Ота уй – ватандир

0
54
марта кўрилган.

Аниқ эсимда: мактаб пайтларим эди. Адабиёт фани ўқитувчимиз синфдошим Нуриддиндан “даданг ака-­укалар ичида энг кичиги, бобонг ким билан яшаяпти?” деб сўраб қолди. Нуриддин:

– Бобом бизнинг уйда яшаяпти, – деди бобоси билан яшаётганидан эмас, худди унга ёлғиз ўзи ғамхўрлик қилаётгандек мағрурланиб.

Ўқитувчимиз унга тикилиб турди-да:

– Йўғ-е, балки сизлар бобонгизнинг уйида яшаётгандирсиз? – деди.

“Гур” этган кулгу хонани босди. Нуриддин сариқдан келган бола эмасми, бир зумда қип-қизил бўлди-қолди.

***

Ота ҳовли бошқа уй-жой қилиб кетган фарзандлар учун ҳам доимо азиз ва қадрли. Оилавий йиғин ва тадбирлар бўлса, у, албатта, ота уйда ўтади. Ота уйда қоладиган фарзанд елкасида катта масъулият бор. Гарчи отанинг бошқа болалари бўлса-да, уй чироғини ёқиб ўтирадиган ўша. Эл кўпроқ шу фарзанд иқболига қараб, сулола тақдиридан сўз очади.   

“Ёшлик” журналининг 2017 йил 11-сонида Олим Жумабоевнинг “Уй” қиссасини ўқидиму, мактаб даврлардан хотира бўлиб қолган ўша воқеа хаёлимда қайта жонланди. Қиссада асар воқеалари биргина қаровсиз ва эгаси “йўқ” уй атрофида кечади. Аслида-ку уйнинг эгаси бор. Аммо овулдагилар уйни “беэга” деб ҳисоблайди. Аниқроғи, шунақа бўлишини истайди. Айнан мана шу уйнинг беэга бўлиб қолиши, овул аҳлининг уйдан қандайдир улуш олиш истаги асар қаҳрамонлари характерини очиб беради. Аслида ҳам бирор кутилмаган воқеа-ҳодиса рўй бермаса, ён-атрофидагилар у инсон характерини ҳатто юз йил ўтса-да билолмаслиги мумкин.

Ўйлашимча, ёзувчи қиссага ном беришда роса боши қотган, “нима деб номласам экан?”, деб қаттиқ ўйлаган ёки умуман ўйламаган. Бундай фикр юритишимизга сабаб шулки, бутун бошли воқеалар бир эски уй атрофида кечаётгани боис шунчаки “Уй” деб қўя қолган. Гарчи асар мавзусини олдиндан “сотиб” қўйса-да, қиссага “Ота мерос” деб ном бериш ҳам мумкин эди. Ё бўлмаса, рамзий маънода “Ўчмаган чироқ” номи ҳам маъқулдек, назаримизда. Чунки узоқ тортишув ва музокаралардан сўнг отанинг уйи барибир бир авлоддан тарқаган сулола вакили Муроджонга тегади-ку. Бу эса ота уй чироғи ўчмаганини билдиради.

Ота уйнинг улуғлиги, азизлиги ҳақида ўй сурар экансиз, унинг она Ватанга ишора қилинаётганини сезасиз. Ватан остонадан бошланади, деган гап илдизи ҳам шунга бориб тақалса, ажаб эмас. Чиндан ҳам Ватан мана шундай севилади, ардоқланади. Йўқса, у ўзгалар томонидан талон-тарож қилинади. Худди овулдошлар жам бўлиб, Шодмон отанинг уйини бузиб, бор-будини орқалаб, елкалаб, қўлтиқлаб кетгани каби.

Қиссада уй сўзининг йигирмадан ортиқ синоним кўринишларини учратасиз. Биргина шу сўз ўзида қанчадан-қанча маъноларни жам қилганини кўриб, ҳис этиб, бу сезимни берган муаллифга таҳсин ўқийсиз. “Уйни бузганнинг ўзи бузилсин”, “Момо бошқа уй қурмаган”, “бир муштга уй бузилиб кетаверса…”, “момони сўнгги йўлга кузатиб, туйнуги йўқ уйга қўйиб келдик” каби халқона ибораларни ҳар бир бобда учратиш мумкин. Бу ҳам муаллифнинг халққа жуда яқинлиги, халқ билан маҳорат ила тиллаша ва диллаша олишини кўрсатиб турибди.

Асар тили ҳақида икки оғиз гап. Ўзбек адабиётида ўз сўзи ва услубини ярата олган ёзувчи Тоғай Мурод асарларини севиб мутолаа қилмайдиган китобхон топилмаса керак. Ёзувчининг тили халқимиз руҳиятига шу қадар яқин эдики, унга нафақат китобхон, балки ёш-ёш ёзувчилар ҳам маҳлиё бўлиб қолган эди ва афсус­ки, адабиётимиз вакилларидаги бу маҳлиёлик ҳамон давом этаётганини ҳам кўриб турибмиз. Натижада Тоғай Муродга ўхшатиб ёзаман, деган қанчадан қанча қаламкашлар ўз йўлини тополмай, икки қўлини қўтариб, ҳали кирмаган эшик остонасидан ортларига қайтиб кетди. Бу худдики Муҳаммад Юсуфнинг содда ва самимий шеърларига тақлид қилиб қалам тебратган, халқимиз ва адабиётимиз эса иккинчи, учинчи, ва ҳоказончи Муҳаммад Юсуфини тан олмагани кабидир. Олим Жумабоев ана шундай ижодкорлар ичида ўз йўли ва услубини, тилини топиб бораётгани билан ҳам адабиётимиз учун қадрлидир. Тўғри, қиссани ўқиш жараёнида гап қурилиш­ларида учрайдиган баъзи жузъий камчиликларга ҳам кўзингиз тушади. Қисса баёнчисининг(муаллифнинг) бир хил кўринишга эга бўлган гап қурилишларидан кўп фойдалангани ўқувчини бироз зериктиради. Аммо буларнинг бари муаллифнинг асардан асарга ўтиш жараёнида сайқалланиб, йўқолиб кетадиган камчиликларидан.

Адабиётшуносликда “сўзга хасис” деган ибора мавжуд. Бу воқеа ва ҳолатни ўқувчига тўлақонли очиб бериш жараёнида қисқаликка, камгапликка амал қиладиган ёзувчиларга нисбатан қўлланади. “Уй”нинг ҳам баъзи ўринларида шундай ҳолатни учратамизки, буни яхшиликка йўямиз. Сабаби – ёзувчи асар устида тинимсиз меҳнат қилгани, ўзига ёқмаган жумла ва ҳатто бутун бошли боблардан ҳам воз кечгани, умуман, асарга сангтарошдек сайқал бергани сезилиб туради. Шу нуқтаи назардан баъзи бобларнинг бир-бирига боғланмай қолганига ҳам қўзингиз тушади.

   Қиссада воқеа-ҳодиса, қаҳрамонлар ҳолати шунчаки айтиб ўтилмайди. Ёзувчи бу усулни жуда жўн ва содда, деб билади. Бойни бой, камбағални камбағал, яхшини яхши-ю, ёмонни ёмон дейиш йўлини танламайди. Масалан, Муроджонлар оиласи ночорликда кун кечиришини биргина ҳолат очиб берган: “Таги едирилган ковушда авайлаб қадам босардим”.

Эътибор берадиган бўлсак, асарда деярли бирор бир персонажнинг портрети батафсил чизилмаган. Бу балки бадиий асар талабларига зиддир. Аммо муаллиф бу ишни ўқувчининг ўзига қолдиради. Яъни, қиссани ўқиган киши ўз дунёсида ва ён-атрофидаги инсонлардан ўз Ўлжабойи, Суяри, уста Низоми, Сулувхоли ва Эсонбойини қайта кашф этиб бораверади. Бу шундай қизиқ жараёнки, ўзингизни асар қаҳрамонлари билан бирга ҳис эта бошлайсиз. Бунда, албатта, ҳикоячи сиз бўласиз ва аввал Отанинг уйи бузилишига қаршилик қиласиз, хаёлингизда уйга қўшилиб бутун бошли сулола тарихи ҳам худди уй каби нураб, йўқ бўлиб кетаёгандек бўлади, сўнг “дадангиз”да уйга эгалик истаги пайдо бўлганида, қийналасиз. Ўша икки энлик хат сабаб ўзингизни айбдор санайсиз ва охир-оқибат уй сизга насиб қилганида бунга ўзингиз ҳам кўникасиз, кўнасиз. Кунлар ўтиб, Суярнинг уй даъвоси билан овулга қайтишидан, у билан юзма-юз келишдан ҳадиксираб юрасиз ва ўз ҳаётингизга разм солиб, бирдан ўйлаб қоласиз: хўш, мен шундай қилармидим, қалбимдаги туйғулар мана шундай эврилишларга учрармиди? “Мен”ингизни шу каби саволлар билан сўроқлай бошладингизми, демак, муаллиф ўз мақсадига эришган. Ўзидаги туйғу ва сезим таъмини ўқувчига ҳам тоттира олган. Ҳамма гап шунда!

Қиссада персонажлар портрети батафсил чизилмагани ҳисобига қаҳрамонлар характери яхшигина очиб берилган. Воқеа-ҳодисалар таъсирида инсон қалбида рўй берадиган ўзгаришлар чиройли ва топилма тасвирлар орқали асарнинг бадиий қийматини янада оширган. Элга қўшилиб, Ота уйидан ўзига улуш олган Муроджон овулдошларига қўшилиб қайтар экан, мачит олдида учратгани – Суярдан уялгани, уйи бузилгани ҳақидаги хабарни эшитган “отасининг қирқидан буён қорасини кўрсатмаган олифта”нинг аҳволини ҳис қилиб, ич-­ичидан қийналиши ва унга раҳми келиши биргина гап билан ифода этилади. Шу гапнинг ўзи минг гап ўрнини босади: “Уйга қайтарканман, дарахтларнинг яланғоч танлари қаттиқ қалтираётгандек туюларди”.

Қисса халқ тилидаги ибора ва қочирмалар, сўз ўйинлари ва ҳолат тасвирларига жуда бой. Муаллиф ўзи танлаган қаҳрамонларни мажбурлаб гапиртирмайди, қийин вазиятларда сабру бардошини синамайди. Ҳаммасини эпизодларнинг ўзига “қўйиб беради”. Шунчаки оддий одамларни кузатади, кўргани ва ҳис қилганини халқ бадияти билан ўқувчига тортиқ этади. Айнан мана шу жиҳат қиссанинг ўқишли бўлишини таъминлаган.

 

 

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

1993 йили туғилган.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари универстетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган.

 

 

“Ёшлик”, 2018/1

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.