Поэзия ёхуд шеър умри

1
571
марта кўрилган.

Сўз – махзаннинг нишонаси ҳам,

Маъни дурининг хазонаси ҳам, – деб ёзган эди Мунис. Шеър бир булоқдирки, унда сўзлар қайнайди, ҳислар мавжланади. Шоир борлиққа руҳ кўзи билан қарар экан, ундаги яратиқлардан ўзини, ўз ички оламини, руҳий ҳолатини ахтаради. Бу – барча ижод оламидагиларга дахлдор бўлса-да, шоирлар бошқаларга қараганда кўпроқ кўнгли билан “ҳисоблашиш”га мажбур. Шоир бир пайтнинг ўзида, оламга рассом нигоҳи билан боқиши ва айни дамда дизайнер каби туйғуларидан шеър “тикиш”и лозим. Ҳар қандай қофияли сўзлар тизмасига шеър деб айтилади, деган қоида яратиб олган айрим шеърпарастлар қоралаётган “рангсиз сурат”лар бундай нигоҳдан бутунлай ҳоли. Асл шеър на замон, на макон танлайди. Адабиёт – улуғ мактаб. Ижодкорлар эса ундаги ўқувчилардир. Адабиёт мактабидаги синфлар эса ундаги йўналишлар бўлиб, буюк мактабда поэзия алоҳида бир синф. Бу муқаддас маскан миллат ажратмайди, ёш танламайди. Фақат истеъдод ва теран нигоҳ талаб этади, холос.

Буюк асарлар ўлмас ғоя, ўзгармас фалсафа ва бетакрор тасвир асосида туғилади. Классик асарларимизнинг абадийликка дахлдорлигига сабаб ҳам ана шу қонуният асосида яратилганлигидир. Ҳар бир нарсада ривожланиш, ўсиш бўлганидек, бугунги давр адабиёти, хусусан, шеъриятида модернизм юз очаётганини кўрамиз. Кўпчилигимизга бу йўналишда тушкунлик, қоралик атри уфуриб тургандек туюлади. Шу баҳона билан улардан воз кечмоқчи ҳам бўламиз. Эҳтимол, тафаккуримизни зўриқтиргимиз келмас.

Маълумки, адабиётда, айниқса, шеъриятда туйғуларни сўзда чизиш талаб этилади. Насрдан фарқли ўлароқ поэзияда воқеа эмас, руҳият тасвири етакчилик қилишини ҳисобга олганда, модернизмнинг бугунги шеъриятимиз учун кераклигини тан олишимиз лозим. Модернизмнинг ҳаётда бўлмайдиган муболағали тасвирлаш усули энг некбин кайфиятни, инжа туйғуларни сўзда чизиш ва ундан китобхонни завқлантира олиши жиҳати билан аҳамиятли ва айни пайтда қадимийдир. Энг яхши шеър – энг ёлғон шеър, деган нақл эса гўзал шеърнинг жимжимасиз бўлмаслигини таъкидлайди.

Классик ва модернизм шеъриятининг ўхшаш жиҳатлари талайгина. Масалан, Навоийнинг тилларда машҳур бир байтига эътибор қаратайлик:

 

Оразин ёпқач, кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

Ўйлаким, пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғоч қуёш.

 

Мазмуни: Ёрнинг юзини яшириши менинг кўзимдаги ёшларнинг сочилишига сабаб бўлади. Бу – худди қуёшнинг пинҳон бўлиши (ботиши) билан осмонда юлдузларнинг пайдо бўлиши янглиғдир. Нақадар гўзал ўхшатиш! Бу байт “сенсиз кунларим қоронғу” деган жўн бир гапнинг бадиий ифодаси, аслида. Бироқ Адабиёт – ошкораликдаги ошкорлик эмас, шу жиҳати билан реалликдан фарқланади.

ХХ аср рус шеъриятининг буюк дарғаларидан бири Константин Балъмонт “Шафақ гуллари” шеърида некбин кайфиятини ифодалар экан, “шафақ ранглар – қайтмас шуълалар”га мурожаат қилади. Қуёш шуъласидан лаъл каби қизарган булутлар, димиққан кенгликлар, ҳансираган ўрмонларни “теран” ҳасратлар исканжасида тасвирлайди:

 

…Кенгликлар димиқар, ўрмон ҳансирар,

Теран ҳасратларга тўлиб бу маҳал…

 

Айни дамда шоир лирик қаҳрамонидаги ички кайфиятни “қизарган булутлар”, “ҳансираган ўрмонлар” воситасида ифодалаган.

 

Зиҳи, ҳилолинг ўлуб ой бошиға тиғи бало,

Бир олмасиз икки ёрғон сену қуёш масало, – деб ёзар экан Алишер Навоий, ёрни қуёш билан бир бутун олманинг икки қисми деб тасвирлайди. Бу ўринда сўз санъаткори ёрнинг юзини қуёшга ўхшатиш билан чегараланса ҳам ташбиҳ бўларди, аммо Навоий юқори даражали топилма яратади, энди ёрнинг фақат гўзаллиги эмас, балки “куйдириш” сифати ҳам қўшилади ва ўқувчи бу байтдан бир неча маъно уқади. Ёки шоирнинг яна бир кашфиётига эътибор қилайлик:

 

Хазон сипоҳига, эй боғбон, эмас монеъ

Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил.

 

Ушбу байтда шоир умр нақадар ўткинчилиги, хазон лашкари, яъни, ўлим келгач, унга чора йўқлигини уқтиради. Юқоридаги байтга ҳамфикр тарзда:

Тўкилар ўйларим қўлимдан қумдек,

Оёғим остидан сирғалар ёшлик, – деб ёзади рус шеъриятининг кўзга кўринган вакили Николай Рубцов.

Қатра су ичра, дегайким, баргу гулнинг аксидур,

Қатра қоним рангини ким кўрса ул пайкон аро, – деб ёзар экан яна бир ғaзалида Навоий, гул ва унинг барги сувда ўз аксини кўрсатар экан, менинг қонимга бўялган пайконни эслатади ва бу менинг кўз ёшимда акс этган, демоқчи бўлади шоир.

Дарднинг суратини, аламнинг аксини сўзда чизган Анна Ахматова эса:

Дарёда муз қарсиллар ногоҳ,

Осмон гўё недан зададир… – деб ёзади бир шеърида.

Европа адабиётида, хусусан, рус шеъриятида ички туйғуларни табиат тасвири билан омухта тарзда акс эттириш етакчилик қилади. Модернистик руҳдаги шеърлар оҳанг эмас, сўз деб аталган буюк қуроли билан қалб деворларини бузиб, ундаги ҳисларни ўққа тутади ва юракда ғалаён – зилзила қилади. Ана шу туйғулар силкинишидан китобхон лаззатланади, ширин оғриқ туяди. Бу йўналиш ўзбек адабиётида Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон каби сўз усталарининг ижодида янада гуллаб яшнади. Шавкат Раҳмон бир шеърида шундай ёзади:

 

…Майсаларни тараб, парвозга

Шайланади чексиз далалар.

Ўспиринлар қучoғида маст

Қирда асир тушган лолалар.

 

Боғларда оқ аланга гурлар,

Телба қилар шамоллар иси.

Гилос гулин кийган кўчада

Оқиб борар қизлар кулгиси.

 

Далаларнинг парвозга шайланиши, кўчаларнинг гилос гулини кийиши, кўчаларда қизлар кулгисининг оқиши каби ташбиҳлар баҳорнинг нақадар шаддодлик билан кириб келиши ва борлиқни ўз измига бўйсундириши, оламни гўзалликка буркаши каби табиат мўъжизасини сўзда тараннум этар экан, шеърхон баҳор ҳавосини сўз тароватида ҳис этади. Яна бир шеърида эса:

 

Ой гуллади. Осмон тоқига

Юлдузларни кимдир қоқади.

Ўзанларда сокин тўлғаниб

Тағин қуюқ кундуз оқади, – деб ёзади шоир. Ойнинг гуллаши, юлдузларнинг қоқилиши, қуюқ кундузнинг ўзанларда оқиши каби тонг отиши арафасидаги манзаранинг жонли тасвири кишини ҳайратлантиради. Бундай тасвирлар бироз ғализ ёки тушунарсиздек кўринади, аммо жонлантириш ва маъно кўчиришнинг бундай усуллари реал воқеанинг образларда жонли тасвирини яратиш имконини беради. Ёки Шавкат Раҳмон “Инсонлар овози” шеърида инсониятни бирдамликка чақирар экан, ўз ўй-хаёлларини “тиконли фикрлар ичра руҳимиз” дея жонли тасвирлайди.

Рауф Парфи лирикасида ҳам СЎЗ ўзгача жаранглайди:

 

 

Қалқиб-қалқиб қўяди қараб,

Табассумлар ёзилган тупроқ.

Чапак чалиб, сочини тараб

Бош ювади бир ҳовуч япроқ…

 

Шеърни ўқир экансиз, ундан ёмғирдан сўнг тупроқдан тараладиган ажиб тароватли ҳид анқиётгандай бўлади.

Заргар рангин тақинчоқлар ҳосил қилгани каби “сўз заргари” ҳам туйғуларидан шеър “ясар” экан, унга бетакрор ташбиҳлар, янги топилмалар билан жило беради. “Tуйғулар заргари“ – Ўроз Ҳайдарнинг жаҳон адабиёти ва классик адабиётимиз таъсирида юз очган лирикасида ҳислар ўзгача бўй таратади:

 

Ҳавони чайнайман – бўғзим тўла буғ,

Хаёлда юлдуздан ясайман маржон.

Оғзим-қон, кўксим – қон, зирқирайди жон,

Ичимда ҳилпирар лекин қутлуғ туғ.

 

Ишқ тараннуми аксланган бу сонет парчасига гўё ишқ оловининг чўғи кафт босган каби, мисралардан ёрқин ўт зим-зиё кечани ёритгани тасвирини туямиз. Бўғизнинг буғланиши – изтиробнинг кучидан, ишқ ўтидан. Лирик қаҳрамоннинг оғзи ва юраги қонга тўлишини эса оловнинг юқори қисми қизғиш бўлиши билан изоҳлаш мумкин. Ошиқнинг ички оламида қутлуғ туғнинг кўтарилиши, шубҳасиз, ишқнинг поклиги ва мағрурлигидандир.

Яна бир сонетида:

 

Муҳаббат ўлпонин банда тўлолмас,

Ишқ юртида бизлар ғариб фуқаро, – деб ёзар экан шоир, ишқ ўлкасига инсоният ҳамиша тобе эканини таъкидлайди. Бу мисралар афоризмга айланган ушбу машҳур байтни ёдга солади:

 

Муҳаббатсиз киши одам эмасдур,

Гар одамсан, муҳаббат ихтиёр эт.

 

Ушбу тасвир ўзини ожиз ва нотавон ҳис этувчи ошиқ кайфиятини ҳам ифодалаган.

Шоир ишқдан мажнун қиёфасига келган кўнглига мурожаат қилиб:

 

Шабнам оташида туғилгай қуёш,

Музлар эригайдир тўкканингда ёш-

Сув тубида тошлар ўйинга тушур,

Само раққосаси ҳайратдан беҳуш, – деб ёзади яна бир сонетида. Қуёшдан томаётган зарралар шабнамга сингар экан, ана шунда у илк бор оламни кўради. Нурнинг туғилиши, аслида қуёшнинг туғилиши эмасми? Кўнгил султони бўлмиш ошиқ кўз ёш тўкканида, ишқ ҳароратидан оқаётган бу ёшларнинг қайноқ тафти совуқда қотган музни эритишга қодир. Ҳаттоки, унда тошлар шундай рақс этадики, само раққосаси беҳуш йиқилади – ожиз қолади… Ишқ сурати нақадар бетакрор бўёқда чизилган! Ишқ – буюк бир қудратки, илондек бағрингга кириб, сўнгра аждардек вужудингга ўт пуркайди. Ишқдан телба кўнгилгина ишқнинг сийратини билишга қодир. Ишқ ҳароратидан куйган бу мисралар кўнгилга симобдек оқиб, қўрғошиндек қотиши шубҳасиз.

Хулоса қилиб айтганда, шоир қандай йўналишда ёзишидан қатъий назар, аввалдан мавжуд туйғуларни мавжуд бўлмаган усул билан, маълум бўлмаган рангларда сўзда нақш этиши лозим. Акс ҳолда Чўлпон назарда тутган “бирхиллик” давом этаверади. Чаренц “Шоирлик не?” шеърида уни “Ҳарорат, ҳарорат, ҳарорат!” дея таърифлар экан, Шавкат Раҳмон “Ёш шоирларга” шеърида шоирларга “чақилмас тошлардай бир тоғлар қолсин!” дея хитоб қилади. Яхши шеър замонларнинг араваси остида янчилса-да, бутун қолиши, яъни ўз қиммати ва сифатини йўқотмаслиги лозим. Асл шоир эса совуқдан “куйиш”и, иссиқдан “музлаш”и керак. Ана шундагина шоир номи айтилганда китобхон кўз ўнгида шеърда чизилган сурат бўлиб шоир жонланади. Зотан, шеърда шоир яшайди.

 

Зилола Намозова

 

“Ёшлик” журнали, 2013 йил 6-сон

1 мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.