Отсизлик мақоми

0
65
марта кўрилган.

Алишер Навоийнинг “Ғаройиб ус-сиғар” девонида “Зиҳий, ҳар лаҳни булбул савтининг зотингға исботе” деб бошланувчи бир ғазал бор. У девонга 576-рақам билан жойлаштирилган. Унда шоир беҳад мураккаб ва чуқур мазмунли тимсоллар билан Оллоҳнинг зот ва сифати ҳамда сўфиёна комиллик ҳақидаги фалсафасини баён қилади. Ғазал етти байтли бўлиб, қуйидаги мақтаъ билан ниҳоясига етади:

Навоий зикри отингдур, умиди улки, қутқарсанг

Ани от истамакдин, балки андинким, бўлур оте.

Байтнинг асосий мазмунини ўзида жам этган, мазмунига мазмун қўшган сўз от сўзидир. У байтда уч шакл ва уч маънода уч бор такрорланган: отинг, от, оте. Навоий зикри отингдур дер экан, шоир бу билан Ҳақ таолога мурожаат қилиб дейдики, Сенинг отинг, яъни номинг, исминг зикри муттасил тилимдадир. Зикр, маълумки, Ҳақ исмини ёдда тутиш, уни тилу дил билан тинимсиз такрорлашдир. Кейинги қисмда шоирнинг мақсад-муддаоси баён қилинган: эй, Парвардигор, Сенинг отингни муттасил зикр этар эканман, умидим шуки, мени от истамакдан қутқарсанг. От истамак ном чиқаришга интилиш, ўз номини улуғлаш, у билан фахрланиш деганидир. От истамакнинг улуғ шоир ижодида нангу ном деган кўриниши ҳам бор. От истамак ёки нангу ном маънавий-руҳий камолот йўлидаги энг қалин ва энг баланд тўсиқдир. Эй ҳуши жойида бўлганлар, – дейди шунинг учун ҳам шоир бир байтида нангу ном эгаларига мурожаат қилиб, – майхона олдида турманг ёки мен каби жойнамозингизни май учун гаровга қўйиб, яъни кўнглингизни Ҳақ ишқи билан пок этиб, тарки нангу ном айланг:

Эй саломат аҳли, ўт майхонадин, ё мен киби,

Майға сажжоданг гарав қўй, тарки нангу ном бер.

Маълум бўладики, шоир мени от истамакдан қутқарсанг, дер экан, худпарастлик, ном кибри каби иллатдан халос бўлишни истайди. Аммо шоирнинг мақсади шугина эмас, у ном кибридан қутулмоқ билан қаноатланадиган инсон ҳам эмас. У балки андинким, бўлур оте дер экан, жуда юксак мақомни кўзлайди. “Оте” ҳам ном, исм маъносидаги “от”нинг бир шакли. Унинг таркибидаги “е (э)” бирликни билдирувчи қўшимча бўлиб, “оте” бир от, бирор от маъносида келган. Шоир нафақат от истамакдин қутулмоқ, балки ундан бирор от – ном-нишон қолишини ҳам истамайди. Бу комилликнинг олий чўққиси – отсизлик мақомидир. Отсизлик мақомининг тасвири шоирнинг кўпгина асарлари, жумладан, “Фарҳод ва Ширин” достонида ҳам бор: Хусрав Арман мулкига лашкар тортиб, уни қамал қилган чоғда Фарҳод баланд бир тош устида чиқиб қўрғонни ҳимоя қилишга чоғланади. Фарҳод сиймосига жо бўлган файзу шукуҳ Хусрав кўксига ўткир ханжардек санчилади. Аммо шундай бўлса ҳам, уни бир гадо деб билиб, такаббурлик билан ундан отини сўрайди. Фарҳод жавоб қайтарадики, от аҳли эмасмен:

Ичимга ишқ ўтидин тушкали дуд,

Не отим, балки зотим бўлди нобуд.

 

Мени от англамакдин ишқ этиб ёт,

Мен отдин ёту мендин ёт ўлиб от.

Шу ўринда “Лисон ут-тайр”даги бир ҳикоят ҳам ёдга келади: Иброҳим Адҳам Балх султони эди, аммо тожу тахтдан кечиб, сулук йўлига киради ва Нишопур шаҳри яқинидаги бир вайронада қаттиқ риёзатга берилади. У муттасил рўза тутар, кун бўйи ранж чекиб, бир қучоқ ўтин терар, ўтинни бозорга элтиб сотар, пулига ифторлик олар эди. Бир куни ақтоби замон – бир гуруҳ комил пирлар султоннинг йўлини тўсиб, унинг сулукда қай даражага етганини билиш учун имтиҳон қиладилар. Сулук пешволари унга шундай дейди: Эйки, Иброҳими Адҳам, шоҳи Балх… Иброҳим Адҳам уларга шундай жавоб қайтаради: “Ониким, сен тилайсен, қолди ул, Балхдин мен бу тараф тутқонда йўл”. Бу жавобни эшитиб, улар шундай хулосага келадилар: “… нотамом эрмиш ҳануз!” Чунки оту мулки ҳали ҳам ёдидан чиқмабди. Орадан бир йил ўтиб, шу ҳол яна такрорланади. Бу сафар дейдиларки: “… сулук ичра иши бўлмиш тамом”. Чунки савол берганларида: “Чиқмади бу қатла султондин нафас!” Яъни Фарҳод сўзлари билан айтганда, у отидан, оти эса ундан бутунлай ёт бўлган эди.

“От” ёки нангу ном, “Наводир уш-шабоб”га киритилган 307-ғазалнинг қуйидаги байтида айтилишича, шоир фалсафасида ғоят муҳим ўрин тутувчи ўзлик тушунчасининг ўзгача отидир:

Менмен ўзлук юкидин эмди халос,

Негаким қолмади нангу номим.

Ўзлик юкидин халос бўлмоқ – фоний бўлмоқ, бошқача айтганда, комил инсонлик мақомига кўтарилмоқдир. Шундай экан, шоирнинг Аллоҳ отини муттасил зикр қилиб, от истамакдин, балки ўзлик юкидин халос бўлишга интилиши ажабланарли эмас.

 

Aбдулҳамид ҚУРБОНОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

 

uzas.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.