Ўзбек болалар адабиёти

0
12647
марта кўрилган.

Маълумки, бой ва ранг-баранг халқ оғзаки ижоди намуналари ёзма адабиётнинг майдонга келиши ва ривожланишида бой манба бўлиб хизмат қилади. Бу ерда яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш керак: бадиий адабиёт тараққиёти жамиятнинг умумий тараққиёти билан ҳам узвий боғлиқ. Бу жиҳатдан Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарини эслаб ўтиш ўринлидир. XI асрнинг буюк тилшунос олими бу китобда бизга кўп маълумотлар беради. Унда XI аср адабиёти билан бирга, аввалги замонларда пайдо бўлиб, оғиздан оғизга, авлоддан авлодга кўчиб юрган қўшиқ ва лирик шеърлардан намуналар ҳам келтирилган. Айниқса, меҳнат, қаҳрамонлик, маросим, мавсум қўшиқлари ҳақида батафсил маълумот берилади. Шунингдек, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (Саодатга олиб борувчи билим), Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ” (Севимли ҳақиқатлар) достонларида ҳамда Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғонийларнинг асарларида тил, илм, фан, ахлоқ-одоб масалалари қамраб олинади. Ҳайдар Хоразмий, Қутб, Дурбек, Саккокий, Лутфий сингари шоирларнинг адолатсизлик ва зулмни қоралашга, оддий инсоннинг оғир аҳволига ачиниш, орзу-армонларини қисман бўлса-да ёритишга қаратилган асарлари тарихда муҳим рол ўйнайди. Атоий, Саккокий, Лутфий ғазаллари тимсолида XV аср ўзбек шеърияти ҳаётий воқеаларни акс эттириш соҳасида катта бадиий тажриба тўплади. Бу тажриба Алишер Навоийдек буюк санъаткорнинг вояга етиши учун зарур бўлган шарт-шароитларни тайёрлади.

Алишер Навоий бутун фаолияти ва ижодини инсоннинг бахтсаодати учун курашга, халқнинг осойишталигига, ўзаро урушларнинг олдини олишга, ободончилик ишларига сарфлаган, донишманд давлат арбоби, ўзбек мумтоз адабий тилига асос солган ва ўзбек мумтоз адабиётини янги тараққиёт поғонасига кўтарган буюк сўз санъаткори бўлиб, даврнинг маданий ҳаётига раҳбарлик қилди, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳлига ҳомийлик қилди, кўплаб шогирдлар етиштирди.

Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” (Яхши кишиларнинг ҳайратланиши) достонининг 40бобида ростгўйликнинг ажойиб фазилат эканлигини мақтаб ёзади: “Ҳар ким ўзига тўғрилик (ҳалоллик)ни одат қилгандан кейин чархнинг тескари айлангани билан нима иши бор? Йўл қанча тўғри бўлса, (манзил) шунча яқин. Найза тўғри бўлганидан доим боши юқори. Арқон ҳар нарсага чирмашгани учун мол, қўйларни боғлайди. Сарвнинг қомати тўғри бўлгани учун хазон кулфатидан омонда ва доимо ямяшил… Кимнинг қўли эгри бўлса, у ўғри бўлади. Ким ўғрилик билан машҳур бўлса, халқ унинг қўлини кесиб тўғри қилади.

Навоий Соҳибқироннинг узуги – муҳридаги “Рости – русти” (ростлик – халослик) ёки “Куч – адолатда” деган шиорнинг амалга ошгани учун мамлакат аҳли фаровон яшаганини айтади.

XI–XVI асрларда яшаб ижод этган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида ўша давр ҳаётига доир тарихий воқеалар билан бирга, илм-фанга оид қимматли маълумотлар берилган, турли халқларнинг урф-одатлари, тили, санъати ва адабиёти ёритилган.

XVIII асрнинг охири XIX асрнинг бошларида яшаб ижод этган икки буюк шоир Муҳаммадниёз Нишотий ва Муҳаммад Шариф Гулханийлар ижоди мумтоз адабиётимиз тарихида алоҳида ажралиб туради. Нишотийнинг халқ оғзаки ижоди асосида яратган “Ҳусн-у дил” достони ишқ-муҳаббат, ақл-фаросат, одоб-ахлоққа бағишланган. Шу нарса диққатга сазоворки, достонда ҳар бири мустақил асар бўла оладиган “Шоҳбоз ва булбул”, “Гул ва Даф”‘, “Най ва Шамшод”, “Косайи Чин Наргис”, “Бинафша ва чанг” каби масаллар ҳам берилган. Бу масалларнинг барчасида эл-юртга фойда келтириш, мақтанчоқ бўлмаслик, ортиқча кибр-ҳавонинг зарари каби мавзуларнинг ёритилиши болалар учун ҳар жиҳатдан ибратлидир.

Гулханий ҳам “Зарбулмасал” асарида ўзининг муҳим ижтимоий қарашларини, эл-улус тақдирига муносабатини қизиқарли масаллар орқали ифодалаган.

Мунис меҳнаткаш халқнинг оғир аҳволига қаттиқ ачинди, илм-фан ва адабиёт аҳлининг хор-зорлигидан қайғурди. Шоир кишиларни билим олишга, китоб ўқишга, жоҳил ва ёмонлардан узоқ бўлишга чақирди. Мунис “Саводи таълим” рисоласи орқали болаларни ўқитиш ва тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшди. Унинг маърифатпарварлик ғоялари ўзидан кейин яшаган Муқимий, Фурқат, Завқий, Аваз Ўтар каби шоирларнинг ижодига ҳам катта таъсир кўрсатди.

Маърифатпарварликни байроқ қилиб кўтарган Абдулла Авлоний, Ҳамза, Фитрат, Элбек, Мунавварқорилар томонидан ёзилган дарслик ва қўлланмаларда болалар ҳаёти, ўқиши, ахлоқ-одоби ҳақида материаллар берилади.

Абдулла Авлонийнинг (“Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим”, “Мактаб гулистони”, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”), Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг (“Енгил адабиёт”, “Ахлоқ ҳикоялари”, “Қироат китоби”) асарларида янги давр нафаси уфура бошлади.

Ўтган асрнинг 20йилларида Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Ғайратий, Шокир Сулаймон, Ойбек ва бошқаларнинг катта ёшдаги болалар учун ёзган асарларида илм ва меҳнатга чақириқ кенг ўрин олди.

Катталар адабиётининг жўшқин куйчиси Усмон Носир ўзининг “Боғим” шеърида инсон меҳнат қилса, боғ яратса, унинг меҳнати ҳеч қачон йўқ бўлмаслигини, айниқса, у боғ барпо қиладиган бўлса, унинг дов-дарахти мангуликка дахлдор эканлигини қуйидагича таърифлади, болаларни меҳнат қилишга, боғ-роғларни кўпайтиришга чорлади:

Баргдек узилиб кетсам,

Унутмас мени боғим.

Ишимни ҳурмат қилур,

Гуллардан ҳайкал қурур.

Шеърларим янграб қолур,

Минг йиллардан кейин ҳам

Унутмас мени боғим.

Инсон ҳаётда ишонч билан яшаши керак. Айниқса, одамларга, халққа ишонч ҳар бир болада бўлиши лозим. Инсонни инсон қиладиган ҳам, уни бор қиладиган ҳам, ер билан яксон қиладиган ҳам халқ. Халқни севиш, халққа эргашиш азалдан бор бўлган. Шоир Чўлпон ҳам халқнинг нақадар буюк кучқудратга эга эканлигини, болалар юриш-туришда, ўқишда, одобахлоқда халққа эргашса, халқнинг оғирини енгил қиладиган бўлса, ўсиб, улғайиб ҳар қандай ишнинг қулоғини ушлайдиган бўлса, асло кам бўлмаслигини “Халқ” асарида жуда халқона оҳангда, ҳикматлар шаклида айтади:

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,

Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир.

…Бутун кучни халқ ичидан олайлик,

Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!

Болалар адабиёти йилдан йилга шаклланиб, кўзга ташлана бошлади. Айниқса, бу йилларда юқоридаги қаламкашларнинг сафига З. Диёр, Д. Оппоқова, М. Файзий, I. Муслим, А. Раҳмат, Ш. Саъдулла, С. Жўра, М. Оқилова, Қ. Муҳаммадий, Ҳ. Назирларнинг келиб қўшилиши катта воқеа бўлди. Улар болаларни яхши ўқишга, илм-фан нурларидан баҳраманд бўлишга, даврнинг ҳақиқий ўғил-қизлари бўлиб камол топишга тарғиб этадилар.

Болалар адабиёти йилдан йилга ривожланиб борди. 30йилларга келиб, ўзининг профессионал шоир ва ёзувчиларига эга бўлди. Поезия (Зафар Диёр, Адҳам Раҳмат, Илёс Муслим, Шукур Саъдулла, Султон Жўра, Маҳмуда Оқилова, Қуддус Муҳаммадий), проза (Мажид Файзий, Доржия Оппоқова, Ҳаким Назир), драматургия (Зафар Диёр, Доржия Оппоқова) соҳаларида болалар ижодкорлари етишиб чиқдилар. Садриддин Айний, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Шокир Сулаймон, Элбек ва Ғайратийлар ҳам ўзбек болалар адабиётини юксалтириш ишига ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Бу даврда Зафар Диёрнинг “Қўшиқлар” (1933), “Тантана” (1936), “Шеърлар” (1939), “Муборак” (1940), “Шеър ва ҳикоялар” (1940) тўпламлари ва “Машинист” (1935) поемаси, “Бахтли ёшлик” драмаси, “Жўнатиш”, “Ножўяликлар” ҳикоялари; А. Раҳматнинг “Дум” (1938), “Бахтли ёшлик” (1939), “Завқли аллалар” (1940), “Шеърлар” (1940), “Ҳийлагар тулки” (1940) китоблари; Султон Жўранинг “Фидокор” (1940); Илёс Муслимнинг “Ўсув” (1932), “Заҳархандалар” (1932) тўпламлари, “Миқти келди” поемаси (1934); Шукур Саъдулланинг “Ҳайқириқ” (1933) тўпламлари босилиб чиқди.

Бу даврда қардош халқлар адабиётидан жуда кўплаб асарлар ўзбек тилига таржима қилинди. Бунинг натижасида ўзбек болалар адабиёти ҳар томонлама бойиб борди. Айниқса, “Ёш туркистонликлар”, “Болалар йўлдоши”, “Болалар дунёси”, “Ўзгарувчи ёшлар”, “Ёш куч” каби нашрларнинг йўлга қўйилиши болалар адабиётининг ҳар томонлама ривожланишига сабаб бўлди.

Хуллас, болалар адабиётининг мавзу доираси кенгая борди. Ёшлик, мактаб ҳаёти, она юрт табиати, халқлар дўстлиги, илм, ҳунар ва техникага муҳаббат мавзулари болалар адабиётидан кенг ўрин олди.

Халқимизда “Она юртинг омон бўлса, ранги рўйинг сомон бўлмас”, деган нақл бор. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Собир Абдулла, Уйғун, Мақсуд Шайхзода, Зафар Диёр, Амин Умарий, Ғайратий, Миртемир, Илёс Муслим, Султон Жўра ва бошқалар фашист босқинчиларининг ер билан яксон бўлишига комил ишонч ғояси билан йўғрилган асарлар яратдилар. Уйғуннинг “Хайрлашув”, Зафар Диёрнинг “Кичкина жангчи”, Илёс Муслимнинг “Ёвни тутдай тўкамиз”, Султон Жўранинг “Текстил комбинати тўқувчилари”, Раъно Узоқованинг “Талпин, юрак” шеърлари болалар адабиётида урушни лаънатловчи дастлабки асарлардан бўлди.

Бу давр болалар адабиётининг асосий мавзусини уруш давридаги халқ қаҳрамонларининг фашист босқинчиларига қарши жасоратларга тўла кураши “Хат” (Ҳамид Олимжон), “Сен етим эмассан” (Ғафур Ғулом), “Ватан ҳақида”, “Йигитларга” (Ойбек), “Кураш нечун?”, “Капитан Гастелло” (Мақсуд Шайхзода), “Ватан ҳақида қўшиқ” (Уйғун), “Ватан”, “Чавандоз” (Темир Фаттоҳ), “Қурол беринг менга ҳам!”, “Бизнинг оила” (Зафар Диёр), “Тўйчи Муҳаммад” (Султон Жўра), “Онамнинг айтганлари” (Адҳам Раҳмат), “Биз енгамиз” (Ҳасан Саид) каби асарларда ўз ифодасини топди.

Зафар Диёр яратган қаҳрамонлар ёш бўлишига қарамай жуда қасоскор. Улар тинчлик, осойишталик шайдолари, немис-фашист босқинчиларини қаттиқ қаҳр-ғазаб билан лаънатлайдилар. З. Диёр “Қурол беринг менга ҳам!” шеърида лирик қаҳрамон тилидан шундай мисраларни битади:

Мени кичик демангиз,

Камситмангиз кучимни,

Босқинчидан олгумдир

Халқ қасоси – ўчимни!

Немис-фашист босқинчилари барча қатори ёш болаларнинг ҳам осуда ҳаётини бузди. Уларни дарё, кўллар бўйида балиқ тутиб, ҳордиқ чиқаришдан, билим олиб, қувноқ ўйин-кулгу билан яшашдан маҳрум этди. Шунинг учун ҳам ёш ватанпарвар бутун халқ билан бир тан, бир жон бўлиб, қўлида қурол билан душмандан ўч олишга шайланди:

Қурол беринг менга ҳам,

Қурол беринг менга ҳам.

Разил немис бошига

Мен ҳам солай катта ғам, –

дея шижоат кўрсатиши билан диққатни тортади. Уруш даври болалар адабиётида фронт орқасини мустаҳкамлаш иши ҳам алоҳида мавзу бўлиб қолган эди. Зафар Диёрнинг “Мактаб – сенинг фронтинг”, “Поезд кетар фронтга”, “Темирчилар минбари”, Шукур Саъдулланинг “Ёшлик”, “Сен нима қилдинг?” каби асарларида болаларнинг фронт орқасини мустаҳкамлашдаги жанговар меҳнатлари намоён бўлади.

Урушдан сўнгги давр болалар шеъриятида она-Ватан, гўзал диёр, ҳур ўлкамиз тўғрисида яратилган асарлар диққатга сазовордир. “Яшна, Ватан” (И. Муслим), “Обод ўлкам”, “Юртимизнинг юраги” (П. Мўмин), “Менинг Ватаним”, “Бахтли болалар” (Қ. Ҳикмат), “Ўлкамизнинг тонги отмоқда” (А. Раҳмат), “Деҳқон бобо ва ўн икки болакай қиссаси” (А. Орипов), “Она деган сўз” (О. Матжон) ва ҳоказо. Бу мавзуда яратилган шеърларни санаган билан тамом бўлмайди.

Абдулла Ориповнинг “Деҳқон бобо ва ўн икки болакай қиссаси” шеъри болалар адабиётининг кейинги йилларда қўлга киритган жиддий ютуқларидан бўлди. Ўзбек болалар шеъриятида Ўзбекистон ҳақида кўплаб асарлар бор. А. Орипов уларни такрорламасдан ўзига хос оригинал асар ёзган. Шеър қаҳрамонлари ўн икки вилоятдан чиққан аълочи, жамоатчи ўқувчи болалар. Улар ўз жойларининг тарихини яхши билишади. Поездда ўзларига ҳамроҳ бўлган бобонинг саволларига лўнда-лўнда қилиб жавоб беришади. Ўзбекистондаги ҳар бир вилоятнинг ўзига хос бойлиги, шаҳарлари, бағрикенг одамлари китобхон кўз ўнгида бир-бир гавдаланади.

Ўзаро суҳбат асосига қурилган бу шеърда бобонинг якуний нутқи жуда салмоқли. Тўрт мисра шеър билан тобора гуллаб-яшнаб бораётган, ўзига мустақил бўлиб, ўз тақдирини ўзи бунёд этаётган диёримизнинг ҳусни жамоли, салобати ва қудрати бир бутунлигича ифода этилган:

Сиз атаган ҳар бир жой

Битта бўстон бўлади,

Ҳаммасини қўшсангиз,

Ўзбекистон бўлади.

Ўзбек халқи аввалдан меҳнаткаш халқ. Ишчанлик бизга отабоболаримиздан мерос бўлиб қолган. Қ. Муҳаммадийнинг “Этик”, “Бувимнинг ҳикояси”, Ҳ. Ёқубовнинг “Сирдарё офтоби”, Шукур Саъдулланинг “Ҳовлимизнинг болалари”, “Дастёр қиз”, “Боғбон қиз”, Илёс Муслимнинг “Ойхон ва райҳон”, “Ишчан асаларилар”, “Сенинг совғанг”, Пўлат Мўминнинг “Далаларга қарасам”, “Офтоб чиқди оламга”, Қудрат Ҳикматнинг “Бобо ва набира”, “Жўжам, юрма лақиллаб”, Толиб Йўлдошнинг “Вақт қадри”, Юсуф Шомансурнинг “Барака”, “Тикувчи” шеърлари бевосита меҳнат мавзусига бағишланган.

Шоирларимиз ўз асарларида болаларни меҳнаткаш бўлишга, меҳнат аҳлини ҳурмат қилишга, уларнинг пешона терлари эвазига бунёд этилган нарсаларни эъзозлашга, асраб-авайлашга даъват қилувчи шеърлари билан китобхон меҳрини қозонмоқдалар.

Болаларни боғча ёшидан бошлабоқ табиатга муҳаббат руҳида тарбиялаш муҳим ишлардан бири ҳисобланади. Болалар ижодкорлари бу масалага алоҳида эътибор бермоқдалар. “Кичкина боғбон ҳақида достон”, “Сув билан суҳбат”, “Юксак тоғ, кенг ўтлоқ ва мард ўртоқ ҳақида қисса” (З. Диёр), “Тўрт фасл” (Ш. Саъдулла), “Бизнинг боғга келинглар” (Ғ. Ғулом), “Бойчечак”, “Ғунча” (Уйғун), “Ўрик гуллаганда” (Ҳ. Олимжон), “Юртимиз табиати”, “Тиллақўнғиз” (И. Муслим), “Табиат алифбоси”, “Қанотли дўстлар” (Қ. Муҳаммадий), “Баҳор”, “Тоғ манзараси”, “Сув” (Қ. Ҳикмат), “Тошбақа” (Й. Шомансур), “Бир чўнтак ёнғоқ” (М. Аъзам), “Камалак афсонаси” (О. Матжон) ва бошқалар шулар жумласига киради. Булар орасида Шукур Саъдулланинг “Кичкина қушча” асари алоҳида ажралиб туради. Унда болаларнинг қушларга бўлган меҳри, ғамхўрлиги мисралар қатига чуқур сингдирилади.

Болалар шоири Олим Маҳкам ўзига ўзи талабчан қаламкашлардан бири. У ўзининг ҳар бир асарини қайта-қайта ишлайди, тилининг содда, бадиий мукаммал бўлишига катта эътибор беради. Унинг “Капалак” шеърини олиб кўрайлик. Тўрт мисрадан иборат бу асар нақадар оддий, нақадар содда. Аммо жуда таъсирчан. Шеърда инсонлар у ёқда турсин, ҳатто, ҳашарот-у қурт-қумурсқалар ҳам табиатнинг мудом гулдек яшнаб туриши тарафдори эканлиги аён бўлади:

– Капалакжон, бери кел,

Бунча парвоз этасан!?

– Мени қувма, Эркинжон,

Гулни босиб кетасан.

Бугунги ўзбек болалар шеърияти ҳақида гап кетар экан, мактаб ҳаётини акс эттирадиган асарлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш керак. Ҳамма нарса ўқишга, мактабга боғлиқ. Мактаб мавзусида ёзилган шеърларда озода хоналар, унда қайнаётган бахтли ҳаёт, болаларнинг илм-фан нурларидан баҳраманд бўлишга интилишдек ижобий фазилатлари ифодаланади.

Пўлат Мўминнинг “Хоҳ ўқишда, хоҳ ишда”, “Синфимиз қўшиғи”, “Устозлар”; Эргаш Раимовнинг “Энди катта боламан” каби асарларида шу куннинг нафаси сезилиб туради.

Одатда, болалар орзулар қанотида яшайди. “Энди катта боламан” шеърида боланинг орзу-нияти ниҳоятда буюк – тезроқ ўсиб, улғайиб мактаб ўқувчиси бўлиш:

Бултур эдим олтида,

Ёшим етмай қолди-да.

Мактабга ёзишмади,

Ўқишга олишмади.

Йиллар юрмас кетига,

Бу йил тўлдим еттига.

Энди катта боламан,

Мен мактабга бораман.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўтган давр ичида ўнлаб поемалар, эртаклар, достонлар майдонга келди. Ойбекнинг “Зафар ва Заҳро”, “Бобом”, Қуддус Муҳаммадийнинг “Дунёда энг кучли нима?”, “Солижон”; Шукур Саъдулланинг “Лақма ит”, “Икки донишманд”; Пўлат Мўминнинг “Ўринбосарлар”, “Эҳ, роса ширин экан”, “Холнинг жийрон велосипеди”, “Олтин най”, “Жалил эшитган эртак”; Қудрат Ҳикматнинг “Тошбақалар ҳужуми”, “Бободеҳқон ҳангомаси”, “Човкар”, “Чирчиқ фарзанди”, Рамз Бобожоннинг “Чўпон ўғли”; Сафар Барноевнинг “Биз деҳқон боласимиз”, “Олтин шаҳар ҳақида афсона”, “Олтин ошиқлар”; Миразиз Аъзамнинг “Ақлли болалар”, “Бедананинг бувиси”; Тошпўлат Ҳамиднинг “Асрорқулнинг қўчқори”, Эргаш Раимовнинг “Бир дона япроқ”; Азим Усмоннинг “Ғаройиб аждарҳо”; Кавсар Турдиеванинг “Тошкесарлар мамлакатида” каби достон ва эртак-достонлари яратилди.

Ҳозирги замон ўзбек болалар адабиётида шеърият ривожлангани каби насрда ҳам салмоқли асарлар юзага келди. Ёзувчиларнинг янгидан янги авлодлари камол топди. Айниқса, ҳикоячилик ўсди. Болаларнинг ёши, қизиқиши, дунёқарашига тўла жавоб бера оладиган ҳикоялар бунёд этилди. Ҳаким Назир, Ёқубжон Шукуров, Шукур Саъдулла, Худойберди Тўхтабоев, Турғунбой Ғоипов, Раҳмат Азизхўжаев, Латиф Маҳмудов, Фарҳод Мусажон, Собир Юнусов, Оқилжон Ҳусанов, Маҳмуд Муродов, Нодир Назаров, Эргаш Раимов, Сафар Барноев, Абусаид Кўчимов, Анвар Обиджон ва бошқаларнинг ўнлаб ҳикоялар тўпламлари босилиб чиқди.

Жуда кўп ҳикояларда кичкинтойларнинг ҳаётлари ўз ифодасини топмоқда. Шодмонбек Отабоевнинг “Итолғи” ҳикояси қуш, қурт-қумурсқаларни севиш, ардоқлашга қаратилган. Итолғи чумчуқ ва чуғурчуқларни тутиб олиб ейдиган қуш. Шукурали ака Итолғини жияни Шавкатга совға қилади. Шавкат узум қўриқлашда ундан фойдаланмоқчи эди. Аммо қуш уларникида ўзини эркин сезмайди. Бунинг сабабини суриштирганда Шавкатнинг отаси бу қуш озод ва эркинликни қўмсаётганлигини тушунтиради. Шавкат қушларни яхши кўрадиган, раҳмдил бола. У Итолғини қафасда уч кун зўрға ушлаб туради. Қафасда қуш эмас, ўзи ўтиргандек бўлади ва Итолғини қафасдан бутунлай чиқариб юборади. Қуш болага “раҳмат” дегандек парвоз қилиб кетади.

Болалар қиссачилигида ҳам кўплаб яхши асарлар яратилди. Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳордан тортиб бугунги кунга қадар ҳисоблайдиган бўлсак, уларнинг сони ниҳоятда ўсди. Бунга мисол қилиб Ҳаким Назир, Шукур Саъдулла, Худойберди Тўхтабоев, Ҳожиакбар Шайхов, Анвар Обиджон, Латиф Маҳмудов, Фарҳод Мусажон, Ҳабиб Пўлатов, Муқимжон Ниёзов, Рустам Раҳмонов, Ибохон, Шукур Холмирзаев, Оқилжон Ҳусанов, Марва Жалолиддинова, Асад Дилмурод, Абусаид Кўчимов, Эргаш Раимов, Маматқул Ҳазратқулов ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Бу давр болалар қиссачилигининг мавзу доираси жуда кенгайди. Катталарнинг меҳнати, уларнинг жасоратлари (“Ёнар дарё”), иккинчи жаҳон урушида иштирок этиш (“Рустамжоннинг саргузаштлари”), тобора гуллаб-яшнаб бораётган гўзал шаҳарларимиз ва бағрикенг, инсонпарвар одамларимиз (“Командирнинг бошидан кечирганлари”), ўтмишда зулмкорларга қарши кураш, бахтли ва ёруғ кун учун интилиш (“Качал полвон”), иккинчи жаҳон уруши даврида болалар ҳаёти ва уларнинг даладаги фаолияти (“Чангалзордаги шарпа”), чорвадорларга кўмак (“Оқ отли”), ўқувчиларнинг далачилик бригадалари (“Замон”), шўх ва ўзбошимча болалар, уларнинг қайта тарбияси (“Бизнинг роман”) каби мавзулар бу давр қиссачилигида етакчи ўринда туради.

Бу давр болалар қиссачилигида саргузашт, илмий-фантастика жанрлари ҳам ривож топди. Худойберди Тўхтабоев (“Сариқ девни миниб”, “Қасоскорнинг олтин боши”, “Ширин қовунлар мамлакатида”), Ҳожиакбар Шайхов (“Само маҳваридаги намойиш”, “Шом камари”, “Аждодлар хотираси”), Маҳкам Маҳмудов (“Тескари кўзлар сайёраси”), Анвар Обиджон (“0099 номерли ёлғончи”, “Даҳшатли мешполвон”), Оллоёр (“Фазогир чумоли”), Оқилжон Ҳусанов (“Тоғда ўсган бола”) ва бошқалар бу жанрда самарали ижод қилмоқдалар.

Болалар тарбиясида драматургия жанрида яратилган асарлар ҳам катта рол ўйнайди. Ҳаким Назир, Адҳам Раҳмат, Пўлат Мўмин, Мамарасул Бобоев, Турғунбой Ғойипов, Наримон Орифжонов, Латиф Маҳмудов, Фарҳод Мусажонларнинг песалари ўзининг болаларбоплиги билан кичкинтойлар қувончига қувонч қўшиб келмоқда.

Ҳозирги замон ўзбек болалар бадиий адабиёти билан бирга болалар адабиётшунослиги ва адабий танқид ҳам поғонамапоғона ўсди, ривожланди. Бир қатор дарслик, қўлланма, мажмуа, монография, китоблар ёзилди. Ўнлаб номзодлик ва докторлик диссертатсиялари ҳимоя қилинди. Шу зайлда ҳозирги замон ўзбек болалар адабиёти ривожланишда давом этмоқда. У янги ёзувчилар, янги асарлар билан тобора бойиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, бу адабиёт мустақил Ўзбекистонимизнинг тобора гуллабяшнаши учун хизмат қилмоқда.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.