаб Тўра Сулаймонни “академик” деб атарди. Чунки академик – бу барча нарсани мукаммал биладиган, қомусий билиб эгаси, дегани.

Тўра Сулаймон дидли, нафосатли, нозиктаъб, озодаликни, саришталикни яхши кўрадиган инсон эди. Кўнгилга ёққан кишиси билан гаплашиб ўтириб чарчамасди, очилиб кетарди. Вафотидан кейингина англадимки, Тўра ака кўнглига яқин кишиларнинг доимо ёнларида бўлишни истаркан. Афсуски, иш, вазифа, турмуш ташвишлари деб Тўра аканинг истакларини ҳар доим ҳам кўнгилдагидек адо эта олмадик.

2005 йил 8 сентябр куни кечқурун ҳам икки оғизгина гаплашдик.

– Азроил ҳам ношудроқ экан, шекилли. Равшанбек, жоним қаердалигини тополмай адашиб юрибди, чоғи, – дедилар ориқлаб кетганларига ишора қилиб, ҳазил аралаш.

– Ҳали бардамсиз, яхши бўлиб кетасиз, – дедим.

Бошларини сарак-сарак қилдилар. Яна нималарнидир демоқчи бўлдилар. Лекин дея олмадилар. Эртаси куни тонг саҳарда шоирнинг катта ўғли Неъмат уйга телефон қилди: – “Отам оғирлашиб қолдилар. Сизни сўраяптилар”.

Вилоят телерадиокомпаниясининг раиси Илёс ака билан касалхонага етиб бордик. Афсуски, улгура олмадик. Устознинг жони узилган экан. Гулистон, Сирдарёгина эмас, гўё бутун рўйи жаҳон ҳувиллаб қолгандек бўлди.

Тўра Сулаймон Сирдарё вилоятининг юраги эди. Сирдарёнинг жўшқин қўшиғи эди. Қайси вилоятга борсам, кимни (айниқса, ижодкорларни) учратсам, биринчи сўраган кишиси Тўра Сулаймон бўларди. Наманганда, Бухорода, Фарғонада, Андижонда, Самарқандда ҳам Тўра Сулаймонни ўз жигарларидай яқини, суюкли шоири деб билишарди.

Афсуски, ўлим ҳақ. Тўра Сулаймон бир инсон қилиши мумкин бўлган барча ишларни қилди. Солиҳ фарзандлар қолдирди. Маънавиятимиз, маърифатимиз тараққиётига муносиб улуш қўшди, бир-биридан ўқишли, бетакрор, ўлмас асарлар, достонлар, эртаклар, мақолалар ёзиб қолдирди.

“Тўра Сулаймоннинг иккинчи умри бошланди”, деган эди истеъдодли ёзувчи Набижон Боқий. Ҳақ гап. Тўра Сулаймон шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар ҳар куни радио ва телевидение орқали бутун Марказий Осиё халқлари ўртасида янграмоқда. Бу ўлмас қўшиқлар ёшларга маънавият нурини улашмоқда.

Тўра Сулаймоннинг қаҳрамонлари ҳам ўзига ўхшаган оддий, камтар, камсуқум, ҳамма билан гаплашиб кета оладиган, тўғри гапдан қайтмайдиган Эргаш Жуманбулбул ўғли, Омонкелди оқсоқол, Мамараим, Абдураҳим ва бошқалар. Шоир “Эргаш Жуманбулбул эл кезади”, деб Эргаш бобо тилидан юртимизда юз бераётган ютуқлардан хурсанд бўлса, қусурлардан, камчиликлардан хижолат тортади.

Ўнлаб мақолаларини, юзлаб шеърларини илк бор мен ўқиганман. Қачон янги асар ёзса, ўқитиш учун баҳона топарди, Худо раҳматли.

– Равшанбек, кўришмаганимизга ҳам юз йилча бўлди-ёв, – дер эдилар Тўра ака.

Хонадонларига боришим билан ёш, чаққон йигитлардай чой дамлар, столнинг устини турли ноз-неъматлар билан тўлдириб ташларди-ю, сиз мана бу қораламани ўқиб туринг, деб ҳозиргина ёзилган шеър ёки мақоласини қўлимга тутқазарди. Кейин биргалашиб ҳали ҳеч ким ўқимаган асарни соатлаб муҳокама қилардик. Тўра ака бирон марта янги битигини – шеър, асар ёки мақола деб атамасди, ёзган асарларини бир неча ойга ташлаб кўярди. Кейин яна ўқиб тузатиб, таҳрир қилиб матбуотда эълон қиларди.

Тўра ака одамларни бадиий тафаккури билан ҳайратлантира оладиган олижаноб, ўзига хос феъл-атворга эга инсон эди.

Мен Зулфия, Асил Рашидов, Ғафур Ғулом, Туроб Тўла, Турсунбой Адашбоев, Неъмат Аминов, Саъдулла Сиёев каби ўнлаб ижодкорларнинг Тўра Сулаймонга ёзган хатларини ўқиганман. Агар бошқа бирон шоир бўлганида эди, мен Зулфия опанинг яқин инисиман, деб ўша 70-йиллардаёқ қатор унвону медалларга эришган бўларди. Тўра ака ундайлардан эмасди. Тўра Сулаймон унвону мақтовларга зор бўлмаган назари тўқ инсон эди.

Озодаликни, покликни севган Тўра Сулаймоннинг қутлуғ номи ўзи суйган, ардоқлаган жаннатмонанд юрт одамлари учун ҳамиша азиз ва ўчмас бўлиб қолади.

 

Равшанбек Маҳмудов

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.